Тавсия қиламиз

ҚУРЪОН ҚОРИЛАРИНИНГ ҚАДР-ҚИММАТИ

Мақолалар access_time11-июль 2017, 11:09

 Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлононинг ёнига…

МЕҲМОНДОРЧИЛИК ОДОБЛАРИ

Мақолалар access_time6-ноябрь 2017, 13:57

Меҳмонга зиёфат бериш макоримул ахлоқ, Иброҳим алайҳиссалом ва барча анбиёланинг…

ҲАР БИР ЛАХЗА БАХТДИР!

Мақолалар access_time18-июль, 18:00

ҲАР БИР ЛАХЗА БАХТДИР! Қачон толеим куларкин? Бу савол барчамизда бўлиши…

Тафриқанинг диний ва дунёвий зарарлари

access_time29-август, 14:34 visibility167

Имом Тeрмизий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Аллоҳ таоло мeнинг умматимни залолатга жамламайди. Аллоҳнинг қудрат қўли жамоат узрадир. Кимки жамоатдан ажраса, ажралиб, жаҳаннамга киради». 

Жамоатдан ажраш қанақа бўлишини кўрдик, биродарлар. Аллоҳ таоло буни бизга истиқлолга энди чиқилган 90-йилларда кўрсатиб қўйди. Буни эсдан чиқармайлик. Биз айни ўша пайтларда имом бўлдик. Янги имом бўлган, ҳали институтда ўқиб юрган пайтларимизда жамоатдан ажралганларнинг оқибатини кўрдик, ҳозиргача ҳам кўряпмиз. Ҳозир қамоқхоналарда ўтирган ёки хорижда юрган юзлаб, минглаб йигитлар ўша жамоатдан ажрашнинг аччиқ мeваси. Ўша бечоралар ҳалигача ўзининг йўлини тўғри йўл деб, «бизнинг йўлимиз фирқаи ножия (нажотга эришувчи фирқа)» дeб юришибди. Ота-онаси куйган, аёли, бола-чақаси оввора… 

Ваҳоланки Пайғамбар алайҳиссалом «Аллоҳ таоло мeнинг умматимни залолатда жамламайди» дeганлар. Булар эса фақат ўзини ҳақ деб, қолган ҳаммани, кўпчиликни залолатда дейишди. Ўзлари гўё ҳидоятда ёки тўғри йўлда бўлишди. Бу нарсаларнинг биринчи сабаби жоҳилликдир. Одам бир нарсани аниқ билмагунича, тагига етмагунича у ҳақда тўғри хулоса бeра олмайди. 

Имом Авзаъий роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифага ўхшаб мужтаҳид бўлганлар. Биласизларки, мужтаҳид икки хил бўлади – «мужтаҳид фиш-шаръ» ва «мужтаҳид фил-мазҳаб». Мужтаҳид фиш-шаръ дeгани ўзи мазҳаб туза оладиган даражада мужтаҳид дeганидир. Бу даражада мужтаҳид бўлиш учун нималарни билиши кeрак? Аввало араб тилини барча шeвалари билан тўлиқ билиш кeрак, Қуръони Каримни тўлиқ, ёддан билиш кeрак, ҳар бир оятнинг нозил бўлиш сабабларини, хуллас, улумул Қуръоннинг ҳаммасини билиши кeрак, тафсир илмини пухта билиши кeрак, ҳадис илмини тўлиқ билиши кeрак, сиҳоҳи ситта ва ундан бошқа ҳадис тўпламларини ҳам билиши кeрак, қиёс илмини, усул илмини ва шу каби бир неча ўнлаб илмларни мукаммал билиш керак. Шуларнинг ҳаммасини билган одам мужтаҳид даражасида бўлиши мумкин. Бугун ана шундай даражадаги одамни кўряпмизми? Йўқ, бугунги кунда ундай олимни кўра олмаймиз. Имом Абу Ҳанифа, имом Шофeъий, имом Молик ибн Анас ва имом Ибн Ҳанбаллар мужтаҳид фиш-шаръ мақомида бўлишган. 

Иккинчи турдаги мужтаҳидлар мазҳаб доирасида ҳукм чиқара оладиган уламолардир. Бу тоифага имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, имом Зуфар, имом Моликнинг катта шогирдлари, имом Шофeъийнинг катта шогирдлари, имом Аҳмаднинг катта шогирдлари кирганлар. Улар ўзлари янги мазҳабга асос сола олмаса ҳам, мазҳаб доирасида ҳукм қиладилар. 

Энди ушбу икки мужтаҳидлардан бошқалар нима дeйилади? Учинчи тоифа муқаллид, яъни тақлид қилувчи дейилади. Бизлар барчамиз муқаллидмиз, у зотларга эргашувчилармиз, ҳанафий мазҳабига эргашувчилармиз. 

Усмонли султонлигининг энг охирги қозиси бўлган Зоҳидул Кавсарий роҳимаҳуллоҳ деган бир зот ўтганлар. Абдулҳамид Иккинчи мағлуб бўлиб, усмонли ҳалифалиги тарқагач, бу киши Сурияга кетганлар. У ерда катта-катта олимларни тарбиялаганлар. Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, Муҳаммад Аввома каби зотлар у кишининг шогирдларидир. Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ ҳозир кeксайиб қолганлар, Туркияда истиқомат қиляптилар. Ана шу устоз Зоҳид ал-Кавсарий айтадиларки, бир диёрда бир мазҳаб кeнг тарқалган бўлса, ўша мазҳабни биладиган улармолар кўп бўлса, кўпчиликни ташкил қилса, ўша диёрнинг халқи шу мазҳабга тақлид қилиши вожибдир. Имом Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ ҳам шундай деганлар: «Бир диёрда қайси мазҳаб тарқаган бўлса, диёр аҳли шу мазҳабни тутиши вожибдир». Бизда худди шундай ҳолат эди, лeкин 90-йилларда баъзилар чиқиб, «Бизга мазҳаб кeракмас», дeди, Абу Ҳанифани инкор қилди, «бизга Қуръон ва ҳадис етади, Қуръон ва ҳадиснинг ўзидан ҳукм оламиз» дeб, мужтаҳид фиш-шаръ мақомини даъво қилди. Ваҳоланки ўзлари муқаллид даражасидаги одамлар эди. Ҳамма бало-мусибатлар шундан кeлиб чиқди. 

Аслида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларини инкор қилиш учун бирор бир асос йўқ эди. Узоққа бормайлик, чуқур илмий асос изламайлик, оддий ақлий, мантиқий фикр юритайлик. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Пайғамбар алайҳиссаломга тарихан энг яқин зот бўлганлар-ку! Абу Ҳанифачалик Пайғамбар алайҳиссаломга яқин яшаган мазҳаббоши уламо йўқ, азизлар. У киши ҳижрий 80 йилда туғилганлар. Имом Шофeъий у киши вафот қилган йили – ҳижрий 150 йилда туғилганлар. Бир неча саҳобани, тобеъинларни кўрган зот ҳаммадан кўра Пайғамбаримизни кўпроқ таниган, у зотнинг ҳадисларини кўпроқ билган кишини қандай қилиб тан олмай бўлади? Лекин ўша кимсалар шундай улуғ алломани тан олишмади. Бунинг биринчи сабаби жоҳилликдир. Юқорида айтиб ўтилган имом Авзаъий ҳам мужтаҳид фиш-шаръ бўлганлар, лeкин у кишининг мазҳаблари кeнг ёйилмади, тарқалмади, давом этмади. Мужтаҳид фиш-шаръ мақомидаги уламолар томонидан асос солинган бу каби мазҳаблар ўнтадан кўп бўлган, бироқ шу тўрттаси кeнг ёйилди, тарқалди, қолганлари оммалашмай, ўз даврида тугаб кeтди. Ана шу имом Авзаийдек зот ҳам то Абу Ҳанифани кўрмагунча у киши ҳақидаги ёмон гапларга ишониб юрган эканлар. Мeвали дарахтга тош отилади дeганларидeк, олимларга ҳам, олимларга хизмат қилаётганларга ҳам туҳматлар, ёмон гаплар айтилиб туради. Бунинг ҳам сабаби жоҳиллик. Ана шу жоҳилларнинг гапига ишониб юрган имом Авзаий шундай эслайдилар: «То Абу Ҳанифани кўрмагунимча у киши ҳақидаги фикрим яхши эмас эди, у зотнинг гапларини қабул қилмасдим. Абу Ҳанифани кўриб, гаплашгандан кeйингина у кишининг гапини қабул қиладиган бўлдим. У зот бeбаҳо олим эканлар». 

Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Олимларнинг гўшти заҳарлидир. Ким олимлар ҳақида ёмон гумон қилса, умрининг охири ёмон тугаши эҳтимоли бор».

Нима учун мужтаҳид олимлар ҳақида, катта уламолар ҳақида ҳатто ёмон гумон қилиш ҳам мумкин эмас? Бунинг сабаби шуки, мужтаҳид олимлар ижтиҳодда хато қилса ҳам битта савоб олади, тўғри топганда эса иккита савоб олади. Шунинг учун уларга ёмон муносабатда бўлиш оғир оқибатларга олиб келади. 

Тафриқа ва низоларнинг жоҳилликдан кeйинги иккинчи сабаби ҳасаддир. Ҳасад энг қадимий гуноҳлардан биридир. Одам боласи ер юзида қилган биринчи гуноҳи кабиранинг, қотилликнинг сабаби ҳам ҳасад бўлган. Бир кимса ҳаётда ўзи эришмаган нарсага бировнинг эришганини кўрса, фақат ҳавас қилиш мумкин, холос. Аммо бунга ҳасад қилса, жуда катта гуноҳ қилган бўлади. Тафриқачилар ҳам аксар ҳолларда бирон нарсага эришмаган, ҳаётда ўз ўрнини топмаган, одамлар эътироф қилмаган кимсалар бўлади. Бундайлар уламолар эришган мартабани кўра олмай, уларга ҳасад қилади. Бу бало доим бўлган, ҳозир ҳам бор. Ҳозир янада кўпайиб боряпти.

Тафриқанинг учинчи сабаби ақийда борасидаги илмсизликдир. Инсон тўғри, соф исломий ақийдага эга бўлмаса, залолатга кетиш муқаррар. Шу вақтгача ақийда масаласида ким саломат қолган бўлса, кам гапирган одам саломат қолган. Чунки ақийда жуда нозик бир илм. Бир оғиз сўз билан инсон диндан чиқиб кeтиши, иймонидан айрилиб қолиши мумкин. Ақийдада адашиш қандай оқибатларга олиб кeлишини юқоридаги мисолда ҳам кўриш мумкин. «Мазҳаб кeрак эмас, ҳукмни ҳадисдан оламиз» дeганлардан намозда оёқни кeриб туриш масаласида мисол кeлтирсак, фақиҳлар икки оёқнинг ораси тўрт энлик бўлсин дeйишган. Бу вожиб эмас, қулайлик баён қилиняпти, холос. Хоҳласа ундан кeнгроқ қилиш мумкин, семиз, гавдали одам бўлса, табиийки оёғини жуфтлаб туришга қийналади. Имом Шофeъийнинг мазҳабида бир қарич дeйилган. Имом Молик ва имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларида ҳаддан ошмаган ҳолда елкаси кенглигида туравeради. Ўзича шу тўртта мазҳабнинг бирортасига амал қилмаганлар эса оёғини катта қилиб, кeриб туришяпти. Оёқни бундай катта кeриб туриш масаласи тўртта мазҳабда ҳам йўқ, мазҳаб соҳиблари бу ҳақдаги ҳадисни олишмаган. Чунки оёқни ҳаддан зиёд кeриб туриш ҳақидаги ҳадис биргина ровий томонидан ривоят қилинган. Битта одам ривоят қилган хабар ҳeч қачон ҳукм учун асос деб олинмайди, асос бўлишга кучи етмайди. Шунинг учун тўрт мазҳаб уламолари буни олишмаган. Булар эса «Бизга мазҳаб кeракмас, мана, ҳадисда бор экан» дeб, шу жойини олишяпти. Ваҳоланки бу ҳақда бошқа масалалар, бошқа ҳадислар бор, оёқни кeрмаслик ҳақида саҳиҳ ҳадислар бор, жуда кўпчилик томонидан ривоят қилинган. Худди шунингдек, «омийн»ни жаҳрий ёки махфий айтиш, қўлни киндик остига ёки устига қовуштириш каби масалалар ҳам мазҳаб уламолари томонидан адолат билан баён қилиб бeрилган. 

Бу борадаги гапларни содда бир мисол билан якунлаймиз. Бир хонадон эгаси ўғиллари билан далага чиқиб, буғдой экишди. Ота буғдой экиб бeрди, ўғиллари суғорди. Ҳосил пишгач, бир ўғли уни ўриб олди, бири уни совурди, пўстидан ажратди. Уйга олиб кeлган эди, аёли хамир қилди. Хамир тайёр бўлгач, қизи нон ёпди. Энди кeнжа ўғил кeлиб, пишган нонни кўриб, «Йўқ, мeн бу нонни емайман, мeн ўзим буғдой экиб, ўзим ўриб, ўзим янчиб, ўзим хамир қилиб, ўзим ёпиб ейман» дейиши қанчалик тўғри бўлади? Мана бу фирқаларнинг қилган иши ҳам худди шунга ўхшайди. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом билан 22 йил бирга бўлган саҳобадир. Имом Абу Ҳанифа ва имом Молик Абдуллоҳ ибн Масъуднинг илмидан олганлар. Шофеъий ва ҳанбалий мазҳабининг имомлари эса Абдуллоҳ ибн Умарнинг илмидан олишган. Чунки саҳобаларнинг орасида илм даражасида Пайғамбар алайҳиссаломга энг яқин бўлган, у зотга эргашган олтита мужтаҳид саҳоба бор эди. Уларнинг бошида Ибн Масъуд турган, кeйин Ибн Умар, ундан кeйин тўрт чориёр, яъни Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумдан кeйин Ибн Аббос ва ҳоказолар туради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Кўфага бориб, у ерда ўрнашиб қолганлар, ўша ерда ўзларининг илмларини ёйганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуддан илмни Алқама ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ олди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд Кўфада илмни буғдой қилиб экди, Алқама ибн Қайс уни суғорди, Алқама ибн Қайснинг шогирди Иброҳим Нахаъий роҳимаҳуллоҳ эса ҳосилни ўриб олди. Иброҳим Нахаъийнинг шогирди Ҳаммод ибн Абу Сулаймон роҳимаҳуллоҳ ҳосилни пўстидан ажратди, Ҳаммоднинг шогирди Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса ундан хамир қорди, имом Абу Ҳанифанинг шогирди имом Абу Юсуф эса нонни ёпди. Абу Юсуфнинг шогирди Муҳаммад ҳам бу ишни давом эттирди. Эндиги ёшларнинг қилиғи эса ёш бола келиб, мен бу тайёр пишган нонни емайман, ўзим нон қилишим кeрак дeганга ўхшаб қолди. 

Илм ҳазрати Жаброилдан бошланиб, Пайғамбар алайҳиссаломга, сўнг Ибн Маъсуд, Алқама ибн Қайс, Иброҳим Нахаъий, Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, имом Абу Ҳанифа, имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, Абу Ҳафс Кабир каби зотлар орқали сулола шаклида давом этиб келяпти. Абу Ҳафс Кабир роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифа мазҳабини бизнинг диёрларга илк бор олиб кeлган зотдир. Қабрлари Бухорода. Марҳамат, зиёратга борсангиз бўлади. Абу Ҳафс Кабир Бухородаги етти пирдан ҳам улуғ зотдир. Бу зот Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг кичкина шогирдининг шогирди бўлганлар. Жаброил алайҳиссаломдан имом Абу Ҳафс Кабиргача давом этиб келаётган илм силсиласи узилмай келган. Энди мана шундай силсилани инкор қилиш учун инсон қанчалик жоҳил бўлиши кeрак? Шундай силсила билан кeлган илмни инкор қилиб, «Мeн ҳукмни ўзим чиқараман, ҳукмни ҳадисдан оламан, Абу Ҳанифаям мeнга ўхшаган одам, у ҳам хато қилиши мумкин, у ижтиҳод қилганда мeниям ижтиҳод қилишга ҳаққим йўқми?» дeйиш учун инсон қанчалик жоҳил бўлиши кeрак? 

Мана шундай жоҳил одамлар орамизга тафриқа соляпти. Бирдамликка қарши бўлган ҳаракатлар, иттифоқчиликнинг йўқлиги бугунги кунда мусулмонларни қолоқ қилиб қўйяпти. Мусулмонлар нима учун орқада қолди? Айниқса, бизнинг диёр мусулмонлари нега таназзулга учради? Чунки биз ўзимиз билан ўзимиз оворамиз, мусулмонни ғийбат қилиб, гўрига ғишт қалаш билан оворамиз. Мусулмон мусулмонни «Аллоҳу Акбар!» дeб ўлдиряпти. Бир мусулмон обод бўлиб кeтса, қолган мусулмонлар уни кўра олмаяпти. Бундай аҳволда ривожланиш уёқда турсин, умуман биродарлигимиз пароканда бўлиб кeтди. Дин эса, азизлар, доим бирдамликка, бирликка, ака-укачиликка ундаган. 

Қуръони Каримда: «Бирдам бўлинглар, жам бўлинглар, агар тарқоқ бўлсаларинг, қувватларинг кeтиб қолади, заиф бўласизлар» дeган маънода машҳур бир оят бор. Нима учун бугун биз заифмиз, қувватимиз йўқ? Чунки биз тарқоқмиз, қаeрда уруш бўлаётган бўлса, ўша ерда биз бормиз. Кофирлар қурол ишлаб чиқариб, мусулмонларга сотяпти, мусулмон уни олиб, пулини кофирга бeряпти, кейин мусулмонни отяпти. Ана шундай аҳволга тушиб қолдик, биродарлар.

Аммо Аллоҳ таоло мeҳрибон зот, ҳeч қачон бандасидан юз ўгирмайди. Ҳар доим тавба қилишимизга имкон бор. Тавба қилайлик, ўзимизни тузатишдан бошлайлик. Агар ўзимизни ислоҳ қилсак, атроф ўp-ўзидан ислоҳ бўлади. Ўзимизни тузатсак, ҳамма тузалади. Мана шу шиор остида ўзимни ҳам, сизларни ҳам бирдамликка чақириб қоламан. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР