Тавсия қиламиз

Тарози ҳалоллик меъзони.

Мақолалар access_time22-май, 18:47

  Қадимдан шарқ бозорлари, хусусан юртимиз бозорлари ўзининг файзу-таровати…

Устозлар ҳурмати - аждодларимиз мероси.

Мақолалар access_time30-сентябр 2017, 13:30

­­Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг …

ФАҚАТ АЛЛОҲГА СУЯНИНГ

Мақолалар access_time4-октябрь, 13:57

"Бизга Аллоҳнинг ўзи етади. У қандай ҳам яхши Вакилдир" (Оли Имрон…

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ одамлар орасида, воқеликда ҳали юз бермаган, лекин пайдо бўлиб қолиш эҳтимоли бор бўлган масалаларни ҳам кўрар эдилар.

access_time28-март, 18:48 visibility1413

Имом Молик Абу Ҳанифадан 13 ёш кичик бўлганлар, шунинг учун ҳар сафар Абу Ҳанифа имом Моликка мурожаат қилганларида «Эй Молик» деб, исмларини айтиб мурожаат қилганлар. Лекин бу улуғ зотларнинг мунозаралари соф, самимий, чинакам исломий бўлган. Уларнинг шахсий баҳс-мунозарага вақтлари ҳам, хоҳишлари ҳам бўлмаган, уларнинг баҳс-мунозаралари Исломнинг поклигини сақлаб қолиш, илмнинг софлигини сақлаб қолиш ниятида бўлган. Шунинг учун иккала томоннинг баҳсидан, мунозарасидан Исломга, мусулмонларга фақат манфаат, фойда бўлган. Бугунги мунозараларда бир томон шарманда бўлади, бир томон гўё енгади, баланд келади. Ёки иккала томон ҳам баланд келолмай, иккала томон ҳам шарманда бўлиб, бошқаларга томоша бўлади. У даврдаги мунозаралар эса ҳақиқий илмий мунозаралар, илмий баҳслар бўлган. Ҳозир сизларга ана шу ҳақиқий мунозаранинг баъзи лавҳаларини намуна, ибрат сифатида келтириб ўтамиз, иншааллоҳ карим.

Уларда баҳс-мунозарага сабаб бўлган асосий нарса шу эдики, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари тақдирий мазҳаб эди, яъни одамлар орасида, воқеликда ҳали юз бермаган, лекин пайдо бўлиб қолиш эҳтимоли бор бўлган масалалар ҳам кўрилар эди. Бу уламолар шариатнинг барча далил-ҳужжатларини кўриб чиқиб, воқеликдаги масалаларни ўрганиб, ҳали воқеликда бўлмаган, аммо бўлиб қолиш эҳтимоли бор бўлган масалаларга ҳам ечим топганлар. Имом Абу Ҳанифада ўша даврда 60 000 дан ортиқ воқеликда бўлмаган масаланинг жавоби бор эди. Бу уламолар илмда шу қадар юқорилаб, илгарилаб кетганларки, воқеликда бор ишларнинг ҳукмларини ҳал қилиб бўлиб, энди ҳали содир бўлмаган масалаларни ҳам ўртага қўйиб, шунга ҳам жавоб топганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўша баҳс-мунозараларда имом Моликка буни тушунтириб берганлар. Баҳснинг асосий сабаби ҳам мана шу эди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ воқе бўлмаган масалани кўрмас эдилар, ҳали юз бермаган масалани кўришни ёқламас эдилар, ҳадиснинг фақат бирламчи маъносини олар эдилар. Абу Ҳанифа эса битта ҳадисдан юзлаб маънолар чиқарар эди. Бу икки мужтаҳид аллома ўртасидаги баҳс аслида мана шунинг устига қурилган. Имом Молик Абу Ҳанифага «Ҳали воқе бўлмаган масалаларни нима учун кўрасиз? Одамларнинг ўзаро тортишувига сабаб бўляпсиз» деган маънода эътироз билдирар эдилар. Абу Ҳанифа «Эй Молик, Ироқдаги вазият Мадинадагидек эмас. Ироқ ҳозир халифаликнинг пойтахти ҳисобланади, ҳар куни янги воқеалар, янги ҳукмни тақозо қилувчи масалалар пайдо бўлиб туради. Ҳозирги кунда турли мамлакатлар фатҳ қилинмоқда, натижада ҳар хил янги масалалар пайдо бўлмоқда. Буларнинг барчасига фиқҳий жиҳатдан тайёр туришимиз керак, токи янги бир масала пайдо бўлса, одамлар унинг ечимини билишсин» деб жавоб берардилар. Бир сафар имом Молик «Хўп, ўша масалаларингиздан биттасини менга айтинг-чи», дедилар. Имом Абу Ҳанифа шундай дедилар: «Масалан, бир аёлнинг эри сафарга кетди. Лекин сафарда узоқ қолиб, дом-дараксиз кетди, хабар келмай қўйди. Аёли эрини ўлди деб ўйлаб, бошқа эрга тегди. Кейин аввалги эри пайдо бўлиб қолди. Энди нима бўлади? Ечим қандай бўлади? Бизда Ироқда одамлар ғазот қилиш учун чиқиб кетиб, катта муддат оиладан узоқда бўлишяпти, шунинг учун бундай масалаларга тайёр туришим керак». Шундай деб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бир неча саволлар сўраган саҳобанинг ҳадисини айтиб, «Ўша ҳадисни сиз ривоят қилмаганмисиз, эй Молик?» деб ҳадисни эслатиб қўйдилар. Ўша ҳадисда келадики, бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Бир киши келиб, мол-мулкимни тортиб олса, нима қилай?» деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом «Молингни бермайсан», дедилар. Ҳалиги одам «Агар у мен билан уришса-чи?» деб сўради. «Сен ҳам у билан уришасан», дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. «Агар у мени ўлдирса нима бўлади?» деган эди, «Шаҳид бўласан», дедилар. Ўша одам саволини давом эттириб, «Агар мен уни ўлдирсам-чи?» деб сўраган эди, Пайғамбар алайҳиссалом «У дўзахга тушади», деб жавоб бердилар».

Абу Ҳанифа «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳали содир бўлмаган тўртта масалага жавоб айтяптилар-ку, бунга нима дейсиз, Молик?» дедилар. Шунда имом Молик «Пайғамбаримиз бу саволлар фойдали бўлгани учун жавоб берганлар», дедилар. Имом Абу Ҳанифа «Ироқдаги, Кўфадаги саволларда ҳам фойда бор», дедилар. Бу биринчи масала эди.

Энди иккинчи масала. Бир нарсанинг ҳалол ёки ҳаромлиги масаласида аввало Қуръондан, сўнгра ҳадисдан далиллар кўрилади. Улардан далил топилмаса, кейин ижмога қаралади. Имом Молик ижмода Мадина аҳлининг ижмосинигина қабул қилар, бошқа ижмони кучсиз деб биларди, чунки Мадина Пайғамбар алайҳиссаломнинг илми қолган шаҳар эди, ўн мингдан ортиқ саҳоба Мадинада яшарди, Пайғамбар алайҳиссаломнинг барча завжалари Мадинада қолган эдилар, у зотдан ҳадис ривоят қиладиган зотларнинг барчаси Мадинада эди. Шунинг учун у зот Мадина аҳлининг ижмосини энг кучли дер эдилар, ким бир ҳукм сўраб келса, оят ва ҳадисдан кейин масала ижмога тақалган бўлса, Мадина аҳлининг ижмосига қараймиз, улар нима деган бўлса, шу бўлади дер эдилар. Илмни қаердан олай деб сўраб келган кишига ҳам «Илмни Мадина аҳлидан ол, Қуръон Фурот ёки Дажлада нозил бўлмаган-ку, бир-иккита саҳоба яшаб ўтган жой билан ўн минг саҳоба яшайдиган Мадинанинг фарқи бор-ку?» дер эдилар. Имом Молик Абу Ҳанифага ҳам шундай эътироз қилган эдилар, Абу Ҳанифа шундай дедилар: «Эй Молик, Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида ғазотлар сабабли саҳобалар турли минтақаларга тарқатиб юборилган эди. Сиз эса Мадинада ўн минг саҳоба бор дейсиз. Ҳолбуки Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ охирги ғазотда бир юз йигирма минг саҳоба бор эди, қолган саҳобалар қаерга кетишди?». «Бошқа шаҳарларга тарқаб кетишган», дедилар имом Молик. Абу Ҳанифа шундай дедилар: «Умар розияллоҳу анҳу хос саҳобаларни динни ўргатиш учун турли шаҳарларга юборганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Умматимнинг ичида ҳалол ва ҳаромни энг яхши биладиган Муоз ибн Жабал» деб, у кишини Яманга юбордилар. «Ким Қуръони Каримни ўрганмоқчи бўлса, нозил бўлган вақтидагидек эшитмоқчи бўлса, Ибн Масъуддан ўргансин, Ибн Масъуддан эшитсин» деб, у кишини Ироққа жўнатдилар. Буларни инкор қиласизми?» дедилар, Зубайр ибн Аввомнинг, Зайд ибн Собитнинг, Саъд ибн Абу Ваққоснинг, Абу Дардонинг, ҳазрати Билолнинг, умматнинг энг ишончли кишиси бўлган Убайда ибн Жарроҳ каби зотларнинг турли юртларга юборилганларини айтиб, «Буларни инкор қила олмасангиз керак, Молик?  Ёки бу саҳобаларнинг илми бўлмаганми? Умар розияллоҳу анҳу уларнинг энг улуғларини турли юртларга юбормаганмиди?» дедилар. Дарҳақиқат, бу саҳобаларни турли ўлкаларга юборишдан мақсад бутун умматнинг илмини янада мукаммаллаштириш бўлган эди.

Учинчи масала шуки, мусулмон дунёсининг турли илм марказлари Ислом илмларининг турли йўналишларида пешқадам бўлган. Худди шунингдек, оят-ҳадисларда ҳукм чиқаришда ҳам турли уламоларнинг ёндашувлари, илмий йўналишлари турлича бўлиб, улар асосида ҳадис мактаби, раъй мактаби каби мактаблар шаклланган. Абу Ҳанифанинг ҳам ўз қарашлари бор эди, у зот бир ҳадисдан юзга яқин фойда олар эдилар. Имом Молик эса ҳадиснинг битта маъносини олиб, бошқа маънога йўйишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган сўзларни таъвил қилиш деб билар эдилар. Имом Абу Ҳанифа имом Моликнинг бу фикрига жавобан «Эй Молик, сиз Ироқ аҳлига яхшироқ эътибор беринг, ҳозирги пайтда у ерларга Юнон, Рум ва Форс фалсафалари кириб борган. Бу нарса одамларни чалғитиб қўймаслиги учун мен уларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тузиб кетган усул, услуб ва манҳажларда собит туришини истайман, шунинг учун ҳадислардан фалсафачиларга раддия бўладиган жавобларни ахтаришга ва бу ҳадислар борасида чуқур тафаккур қилишга, баҳс қилишга мажбурман. Сиз Мадинада, саҳобалар, тобеинларнинг ичидасиз, шунинг учун ортиқча кенгчиликка ҳожат ҳам йўқ. Аммо Ироқда турли фикрий ҳужумларнинг олдини олиш лозим. Шунга кўра илмни кенгроқ ўрганмасак бўлмайди», деган эканлар. Ушбу тарихий учрашувдан сўнг одамлар имом Моликдан Абу Ҳанифа ҳақида сўрашган. Шунда у зот чўнтакларидан рўмолчаларини чиқариб, пешоналаридаги терларини арта туриб, «Абу Ҳанифа мени терлатиб юборди», деган эканлар. Сўнг сўзларида давом этиб, «Аллоҳга қасамки, Абу Ҳанифа ҳақиқий фақиҳ экан. Яна қасамки, бу зотдек мунозара қиладиган бирон кишини кўрмаганман. Агар у сизларга мана бу темир устунни тилладан деса, шу гапига ҳам далил топа олар экан», деб баҳо берганлар. Имом Абу Ҳанифа эса имом Молик ҳақларида «Мен юзга яқин фақиҳлар билан мунозара қилганман, лекин ҳақиқатни тез қабул қилишда имом Моликдек фақиҳни кўрмаган эдим. Аллоҳга қасамки, мен уни яхши кўриб қолдим», деганлар.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР