Тавсия қиламиз

Tўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш

Мақолалар access_time6-апрел, 16:27

Мана, жисмонан соғлом қилиб тарбиялаш борасида юртимизда кўп хайрли ишлар…

НИКОҲ ТЎЙИНИ ҚИЛИШ КИМНИНГ ЗИММАСИДА?

Мақолалар access_time14-ноябрь, 10:27

НИКОҲ ТЎЙИНИ ҚИЛИШ КИМНИНГ ЗИММАСИДА? Авваллари бу савол ўртага ташланмаган,…

Рамазон ойига қандай тайёргарлик кўрдингиз?

Мақолалар access_time25-май, 14:03

“Агар Аллоҳ бу умматни азоблашни хохлаганида эди. Уларга Рамазон ойи…

Рибо нимада?

access_time13-апрел, 16:13 visibility940

 

Рибони тушуниш учун, қайси нарсаларда рибо бўлиши, нималарга рибо маҳсулоти сифатида қаралишини билиш зарур. Қуръони карим рибодан қайтарган, лекин қайси нарсаларда рибо бўлишини баён қилмаган. Рибо бўладиган маҳсулотларни белгилаб берувчи асосий манба эса ҳадиси шариф ҳисобланади. Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: У зот айтдилар: “Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз тенгга-тенг, қўлма-қўл (сотинглар). Энди агар ушбу моллар бир хил бўлмаса-ю, қўлма-қўл бўлса, хоҳласангиздек сотаверинглар”[1].

Бу ердаги тенглик сифатдаги эмас миқдордаги тенгликдир. Убода ибн Сомит ривоятларида айтдилар: “Унинг (тилла-кумушнинг) ёмбиси ҳам ўзи ҳам бирдир”[2] (яъни иккисини бир-бирга алмаштирганда миқдори тенг бўлиши лозим). Бу эса сифатда эмас, вазндаги тенгликка далолат қилади[3].

  Зоҳирийлар рибо маҳсулотларини ҳадиси шарифда келган олти нарсага чегаралайдилар: тилла, кумуш, буғдой, арпа, хурмо, туз. Чунки улар қиёсни инкор қилганлари учун олти нарсада рибо бўлади, улардан бошқа нарсалар асл мубоҳлигича қолади, дейдилар[4].

 Лекин жумҳур фақиҳлар олти нарсага чегараламай, ҳукм таьсир қиладиган бошқа маҳсулотларда ҳам баҳс юритадилар. Чунки ҳадисда рибо маҳсулотлари олтитадир, дейилмаган, балки олти нарсадаги рибонинг ҳукми айтилган. Бу нарсаларни хослашнинг сабаби, ўша вақтларда кўп муомалалар шу нарсалар воситасида бўлган. Фақиҳлар эса яна қайси нарсаларда рибо бўлади-ю, қайсилари мустасно эканини ўрганишади.

Ҳанафийларга кўра, (ҳанбалийлар мазҳабининг зоҳири ҳам шундай) рибо маҳсулотларини аниқлашнинг 2 та қоидаси бор:

1. Маҳсулот олтин ва кумуш каби вазний[5] ёки буғдой, арпа, хурмо ва туз каби  кайлий[6] бўлиши керак. Бу миқдор ўлчовидир. Қанча  миқдорда эканини эса  вазн ёки кайл йўли билан билиш мумкин.

2. Рибо бўлиши учун ўзаро алмаштириладиган мол-мулкларда жинс бир бўлиши керак. Демак, ҳанафийлар ва ҳанбалийлардаги иллат[7] миқдор ва жинсият ҳисобланади.

   Шофиъийларда буғдой, арпа, хурмо ва туздаги иллат таомлик. Тилла ва кумушдаги иллат пуллик.

  Моликийларда тилла ва кумушдаги иллат пуллик, буғдой, арпа, хурмо ва туздаги иллат эса озуқалик ва сақлаб қўйиш мумкин бўлиши.

  Ҳанафийларда рибо кайлий ёки вазний бўлган ҳамма нарсада мавжуд. Масалан:

Кайлий таом:  буғдой, арпа, хурмо, туз, гуруч, ловия ва мош.

Вазний таом:  гўшт, балиқ, сарёғ, шакар ва баъзи мевалар.

Таом бўлмаган кайлий нарсалар: ҳина, охак ва гипс.

   Таом бўлмаган вазний нарсалар: темир, қўрғошин, мис, жавоҳир ва маржон.

   Вазний пул: тилла ва кумуш.

Демак ҳанафийларда миқдор билан жинсият иллат бўлиши асосида рибо бўладиган нарсаларни аниқлаб олинади.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ойбек Ҳошимов


[1] Али ибн Умар ад-Дороқутний. Сунан ад-Дороқутний. Дор ал-кутуб ал-илмийя. Байрут, З-жуз, 20-бет. (нашр йили кўрсатилмаган)

[2]  Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ас-Сижистоний ал-Аздий.  Дор ал-маърифа Байрут 2001. 3-жуз 331-бет.

[3] Шамсиддин Сарахсий. Мабсут. Дор ал-маърифа. Байрут 1989. 12-жуз. 111-бет.

[4] Доктор Ваҳба аз-Зуҳайлий. Ал-Фиқҳ ал-исломий ва адиллатуҳ. Дор ал-фикр. Дамашқ 2006. 5-жуз 3724-бет.

[5]  Оғирлик ва қадимги танга пул ўлчов бирлиги.

[6] Ҳажм ўлчов бирлиги.

[7] Иллат – ҳукмни билдирувчи сифат. Абдулваҳҳоб Халлоф. Усул  ал-фиқҳ. Адолат 1997. 74-бет.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР