Тавсия қиламиз

Имом Ғаззолий насиҳатлари

Мақолалар access_time17-июль 2017, 13:58

• Йўл ва кўчаларда тўпланишиб турманг; • Суҳбатлашиш учун дўконларни…

ЭР ВА АЁЛ КИШИ ОРАСИДАГИ ФАРҚ НИМАДА? 

Мақолалар access_time12-декабр 2017, 12:39

«Эркак ва аёл кишилар фикрлаши орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги…

ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД МУСТАФО СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАССАЛАМГА ДАРАХТНИНГ БЎЙСУНИШИ

Мақолалар access_time17-апрел 2017, 15:22

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  "Расулуллоҳ соллаллоҳу…

Мавлид бидъатми?

access_time29-ноябрь, 16:08 visibility811

    Азизлар,  мавлид ҳақидаги баъзи далилларни ҳам бир бор эслаб ўтсак. Чунки бу масалага нисбатан баъзи салбий муносабатлар билдириб турилади. Бу нарса ҳар йили такрор бўлади. Бу йил ҳам робиъул аввал ойи кириб келиши билан ана шундай ишлар бошланди, мавлидга қарши турадиганлар яна пайдо бўлди. Бу нарса ўзимизда ҳам кўплаб чиқяпти, «Мавлид – бу  бидъат» дейдиганлар, тўпланиб, мавлид қилиб, салавот айтадиганларнинг, зикр қиладиганларнинг устидан кулувчилар ва ҳоказолар пайдо бўляпти. Шунинг учун бу масалага оид баъзи далилларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Биродарлар, мавлид – Пайғамбар алайҳиссаломни хотирлашдир, у зотни таниш, у зотга салавот айтиш ва энг муҳими, у зотга эргашишдир. Аслида хотирлаш Аллоҳ таолонинг ҳар бир бандага берган буюк неъмати ҳисобланади. Қуръонда ҳам бу ҳақда кўп оятлар келади. Хотирлаш ҳар хил бўлади – бўлган воқеа-ҳодисаларни, тарихни хотирлаш бор, келажакни хотирлаш бор. Қуръон буларнинг ҳаммасидан насиба берган. Келажакни хотирлаш дегани Қиёматни эслашдир. Қиёмат ҳали қоим бўлгани йўқ, лекин уни хотирлаймиз. Аллоҳ таоло Қуръонда «Қиёматдан қўрқинглар» дейди. Худди шунингдек, дўзахни, жаннатни хотирлаймиз, қиёмат куни бўладиган ҳолатларни хотирлаймиз, айниқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёмат кунидаги шафоатларини хотирга оламиз. Ҳаммасини жамлаб айтадиган бўлсак, Қуръонда «Агар эслатиш фойда берса, эслатгин» дейилган. Демак, хотирлашдаги асосий шарт шуки, бу хотирлашдан дунё ёки охиратга манфаат ҳосил бўлиши керак. Шундай экан, бир жойда тўпланиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни хотирлашдан қанчалик кўп манфаат бор ва қанчалик зарар бўлиши мумкин? Ахир у зотни ўрганиб, у зотга эргашиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг олий мақсади-ку!

Бир инсон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўраман деса, у зотга салавот айтса, яъни Пайғамбаримиз алайҳиссалом хотирланса, бундан жаҳли чиқадиган одамни қандай тушунишимиз мумкин? Албатта, мавлидни бидъат деяётганлар ҳам Аллоҳнинг ризосини олмоқчи бўладилар, лекин аслида бу масала барибир илмсизликка, тоқатсизликка, муросасизликка бориб тақалаверади.

Шунинг учун бу борада ўз фикримизни, шахсий муносабатимизни бир четга суриб, шариатимизда айтилган далилларни ўрганамиз. 

Биринчи далил. «Саҳиҳи Муслим»да келган ҳадисда айтиладики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида у ерда яҳудийларнинг Бану Қурайза, Бани Назир ва Бану Қайнуқо деган учта катта қабиласи яшар, улар мадиналик араблар билан қўшни бўлиб истиқомат қилишарди. Яҳудийлар Ашуро куни рўза тутишарди. Пайғамбар алайҳиссалом буни кўриб, «Бу қандай рўза?» дедилар. Улар «Бу кунда Аллоҳ таоло Мусога Фиръавндан нажот берган, шуни нишонлаб рўза тутамиз», дейишди. Демак, яҳудийлар хурсандчиликни рўза тутиш билан ифодалашган. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом «Биз Мусога ҳақлироқмиз», дедилар, ўзлари ҳам рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Ҳатто ўша куни оғзи очиқ бўлганларга  куннинг қолган қисмида оғизни ёпиб туришга амр қилдилар. Рамазон рўзаси фарз бўлгунча, яъни ҳижратнинг иккинчи йилига қадар Ашуро рўзаси фарз даражасида бўлиб турган. Рамазон рўзаси фарз бўлгандан кейин эса бу рўза нафлга айланиб қолди. Хоҳлаганлар тутсин, хоҳламаганлар тутмасин. Демак, Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавндан нажот топган кунини рўза тутиш билан нишонлаш мумкин экан, у ҳолда бутун оламларга раҳмат бўлиб келган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш нима учун мумкин эмас?

Иккинчи далил. Абу Довуд ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда айтилишича, саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломдан «Нима учун душанба куни рўза тутасиз?» деб сўрашганда «Мен шу кунда туғилганман, шу куни менга Қуръон нозил қилинган», деб жавоб берганлар. Пайғамбар алайҳиссалом ўзларининг туғилган кунларини нишонлаяптилар, аслида биз у зотнинг туғилган кунларини нишонлашга кўпроқ муҳтож эмасмизми? Албатта, муҳтожмиз.

Учинчи далил. Мавлидни бутунлай бидъати саййиъа деяётганларнинг асосий далили шуки, Пайғамбар алайҳиссалом туғилган кунларида саҳобаларни тўплаб, зикр қилдирмаганлар. Шунинг учун улар Пайғамбар алайҳиссалом бу ишни қилмаганлар деб даъво қилишади. Бу ерда усулий ва фиқҳий қоида борки, уларни ҳар бир киши билиб қўйиши керак. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни қилмаган бўлсалар, бу ўша ишнинг ҳаром бўлишига асло далил бўла олмайди. Бу усулий қоида. Пайғамбар алайҳиссалом қилмаган ҳар бир иш ҳаром эканига асло далил бўлмайди.

Биродарлар, ўзи аслида ҳамма нарса мубоҳ бўлган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсон  ни жаннатдан бу дунёга туширар экан, инсон дуч келадиган, инсон тановул қиладиган ҳамма нарса мубоҳ бўлган. Бирон нарса ҳаром қилинган бўлса, бу ҳақда насс, яъни ҳужжат келган. Қуръони Карим билан, Суннат билан ва улардан кейинги қатордаги манбалар билан ҳаромлиги айтилган нарса ҳаром бўлади, бундан бошқа нарсалар мубоҳ бўлаверади. Ҳаромлиги айтилмаган нарсани ҳаром дейишга ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Аммо афсуски, бугунги кунда мавлидни, мавлид қилишни ҳаром дейдиганлар ўзимизни орамизда, мусулмонлар орасида кўпайиб бормоқда. Бироқ ҳушёр бўлайлик: бир нарсани ҳаром дейиш осон иш эмас. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан кейин бир-бирининг бўйнини чопадиган кофир бўлиб кетманглар», деган сўзларини наҳот унутган бўлсак ёки ўзимизни унутганга солсак?

Бугунги кунда мусулмон умматнинг аҳволи мана шу ҳадисда айтилган ҳолатда эмасми? Дунёнинг қаерида уруш бўлаётган бўлса, албатта ўша ерда мусулмонлар қони тўкиляпти. Жабр кўраётганлар ҳам мусулмонлар, қурбон бўлаётганлар ҳам мусулмонлар. Очарчиликда қолганлар ҳам, қийинчиликка мубтало бўлганлар ҳам мусулмонлар. Бугун Ямандаги, Нигериядаги, Сомалидаги аҳволни қаранг! Одамлар шу тўқчилик замонда очарчиликка мубтало бўлиб турибди. Дунёнинг бошқа еридаги одамлар тўқлигидан кекириб турган бир пайтда ейдиган нарса топа олмай, миллионлаб болалар очликдан қирилиб кетяпти. Мана шулар ҳам мусулмон давлатлар, мусулмон халқлар. Бу уруш-жанжаллардан аслида кимга манфаат бор эди? Нима учун биз бу даражага келиб қолдик? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга динни шундай ўргатган эдиларми? Ислом шунга рози бўладими? Ахир динимиз тинчлик дини бўлса, тараққиёт дини бўлса, хотиржамлик дини бўлса, инсонпарвар дин бўлса, бугун дин номидан жиҳод деб, уруш қилаётган, хунрезлик қилаётган, биродаркушлик қилаётганлар қайси динни назарда тутяптилар? Улар Қуръондан, Суннатдан ташқари бўлган бошқа «ислом»ни пайдо қилмоқчи бўлишяптими? Улар жиҳод деб атаётган бу ишларда ким мағлуб бўляпти, ким ғолиб бўляпти, кимга фойда, кимга зарар бўляпти – шунинг фарқига борсинлар! Энг катта даъвони қилган ИШИД дегани чиқди, бу ёқда тақвони қаттиқ ушлашини даъво қилган Толибон чиқди, аммо улар кимга қарши уруш қилди? Бир-бирига қарши уруш қилди, бир-бирининг қонини тўкди. Икковининг ҳам мақсади ҳақиқий салафларнинг ҳаётига қайтиш, Ислом давлатини қуриш эмиш, лекин нима учун бир мақсадга интилаётган бу икки гуруҳ бир-бири билан чиқиша олмаяпти? Уларнинг қай бири ҳақ, қай бири ноҳақ? Қай бири рост айтяпти, қай бири ёлғон айтяпти, мусулмон одамлар кимга ишониши керак?

Албатта, булар ҳақиқий ислом эмас. Ҳақиқий Ислом зинҳор-базинҳор инсонни қони сабабсиз, ноҳақ тўкилишига йўл қўймайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини, сийратларини, тарихларини ўқийлик. Маккада яшаган даврларида, Мадинадаги даврларида у зот қандай йўл тутганлар? Қачон ҳарбий ҳаракат бошлашга мажбур бўлганлар? Жиҳодни кимга қарши, қандай вазиятларда, қандай қўллаганлар? Маккада азоб-уқубат қанчалик қаттиқ бўлса ҳам, ­­Пайғамбар алайҳиссалом мушрикларга қарши курашга чақирмадилар, балки сабрга ундадилар. «Сабр қил, эй Аммор, сабр!» деб турмадиларми? Биъру Маъуна воқеасида Нажд водийсига бир гуруҳни юборган эдилар, наждликлар уларнинг ҳаммасини ўлдириб юборишди. Биргина киши – туя боқиб юрган Амр ибн Умайя деган киши тирик қолди. Ўша одам Мадинага қайтаётганида йўлда наждликлардан икки кишини кўриб қолиб, улардан қасос олиш учун уларни ўлдириб қўйди. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни ёқламадилар, балки ўша икки кишини ўлдиргани учун товон пули тўлатдилар. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Шариат тайин қилган жазони қўллашда ҳам, масалан, зино қилгани учун тошбўрон қилинган бир аёлни ўша жазодан қутқариш учун қанчалик ҳаракат қилганларини бир эслайлик. Ҳатто ҳукм ижро қилингандан кейин ҳам «Қанийди улар қўйиб юборилганда», деб қўйган эдилар. Эътибор берайликки, бу жинояти исботланган, айби эътироф қилинган, шариатда ҳукми аниқ айтилган ҳолатга муносабат.

Шундай экан, у зот ноҳақ қон тўкилишига мутлақо рози бўлмаганлар. Бугунги кунда айнан Исломни билмаганлар, Пайғамбар алайҳиссаломни билмаганлар Ислом номидан хунрезликлар қилишяпти. Наҳотки шуни тушуниб етишимиз шунчалик қийин бўлса? Бу вазиятнинг бирдан-бир ечими у зотни таниш, у зотнинг суннатларини ўрганиб, уларга амал қилишдир. Шундай экан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни таниш ва у зотни севишнинг энг гўзал услубларидан бири у зотнинг ҳаётларини ўрганишдир. Бугунги кунда ўқилаётган мавлид асарлари эса эса у зотни танитувчи энг балоғатли назмий ва насрий асарлардир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари деганда биз ҳақиқий мавлидни, бидъат-хурофотлардан холи бўлган мавлидни тушунамиз. У зотнинг бир суннатларига эргашаман деб, қанча-қанча бошқа суннатларига хилоф қилинадиган, ҳатто фарзлар бузиладиган маросимларни мавлид дейиш мумкин эмас. Масалан, номаҳрамлар аралаш ўтирадиган, Исломга ёт, шариатга зид ишлар бўлса, саҳобалар, тобеъинлар, уламолар айтмаган ёки қилмаган ишлар бўлса, биз ҳам уларни ёқламаймиз.

Пайғамбар алайҳиссаломни хотирлаш саҳобалар давридаёқ бошланган, азизлар. Пайғамбар алайҳиссалом бир дарахтни тагидан уловда ўтсалар, энгашиб ўтар эдилар. У зот оламдан ўтганларидан кейин, ўша дарахт қуриб кетгандан кейин ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳар доим шу ердан энгашиб ўтганлар, сабабини сўрашса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ердан энгашиб ўтардилар деб айтганлар. Буни билган саҳобалар, тобеинлар ҳам кейинчалик ўша ердан энгашиб ўтишар эди. Бу улуғ зотлар ўша энгашиб ўтишнинг сабаби бартараф бўлиб кетган бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар деб, шунга амал қилганлар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойда ухлаган бўлсалар, у зот ухлаган жойда ухлайлик деб, ўша ерда ухлашган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўйи муборакларини мана неча асрдирким, қанчалик эъзозлаб, иззат-икром қилиб сақлаб келадилар. Мана шу ҳам хотирлаш, биродарлар.

Айтиб ўтиш лозимки, мавлид дегани албатта бир жойга тўпланиб, ниманидир ўқиш эмас. Уйимизда ўтириб, битта ҳадис ўқишимиз ҳам мавлид, аҳлимиз билан ўтириб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини эслашимиз ҳам мавлид. Масалан, бугун Макка ва Мадинанинг хатиблари мавлидни бидъат деяётган бўлса, мен кеча бир қанча уламоларнинг асарларидан лавҳалар ўқидим. Бундан икки-уч аср, ҳатто тўрт-беш аср муқаддам айнан Макка ва Мадина аҳли мавлид қилган, бу иш уларнинг машҳур одати бўлган экан. Жумладан, Маккада робиъул аввал ойи келганда ҳар жума намозидан сўнг одамлар кириб чиқиши exey хонаи Каъбанинг эшиги очилар экан. Робиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни эса одамлар тўпланиб, шом намозидан кейин Макканинг энг катта қозилари, фақиҳлари, аъёнлари жамланиб, фонуслар ёқиб, Пайғамбар алайҳиссалом туғилган уйга бориб, у ерни зиёрат қилиб, яна Ҳарамга қайтиб келиб, сўнг хуфтонни ўқишар, шундан сўнг тарқалишар экан. Демак, ўша кунларда Пайғамбар алайҳиссалом туғилган хонадонга бориб келиш Макка аҳлининг одати бўлган экан. Бугун ўшаларнинг фарзандлари бемалол, қўрқмасдан мавлидни бидъат деб, Пайғамбар алайҳиссаломни васила қилиб бўлмайди деб гапиришяпти. Бу энг катта хатар, азизлар. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқлашишдир.

Шунинг учун бугунги мавзуимиз учун айнан тақво масаласи танланган, биродарлар. Бу каби хато йўлларга кириб кетмаслик учун бизга тақво керак. Тақво – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан қўрқмоқдир. Аммо қандай қўрқмоқ? У Зотни севиб туриб қўрқмоқдир. Тақво – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан хулқланиш, сийратлари билан шаклланишдир. Мана шу чинакам тақво бўлади. Тақво – фарзандларни Аллоҳдан қўрқадиган қилиб тарбиялашдир. Тарбиянинг чегараси қаерда тўхтайди? Тарбиянинг чегараси болани дўзахдан сақлайдиган даражага олиб чиққанда тўхтар экан. Унгача ота-она масъул бўлаверади. Болани дунёнинг ўзида авайлаганингиз, дунёнинг ўзида яхши кўрганингиз етарли бўлмайди. Боламизни дунёда яхши кўрсаг-у, Қиёмат куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизни бирга жамламаса, бундан ёмон бало-мусибатнинг ўзи йўқ. Бу дунёда яхши кўрганларимиз билан охиратда жамланмасак, биримиз дўзахда, биримиз жаннатда жамлансак, бундан ортиқ мусибатнинг ўзи йўқ. Боламизни дунёнинг иссиқ-совуғидан қандай асрасак, охиратнинг иссиқ-совуғидан ҳам шундай асрайлик, азизлар.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР