Тавсия қиламиз

Хушмуомала бўлайлик! 

Мақолалар access_time1-январ 2018, 16:21

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга хушмуомала бўлишни буюрган. Ким бўлишидан…

ЭНГ ЯХШИ СУҲБАТДОШ КИТОБДИР

Мақолалар access_time24-феврал 2018, 16:47

 Китоб ўқишга одатланиш, ақлни фойдали ишлар билан ўстириш, кенг дунёқараш…

ТАВБА НАМОЗИ

Мақолалар access_time10-апрел 2017, 20:07

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  "Мен қачон Расулуллоҳ…

ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ

access_time12-январ 2017, 09:44 visibility3933

Ватан Ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллигига бағишланган байрам тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ватан Ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги байрамига тараддуд кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида қабул қилган фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилди.

Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармойиши раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинди. Юртимизда Ватан Ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги байрамига тараддуд кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди. Шу юзадан ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳига мудофаа ишлари, ички ишлар, фавқулодда ҳолатлар бошқармалари, миллий хавфсизлик хизмати, ҳарбий қисмларнинг командирлари, Урганч шаҳри ва туманлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда Ватан Ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича режа тадбирларининг намунали бажарилишини таъминлаш, унда кўзда тутилган тадбирларни ўтказишга жамоатчилик вакиллари, катта ҳаёт ва иш тажрибасига эга бўлган фуқаролар, таниқли олимлар, ёзувчилар, энг яхши педагоглар, ёшлар ўртасида машҳур бўлган ижодий жамоалар ва ижрочилар кенг жалб этилишини ташкил этиш, жойларга чиқиб, байрам тадбирларини юқори савияда ўтказишда ҳарбий қисмлар командирлари, давлат ҳокимияти органларига амалий ёрдам кўрсатиш топширилди. Бу тадбирларнинг барчаси “Ватан ҳимояси-муқаддас бурч” шиори остида ташкил этилади.

Ватан Ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг режа-тадбирларини ишлаб чиқиш ва уларни ўтказишга давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотлари раҳбарларини жалб этиш, кўчалар, майдонлар, тантанали тадбирлар ўтказиладиган жойларнинг Ватан Ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикасп Қуролли Кучларига бағишланган плакатлар ва стендлар билан байрамона безатилишини ташкил қилиш, қўшинларда байрамона муҳит ва юксак ватанпарварлик кўтаринкилигини таъминлаш вазифалари юклатилди.

Ўз ҳаётини она Ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас ва олижаноб ишга бағишлаган барча юртдошларимизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этиш бизга катта мамнуният бағишлайди.

Ана шу йиллар давомида босиб ўтган мураккаб йўлимизга назар ташлар эканмиз, ўтган давр мобайнида амалга оширган, ўзининг кўлами ва моҳиятига кўра ғоят улкан ва ноёб, том маънода тарихий ишларимиз натижасида бугунги кунда Ўзбекистон замонавий, ихчам ва ҳаракатчан, яхши тайёрланган, мамлакатимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир ўз миллий армиясига эга бўлди, деб айтиш учун барча асосларимиз бор.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида аниқ мақсадга қаратилган катта ишлар олиб борилмоқда. Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, уларга замонавий тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича давлат дастурларининг амалга оширилиши ҳарбий хизматчилар ҳаётининг моддий-маиший шароитларини сезиларли даражада яхшилаш имконини бермоқда. Фақат кейинги беш йилда ҳарбий унвонлар бўйича бериладиган ойлик маошлар, ҳарбий хизматдан бўшаганда тўланадиган ёрдам пули саккиз мартадан кўпроқ оширилди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган шахсларни моддий ва маънавий рағбатлантириш чоралари, жумладан, олий ўқув юртларига киришда уларга давлат томонидан имтиёзлар белгилаб қўйилгани, ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатилаётгани мамлакатимиз Қуролли Кучларидаги ҳарбий хизматнинг нуфузи ва обрўсининг янада юксалишида муҳим омил бўлмоқда.

Бугун ўтган давр мобайнида ҳарбий ва мудофаа қурилиши, Қуролли Кучларнинг жанговар тайёргарлигини мустаҳкамлаш соҳасида амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилар эканмиз, Ватанимиз сарҳадларининг мудофааси ва ҳимояси, халқимизнинг тинч меҳнати ва осойишталигини таъминлаш ишончли қўлларда, деб тўлиқ асос билан айта оламиз.

Бу дунёда ғуруримизни оширувчи, иймон-эътиқодимизни бутловчи, кўзимизга тўтиё этиб яшайдиган муқаддас саждагоҳимиз Ватандир. Бу тушунча шундай азизки, ҳаёт йўлларида оғир, синовларда куч-қувват ато этиб, мардлик ва жасоратга ундайди.

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни энг улуғ, энг азиз айёмлардан бири сифатида миллий байрамимизга айланиб, юксак даражада нишонланаётир.

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир.

Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур!

Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши шаҳидлик мақомига етиши ҳақида башоратлар мавжуд. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб айтганлар:

“Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур”.

Мана бу ҳадисда молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш нақадар улуғлиги таъкидланмоқда. Шу каби Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилганлар ҳам шуҳадолар сафига қўшилурлар. Зеро, ислом тарихида дини, ватани обрўсини ҳимоя қилганларга шундай улуғ мартабалар берилгани тўғрисида маълумотлар жуда кўп.

Бошқа бир ҳадисда эса бундай деб марҳамат қилинган:

“Кимики Аллоҳ таоло йўлида бир ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”.

14 январь – Ватан ҳимоячилари кунидир. Бу байрамни тинчлик, хотиржамлик ва осойишталик посбонлари байрами сифатида нишонлаш юртимизда анъанага айланган. Бу байрамни кенг нишонланиши замирида теран маъно мужассам. Зеро, Она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду ҳуррамлик сиғади, тоат-ибодатлар эминликда адо этилади, байрамлар ярашади, дунё ободлиги давом этади.

Қанчадан-қанча амаллар борки, кўринишидан оддий ишга ўхшагани билан чиройли ва яхши ният ила савоби улуғ амалга айланади. Худди шу каби аскарий, ҳарбий хизмат ҳам ана шундай савобли, зарур, муҳим амаллар қаторига киради. Зеро, Ҳазрати Сарвари олам (а.с.) айтганларидек: “Инсонларнинг яхшиси – инсонларга манфаатлисидир”.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, баюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобурлар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.

Ватан ҳимояси мавзусида сўз борганда беихтиёр Темур Малик қиссаси ёдимизга тушади. Темур Малик Ватанни қандай севди ва қандай ардоқлади?! Унинг қанчалаб умри она Ватани тупроғига ғаним оёқ босмаслиги учун бедор кечди. Тунларни кунларга, кунларни тунларга улади. Жангларда босқинчи ёвга мардонавор тик боқиб, “Бу муборак заминни босишингга, топташингга йўл қўймайман”, - дегандек, Ватан ҳимояси йўлида ҳатто сўнгги томчи қонини нисор этди.

Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганларидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир”.

Бизлар ўз жигарбанд, дилбандларимиз, азиз фарзандларимизга ана шу улуғлар йўлини, уларнинг Она Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англамоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар нақадар улуғлиги ҳақида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эдилар: “Она-Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган”.

“Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, - деган экан мутафаккирлардан бири.

Кечагина ўйнаб-чопиб юрган кичкинтойлар кўз очиб-юмгунча ҳарбий хизмат ёшига етадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) таълим берганларидек, фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан асрасин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР