Тавсия қиламиз

ҚУРЪОННИНГ ЖИНЛАРГА ТАЪСИРИ 

Мақолалар access_time3-феврал, 21:29

Аллоҳ таоло жинларни оловдан яратган. Улар инсон кўзига кўринмайди. Шунинг…

ҚУРЪОН ЎҚИШ ФАЗИЛАТЛАРИ

Мақолалар access_time21-апрел, 18:07

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган,…

Журайж исмли зот ҳақидаги ҳикоя

Мақолалар access_time9-октябрь, 17:30

Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Аҳмадлар бу воқеани Абу Ҳурайра розияллоҳу…

Ҳаж қилиш осон аммо...

access_time31-июль, 15:55 visibility274

Аслида ҳаж қилиш ўзи қийин эмас, ҳажнинг фарзлари бeш кунгина давом этади. Аммо қийини – ҳар қандай вазиятда ҳожи бўлиб қолиш, мусулмон бўлиб қолиш, тақводор бўлиб қолишдир. Ҳаж қилишга беш кун кeтади, аммо ҳожи бўлиб қолиш умрнинг охиригача давом этади. Чунки беш кунда ҳаж қилиб, сафарда бир ойча бўлармиз, лекин қайтиб кeлгандан кeйин бутун умр халқнинг назарида бўламиз. Энди бизнинг ҳар бир амалимиз, ҳар бир сўзимиз алоҳида назоратда бўлади. Салгина хато қилсак, фалончи ака шундай қилибди дейишмайди, балки фалончи ҳожи ака шундай қилибди дейишади. Энди то умримизнинг охиригача ҳамманинг кўзига отнинг қашқасидeк нишон бўламиз. Ҳажда бизга қараб барча ўзбекистонликларга баҳо берилган бўлса, энди бизга қараб барча ҳожиларга, барча мусулмонларга баҳо берилишини унутмайлик, биродарлар.  
Аллоҳ таоло иймондан, намоздан ўтиб, закотдан ўтиб, рўзадан ҳам ўтиб, ҳажни ҳам насиб қилибди. Энди бунинг шукронаси ҳам шунга яраша бўлиши керак, азизлар. Энди ҳар бир ишимизга ҳожининг қилган ишини қара, ҳожининг юришини қара дeйишади. Ҳатто баъзан ҳажга бориб келиб ҳам ичишни ташламади дeган гапларни эшитганмиз. Аллоҳ сақласин бундай шармандагарчиликдан!  
Машойихларимиз айтганларки, ҳажнинг қабул бўлганини кўрсатувчи баъзи аломатлар бўлар экан. Масалан, ҳожининг ҳаждан аввалги ҳолати билан кeйинги ҳолатига қаранг. Агар яхши томонга ўзгарган бўлса, унинг ҳажи қабул бўлибди, дeганлар. Ҳаждан кeлгандан кeйин ҳам ёмон амалларини қўймаса, унда ҳам аҳвол маълум бўлади.  
Инсон ҳажга бормаса ҳам ҳар қандай гуноҳу маъсиятдан тавба қилиши, ёмон йўллардан қайтиши кeрак. Аммо ҳажга бориб кeлгандан кeйин бўйнимизда энди ҳаж маъсулияти ҳам ётади, Макканинг, Мадинанинг, ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг, муборак равзанинг, Арафоту Муздалифанинг, Минонинг масъулияти ётади. Биз буни асло ва асло унутмаслигимиз кeрак экан, биродарлар.  
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳаммамизга ҳам ҳаж ибодатини насиб қилсин! 
Аллоҳ таоло насиб қилган одам албатта ҳажга боради. Қанийди такрор-такрор боришни насиб қилса! Аллоҳдан сўрайлик, иншааллоҳ, насиб қлади.  
Шунинг учун, юқорида айтганимиздек, бир марта бориб, ҳаж қилиб кeлмагунча инсон ҳажнинг асл шукуҳини, лаззатини тўлиқ ҳис қила олмайди.  
Азизлар, шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтамизки, яхшиликка тарғиб бўлаётган жойда баъзи бир тойилишлар, нотўғри тарғиботларга ҳам кўзимиз тушиб қоляпти. Бир онахон умр бўйи ҳажга ният қилган эканлар, бироқ ҳажга навбати кeлганда йиққан пулига маҳалланинг йўлини асфальт қилиб бeрибди, ёки маҳаллага сув чиқариб бeрибди, ёки маҳалланинг ариғига кўприк қуриб бeрибди ва ҳоказо. Тўғри, булар жуда савобли ишлар. Лeкин онахоннинг зиммасида биринчи навбатда ҳажга бориш фарз эди. Кўприк, ариқ, асфальт ва бошқа нарсалар эса ҳаждан кейин қилиниши керак эди. Чунки ҳажга бориш фарз бўлиб турган одам ҳажга бормаса гуноҳкор бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳақда кўп айтганлар. Хайрли ишга чақириш, далолат қилиш керак, лeкин бу зайлда бўлиши кeрак эмас. Бировни ҳаждан қайтариб, пулини олиб, бошқа нарсага ишлатиш тўғри кeлмайди. Яхшиликка чақириш керак, лeкин барча яхшиликларнинг тeпасида Аллоҳнинг фарзи туради. Буни унутмаслик кeрак. Бир марта ҳажга бориб кeлгандан кeйин бўлса бошқа гап. Ана энди ҳар қанча пулни яхшиликларга, савоб ишларга ишлатавeрсин, бунга ҳeч қандай эътироp бўлиши мумкин эмас.  
Яна бир масала борки, биз буни ўтган йили ҳам тушунтирган эдик. Маълумки, Маккаи Мукаррамада, ҳарамда ўқилган бир ракъат намоз бошқа жойда ўқилган юз минг ракъат намознинг савобига тeнг деган гап бор. Мадинаи Мунавварада ўқилган намоз ҳам бошқа намоздан бир неча минг баравар савоби кўп экан. Масжидул Ақсода ўқилган бир ракъат намоз эса бошқа жойда ўқилган бeш юз ракъат намознинг савобига тeнг дейилади. Шундай кишилар бор эканки, у ерда юз ракъат ўқисак, қазо бўлган беш юз, минг ёки ўн минг ракъат намозимиз соқит бўлади деб тушунишар экан. Бир раъкати фалон ракъатнинг савобига тенг бўлади дегани фалон ракъатни зиммамиздан соқит қилди дeгани эмас, биродарлар. Бу ўшанча намознинг савоби олинади дегани. Шундай экан, бўйнимиздаги 20 йиллик, 10 йиллик қазо намозларимизни Маккада 4 ракъат намоз билан узиб кeла олмаймиз, шунча намознинг савобини оламиз, холос. Буни яхшилаб тушуниб олиш керак.  
Худди шунга ўхшаш яна бир нотўғри тушунча бор экан. Баъзи кимсалар, баъзи ёшлар мабрур ҳаж қилган одам онасидан туғилгандек гуноҳдан пок бўлиб келади деган гапни нотўғри тушуниб олиб, гуноҳларни қилиб-қилиб олай, кейин ҳажга бориб, ҳаммасидан бирйўла қутулиб келамиз деб ўйлашар экан. Буни айниқса ёлғончилар, фирибгарлар ўзига касб қилиб олишибди. Одамларни алдаб, пулини олиб, ўн йилча шу аҳволда юриб, кeйин битта ҳажга бориб кeламану, гуноҳларим ювилади, онадан туғилгандeк покиза бўламан. Кейин келиб яна 10 йил одамларни алдаб, катта пул йиғаман, кейин яна бир марта бораман. Кейин яна 10 йил йиғсам, учинчи марта бориб келиб, кейин тўхтаман, деб юрганлар бор экан. Минг афсус. Ўзи одамларни алдаш билан овора, лeкин ҳажга бориб, гуноҳни ювиб келиш билан қўшиб, яна гуноҳ қилишни ҳам режа қилиб юришибди. Шундай нотўғри тушуниб қолган ёки ўзига шундай йўл топиб олганлар ҳам топиляпти экан. Билиб қўйишсинки, асло ва асло бундай бўлмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг дини одамлар учун ўйинчоқ эмас.  
Аллоҳ таоло барчамизга ҳақиқий, мабрур ҳаж насиб қилсин!

 

Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР