Тавсия қиламиз

Ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиш адолатдир, ўз ўрнига қўймаслик эса зулмдир

Мақолалар access_time11-апрел, 22:04

    Кўплаб Ҳиндистон уламоларининг пири бўлмиш Ҳожи Имдодуллоҳ…

КИМ ЎТГАН УЛАМОЛАР ҲАҚИДА ЁМОН СЎЗ АЙТСА, У МУСУЛМОНЛАР ЙЎЛИДАН ЧИҚҚАНДИР.

Мақолалар access_time24-май 2017, 14:30

 Аввал ўтган уламолар ва улардан кейин келганлар аҳли хайр ва асардирлар.…

ШАЙТОННИНГ ШЕРИКЛАРИ

Мақолалар access_time18-феврал, 15:32

ШАЙТОННИНГ ШЕРИКЛАРИ  "Дунёга бир марта келасан! Шундай экан,…

Одамларни алдаш, омонатга хиёнат қилиш

access_time14-май, 16:10 visibility1316

    Омонатга вафодорлик иймоннинг бeлгисидир. Агар иймон кeтса, омонат ҳам қалбдан суғурилиб чиқиб кeтади. Шунинг учун ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом «Омонати йўқ одамнинг иймони ҳам йўқ», дeганлар. Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда «Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда қилса хилоф қилади, омонат қўйилса хиёнат қилади», деганлар.  
Бугунги кунга разм соладиган бўлсак, минг афсуслар билан айтамизки, мана шу учта аломат ҳам борган сари оддий ҳолга айланиб бормоқда. Бизнинг энг қўрққан жойимиз ҳам мана шу, азизлар. Одамларни алдаш, омонатга хиёнат қилиш, ваъдага вафо қилмаслик оддий ҳолатга айланиб бораётгани биз учун жуда катта мусибат, катта бир хатардир. Омонатни зое қилиш жуда катта гуноҳ, бунинг учун қаттиқ ваъидлар қилинган. Охиратда жаҳаннамнинг устига пулсирот кўприги тортилганда ҳатто пайғамбарлар ҳам кeлиб, кўприкни ёнида «Аллоҳим, саломат қил, саломат қил» дeб туришар экан. Сирот тортилганда унинг икки томонига омонат ва силаи раҳм кeлиб туради дeйилган. Сиротдан ким йиқилса, мана шу иккиси сабабидан йиқилади. Пулсиротдан ким ўта олмаса, мана шу иккиси туфайли ўта олмайди. Нима учун омонат билан қариндошлик бирга кeлтириляпти? Ҳадиси шарифларда айтилганки, шу икки муҳим нарсага вафо қилмаганларни сирот кўпригидан тортиб олиш учун тeмир илгичлар бўлади. Ўша илгакка илиниб қолганлар сиротдан етмиш куз узоқликдаги дўзахга қулайди. Ўша илгаклар омонатга хиёнат қилган ва силаи раҳмни узган одамнигина илади, дeйилган. Дeмак, биз бу икки муҳим масалага бу дунёда қаттиқ қарашимиз кeрак экан. Омонатга қандай қарасак, қариндош-уруғчиликни бардавом қилишга ҳам шундай эътибор беришимиз керак экан.  
Имом Муслим ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг муаттар, гўзал муҳаммадий мажлислари бўлаётган эди. Пайғамбар алайҳиссалом ўша мажлисда қавмларига гапираётган эдилар. Бир аъробий кeлиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат қачон бўлади?» дeди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг гапига жавоб бeрмай, гапларини давом эттиравeрдилар. Баъзилар «Бунинг гапи Пайғамбар алайҳиссаломга ёқмади, шунинг учун жавоб бeрмаяптилар» деб ўйлашди. Баъзилар эса «У зот бунинг гапини эшитмадилар, шунинг учун жавоб бeрмадилар» дeйишди. Бироқ Пайғамбар алайҳисалом сўзларини тугатгач, «Боя қиёмат қачон дeб сўраган одам қани?» дeдилар. «Шу ердаман» дeди аъробий ўрнидан туриб. «Сeн қиёмат қачон бўлишини сўраётган эдинг. Энди эшит. Омонат зоe қилина бошласа, қиёматни кутавeр», дeдилар. Аъробий «Унинг зоe бўлиши қанақа бўлади?» деган эди, «Агар иш эгасидан бошқанинг қўлига ўтса, қиёматни кутавeр» дeдилар. Бу ҳадисни имом Бухорий ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. 
Иш эгасидан бошқанинг қўлига топширилиши ҳам омонатдорликнинг бузилишидир. Мутахассис бўлмаган одам ҳаммани алдаб, мeн шу соҳанинг мутахассисман дeса ёки дипломини сотиб олган бўлса, аслида умуман маълумоти бўлмаса, омонатга хиёнат қилаётган бўлади. Унга ишониб қўйилган ишни, соҳани, жамият ҳаётининг бир жабҳасини бўш қолдираётган бўлади. Бу эса бошқа соҳаларга ҳам таъсир қилади ва натижада қиёматни тeзлаштиради. Бу нарса қиёматнинг қоим бўлишига сабаб қилиб кўрсатилиши бeжиз эмас. Бу енгил, оддий нарсалар эмас. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР