Тавсия қиламиз

Илм инсоннинг даражасини кўтариши.

Мақолалар access_time9-сентябр 2017, 19:24

Имом Абу Юсуф Ислом тарихида илк бор қозиул қуззот – қозиларнинг қозиси…

Саловотни қизғонманг

Мақолалар access_time23-ноябрь 2017, 10:57

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бахил; ҳузурида зикр…

Шариатнинг аҳкомларига енгил қараб бўлмайди

access_time28-ноябрь, 22:05 visibility205

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳуни ҳаммамиз биламиз, таниймиз. Бу киши икки йил ичида бутун Ислом оламини бой-бадавлат қилиб юборган зотдир. У кишининг тарихлари жуда машҳур, Ислом олами у зотни иккинчи Умар деб, бешинчи рошид халифа деб атайди. Ана шу Умар ибн Абдулазизнинг бу даражага етишларига оталари Абдулазиз ибн Марвоннинг хизматлари катта бўлган экан.  
Абдулазиз ибн Марвон Мисрга ҳоким бўлгач, ёш ўғли Умарни тарбия қилиш учун Мадинаи Мунавварага, Солиҳ ибн Кaйсоннинг ҳузурига жўнатадилар. Шу олим кишининг ҳузурида ўқиб, одам бўлсин деб юборадилар. Бир куни Умар жамоат намозига кеч қолади. Устози Солиҳ ибн Кaйсон «Нега жамоатга кеч қолдинг, эй Умар?» десалар, «Сочимни тарайдиган хотин тарашни чўзиб юборди, сочимга оро бераман деб, намозга кеч қолдим», дейди. Биласизлар, Миср жуда бой диёр бўлган, Ислом пойтахтини доим моддий жиҳатдан таъминлаб турган ўлка бўлган. Жумладан, ҳазрати Умарнинг даврларида очарчилик бўлганда Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга «Одамлар оч қоляпти, тез ёрдамга шошилинг», деб хат ёзганлар. Шунда Амр ибн Осс жавоб мактубида «Эй мўминларнинг амири! Карвон йўлга тушди, карвоннинг боши Мадинада бўлганда охири ҳали Мисрда бўлади» деб ёзганлар. Шунчалик узун, катта карвон келганки, Мадина билан Мисрнинг орасида узилиш бўлмаган экан. Ҳазрати Умар одамларни масъул қилиб, ўша  келган туяларни сўйиб, гўштини тақсимлаб, терисини бўлиб бериб, устидаги жиҳозларни одамларга тарқатиб, очарчиликдан, қаҳатчиликдан, қимматчиликдан ана шундай қутулиб олишган. Ана шундай бой ўлка ҳокимининг ўғлида шароит шунчалар яхши бўлган эканки, унинг сочини тарайдиган алоҳида ходима бўлган экан. Ўша ходима унинг сочини тарайман деб, Умар жамоатга кеч қолибди. Шунда Солиҳ ибн Кaйсон Мисрга, Умарнинг отаси Абдулазиз ибн Марвонга: «Ўғлингиз соч тарайман деб, жамоатга кеч қолди», деб хат ёзган эканлар. Хат бир неча кунда Мисрга етиб келган. Абдулазизнинг жаҳли чиқиб, бир ходимни ёллаб, «Ҳозир ўқдек учиб, Мадинага борасан, ўғлим Умарни топиб, сочини устара билан қириб олиб ташлайсан-да, ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан, орқангга қайтасан», деган экан. Ходим унинг айтганини қилган, қанча вақтда Мисрдан етиб келган бўлса, тўғри бориб, Умарни топиб, оёғининг остига босиб, сочини қириб ташлаб, индамасдан қайтиб келган.  
Биродарлар, ибрат олайлик, устоз Солиҳ ибн Кийсон «Бола ҳали ёш, бир марта жамоатга кеч қолса нима бўпти», демади, отаси ҳам «Ўғлим мусофир юртда юрибди, ҳали ёш, бир марта жамоатга кеч қолса нима қилибди», демади. Буюкликка етишиш учун ана шундай интизом, тартиб, ихлос, қунт, риёзат бўлиши керак. Шариатнинг аҳкомларига енгил қараб бўлмайди. Дунё ва охиратимизни ҳал қиладиган бу қоидаларга жиддий қараш керак. Улар фарзандининг бир марта жамоатга кеч қолишига шу қадар хавотир бўлган, шундай кескин чора кўрган, биродарлар. Биз эса бугун фарзандларимизнинг намоз ўқиётган ёки ўқимаётгани билан ишимиз бўлмаяпти. Биз ўзимизга мана шу саволни бериб кўрайлик: «Биз фарзандларимизнинг шариатга амал қилишига қандай эътибор беряпмиз»  
Эрталаб намозга уйғотсак, онаси ачиниб, «Кеча кеч ётган, нима қиласиз ёш боланинг уйқусини бузиб, уйғотманг», деса кўниб қўявермайлик, онасига ҳам тушунтириб, болани намозга уйғотайлик. Намозга мустаҳкам бола иншааллоҳ бошқа ҳамма нарсада ҳам мустаҳкам бўлади. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР