Тавсия қиламиз

АҚЛ КУЧИ

Мақолалар access_time5-сентябр 2017, 20:41

Қадин замонда бир енгилмас паҳлавон бўлган экан. У ўз кучини намойиш қилишни…

Закот беришнинг моҳияти

Мақолалар access_time18-июнь 2018, 16:51

Закот беришнинг моҳияти Закот беришнинг моҳияти шундаки, уни берган кишининг…

ДУО КУЧИ (таъсирли воқеа)

Мақолалар access_time18-январ 2018, 14:57

Кичик бир болакай денгиз бўйида кўзларини бир нуқтага тикиб ўтирарди. Бир…

Фиқҳий мазҳаблар – бирлик рамзи

access_time7-феврал, 13:56 visibility87

«Мазҳаб» сўзи араб тилида «кетди», «борди» маъносини англатувчи «заҳаба» феълидан олинган бўлиб, «йўл», «йўналиш» деганидир. Шаръий истилоҳда эса бирор диний масала ёки муаммони муайян мужтаҳид олим томондан фатво юзасидан ҳал қилиб берилишига мазҳаб дейилади. Мазҳабларни имом Абу Ҳанифа ёки имом Шофеъий ёки имом Моликлар чиқарган дейиш хато бўлиб, мазҳаблар саҳобалар даврида ҳам, тобеъинлар даврида ҳам бўлган.

Масалан, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ яшаган даврда илми у зотнинг илмидан кам бўлмаган инсонлар бор эди, бундай зотлар жуда кўп эди. Имом Алқама ибн Қайс, имом Ҳаммод, Ато ибн Абу Рабоҳ ва бошқа кўпгина зотлар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан динда, илмда баробар зотлар эди. Диёримизда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари тарқалишига, кенг ёйилишига кўпгина сабаблар бор бўлиб, уларни суҳбатимиз давомида айтиб ўтамиз. Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломга сўзсиз эргашардилар, у зотдан сўнг ўзаро бир-бирларига эргашар эдилар, яъни аввалги саҳобаларга кейинги саҳобалар эргашардилар. Саҳобалар орасида катта олимлар бор эди, бошқалар ўша уламоларга эргашардилар. Тобеъинлар ҳам худди шундай – тобеъинлар саҳобаларга эргашарди, ўзаро бир-бирига, илми кўпроқларига эргашарди. Табиийки, бунинг натижасида турли мазҳаблар, фиқҳий йўналишлар кўп эди, аммо ундан кейинги даврга келиб, жумладан, охирги тобеъинларнинг даврига келиб, Ислом дини араб диёрларидан ажам юртларига кенг тарқалгач, уларга ҳам фиқҳий йўл лозим бўлиб қолди. Чунки ҳамманинг ҳам илми ижтиҳод даражасига етавермайди, ҳамма ҳам Қуръон ва Суннатдан ҳукм истинбот қила олмайди, фатво чиқара олмайди. Шунинг учун урф-одати, маданияти, тараққиёт даражаси турлича бўлган халқлар, диёрлар учун динимизнинг асосий масдарларидан четлашмаган ҳолда жузъий фарқларга эга бўлган фиқҳий йўллар лозим эди.

Фиқҳий йўл, яъни мазҳаб нима? Буни содда қилиб тушунтириш учун мисол келтирайлик. Тасаввур қилинг, бир тоғ ёки тепалик бор. Унинг энг юқори чўққисига чиқиш керак. Ана шу чўққига олиб чиқадиган бир неча йўл бор. Мазҳаблар ана шу йўллардир. Уламоларимиз чўққига чиқиш учун энг осон, энг хатарсиз, энг яқин ва энг қулай йўлни аниқлаб, чиқадиган йўлларни топиб, белги қўйиб, ортларидан эргашувчилар учун осон қилиб кетганлар. Масалан, имом Аъзам бу томондан йўл очиб кўрсатганлар, имом Шофеъий бошқа томондан йўл кўрсатганлар. Мана шу энг содда тушунтириш. Мақсад ягона – тепаликка чиқиш, чўққига етиб бориш керак. Лекин тоққа чиқишни билмайдиган, йўлни билмайдиган одам дуч келган томондан келиб тирмашса, тошлоқда қоқилиб кетиб, ҳалок бўлади. Йўл бошловчилар, яъни уламолар, мазҳаббоши имомларимиз адашмай, қийналмай мақсадга етиш мумкин бўлган хавфсиз йўлларни топиб, белги қўйиб берганлар. Ана шулар мазҳаб дейилади.

Уламоларимизнинг ана шу тўрт мазҳаб борасида айтган машҳур гаплари билан танишиб чиқиб, кейин ҳанафий мазҳабининг афзалияти борасида баъзи фиқҳий истилоҳлар ҳақида ҳам гаплашиб ўтамиз.

Аллома Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия» деб номланган асарларида «Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан шу тўрт мазҳабнинг сақланиб қолиши худди Қуръони Каримнинг етти қироатдан фақат бир қироати сақланиб қолишига ўхшайди», деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик Ислом бутун дунёга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди, шунда қироат борасида баъзи ихтилофлар келиб чиқди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилдилар, оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан, яъни Усмон мусҳафида ёзилган ҳарфдан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрт мазҳабнинг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддият ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган. Ўзи асли мазҳаб одамларни бир жойга жамлаш, битта йўналишга йўллаш, зиддиятлардан, ихтилофлардан сақлаш учун воқеъ бўлган эди. Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги, ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо қилган. Биз бунга далил сифатида аллома Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳнинг юқоридаги асарларида келтирилган ушбу гапларни иқтибос сифатида келтириб ўтдик.

Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун Ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомни чиқариб берди. Уларнинг илм-маърифатда юксак мартабага эргашганлари, чиқарган фатво ва ҳукмларининг ҳақиқатга энг яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Шундан кейин барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами, марҳамати бўлди. Уламоларимиз фиқҳий мазҳаб имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирганлар.

Юқорида биз бунга тоғни мисол қилган эдик. Имом Бадруддин Заркаший «Баҳрул-муҳит» китобида «Мусулмонлар эътироф этган тўрт мазҳаб ҳақдир, шулардан бошқасига амал қилиш жоиз эмас», деганлар.

Зафар Аҳмад Усмоний роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Иълоус-сунан» китобларида шундай деганлар: «Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадирлар. Бир юртда улардан қай бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, уларнинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши, оят ва ҳадисдан ҳукм ололмайдиган киши ўша мазҳабга эргашмоғи лозим. Ўз юртида кенг тарқалмаган, уламолари кўп бўлмаган, китоблари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиши жоиз эмас, чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас».

Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, бу мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши улардан бирини танлаб, ўша мазҳабга эргашиши жоиз бўлади. Бу нима дегани? Уламолар буни ҳам батафсил баён қилиб берганлар. Жумладан, Абдулхай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ ўз китобларида Ҳужжатуллоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг сўзларини келтирганлар: «Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр диёрларида ҳанафий мазҳаби уламоларининг китоблари кўп тарқалган, шунинг учун бу юрт одамларининг ўша мазҳабга эргашиши вожиб бўлади».

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР