
ҲАЗРАТИ АБУ БАКРНИНГ ИСЛОМГА КИРИШЛАРИ...
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу табиатан сезгир ва яхшиликка мойил бўлганлари учун жоҳилятда ҳам иложи борича ёмонликлардан қочиб, яхшиликларга ёндашиб юрар эдилар. Шу билан бирга, «Жоҳилият ботқоғидан чиқиш мумкинми?» деган саволга кўп жавоб ахтарган бўлсалар ҳам ажаб эмас.
Ибн Асокир Ийсо ибн Язиддан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Абу Бакр Сиддиқ айтди: «Мен Каъбанинг ҳовлисида ўтирган эдим. Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ҳам ўтирган эди. Унинг олдидан Умайя ибн Абу Салт ўтиб қолди ва: «Қандоқсан, эй яхшилик ахтарувчи?», деди.
«Яхшиман», деди у.
«Уни топдингми?» деб сўради Умайя.
«Йўқ», деди у.
«Қиёмат куни Аллоҳ амр қилмаган ҳамма динлар ёмондир. Анави кутилаётган пайғамбар бизданми, сизданми?» деди Умайя.
Мен бундан олдин кутилаётган ва юбориладиган пайғамбар ҳақида эшитмаган эдим. Варақа ибн Навфалнинг олдига чиқдим. У осмонга кўп назар соладиган, ичида бир нарсаларни пичирлаб юрадиган одам эди. Уни топиб, бўлган гапни айтиб бердим.
«Ҳа, эй биродаримнинг ўғли, биз китоблар ва илмлар соҳибимиз. Ана шу кутилаётган пайғамбар арабларнинг энг яхши насабидан бўлади. Мен насабларни биламан. Сенинг қавминг арабларнинг энг яхши насабидан», деди у.
«Эй амаки, пайғамбар нима дейди?» дедим.
«Ўзига нима айтилса, шуни айтади. Фақат у зулм қилмайди. Унга ҳам зулм қилинмайди. У зулмга аралашмайди ҳам», деди у.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилганларида у зотга иймон келтирдим ва тасдиқ қилдим».