Тавсия қиламиз

Бу дунё – синов майдони.

Мақолалар access_time5-июль, 11:25

Ҳар бир инсон, ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолога  комил ихлосли бўлса,…

Бугун 19.06.2017 санасида Қуръони Карим хатмонаси

Янгиликлар access_time19-июнь 2017, 19:48

Бугун 19.06.2017 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони…

Бандасидан сўрама

Мақолалар access_time18-апрел, 10:49

Ўзимизга бир ваъз қилиб қўймоқчимизки, мусулмон инсон тонг яқинлашган сайин…

Ҳаётий воқеа (ибратли) Ҳали вақт бор, ёшсан....

access_time1-ноябрь, 11:36 visibility140

 

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Арабистон жазирасига Ислом динини олиб келганларида янги диннинг, янги пайғамбарнинг хабарини эшитиб, Маккага ҳар томондан одамлар кела бошлашди. Макка аҳли савдони яхши қиларди, савдогар халқ эди, турли юртлар билан борди-келдиси, олди-сотдиси бор эди. Охирзамон пайғамбари чиқибди, янги дин келибди деган хабар тезда чор тарафга тарқалиб кетган эди. Ўша даврда донғи Ямандан Дамашққача кетган Аъашо деган бир шоир бор эди. У пайтда шоирларнинг обрўйи жуда баланд эди. Ўша шоир бир даврада Пайғамбар алайҳиссаломнинг хабарини эшитиб қолди. Даврада ўтирган мусулмонлар Қуръондан оятлар ўқиб беришди. Бундан таъсирланган Аъашо Маккага йўл олди. «Мен ҳам борай, янги чиққан пайғамбарни кўрай, унинг динини қабул қилай» деб, Маккага келди-да, дўсти Утба ибн Робиъанинг уйида тунаб қолди. Утба ибн Робиъа шоирнинг эртасига бориб, пайғамбарни топиб, учрашмоқчи бўлаётгани ҳақидаги хабарни мушрикларнинг каттасига – Абу Жаҳл лақаби билан машҳур бўлган Абулҳакамга етказди. Абу Жаҳл «Аъашо мусулмон бўлса, обрўйи баланд бу шоир ҳаммани ўзига эргаштиради-ку» деб, кечаси билан мижжа қоқмай чиқди. Ўша маҳалда арабларда шеърхонлик ривожланган, зўр шоирни кўрса, доҳийдек унга эргашиб кетаверишар эди. Абул Ҳакам «Аъашо ҳам мусулмон бўлса, мусулмонларнинг сони, нуфузи, обрўси кўпайиб кетади-ку» деган ташвишда эрталаб келиб, Аъашо билан учрашди, нега келганини суриштирди. Аъашо «Муҳаммадни топиб, унинг динига кирмоқчиман», деди. Шунда Абу Жаҳл уни йўлдан урмоқчи бўлди, «Унинг динига кириб нима қиласан, унинг динига кирсанг, кўп нарсалар тақиқланган. Масалан, улар зино ҳаром дейишади», деди. Аъашо «Мен энди қариб қолдим, мен зинони тарк қилолмасам ҳам, зино мени тарк қиладиган ёшга етиб қолдим, бунга розиман», деди. Абу Жаҳл ўйлаб туриб, «Унинг динида маст қилувчи ичимликлар ҳам ман қилиняпти,  Муҳаммад уни ёмон кўради», деди. Ўша пайтда хамрнинг ҳукми ҳали тўлиқ тушмаган эди. Бу ҳукм кейинроқ Мадинада нозил бўлди. Абу жаҳл «Сен шунга розимисан, унинг динига кирсанг, кейин бу шаробларни ичолмайсан», деди. Аъашо ўйланиб қолди, чунки ўша маҳалда ҳам шоирлар маст қилувчи ичимликларни илҳом парисини олиб келадиган бир омил деб билишар эди. У ўйланиб туриб, «Бўлмаса мен бир йилдан кейин келарман. Бориб бир йил тўйиб-тўйиб шароб ичиб оламан-да, кейин қайтиб, унинг динига кираман. Ундан кейин ичмасам ҳам майли», деб қайтиб кетди. Аммо бир йилга бормай Аъашо вафот қилди. Бу воқеани Ибн Ҳишом ўзларининг сийрат китобларида келтирганлар. Аъашо нафсининг йўлига юриб, саҳоба бўлиш бахтидан маҳрум бўлди.  
Бу воқеадан қандай ибрат олиш кераклиги ҳаммамизга маълум. Бугун ҳам нафсининг йўлига кириб, ҳали намозга эрта, ўйнаб-кулиб қолайлик дейдиган бугунги куннинг Аъашолари бор. Бугун ҳам «Ҳамма қатори бошларсан, ҳозир бошласанг, мана бу лаззатлардан маҳрум бўлиб қоласан» дейдиган нафс кўринишидаги Абу Жаҳллар бор. Аммо вақт  ўтиб кетяпти, биродарлар. Жуда кўпчилигимиз тоат-ибодатга жуда яқин турибмиз, бир ҳатласак, бу йўлга ўтадиган кўчаларда юрибмиз, аммо нафсимиз бизни қайтаряпти, «Ҳали вақт бор, ёшсан, буёққа ўтсанг, кейин бу ишларни қилолмай қоласан» деган нарса бизнинг Абу Жаҳлимиз бўлади. Вақт эса ўзининг ишини қиляпти, биродарлар. Шунинг учун хайрли ишни кечиктирманг дейилади.  
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоало ҳаммамизни Ўзи рози бўладиган хайрли ишларга муваффақ айласин, дунёнинг ҳар турли балосидан Ўзи асрасин, залолатда юрганларга ҳам Ўзи инсоф-тавфиқ берсин! 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР