Тавсия қиламиз

ТИК ТУРИБ ПЕШОБ ҚИЛИШДАН ҚАЙТАРУВ

Мақолалар access_time4-июль, 12:30

 Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтдилар:   "Кимки…

ҚУРЪОННИНГ УЧДАН БИРИГА ТЕНГ СУРА

Мақолалар access_time5-август, 12:28

 Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг…

Ислом - инсоннинг мол-мулкини муҳофаза қилади

Мақолалар access_time24-август, 10:52

Иқтисодий масала ҳар бир жамиятда муҳим ўрин тутади. Шунинг учун Исломда…

ФИТНА ПАЙТИДА МУСУЛМОННИНГ ОДОБИ

access_time13-апрел, 15:06 visibility294

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло фитна ҳақида бундай амр қилади: «Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (Анфол, 25).
Бақара сурасининг 191-оятида: «...Фитна эса қотилликдан ҳам ашад­дийроқдир...», 217-оятида эса: «...Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...», деб яна так­­­­рор­­ланади.
Замонамиз олимларидан Али Собуний бу оятни қуйидагича тафсир қилган: “Мусулмонни динида фитнага солиш (тинч­лигини бузиш) Аллоҳ наздида қотилликдан каттароқдир” (“Тафсир ал-вазиҳ ал-муяссар”).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Бани Исроил қавми маъсиятлар қилиб ҳаддидан ошганда, уламолари уларни қайтарса ҳам ўз билганларидан қайтмадилар. Шунда уламолари уларнинг мажлисларида ўтиравердилар ва бирга еб-ичдилар. Шунда Аллоҳ уларнинг қалбларини бир-бирларига мойил қилиб қўйди ва уларни Ўз элчилари Довуд ва Исо (алайҳимуссалом)нинг тиллари билан лаънатлади. Бунга сабаб итоатсизлик­лари ва тажовузкорликларидир”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суянган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар ва айтдилар: “Йўқ, жоним измида бўлган Зотга қасам, сизлар шу кабиларни ҳаққа бурмагунингизча азобдан омонда бўлмайсиз” (Имом Термизий).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадиснинг охирида, агар мусулмон одам гуноҳ ва фитналардан қайтмасдан, аксинча, уларга қўшилиб кетса, лаънатга дучор бўлишига ишора қиляптилар.
Демак, фитналар тўзғиб турган пайтда мусулмон киши амал қилиши лозим бўлган Ислом одоблари қуйидагилар:
– Қуръон ва суннатга эргашиш, иккисини маҳкам ушлаш;
– Аллоҳ таолодан фитна ва унга яқинлаш­тирадиган ҳар бир нарсадан узоқ қилишини, фирқачилик, ихтилоф, енгилтаклик ва дин ақидаларига хилоф иш ёки бузуқ таълимотдан сақламоғини сўраб, дуо қилиш;
–  уламолар этагини ушлаб, уларнинг илмларидан манфаат олиб, ўтган солиҳ кишиларнинг йўлларини тутиш;
– юмшоқлик, шошмаслик, камтарин ва ҳалим бўлиш, ғазаб ва шошқалоқликдан узоқлашиш.
Бир неча йиллардан бери араб давлатларида давом этаётган хунрезлик, қотиллик каби қонли воқеаларга теран назар солинса, бу фитналар замирида Ислом одобларига амал қилмаслик, уламолар насиҳатларига қулоқ солмаслик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик неъматларини қадрламаслик каби кўплаб иллатлар ётибди.
Яна фитна пайтида аҳамият бериш лозим бўлган энг муҳим қоида: воқеалар жараёнига ўта диққат билан ёндашиш ва текшириш, унга бирор хулоса беришдан олдин яхшилаб ўрганиш ҳамда шу соҳанинг билимдон кишиларидан сўрашдир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (Исро, 36).
Кимнинг йўлбошловчиси Аллоҳнинг Китоби, Расулининг суннати, уламоларнинг ижмоси бўлса, ўзи яшаётган жамиятни яхши кўрса, раҳбарларга итоат қилса, шу билан бирга огоҳ ва ҳушёр бўлса, Аллоҳ таоло уни фитна бўлаётган пайтда тўғри ва ҳақ йўлга муваффақ қилади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Келажакда фитналар бўлади. У фитналар келганда, ўтирган киши турган кишидан яхшидир, турган киши юрган кишидан яхшидир, юрган киши (унга қараб) югурган кишидан яхшидир. Ким фитнага қизиқиб, унга интилса, (фитна) уни ўзига тортиб олиб ҳалок қилади. Ким ундан қочиб қутуладиган жой (имкон) топса, ўша ердан паноҳ топсин (фитнага аралашмасин)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Аллоҳ таоло барчамизни турли кўри­нар-кўринмас фитналардан сақласин! Юртимизда тинчлик-хотиржамлик бардавом бўлсин, ўзаро тотувлигимиз, иноқлигимиз янада мустаҳкам бўлсин!

Муҳаммадсолиҳ МАЖИДОВ,
Тошкент ислом институти ходими
Дўстларингизга ҳам улашинг!

@Mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР