Тавсия қиламиз

Жоду қилинган одам ёхуд қош қўяман деб кўз чиқараётган аёллар.

Мақолалар access_time9-январ, 14:12

Жамиятимизда кенг тарқаб кeтган, иймонимизга хатари катта бўлган нарсалардан…

Ақлли ЖОРИЯ ... 

Мақолалар access_time1-август 2017, 15:18

Султонлардан бири, бозорда юзта чўрининг баҳосидан ҳам қиммат чўри борлигини…

Фиқҳ_сабоқлари ҲАЙЗ 

Мақолалар access_time6-октябрь 2017, 18:32

Кўпинча қизлар ўн уч ёшга кирганда, баъзан ундан олдинроқ ҳам одатга кўра…

Рамазон фазилатлари

access_time13-июнь, 14:50 visibility326

    Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Умматимга Рамазонда беш хислат берилди, улар олдинги бирор умматга берилмаган: рўзадорнинг оғзини ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкдан хушбўйдир; уларга фаришталар мағфират талаб қилишади; Аллоҳ ҳар куни жаннатни безаб, солиҳ бандаларим устиларидан меҳнат ва азиятлар улоқтирилиб, сенинг олдингга келишларига оз қолди, дейди; унда бебош шайтонлар кишанланади, натижада улар ундан бошқа пайтларда эришадиган нарсаларига эриша олмай қолишади; охирги кечада рўзадорлар мағфират қилинади».  
«Ўша охирги кеча Қадр кечасими?» деб сўрашганда саҳобалар «Йўқ. Ҳар бир ишчи ишини бажариб бўлганидан сўнг ҳаққини оладими, Рамазон сўнгида ҳам рўзадорлар алоҳида яна ҳаққини олади» деганлар.  
Рўзанинг биз билган ва билмаган фойдалари ниҳоятда кўп, азизлар.  
Аммо биз рўзани фойдалари учунгина яхши кўрмаймиз. Биз уни нима учун яхши кўрамиз? Аввало Аллоҳ таоло буюргани учун, Аллоҳ таоло яхши кўргани учун. Қолаверса, рўза кишининг тақвосини оширгани учун яхши кўрамиз.  
Рўзадор киши шайтонга қарши курашади. София розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Шайтон инсоннинг қон томирида юради. Шунинг учун очлик билан унинг йўлларини торайтиринглар». 
Рўза инсоннинг шаҳватини синдиради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Эй йигитлар! Сизлардан ким уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Зеро у кўзни тўсади, фаржни зинодан сақлайди. Ким бунга қодир бўлмаса, рўза тутсин, чунки рўза унинг учун гўё бичилишдир».  
Рўза тутган одамнинг шаҳвати керакли даражада тийилиб туради. Рўзадорнинг қалби покланади, рўза тутган инсон кун давомида Аллоҳ таолони назоратида турганини ҳис қилади. Доимий равишда Аллоҳ таолони ҳис этиб туриш кишининг қалбини мусаффо қилади.  
Рўза тутган кишиларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Муттафақун алайҳ даражасига чиққан ушбу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, ишонч билан, савоб умид қилган ҳолда тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади».  
Рўза тутган киши фаришталарнинг сифатига кириб қолади: емайди, ичмайди, жимоъ қилмайди. Фаришталарда бу хислатлар йўқ, уларда нафс йўқ, улар емайдилар, ичмайдилар, жимоъ қилмайдилар, кўпаймайдилар, уларда ота-она ёки фарзанд бўлмайди. Улар Аллоҳ таолонинг шу ҳолатда яратган махлуқларидир.  
Рўзадорнинг сабр-бардоши ортади, ўз ихтиёри билан 30 кун кўнгли тусаб турган нарсалардан ўзини тийган киши кераклича сабр-бардошга эга бўлар экан. Рўза раҳм-шафқат сифатини шакллантиради ва мустаҳкамлайди, чунки рўза тутган киши ўз ихтиёри билан оч қолади, ўз ихтиёри билан чанқайди, турли кўнгил хоҳишларидан, лаззатли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлади. Ана шундагина ўз ихтиёри билан эмас, балки мажбурлигидан, қўли калталигидан, муҳтожликдан оч қолаётган, чанқаётган одамларнинг аҳволини ҳис қила олади.  
Юқорида айтганимиздек, рўза соғлиқни ҳам тиклайди. Рўза нафақат соғлиқни сақлаш, балки беморликни даволаш учун ҳам кони фойда экани бугун илмий исботини топмоқда. Ҳозирги кунда кўп тарқалган касалликларга рўза энг яхши шифо бўлишини мутахассислар ёқлаб чиқмоқдалар. Имом Табароний Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Рўза тутинг, саломат бўласиз», деганларини ривоят қилган.  

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР