Тавсия қиламиз

БИЛАСИЗМИ: ЗАКОТ ОЛИШИ МУМКИН БЎЛМАГАН КИШИЛАР?

Биласизми access_time17-июнь 2017, 19:01

1.  Бой одам закотнинг мискин ва фақирларга ажратилган улушидан олиши…

Макка шаҳри, Мино водийсидан

Янгиликлар access_time31-август 2017, 11:51

Ушбу муқаддас масканда  барча ташкилий ишлар юртдошларимизга хизмат…

Ҳажда уч нарсани қилиш қатъиян тақиқланади.

Мақолалар access_time22-сентябр 2017, 21:09

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳажнинг фазилатини баён қилиб, шундай марҳамат…

ИЛМНИНГ ФАЗИЛАТИ, УСТОЗЛИК МАСЪУЛИЯТИ ВА ТОЛИБНИНГ ОДОБИ

access_time30-май, 20:53 visibility788

Бугун, 2018 йил 30 май чоршанба куни, соат 11:00 да «GRAND TA‘LIM» нодавлат таълим муассасаси томонидан тадбир ўтказилди. Илм мажлиси Қуръони Карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Тадбир «Илмнинг фазилати, устозлик масъулияти ва толибнинг одоби» мавзусида ўтказилиб, бир қанча меҳмонлар, «GRAND TA‘LIM» НТМ устозлари, ишчи-ходимлари ва тингловчилар иштирок этишди.

Тадбирни муассаса директори Музаффар Саттиев кириш сўзи билан очиб, барчани муборак Рамазон ойи билан табриклади ҳамда ушбу марказ тарихи, ўқув жараёнлари, эришилган ютуқлар ҳақида гапириб, «GRAND TA‘LIM» НТМ ўзининг 10 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўраётгани, янги очилган мактабгача таълим муассасаси «Билағон болажон» ўқув курслари, Тошкент ва Самарқанд шаҳрида очилган филиаллар ҳақида сўзлаб ўтдилар. Сўнгра сўз Юнусобод бош имом-хатиби устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизийга берилди.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ўз сўзида жумладан шундай деди: «Улуғ саҳобий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: «Илм – қалб ҳаёти, зулматда кўз нури, заифликда бадан қувватидир. Илм туфайли инсон буюклар мақомига етади, дунё ва охиратда юксак даражалар соҳиби бўлади. Илм туфайли силаи раҳм қилинади, ҳалол ва ҳаром билинади. Илм – бошлиқдир, амал эса унга тобеьдир».

Аллома Ферузободий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Басоиру завит-тамйиз фи латоифил китабил азиз» китобида шундай келтиради: «Инсоний фазилатлар тўртта бўлиб, улар: илм, шижоат, иффат, адолатдир. Булар фазилатлар ичида энг асосийсидир».

Аллома Насируддин Тусий раҳматуллоҳи алайҳ «Одобул мутааллимин» китобида илмнинг фазилати ҳақида шундай дейди: «Ҳеч кимга сир эмаски, неьматлар ичида илм энг шарафлисидир. Зеро, илм инсониятга хосдир.Чунки, илмдан ташқари барча хислатларда инсон бошқа тирик мавжудотлар билан шерикдир. Мисол учун, шижоат, қувват, шафқатга ўхшаш хислатлар инсонда бўлгани каби бошқа тирик мавжудотларда ҳам мавжуддир. Илм туфайли Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни фаришталардан афзал қилиб, уларга Одам алайҳиссаломга таьзим саждаси қилишни буюрди. Шунинг учун, илм – абадий саодатга элтувчи йўлдир».

Воиз ўз сўзида илм Аллоҳ ризоси учун бўлгандагина кишига ва бошқаларга фойдали бўлишини таъкидладилар. Шунингдек, бу хусусда ҳар соҳада инсониятга буюк илмий меросларни тақдим этган ўтмиш алломаларимиз ҳаётларини ўрганиш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар, жумладан: «Устозлар ҳақида сўз кетар экан, юртимизнинг улуғ фарзанди, буюк аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз. Бу зотнинг вафотлари нафақат юртимиз мусулмонлари, балки бутун Мовароуннаҳр ўлкаси, бутун Ислом олами учун улкан йўқотиш бўлди. Устозимиз 63 ёшларида, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёшларида, энг навқирон дамларида, комилликка етиб, динга хизматнинг чўққисига чиққан пайтларида охиратга сафар қилдилар.

Аллоҳ бу зотни раҳмат қилсин, жойларини жаннатлардан қилсин, динга, илмга, халққа, Ватанга қилган хизматларини давом эттиришни ҳаммамизга насиб қилсин.

Юртимиз мусулмонлари бу буюк инсоннинг ҳаёт йўлини, илмий фаолиятини яхши билиб олишлари керак. Зеро, бу инсон бутун ҳаётини шу юрт учун, шу Ватан учун, мўмин-мусулмонлар учун дин хизматига сарфладилар. Ором олиш, дам олиш деган нарсани билмадилар. Кундалик ҳаётларининг маишат учун, хотиржам дам олиш учун ажратилган қисми йўқ эди. Ҳар бир кунлари қатъий тартибга солинган эди, ҳеч бир ошиқча вақт йўқ эди. Бемалол телевизиор кўриб, газета ўқиб ўтиришга вақтлари йўқ эди. Аммо Ислом оламида, бутун дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан яхши хабардор эдилар.

Ҳазрат доим шошилардилар, ҳатто биз буни баъзан тушунмас эдик, эртаю кеч нимагадир шошилардилар. Нимага шошилганларини мана энди билиб олдик. У зот хайрли ишларга, режалаштирган, кўзлаган мақсадларига улгуриб қолай дер эканлар, вақт ғаниматлигини, фурсат озлигини доим ҳис қилиб юрган эканлар. Албатта, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буни Ўзининг азиз бандаларига билдиради. Аммо биз яна ҳам қойил қолдикки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳазратга билдиргандир, аммо устоз буни ҳеч кимга билдирмадилар. Ўзларига берилган улкан илм неъматини имкон қадар шогирдларига, толиби илмларга етказдилар.

Исломий илмларнинг деярли барча йўналишлари бўйича китоб ёзиб, халққа тақдим қилдилар. Исломни, ҳақни, шариатни, илм-маърифатни, одоб-ахлоқни етказишнинг ўзлари яшаган даврда мавжуд бўлган барча воситаларидан унумли фойдаланиб, амр маъруф ва наҳйи мункар фарзини адо этдилар. Халққа зиё тарқатадиган илм-маърифат масканларига – нашриёт ва матбаага, интернет сарҳадларидаги илк ўзбекча исломий порталга асос солдилар. Буларнинг барчасига ҳар бир соати, ҳатто дақиқаси режалаштирилган кун тартибидан бирор марта оғишмаган ҳолда улгурдилар. Ҳаётларининг сўнгги кунида ҳам ҳар доимгидек дарс бердилар, зиёратчиларни қабул қилдилар, сўнг жисмоний тарбия билан машғул бўлдилар. Аллоҳ таолога омонатни таслим қилганларини ёнларидаги ҳамроҳлари ҳам билмай қолишди.

Устозимиз, халқимизнинг улуғ фарзанди, алломаи замон, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ана шундай шонли, баракали, илму маърифатга тўла, чинакам исломий умр кечирдилар, ҳаётлари ҳам, вафотлари ҳам барчамизга ибрату намуна, ҳикмату андоза бўлиб қолди. Бу улуғ зотнинг вафотларидан сўнг юртимизда хатми Қуръон ўқиш бирдан авж олиб кетди. Вафот этганларига уч йил бўляпти ҳамки, қабрларини зиёрат қилишга борсангиз, ҳар куни бомдоддан сўнг камида битта хатми Қуръон ўқилаётган бўлади. Зиёратчиларнинг эса кечгача қадами узилмайди. Илмга чанқоқ, маърифатга ташна халқимиз бу буюк фарзандини ана шундай ардоқлаб, руҳини шод қилишга ҳиммат қилмоқда.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бутун умрларини, барча куч-қувватларини, юксак илмий салоҳиятларини илм-маърифат, зиё тарқатишга бағишлаб, аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш; Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш; исломий маърифат таратиш; салафи солиҳ — улуғ мужтаҳидларга эргашиш; бағрикенглик ва биродарлик руҳини тарқатиш; диний саводсизликни тугатиш; ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш; мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш шиори остида эл-юртга, халққа, Ватанга, мусулмонларга, Исломга фидокорона хизмат қилдилар. Бу хизматнинг нечоғлик муҳим ва улкан бўлганини бугун ҳаммамиз янада чуқурроқ англаб турибмиз. «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими» деганларидек, бу зотнинг айрилиғи бутун эл-юртнинг қалбига оғир мусибат бўлди. Аммо у зотнинг руҳлари барҳаёт, шундай экан, устоз қолдирган буюк илмий меросни ўрганиш ва баҳолиқудрат ўргатиш билан, устозимизнинг ҳақларига, у зотни тарбиялаб ўстирган ота-оналари, устозларининг ҳақларига мудом хайрли дуолар қилиб, шогирдлик бурчимизни, ватандошлик, замондошлик, диндошлик, биродарлик бурчимизни адо этайлик. Аллоҳ таоло у зотни Ўз раҳматига олган бўлсин» деб ўз сўзларига якун ясадилар.

Сўнгра «Аrabic.uz» ва «Мadrasa.uz» интернет саҳифалари муҳаррири, моҳир таржимон, таълим муассасаси араб тили устози Анвар Аҳмадга сўз берилди. Устоз ҳам мавзуни давом эттириб, илм ўрганиш фазилатлари ва ўтмишда ўтган буюк аждодларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Нававийлар ҳаётларида ўрнак, намуналар бисёрлигини айтиб ўтдилар.

Суҳбат давомида устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий тадбир иштирокчилари томонидан берилган саволларга ҳам батафсил жавоб бердилар.

«GRAND TA‘LIM» НТМ директори Музаффар Саттиев томонидан устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизийга эсдалик совғалар ва яқинда чоп этилган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳазратларининг «Қуръони карим ва ўзбекча маънолар таржимаси» китоблари совға қилинди. Илм мажлиси Қуръон карим тиловати билан якунланиб, илм-маърифат йўлида бемисл хизмат кўрсатган устозлар ҳаққига дуо фотиҳа қилинди ва ватанимиз Ўзбекистон аҳлига фаровонлик, тинчлик ва омонлик, барака ва ривож сўраб, тилаклар қилинди. Тадбир ниҳоясида бундай илмий, маърифий учрашув ва тадбирларни давомий ўтказишга келишиб олинди.

Баҳодир МУҲАММАДИЙ

«Кулол-Қўрғон» жоме масжиди имом-ноиби,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди матбуот котиби

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР