Тавсия қиламиз

ОДАМЛАРНИНГ НАСАБИГА ТИЛ ТЕККИЗИШ

Мақолалар access_time28-сентябр 2017, 14:23

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:  "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:…

ГУНОҲЛАРНИНГ ҚИСМЛАРИ

Мақолалар access_time18-апрел 2017, 16:18

Уламоларимиз банда содир этадиган гуноҳлар асосан унинг қуйидаги тўрт сифатидан…

ДУНЁ ҒАМ ЧЕКИШГА АРЗИМАС

Мақолалар access_time7-феврал 2019, 09:17

«Эй Одам фарзанди! Ким дунё сабабли хафалик билан тонг орттирса, Аллоҳдан…

ВАТАНГА БЎЛГАН МУҲАББАТ

access_time13-январ 2017, 16:27 visibility7842

Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари хоки ётган она юртни дунёда тенгсиз, муқаддас Ватан деб биладиган одамнинг мақсад-муддаолари аниқ, ғурур ва ифтихори юксак бўлади.

Ислом КАРИМОВ

Тарих сабоқларидан маълумки, ҳар қандай эзгу ният, орзу ва мақсаднинг рўёбга чиқиши, аввало, Аллоҳ таборака ва таолонинг инояти ва жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир. Бу барча замонларда ўз исботини топган ҳақиқатдир.

Аллоҳ инсонни халқ қилди. Ўзи ундан яратгани ва унга қайтарадигани ерга, заминга, она тупроққа муҳаббатни инсон фитратига қориштирди. Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.

Ватан ўзлиги, тупроғи ёки обрўсига қилинган фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.

Зикр қилганларимиздан кўриниб турибдики, ватанни севиш ёки айримлар истеҳзо билан тилга оладиган сўз – ватанпарварлик, ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш мўминнинг асосий хусусиятларидан биридир.

Сир эмаски, ҳозир дунёнинг айрим мамлакатларида беқарорлик, террорчилик, наркобизнес каби миллат танламас иллатлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмоқда.

Ватан - бу инсон ва унинг авлод-аждодлари киндик қони тўкилган муқаддас даргоҳдир. Ватан - бу аждодлар маскани, эл-юрт, халқ вояга етган, унинг тили, тарихи, маданияти, урф-одатлари, қадриятлари чинакамига шаклланиб, ўсиб, камол топиб борадиган заминдир.

Ватан деганда, ҳамиша ўзимиз туғилиб ўсган, кўз очиб кўрган, таълим-тарбия олиб вояга етган, неча-неча авлоду аждодларимиз яшаб ўтган, уларнинг ақл-идроки, меҳнати сарф қилинган юрт кўз олдимизга келади.

Ватан она каби азиз ва мукаррамдир. Ватан инсонга бахт-иқбол берадиган заминдир. Абдулла Авлоний айтганидек: «Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган жойини жонидан ортиқ суяр... Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйганимиз каби, араблар арабистонларини, қумлик иссиқ чўлларини, эскимуслар шимол тарафлар, энг совуқ қор ва музлик ерларни бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши туронлик осон ерларга ўз ватанларини ташлаб ҳижрат қилурлар эди».

Ватан - бу халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Ватан - муқаддас қадрият. Тараққиёт ватандан бошланади. У инсоннинг киндик қони тўкилган жой, инсонни ижтимоий етимликдан асровчи манзил, маънавий камолот ва фуқаролик майдони, ҳаёт мактаби, фаровонлик ва бахт-саодат ўчоғидир.

Инсон учун ватан ягонадир. Ватаннинг катта-кичиги ҳам, бой-камбағали ҳам бўлмайди. Ватан танланмайди. Ватан бизнинг молимиз эмас. Шунинг учун ҳам у пулга сотилмайди ва сотиб олинмайди. Ватан инъом этилмайди, қарзга берилмайди. Ватан ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва бетакрордир.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов келтирган иборадек, «Ватан - саждагоҳ каби муқаддасдир». Ватанни энг олий неъмат сингари бошимиз узра баланд кўтариб, ҳар он ва ҳар сонияда унинг тупроғини кўзларга суртиб, унга таъзим бажо айлашимиз фарзандлик бурчимиздир. Муқаддас хадиси шарифларда «Ватанни севмоқ иймондандир», дейилган. Яъни иймони бут, виждони пок ҳар бир инсон ватанни севади, уни ғанимлар кўзидан асрайди, унинг яшнаши ва яшаши, ҳурлиги учун курашади.

Ватан меҳрини, ватан сеҳрини, унинг мўътабарлигию улуғворлигини сўз билан ифодалаш қийин.

Ҳар бир баркамол инсон ватан камолоти ва истиқболи, эл-юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто ширин жонини ҳам аямайди. Бу ҳақда мавлоно Фузулийнинг, менинг битта ҳаётим бор, бордию мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини ватан учун сарфлаган бўлур эдим, деб айтган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ўгитдир.

Бу каби ҳолатлар эса бизнинг жаннатмонанд, диёримизда тинч ва фаровон ҳаёт кечираётганимиз учун шукроналар қилишга ва шу барқарорлик ва осойишталикни асраб-авайлаш учун барча имкониятларни татбиқ этишга ундайди.

Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди.

Ватанпарварлик – ёлғиз ўз ватанига меҳр қўйишдан иборатгина эмас. Бу жуда катта ҳис... Бу – ватан билан ўзини бир бутун деб билиш, унинг яхши-ёмон кунларида асқотиш демакдир.

Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳ таоло Одам наслидан дунёга келган зурриётларни ер юзида турли миллат ва элатларга бўлиб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб бундай дейди:

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.

Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она-Ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”,-деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.

Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли эзгуликлари тугул, жонини ҳам аямайдиган инсондир, халққа ва ватани озодлиги, фаровонлиги учун ўзини қурбон қилувчи инсондир.

Тарихдан маълумки, бирор-бир миллат бошқа бир миллатни хорламоқчи бўлса, аввало унинг ватанини босиб олиб вайрон қилган ёки уларни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллатга бундан ортиқ хўрлик ва азоб йўқ. Зеро, ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Буюк аллома Алихон тўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: “Ҳар бир инсонга маълумдурки, дунё ҳаётида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар чин инсонлик шарафидан маҳрум бўладилар. Улар озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган бойликка ўзи эгалик қилиш, туғилиб ўсган она-Ватани ва асрлар бўйи эътиқод қилиб келган муқаддас динидир”.

Динимизнинг илоҳий таълимотларида она-Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон фидо қилган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши қайд этилган.

Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она- Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади, албатта.

Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Азиз юртимизда истиқлол берган улкан имкониятлар ҳақида сўзласак, шунча оз. Зеро, мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилди, эмин-эркин тоат-ибодат қилиш имкониятига эга бўлдик, диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Имон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:

“Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир”.

Албатта, ҳар бир давлатнинг мустақиллиги, хавфсизлиги, чегара ҳудудларининг дахлсизлиги ва осойишталигини, аввало унинг Қуролли Кучлари ҳимоя қилиши зарур.

Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она- Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади, албатта.

Мустақиллик туфайли биз ўзимизнинг ҳақиқий ватанимизни топдик. Бу мустақилликнинг бизга берган энг олий неъматидир. Ватани мустақил халқнинг ўзи ҳам мустақил бўлади. Юрти озод ва эркин одамнинг эрки ўз қўлида бўлади.

Инсон учун на давлат ва салтанат, на тожу тахт, ҳеч бир нарса Ватанга, эл-юрт меҳрига тенг келолмайди. Ватандан жудолик - инсон учун катта бахтсизликдир.

Инсон истаган жойда бир парча нонга қорнини тўйғазиши мумкин. Лекин Ватаннинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Ватанда яшаш ҳақиқий бахтдир.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР