Тавсия қиламиз

ЎЛИМ, ЖАНОЗА, ТАЪЗИЯ ОДОБЛАРИ

Мақолалар access_time30-ноябрь 2017, 16:00

Ўлим тирик жонзотнинг албатта йўлиқиши мукаррар бўлган улкан ҳақиқатдир.…

Савоб ва ажр 

Мақолалар access_time17-апрел, 11:57

Бизда дунёни ҳам обод қилинади, охират ҳам обод қилинади. Дунёни обод қилмай…

ТЕМИРЧИНИНГ ҚИССАСИ

Мақолалар access_time24-январ, 12:55

ТЕМИРЧИНИНГ ҚИССАСИ Дадам Муҳаммад Шафеъ Усмонийнинг бир ҳикояси бор эди.…

Ким бир рўзадорга ифтор қилиб берса

access_time25-май, 11:09 visibility285

Имом Термизий Зайд ибн Холид Жуҳанийдан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бир рўзадорга ифтор қилиб берса, унга ўшанинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан бирон нарса камаймайди», дедилар.  
Демак, рўзадорга ифтор қилиб берган одамга ўша рўзадорнинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан эмас, алоҳида ажр, алоҳида савоб берилади. Бу гапни эшитган саҳобалар Рамазонни сабрсизлик билан кутишди. Айниқса ким биринчи ифторлик дастурхонини ёзади, бу шарафга ким эга бўлади деб кутишди. Шунинг учун бу ифторлик ҳақида ровийлар батафсил ҳикоя қилиб беришган. Ислом тарихидаги илк ифторлик дастурхонини ёзиш шарафи ансорий саҳобалардан бири, Мадинада арабларнинг икки улуғ қабиласи – Авс ва Хазражнинг раиси Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуга насиб қилди. Бу дастурхонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда кўплаб саҳобалар ташриф буюрдилар. Ушбу ифторлик дастурхонига нималар қўйилгани ҳам ровийлар томонидан аниқ ва тиниқ ривоят қилинган. Теридан қилинган бу дастурхонда ҳўл ва қуруқ хурмо, бир оз қотган нон, бироз гўшт ва терига ёпишган сариёғ қўйилган. Ваҳоланки қабила раисининг дастурхони энг тўкин дастурхон бўлиши керак эди. Аммо ўша давр ҳаёти шундай эди, содда давр эди. Энг бой одамларнинг дастурхони шу бўлган, гўшт қўйилган, нон қўйилган. Бой эмасларнинг дастурхонида эса гўшт билан нон ҳам бўлмаган, қуруқ хурмо ёки ҳўл хурмо бўлган, қотган нон, бироз сариёғ ва сув бўлган, холос. Пайғамбар алайҳиссалом ўша ифторлик сўнгида дуо қилганлар. Ислом уммати қарийб 15 асрдан бери ана шу муборак дуони ўқийди. Ҳар йили Рамазон келганида биз бу дуони эслаймиз, қайта-қайта дуо қиламиз. Ифторлик дуолари қаторида бундан бошқа дуолар ҳам ривоят қилинган, аммо бу энг машҳуридир. Дуонинг маъноси шундай: «Таомингизни энг яхши одамлар ейишди, ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилишди, малоикалар сизнинг ҳаққингизга саловатлар айтишди». Пайғамбар алайҳиссалом ифторлик дастурхони ёзган одамнинг ҳаққига ана шундай дуо қилганлар. Демак, энг яхши дастурхон – ифторлик дастурхони экан. Энг яхши одамлар ўша дастурхонга келган рўзадорлар экан. Ифторлик ёзган одамга бу ажру мукофотлардан ташқари малоикаларнинг салавотига ҳам сазовор бўлар экан. Фаришталар унинг ҳаққига салавот айтиб туришар экан.  
Ҳадиснинг матнида кўплик эмас, бирлик шакли келганидан яна шундай фойда олиш мумкин эканки, биргина одамга, битта рўзадорга ифтор қилиб берса ҳам шу ажру савобларга эга бўлинар экан. Битта одамнинг ифторлиги шунча даражада бўлса, энди юзлаб одамларга ифтор беришнинг мукофоти қандай бўлишини ўзимиз тасаввур қилиб олаверайлик. Алҳамдулиллаҳ!  

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР