Тавсия қиламиз

СИЙРАТ ВА СУВРАТ

Мақолалар access_time20-июнь 2017, 19:51

Ҳаким зот бошдан кечирганларини ҳикоя қилади: – Мен бир улуғ зотни…

Жума кунининг фазилати ҳақида

Мақолалар access_time7-сентябр 2017, 21:07

1) Кунларнинг энг яхшиси жума кунидир. 2) Жума куни Одам яратилган ва жаннатга…

Ислом неъмати

Мақолалар access_time21-май 2017, 20:41

Машойихларимиздан Бишр Хофий роҳимаҳуллоҳнинг сингиллари Зудда ривоят қиладилар: …

Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳнинг амри

access_time9-октябрь, 12:27 visibility307

Қуръони Каримда ота-онага қандай муносабатда бўлиш лозимлиги баён қилинган оятлар бир неча ўринларда келган. Шулардан энг машҳури Исро сурасининг 23-24 оятларидир:

«Роббинг фақат Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бири ёки иккови кексаликка етсалар, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт! Уларга меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни тўшагин ва: «Роббим, мени ёшлигимда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», дегин».

Маъно таржимасидаги «амр этди» деган жумла матнда «қазо» деб келган бўлиб, муфассирларимиз бу сўзнинг келтирилиши Қуръоннинг яна бир мўъжизаси эканини айтишган. Айнан «амр» феълини ҳам ишлатиш мумкин эди, Қуръонда «қазо» дейилган. Араб тилининг хусусиятига кўра «қазо» сўзининг маънолари «амр» сўзидан кўра шомилроқдир. Бажарилиши қатъий талаб қилинган амалга нисбатан «қазо» феъли ишлатилади, чунки амр бажарилса, савоб олинади, лекин уни бажармаслик ҳам мумкин, аммо амрни бажармаган банда гуноҳкор бўлади. Лекин қазони бажармасликнинг эҳтимоли йўқ, банда уни бажармаслиги мумкин эмас. Муфассирларимизнинг айтишича, шунинг учун Аллоҳ таоло бу ерда «амр» эмас, «қазо» феълини келтирмоқда. Бу феълни маъно жиҳатдан «Роббинг ҳукм қилди» деб таржима қилиш мумкин. «Ибодат» сўзининг «абд» (банда) сўзи билан ўзакдошдир. Демак, бандалик деганда ибодат қилиш тушунилади. Аслида ибодат қилмайдиган банданинг ўзи бўлмайди, аммо ибодат икки хил бўлади: фитрий ибодат ва таъбуддий ибодат.

Фитрий ибодат деганда барча махлуқотларнинг Аллоҳга ўз ихтиёридан ташқари бўйсуниши тушунилади. Масалан, биз Аллоҳ таоло ирода қилгандек яшаймиз, оғзимиз билан овқат еймиз, қўлимиз билан тутамиз, оёғимиз билан юрамиз. Аллоҳ бизни шундай яратган, шунинг учун биз шундай яшаяпмиз. Бу борада ҳеч кимда ихтиёр йўқ. Ким Аллоҳни инкор қилиб, овқатни бошқа ери билан ейди? Ҳеч ким. Мана шу фитрий ибодат дейилади. Аммо банда бунинг учун савоб олмайди.

Таъббудий ибодат эса амр ва наҳийларга онгли равишда, иймон, ақл, виждон, инсоф юзасидан бўйсунишдир. Қуръондан кейин, пайғамбардан кейин банданинг яхшиликни ирода қилиши, ихтиёр қилиши ибодатдир. Шу тариқа нима учун бу оятда айнан «қазо» сўзи келганини яхшироқ тушуниб олаяпмиз. Яна эътибор берайликки, Аллоҳ таоло «Роббинг» деяпти. Тафсир илмида илтифот деб номланган усул бор, гапда бир шахсдан бошқа шахсга, масалан, бу ерда учинчи шахсдан иккинчи шахсга ўтиш. Бу араб тили қоидасини биладиганларга яхши маълум нарса. Аллоҳ таоло оятни иккинчи шахсга мурожаат шаклидан бошлаб, «Роббинг Ўзигагина ибодат қилишни буюрди» деяпти-да, сўнг бирдан кўпликка мурожаат шаклига ўтиб, «ота-онанга» эмас, «ота-оналарга» деяпти. Аслида оятнинг сиёқи бўйича, гапнинг келиши бўйича «Роббинг Ўзигагина ибодат қилишни ва ота-онангга яхшилик қилишни буюрди» дейилиши керак эди. Лекин ота-онага яхшилик қилишга келганда мурожаат умумийга айланди. Оят давомида улардан бири ёки иккови кексайиб сенинг ҳузурингда қолсалар, дейиляпти. Аслида ота-онанинг ака-укалари, бошқа жигарлари бўлиши мумкин, лекин ота-онага хизмат қилиш шарафи ва бурчини Аллоҳ таоло фарзандларга юклаяпти. Табиийки, хитоб ҳам фарзандларга бўляпти. «Уларга асло уфф дея кўрма», деган буйруқ ота-онага кўрсатиладиган муомала одобини ўргатяпти. Бола ёшлигида ота-онага муҳтож бўлади. Аммо улар кексайиб, кучдан қолганларида энди албатта фарзандларга суянадилар. Энди инсоф юзасидан, шукрона тариқасида фарзандлар уларга хизмат қилиши керак. Бир вақтлар чақалоқлигида ота-онаси, айниқса онаси унинг тагини тозалаган, бавлидан, катта ҳожатидан жирканмаган, хурсанд бўлиб, боласини кўзига суртиб, уни оқ ювиб, оқ тараб, едириб-ичириб, кийинтириб, кўтариб катта қилган. Энди ота-она кексайиб, эътиборга, хизматга, парваришга муҳтож ҳолатга тушиб қолсалар, бола учун жаннатга киришнинг энг катта имконияти бериляпти. Энди фарзанд ҳам ота-онасини яхши кўрсин, уларга яхши муомала қилсин, улардан жирканмасин, керак бўлса қазои ҳожатига ҳам ярасин, қўли билан мустаҳаб қилдириб қўйсин, мамнуният билан, меҳр билан уларни поклаб қўйсин. Аллоҳ асрасин, агар бу иш унга оғир келса, малол келса, фарзанд ота-онасидан жирканса, синовдан ўта олмаган бўлади. Ўзи қарамай, ўрнига бировни, бегонани олиб келиб тозалатса, фарзанднинг фарзандлиги қаерда қолади? Мана шу каби олам-олам маъноларнинг барчасини Аллоҳ таоло биргина «уларга уфф дема, уларни жеркима, фақат яхши гап гапир, ота-онангга шафқат қанотингни ёзгин» деган оятига мужассам қилиб қўйган. Аммо фарзанд ота-онага ҳар қанча хизмат қилмасин, ҳеч қачон уларнинг ҳаққини адо қила олмайди. Уларга ота-онаси унга кўрсатганчалик меҳр кўрсата олмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло «Роббиирҳамҳумаа, камаа роббайаани соғийро», яъни «Роббим, ота-онам мени ёшлигимда тарбия қилганидек, Ўзинг уларга раҳм қилгин» деб дуо қилишни ўргатяпти. Бу меҳр-мурувватни фақат Аллоҳ таоло қила олади. Ота-она фарзандига қандай раҳм қилган эди, уни кўз қорачиғидек асраб, қандай тарбиялаган эди? Энди фарзанд ота-онаси учун худди шундай раҳматни Аллоҳдан сўраяпти.

Ҳазрати Суфёндан «Аллоҳ таоло фарзандга ота-она учун дуо қилишни буюряпти. Қанча дуо қилиш керак? Бир кунда бирми? Ойда бирми, йилда бирми?» деб сўрашган экан. Шунда ҳазрати Суфён «Ҳар намозда, ташаҳҳуддан кейин», дедилар.

Ҳа, намоздек улуғ ибодат ичида ота-она ҳаққига дуо учун алоҳида истисно қилиб берилган. Намознинг ичида туриб, ҳали салом бериб, намоздан чиқмасдан туриб, фарзанд «Аллоҳиммағфирлий ва ливаалидаййя» деб, «Аллоҳим мени ҳам, ота-онамни ҳам мағфират қилгин» деб дуо қилади. Ҳатто намознинг ичида дуо қилинар экан, демак, намоздан ташқари ҳамма вақт ҳам фарзанд ота-онасининг ҳаққига дуода бўлиши керак.

Биродарлар, Қуръони Каримда ота-онанинг мақоми баён қилинган оятлар тўрт ўринда келади. Мусулмонлар ана шу жиҳатдан ҳам бошқалардан анча устундир. Бошқа бирон самовий динда ёки бошқа тузумларда ота-онага муносабат бу қадар юксак ўринга қўйилмаган.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР