Тавсия қиламиз

ТАВАРРУҚ САВДОСИНИНГ ҲУКМИ

Мақолалар access_time7-октябрь 2017, 13:00

 Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин!  Ортларидан набий йўқ зотга салавотлар…

ЭНГ ЯХШИ СУҲБАТДОШ КИТОБДИР

Мақолалар access_time24-феврал, 16:47

 Китоб ўқишга одатланиш, ақлни фойдали ишлар билан ўстириш, кенг дунёқараш…

ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ВА ОИША РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО ОНАМИЗНИНГ ЎРТАЛАРИДАГИ ЎЗАРО БУЮК МУҲАББАТ

Мақолалар access_time17-декабр 2017, 12:59

ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД  СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ВА ОИША РОЗИЯЛЛОҲУ…

Тасаввуф ва зикр ҳақида

access_time9-июль, 13:59 visibility1296

      Ҳозирги кунда Ўзбекистонда жуда долзарб бўлиб турган, кўпчиликда савол уйғотиб турган мана шу масала ҳақида – тасаввуф ҳақида гапириб бермоқчимиз. Бугун яна тасаввуф ҳақида турли нотўғри фикрлар, хато хулосалар кўпайиб қолди. Айниқса саводсизлик қилиб, нотўғри зикр тушаётган кишилар ҳақидаги видеоролик тарқалиб, кўпчиликда ҳайрат, ҳатто нафрат уйғотди. Кўпчилик бунинг нималигини билмай, бошлари қотишди, кўпчиликнинг ғазаби келди. Шунинг учун биз яна бир бор бу масалага ойдинлик киритиб қўйишни лозим топдик. Хўш, тасаввуф аслида нима? Тасаввуф нима учун керак, унинг қандай фойдаси бор? Шу ҳақда сизлар билан Аллоҳ қодир қилганича суҳбатлашиб ўтамиз.

     Тасаввуф сўзининг луғавий маъноси ҳақида турли фикрлар айтилган. Баъзилар уни «аҳли суффа» сўзидаги суффадан олинган дейишади. Баъзилар «софа», яъни софлик феълидан олинган дейишади. Яна баъзилар «сувф», яъни жун деган сўздан, тариқат аҳли аксар ҳолларда кийиб юрган жун чопондан олинган дейишади. Албатта, ҳаммалари ҳам ўз ўринларида ҳақ, лекин ана шу жун деган сўздан келиб чиққани ҳақиқатга яқинроқ.

     Ҳижрий иккинчи асрда, тобеъинлар даврида баъзи мусулмонлар дунёга берилиб кета бошлади. Бу нарса кўпчиликда хавотир уйғотди. Баъзи зоҳид кишилар ана шу ишнинг муқобилида дунёнинг лаззатларидан воз кечишни ўзларига йўл қилиб олдилар, ўша даврнинг энг арзон кийими бўлмиш жундан кийим кийишни одат қилдилар, уни ҳозир пўстак дейишади. Хуллас, лаззатларга, ҳою ҳавасга учмаслик рамзи сифатида энг оддий, энг дағал матодан кийим кийишга ружу қўйишди. Сўфий деган ном шу тариқа шаклланиб қолган аслида. Бу сўфийлик кейин пайдо бўлган нарса эмас. Уламоларнинг энг қисқа таъбири бўйича тасаввуф – Қуръон ва Суннатнинг руҳидир, биродарлар. Тасаввуф оят-ҳадисларнинг руҳиятидир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг йўлидир. Фақат ўтган узоқ тарих давомида, айниқса ўтган асрларда Ислом душманлари томонидан қилинган зарбалар эвазига тасаввуфнинг обрўйи қасддан туширилди, сохталаштирилди, обрўсизлантирилди ва ҳоказо. Аслида Ислом умматининг бошига тушган энг қийин мусибатлар даврида динимизни, Ислом илмларини сақлаб қолишда айнан буюк тасаввуф шайхлари, тариқат пирларининг хизмати беқиёс бўлган. Тасаввуфга футур етгандан кейингина, унга илмсиз, жоҳил кимсалар суқилиб кириб олгандан кейингина жамиятда диний саводсизлик, бидъат-хурофотлар урчиди. Эслаб кўрсак, бизнинг диёрда ҳам юрт истиқлолга юз тутгач, фиқҳий мазҳабларни тан олмайдиган таълимотлар кириб келди. Аҳли илмларнинг, тасаввуф аҳлининг ўрни ана шунда билинди. Ана шундай забардаст уламоларимизнинг имкони чеклангани боис ўша турли бузуқ ақийдалар, адашган оқимлар кириб келиб, ўзларини китобларини тарқатиб кетишди, натижада тажрибасиз, узоқни кўра олмаган баъзи кишилар ўша маҳалда уларнинг йўлларига эргашиб кетишди. Бундай оқимларнинг ўз мақсадига етишишдаги энг биринчи зарбаси айнан уламоларга қаратилган эди. Чунки айнан уламолар бундай фирқаларнинг асл моҳиятини фош қилиши, уларнинг даъволарига раддия бериши керак эди. Уларнинг иш услуби шундай – аҳли илмларга, уламоларга ҳурматсизликни ёйишади, натижада илмсиз одамлар дуч келган одамга эргашиб кетаверади. Улар устозларимизга, уламоларимизга, ҳатто фуқаҳоларга, мужтаҳид алломаларга ҳам ҳужум қилишди, ҳатто Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳга тил теккизишгача боришди, ҳар хил номлар билан ҳақорат қилишди. Минг афсуски, азбаройи илмсизлигидан имом Абу Ҳанифадек зотни ҳадисни билмайди дейишди, у фақат ўзининг фикрига суянган деб туҳматлар қилишди. Лекин бу кимсалар ҳеч бир ўйлаб кўрмайдиларки, Пайғамбар алайҳиссаломга ҳаммадан кўра яқин бўлган, барча мазҳаббоши имомларимиздан кўра у зотга яқинроқ даврда яшаган зот Абу Ҳанифа эдилар. Энди шу киши ҳадисни билмас эмишлар! У зотдан неча асрдан кейин пайдо бўлган бу бемазҳаблар энди буни фош қилаётган эмиш!  Инсоннинг қуруқ расми, сурати мусулмон бўлса, бироқ қалби қорайган, руҳи абгор бўлса, ана шундай ачинарли ҳолатга тушиб қолар экан. Шунинг учун барча муаммоларнинг калити руҳий тарбияда деймиз. 

Мазҳабни тан олмайдиганларнинг биринчи зарбаси фиқҳ илмига қаратилган бўлса, бу борада жамиятда етарлича тарқоқлик, паришонлик пайдо қилишга эришгач, кейинги зарбалари ақийда илмига қаратилди. Бу сафар ҳам бориб-бориб имом Мотуридийни, имом Ашъарийни адашган, ботил қавмларнинг раҳбарига чиқариб қўйишди.  Албатта,  Аллоҳ таоло Ислом умматини бундай бузғунчилардан тозалаб туриш учун ҳар бир замонга яраша забардаст уламоларни етказиб турди. Бу улуғ зотлар бу саводсиз тоифаларга ҳам нақлий, ҳам ақлий далил-ҳужжатлар билан кескин раддиялар бериб, жамиятни бу иллатдан тозалаб турдилар. Фиқҳ ва ақийда борасидаги уринишлари пучга чиққач, энди бу гуруҳлар бор кучлари билан тасаввуфга ёпишишди. Тасаввуфни бидъат дейишди, мутаассиблик дейишди, тасаввуфдаман, тариқатдаман деб юрган баъзи чаласавод кишиларнинг хатолари туфайли тасаввуфга, тариқатга, сулукка тош отишлар кўпайиб кетди.  Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ таоло умматни бу балодан ҳам Ўз ҳифзу ҳимоясида асради. Тасаввуф уламолари халққа тасаввуфнинг асл моҳиятини, келиб чиқишини тушунтириб, масалага ойдинлик киритмоқда. Кеча тарқалган видеолавҳага келсак, биз бу борада интервью бериб, «Бу – аслида тўғри нарсанинг нотўғри вақтда нотўғри кўрсатилиши бўлди» деб таъриф бердик. Зеро, бир кишининг хатти-ҳаракатига қараб умумий баҳо берилмайди. Бир мусулмоннинг қилмишига қараб Исломга баҳо берилмайди. Худди шунингдек, бир киши бир ишни тасаввуф деб, тариқат деб ўйлаб, нотўғри қилаётган бўлса, илмсиз равишда қилаётган бўлса, унга қараб бутун тасаввуф ҳақида, барча аҳли тариқатлар ҳақида хулоса чиқарилмайди. Бу видеолавҳада тасаввуфнинг қайси бир кўринишини нотўғри шаклда қилаётган одамлар кўрсатилган, аммо шу ҳам нотўғри вақтда кўрсатилган. Нотўғри вақт деганимиз шуки, халқимиз ҳали тасаввуфдан бехабар. Тасаввуф шу вақтгача ўраб, халқнинг кўзидан тўсиб қўйилган эди. Баъзи бир тасаввуф вакиллари туфайли биз эшонлардан, пиру муршидлардан қўрқар эдик, уларга ишонмас эдик, тасаввуфнинг моҳиятини ўрганмас эдик. Шунинг учун халқимиз тасаввуфдан бехабар эди. Нотўғри шаклда деганимизга сабаб шуки, биз айтаётган тасаввуф, ҳақиқий тасаввуф, ҳақиқий зикр ўша видеороликда кўрсатилган нарса эмас, биродарлар. Тасаввуфнинг бор-йўғи фақат шу зикр эмас. Банда зикр калималарини айтар экан, буни нақшбандияда вуқуфи ададий дейилади, саноғи эътиборли, лекин эътибор Аллоҳга бўлади. Зикрдан мақсад Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога етишиш, холос. Мана шундай буюк, улуғ, пок нарса нотўғри кўрсатилди, бузиб кўрсатилди. Хорижга борганлар кўрган бўлса керак, аслида бундай ҳолатлар жаҳрий тариқат вакилларида бўлади ва само рақслари, само зикри дейилади. Унгача тасаввуфда билишимиз керак бўлган қанча нарса бор эди. Нафақат бундай зикрни, балки бошқа ҳар қандай нарсани ҳам бузиб кўрсатиш, хунук қилиб кўрсатиш ярамайди. Биз бундай нарсанинг асл шаклини, асл моҳиятини билиш учун нақшбандия тариқатини ўрганишимиз керак, Абдулқодир Жийлоний тариқатларини, санусия тариқати, тижония тариқати, рифоия тариқатларини, Абул Ҳасан Шозилий қуддиса сирруҳунинг таълимотларини, тариқатларини ўрганишимиз керак.  Шунинг учун биз ҳозир тасаввуфни ўрганишнинг энг дастлабки нуқтасидан бошлаяпмиз. Аввало бу сўзга таъриф нуқтайи назардан қараяпмиз. 

       Тасаввуф ўзи нима? Баъзилар тасаввуфни Аҳли сунна вал жамоадан ташқарида дейишга ҳам журъат қилишди. Лекин аслида тасаввуф нима? Тасаввуф нима билан шуғулланади? Биродарлар, тасаввуф Исломнинг учинчи рукни бўлмиш эҳсоннинг ҳақиқатини юзага чиқариш билан шуғулланади. Тасаввуф – қалбни поклаш илми, бандага Аллоҳни танитиш, уни Аллоҳга еткизиш илмидир. Масалан, фиқҳ илм, фиқҳий мазҳаблар нима билан шуғулланади? Улар Исломдаги намоз, закот, рўза ва ҳаж ибодатларининг аҳкомлари билан шуғулланади. Ақоид илми иймон келтиришнинг аҳкомлари билан шуғулланади. Тасаввуф эса эҳсоннинг ҳақиқатни юзага чиқарадиган илмдир. Эҳсон нима? Ҳазрати Жибрийл алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссаломдан айнан шуни сўраганлар. Жаброил ҳадиси деб аталган машҳур ҳадисни эслайлик. У зот «Эҳсон нима?» деб сўрадилар, ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом «Эҳсон - Роббингни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агарчи сен кўра олмасанг-да Роббинг сени кўриб турибди», деб жавоб бердилар. Демак, эҳсон – ҳар бир ишни виждонан, хулуси ният билан бажариш дегани. Эҳсон ҳар бир ишни ўз ўрнига, ўз жойига қўйиш, маромига етказиш дегани. Эҳсон – ишнинг сифатига масъул бўлиш дегани. Эҳсон – ҳар бир амални, ҳар бир ҳаракатни, ҳатто ҳар бир ниятни Аллоҳ мени кўриб турибди деган комил ишонч билан қилишдир. Масаланинг бугунги мавзуга алоқадор жиҳати ҳам шундаки, агар инсон Аллоҳ мени кўриб турибди деб қатъий ишонса, зинҳор ёлғон гапирмайди.

Эҳсон бўлганида, яъни тариқат кенг ёйилганида, тасаввуфга тўғри амал қилинганида жамиятда ёлғончилик бўлмас эди, одамлар ёлғон гапириб, эшак гўштини сотиб ўз юртдошларига едирмасди, итни сўйиб, қўй гўшти деб, колбасахоналарга топширмасди.  «Тасаввуфнинг чегараси қаерда?» дейилса, шундай жавоб берамиз: «Инсон ҳеч ким йўқ жойда, ёлғиз қолганида ҳам Аллоҳдан қўрқадиган даражага етишиш». Тасаввуф ана шу буюк мақсад сари интилади, инсонни ана шундай юксак мақомга эриштириш билан шуғулланади. Дарҳақиқат, банда одамлар олдида ўзини ушлайди, гуноҳдан тийилади, жамоатга қўшилиб, намозини ўқийди. Лекин бир ўзи қолганда-чи? Бир ўзи қолганда ҳам Аллоҳдан қўрқадими? Тасаввуфнинг вазифаси бандани ана шундай даражага олиб келишдир. Ана шундагина жамиятни жиноятчиликдан тозалаш мумкин, шундагина жиноятчиликка бўлаётган қарши кураш ўз самарасини бериши мумкин. Шунинг учун тарихчиларимиз, уламоларимиз аввалбошдан тасаввуф нималиги, сўфийлар кимлигини баён қилиб берганлар. Бу борада имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларига шарҳ ёзган имом Нававий роҳимаҳуллоҳнинг бир услублари бор. У киши ривоятларни келтираётганларида бир ровийни мақтамоқчи бўлса, Фулан ибн Фулан сўфий деганлар. Фалончи ровий сўфий бўлган деган сўз – юксак мақтов маъносида ишлатилган. Сўфий деса, у кишига ҳамма ишонган, биродарлар. Чунки бу «Сиҳоҳи ситта», яъни олти саҳиҳ тўпламни, ҳадис илмининг етказиб берганларнинг ҳаммалари сўфий бўлган. Агар биз тасаввуфни инкор қилсак, энг ишонарли, энг мўътабар олти «Саҳиҳ» китобларнинг ривоятига шубҳа билан қараган бўламиз. Сўфийларнинг обрўси шу ердан билиняпти. «Сиҳоҳи ситта»нинг барча ровийлари ўша сўфийларга бориб тақалади.  Масалан, қироат илмида дунёда Миср энг машҳур мамлакат. Миср қориларининг ҳаммасининг санади шайх Закариё Ансорий қуддиса сирруҳуга бориб тақалади. Ана ўша зот – шайх Закариё Ансорий сўфий бўлганлар ва сўфийларнинг, тасаввуфнинг дастури бўлган «Рисолатул Қушайрия»га шарҳ ёзганлар. Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ сўфийларнинг, валийларнинг кароматлари ҳақида катта китоб ёзганлар. Ҳатто бемазҳаблар ўзларига йўлбошчи деб билган Ибн Таймийя ҳам, у кишининг катта шогирдлари Ибн Қоййим Жавзийя ҳам сўфийликни тан олганлар. Ибн Таймийя ўз фатволарида Ғавсул Аъзам Абдулқодир Жилонийни келтирар экан, қуддиса сирруҳу дейди. Қуддиса сирруҳу – тасаввуф истилоҳидир. Бир кишини қуддиса сирруҳу дейиш уни тан олиш деганидир. Ибн Қоййим Жавзийя Ибн Таймийянинг катта шогирдларидир, у зот тариқат борасида алоҳида китоблар ёзганлар. Имом Нававийнинг «Азкор» китоблари ҳамда «Адабу ҳамалатул Қуръан» деган Қуръон илмига оид асарлари айнан тасаввуф йўналишида бўлган. Имом Нававийнинг ўзлари ҳам сўфий бўлганлар, имом Ҳофиз ибн Жавзий бу киши «Сифатус-соффа» деган китобларида барча сўфийларнинг таълимотини берганлар. Ибн Жавзийнинг кимлиги барчамизга маълум. Бу кишининг қўлларида 20 000 дан ортиқ насроний ва яҳудийлар мусулмон бўлган, демак, шунча кишининг тавба қилишига сабабчи бўлганлар. Ўзлари икки мингдан ортиқ китоб таълиф қилганлар. Кези келганда айтиб ўтиш лозимки, ана шундай зотнинг «Агар жаннатга тушганингизда орангизда мени кўрмасангиз, сизларга Аллоҳни эслатганлигимни айтиб, мени шафоат қилинглар» деб, йиғлаб юборганлари ривоят қилинади. 

Худди шунингдек, биз сўфийларнинг Ватан озодлиги йўлидаги хизматларини ҳам асло инкор қила олмаймиз. Байтул Мақдисни мусулмонларга қайтариб берган зот – Салоҳиддин Айюбий ҳам сўфий бўлганлар. Бу зот имом Шофеъий мақбарасини биринчи тиклаган киши бўладилар, ундан кейин Нуриддин Зангий тиклаган бўлсалар-да, аммо аввал Салоҳиддин Айюбий тиклаганлар. У киши Жасюн тоғларида сўфийлар учун мадрасалар қурганлар. Ватан озодлиги, дин озодлиги йўлидаги жангларда биринчи қаторда сўфийлар турганлар. 

«Иҳёу улумид-дин» асарини олиб кўрайлик. Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг асарлари тасаввуфдаги энг мўътабар китобдир. Аллоҳнинг фарзидан бандани қайтарадиган икки нарса бор, биринчиси ўлимдан қўрқиш, иккинчиси дунёни севиш. «Иҳёу улумид-дин» китоби бандадаги мана шу икки иллатнинг муолажаси билан шуғулланади, дунёнинг севгисини ва ўлимдан қўрқишни муолажа қилади. Қачонки шу икки нарса муолажа бўлсагина банда Аллоҳнинг фарзига амал қилади. Шунинг учун бу китоб тасаввуф оламининг энг мўътабар китоби саналади.  Мағрибда, Африкада Ватан озодлигида энг олдинги сафда бўлганлар ҳам сўфийлар бўлганини эслайлик. Ливияда италиялик мустамлакачиларига қарши курашган зот, сануссия тариқатининг пири муршиди Умарул Муҳтор роҳимаҳуллоҳ бўлганлар.  Мўғуллар даврини эслайлик. Мўғуллар истилоси даврида кубровийя тариқатининг пирлари Нажмиддин Кубро қуддиса сирруҳунинг босқинчиларга қарши курашгани маълум. Мўғуллар қанчалик ёввойи бўлмасин, пиру муршидларнинг даражасини билар, халқнинг уларга эргашишидан қўрқар эди. Шунинг учун шаҳарни қамал қилганда ҳазрат Нажмуддин Куброга ҳат юборишган. Мўғулларнинг раҳбари Чингизхон томонидан бу киши ўзларининг муридлари билан чиқиб кетсинлар, биз ҳазрат Нажмиддин билан урушаётганимиз йўқ, дейишган. Шунда Нажмиддин Кубро ҳазратлари унга рад жавобини бериб, шаҳар ҳимоясига ўзлари бел боғлаб чиққанлар, жангда шаҳид бўлганлар. Мўғулларда шундай жаллодлик усули бор эди – асирнинг қўлини орқага боғлаб, жаллодларни олдига ташлар, жаллод эса асирнинг бўғзидан тишлаб ўлдирарди. Ҳазрат Нажмиддин Кубронинг ҳам қўлларини боғлаб, иккита жаллоднинг ҳузурига ташлашган. У зот бирини тепиб йиқитадилар, лекин иккинчисига имконлари етмайди. У кишининг бўғизларини чайнаб шаҳид қилишган.  Термиз саййидларининг Амир Темур давридаги хизматлари, Амир Темурнинг ғалабасида ўрни беқиёс катта бўлган. Бу биз ўқиган, билган тарихларда ёзилмаган бўлса-да, лекин бир воқеани сизларга айтиб бераман. 

     Ҳазрати Амир Темур қайноғаси амир Ҳусайндан енгилиб, Қашқадарё тоғларида 40 нафар йигит билан қочиб юрганларида чўпонлар у кишини Термизга йўллайдилар. Термизга боринг, у ернинг саййидлари бор, уларга байъат қилинг, улар сизга ёрдам беради, дейишади. Амир улар айтгандек қиладилар, Термиз саййидлари у кишига ўзларининг содиқ муридларини жангчи қилиб беришади. Содиқ муриддан яхши жангчи бўлмайди, чунки у ўлимдан қўрқмайди, Аллоҳ ризоси учун ҳеч қандай душмандан қўрқмайди. Амир кетма-кет ғалабаларга эриша бошлайди. Баъзи тарихчилар «У киши охирида ҳаволаниб кетди», дейишган. Муридларга бироз қўпол муомала қилиб қўйганларидан кейин муридлар аразлаб, Термизга кетиб қолишади. Амир яна мағлубиятга юз тута бошлайди. Иккинчи маротаба Термизга бориб, Термиз саййидларининг олдида тиз чўкиб, тавба қилади ва байъатини қайтадан янгилайди. Шунда Термиз саййидлари амирга ўзларининг энг кичик вакилини – Саййид Барака роҳимаҳуллоҳни қўшиб берганлар. Энди биримиз доим ёнингизда юради, сизни тарбия қилади, сизга ёрдам беради, дейишган. Буни ҳозирги тарих фани ҳам тан оладики, Амир Темурнинг қўшинлари ҳам, ҳарбий тактикаси ҳам ёрдам бермай қолган вақтда Мир Саййид Бараканинг таълимотлари билан у киши ғалаба қозониб кетганлар. Самарқандга борсангиз, Гўри Амирда бунинг ҳақиқатини кўрасиз. Дунёнинг ярмидан кўпини эгаллаган Амир Темур ҳазрати Саййид Бараканинг оёқлари учида ётибдилар. Ўзлари пиримнинг оёғининг учига қўясизлар деб васият қилганлар. Саййид Барака Термиз саййидларининг энг кичиги бўлганлар. 

     Абул Ҳасан Шозилийни шозилийя тариқатининг пири муршиди бўлганлар. Душманга қарши чиққанларида 60 ёшдан ошган эдилар, кўзлари заифлашиб қолган эди. Шунда у зот байроқни қўлларига тутганлар, қўшиннинг биринчи сафида борганлар. Қариликларидан байроқни кўтара олмасалар, муридлари ёрдам бериб турганлар. Орқаларида эса султонул уламо Изз ибн Абдуссалом ва бошқа зотлар қурол ушлаб, Ватан озодлиги учун чиққанлар. Сўфийлар доим бу борада олдинда бўлганлар. 

     Иқтисод борасида ҳам худди шундай. Жунайд ибн Муҳаммад Бағдодий тасаввуф оламида қанчалик машҳур бўлганларини биласизлар. У киши Бағдоднинг энг катта тожирларидан бўлганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам катта тожир бўлганлар, лекин сўфий бўлганлар. Франциялик бир мустамлакачи генерал ўзининг эсдаликларида шундай ёзади: «Биз ойлаб ерлик халқни диндан чиқариш учун ойлаб ҳаракат қилардик, уларга овқат, кийим-кечак, пул берардик. Олти-етти ой ишлаб, энди мақсадга эришамиз деб турганимизда икки тоифа одамни бири келиб қолса, шунча меҳнатимизни барбодга чиқарарди – бири Пайғамбар авлодидан бўлса, бири сўфий бўлса. Одамлар Пайғамбарга бўлган ҳурматидан яна аҳдини янгилаб, бизнинг меҳнатимизни бир кечада чиппакка чиқарарди дейди. Сўфий келса ҳам бир кечада одамларни зикрга жамлаб, Аллоҳ, Аллоҳ дердию, меҳнатимизнинг кулини кўкка совурарди деб ёзган. 

     Имом Шомилни ҳибсга олгани билан машҳур бўлган рус генералларининг эсдаликлари ҳам бор, ҳеч ким буни инкор қила олмайди. Ўша зобитлар «Бизнинг саксонта қуролланган солдатимиз тасбиҳ кўтарган учта муридни кўрса, қўрқиб, қочиб яширинишарди, Муридларнинг бирида иккита тасбиҳ бўлса, икки юзта аскаримиз ҳам тоғнинг орқасига қочарди», деб ёзишган. 

      Ҳамма вақт худди шундай давом этиб келган, буни ҳеч ким инкор қила олмайди.  Имом Нававий 44 ёшларида Дамашқда, «Дорул ҳадис»да дарс бериб турганларида бир сўфий келиб, «Эй имом, хоҳласанг Навога, туғилган қишлоғинга бор. Ажалинг яқин қолди» дедилар. Имом Нававий ҳеч бир эътироз билдирмай, йўлга тушдилар, бир неча кундан кейин вафот қилдилар. «Ғайбни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди-ку, у пир қандай қилиб имом Нававийнинг ажалини олдиндан айтади?» дейишимиз мумкин. Тўғри, мутлақ ғайбни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, лекин Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандаларига мутлақдан муқайядини, унинг бир нуқтасини хабардор қилади. Ана шундай зотлардан бири имом Нававийга буни етказди. У киши 44 ёшларида Навога бориб, ўзлари туғилиб-ўсган қишлоқда вафот қиладилар. 

     Тасаввуф Исломнинг ажралмас қисмидир, биродарлар. Бизнинг диёр мусулмонлари ҳам аксар сўфий бўлганлар. Шунинг учун Ислом душманлари халқни улардан совутишга интилган, биринчи галда мусулмонларнинг аҳли байтга бўлган ҳурматини синдириш билан шуғулланишган, Пайғамбар авлодини обрўсизлантиришга уринишган. Иккинчи қилган ишлари эса тасаввуф вакилларини, сўфийларни обрўсизлантиришган. Қачонки халқнинг бошида шу иккаласи бўлмаса, уларни ўзига эргаштириш уларга осон бўлган. Биз чор Россияси даврида, собиқ шўро тузуми даврида, коммунистлар даврида неча йиллар давомида нафақат тасаввуфдан, балки бутунлай Исломдан узоқлаштирилган эдик. Шунинг учун тасаввуфдан ҳам бегона бўлиб турган эдик.

      Аллоҳ раҳмат қилсин, устозимиз шайх ҳазратлари умрларининг охирги вақтини тасаввуфга бағишлаб, халққа бу борада энг муҳим, энг саҳиҳ маълумотларни аста-секин етказиб турган эдилар. Ана шундай мураккаб бир вазиятда мана бу видеоролик чиқиб, кўпчиликнинг фикрини чалғитиб, халқни асл тасаввуфдан ҳафсаласини пир қилиб қўйди. 

Шунинг учун демоқчимизки, баъзи бир кишиларни ҳаракатига қараб бутун бошли бир йўлга тош отилмайди. Бундай оғишлар, хатолар, тушунмовчиликлар бошқа соҳаларда ҳам бор. Масалан, тафсир илмида ҳам исроилиётлар тиқилиб ётибди. Фиқҳда ҳам нафсига эргашиб, фатво чиқарганлар бўлган. Ақоидда калом илмида қанча қарама-қаршиликлар чиқди. Шунинг оқибатида кўпчилик бемазҳаб бўлиб кетди. Худди шунингдек, тасаввуфда ҳам баъзи бир саводсиз кишилар бу йўлнинг обрўсизланишига сабабчи бўлиб қолишди. Бироқ биз зикр шу экан деб, бутун бошли тасаввуфга, Китоб ва Суннатнинг руҳиятига, Расулуллоҳ алайҳиссалом ва саҳобаларнинг йўлига қарши туришга асло ҳаққимиз йўқ. Тасаввуф ҳам худди тафсир илми, ҳадис илми, фиқҳ илми, ақоид илмига ўхшаш бир илмдир. Бу илм қалбни тозалаш билан шуғулланади, бу илм бандага Аллоҳни танитиш билан шуғулланади. Аллоҳни таниш эса барча илмларнинг аввалидир. Барча илмларнинг охири эсса Аллоҳдан қўрқишдир. Тасаввуфни шариатдан айри тасаввур қилганлар хато қиладилар. Шу вақтгача хато қилиб келишган, энди бу хатони тўғрилаш лозим. Иншааллоҳ, ушбу маърузаларимизни тасаввуфни ўрганиш йўлидаги бир муқаддима, бошланғич сабоқ деб деб қабул қилишларингизни сўраб қоламиз. Ҳали бу мукаммал маъруза эмас, иншааллоҳ, тасаввуфни ўргансак, уни халқимизга тўғри етказиб бера олсак, халқимизни руҳий тарбияси ва камолоти йўлида тасаввуфдан фойдалана олсак, маррага эришган бўламиз. 

       Ҳозирги ҳолат бутун дунёда воқеъ бўлиб турибди. Устозимиз шайх ҳазратлари аъзо бўлган «Робитатул оламий исломий» ташкилоти қошидаги Тасаввуф маркази бўлар эди, у киши унга бош котиблик ҳам қилган эдилар. Кейинчалик бу марказ молиявий сабаб туфайли тарқаб кетган эди. Мана ҳозир 5-6 ой бўлиб қолди, Бутундунё тасаввуф маркази қайта ташкил қилинди. Биз буни илгари ҳам айтган эдик. Унинг маркази Куала-лумпур шаҳрида, унга бутун дунёдан уламолар аъзо бўлишган. Бизни юртимиздан ҳам унга аъзо бўлганмиз. Ниятимиз – тасаввуфни халққа тўғри етказиб бериш, руҳий тарбия йўлида ундан унумли фойдаланишдир, иншааллоҳ карим.  Аста-секин бизда ҳам тасаввуф ҳақида тўғри тасаввур шаклланади, фақат унгача хулоса чиқаришга шошилмаслик керак, баъзи бир саводсиз кишиларнинг нотўғри ишини деб тасаввуфга бутунлай салбий бир талқин қилиб юборишга шошилмаслигимиз керак, биродарлар. Тасаввуфнинг фойдаси жуда катта, тасаввуф энг камида бандага Аллоҳ дейишни ўргатади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ирода қилмаса, банда бир марта ҳам Аллоҳ дея олмайди, биз буни яхши билиб қўйишимиз керак экан. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳу

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР