Тавсия қиламиз

БИЛАСИЗМИ:Рўзани қуйидаги нарсалар бузади...

Биласизми access_time5-июнь 2017, 13:58

  Рўзани қуйидаги нарсалар бузади:   1. Жинсий алоқа. Бу рўзани…

«Дўстлик ва аҳиллик – тараққиёт омили»  

Мақолалар access_time13-март 2017, 22:17

 Ислом дини дўстликни, аҳил-иноқликни юксак қадрлайди. Бу юксак инсоний…

Биласизми? Ота-онага

Биласизми access_time8-январ, 13:27

Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун саодатдир 1.  Ота-онасига яхшилик…

Ҳеч нарсани тан олмайди, ҳамма нарсани инкор қилади, фақат бир фикрни маҳкам ушлаб олишган

access_time14-апрел, 12:05 visibility686

Эрнинг зиммамиздаги энг катта ҳақларидан бири оиланинг нафақасидир. Эркак оилани боқиши керак, аммо биз мана шу ўтган 10 кун давомида қамоқхоналарда гаплашар эканмиз, маҳкумлар ёки маҳбуслар билан айнан экстремистик гуруҳларга кириб қолганлар билан гаплашганимизда маълум бўлдики, уларнинг баъзиларида оилани боқиш, ота-онанинг хизматини қилиш деган нарсаларни бутунлай унутиб қўйишган. Фарзларнинг гултожи халифалик деб турибди ҳалиям. 20 йил бўлган ўтирганига. Ота-онаси ўтиб кетди, хотини ажрашиб, бошқа эрга тегиб кетди, болалари бошқа эркакнинг қўлида тарбия топяпти. Бу киши ҳалиям халифалик қураман дейди. Болаларни тарбия қилиш ҳам сизга вожиб эди аслида. Оилани сақлаб қолиш ҳам вожиб эди, аммо халифалик қуриш фарз эмас, вожиб эмас эди, биродар!
Бу суҳбатлар жуда оғир кечди. Улардан шунақа гапларни эшитасизки, наҳот инсон зоти шунчаликка борса деб ўйлаб қоласиз. Ҳеч нарсани тан олмайди, ҳамма нарсани инкор қилади, фақат бир фикрни маҳкам ушлаб олишган – халифалик қуриш керак, дейишади. Улар бу ғояга шу қадар чуқур кетиб қолишганки, ҳатто халифалик қурмагунча беш вақт намоз ҳам фарз эмас, дейди. Керак бўлса, одам ўзини ўлдириши ҳам мумкин дейишяпти, биродарлар орасида аёлларни ҳадя қилиш мумкин, дейишяпти. Юқорида рашк ҳақида бекорга гапирмадим. Ўша кишилар ўзи қамоқда ўтириб, ўтирган жойида аёлимнинг ихтиёрини ўзига берганман деяпти. Қаердан олдингиз бу гапни десак, шариатдан олдим, дейди. Шариатда бундай гап йўқ, десак, «Сизларнинг шариатларингизда бўлмаса, бизда бор. Ихтиёрни хотинимга берганман, хотиним ҳозир бошқа эркак билан яшаяпти», дейди. Аниқлаб кўрсак, ўша бошқа эркак унинг ўша ғоясидаги «биродари» экан, уларнинг фикрича, «биродарлар» орасида аёлини қўлма-қўл қилиш мумкин экан. Покистонга, Афғонистонга чиқиб кетганлар бор, қайтиб келаётиб, қўлга тушган, лекин беш-олтита боласи, аёли, онаси Афғонистонда қолиб кетган. Шунга 20 йил бўлибди. Шулардан бири билан гаплашдик. 20 йил олдин қўлга тушган, бешта боласи, хотини, онаси Вазиристон деган жойда қолиб кетган. Учта ўғли бор экан. «Ўғилларимнинг тириклигига умидим йўқ, улар ҳам жангари бўлиб, ўлиб кетгандир, лекин онамни олиб келишим керак», дейди. Хотини, қизларини ҳатто гапирмаяпти, чунки уларнинг ҳоли не кечганини билади. Аҳволини кўриб, куйиб кетасиз, соч-соқолингиз шу заҳоти оқариб кетмаганига ҳайрон қоласиз. Жаҳолат шу қадар экан, биродарлар.
Мана шу ҳолатни тушунган давлатимиз раҳбари ўша кишилар билан гаплашинглар, кўнглида ёмонлиги бўлмаса, ўтиравермасин, тавба қилган бўлса, 20 йилдан бери нима қилиб ўтирибди, жамиятга қўшилсин, оиласига борсин, деб топшириқ бердилар. Лекин шуни ҳам истамаётганлар бор экан. «Биз чиқмаймиз, омонатимизни шу ерда топширамиз», дейишяпти. Аллоҳ сақласин бундай ҳолатдан, уларга ҳам инсоф берсин.
Ана шундай суҳбатлар туфайли ўтган жумада сизлар билан кўриша олмадик. Иншааллоҳ, бу тадбир ҳали давом этади. Тавба қилганлар, пушаймонлар бўлса, хулоса ёзиб беряпмиз, бир ойга қолмай чиқиб келишяпти. Худо хоҳласа, бунинг натижасини кўряпмиз. Мана, ўн кун олдин биз вилоятда гаплашган бир маҳбус кеча менга оиласи билан кўришиб, кулишиб турган суратини юборибди.
Аллоҳ таоло барча хайрли ишларимизни бардавом қилсин, адашганларга инсоф-тавфиқ берсин, юртимизга тинчлик ато этсин, жамиятимиздаги ҳар бир оиладаги эркагу аёлнинг ҳаққини адо қилишмизни насиб этиб, икки дунёимизни обод айласин!

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафиўаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР