Тавсия қиламиз

БИЛАСИЗМИ: РЎЗАНИНГ ШАРТЛАРИ  ?

Биласизми access_time30-май 2017, 19:32

Рўза тўғри бўлиши учун уч хил шарт мавжуд бўлиши лозим.    Биринчи…

Одамларни ишончини қозониш учун ўзини тақводор кўрсатиш

Мақолалар access_time22-март 2017, 19:41

Энг ишонган дўстингиз пул муомаласига келганда хиёнат қилиб, орани бузиб…

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТАВОЗЕЪЛАРИ ҲАҚИДА ВОҚЕАЛАР

Мақолалар access_time14-декабр 2017, 09:20

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТАВОЗЕЪЛАРИ ҲАҚИДА ВОҚЕАЛАР  Ҳасан…

Нима учун Ўрта Осиёда ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган

access_time8-феврал, 19:44 visibility1382

Бизнинг диёрни оладиган бўлсак, Ўзбекистон ёки шу минтақа – Ўрта Осиёда ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган, уламолари ҳам ҳанафий мазҳабда, китоблари ҳам шу мазҳабда. Энди кимдир мен шу юртда моликий мазҳабида юраман деса, бу мазҳабда юриш учун на уламо, на бир китоб топа олади. Кимдир бу юртда яшаб, мен ҳанбалий мазҳабида юраман деса, ўз-ўзидан зиддиятлар юзага кела бошлайди. Шунинг учун қайси бир диёрда қайси мазҳаб кенг тарқалган бўлса, ўша мазҳабнинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, одамларнинг шу мазҳабга юриши вожиб бўлади. Бизда ҳанафий мазҳабга юриш вожиблиги шу гапдан келиб чиққан.

Энди иккинчи мисол. Бир диёрда ҳамма мазҳабларнинг, яъни тўрт мазҳабнинг китоблари, уламолари бор бўлса, одамларга шулардан бирига эргашиш вожиб бўлади. Масалан, Саудия Арабистонни, Мадина ва Макка шаҳарларини мисол қилиб оладиган бўлсак, у ерда тўрт мазҳабнинг ҳам китоблари бор, шу тўрт мазҳаб бўйича амал қиладиган одамлар ҳам бор. Шунинг учун у ерда яшаган одам қайсидир бир мазҳабни танлашда ихтиёри ўзида бўлади. Лекин шу ерда бир нозик фарқ бор. Мен бир масалада ҳанафий мазҳабда юраман, бошқа бир масалада эса шофеъий мазҳабида юраман дейиши мумкин эмас. Яна ҳам соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, шофеъий мазҳабида инсоннинг жисмидан қон чиқса, қонаса таҳорат бузилмайди, ҳанафий мазҳабида эса бузилади. Мана шу ерда менга шофеъий маъқул экан деб, шофеъийни олсак, ёки бошқа енгилроқ мазҳабни олсак, тўғри бўлмайди. Бундай тарзда мазҳабдан мазҳабга ўтиб юриш талфиқ дейилади, бу эса мумкин эмас. Бундай қилган инсон адашади, халқимиз «Икки қайиқнинг бошини тутган чўкиб кетади», деб бежиз айтмайди. Талфиқ фақат ижтимоий масалаларда, истисно тариқасида фақат муфтийлар учун жоиз бўлади. Ижтимоий масала нима? Масалан, 20 йиллик бир оила бузиляпти, ўртада 5-6 фарзанд ҳам бор. Иш шунақа даражага етиб келдики, хотини эридан талоқ сўраб олди, эри талоқни айтди, талоқларнинг сони учтага ҳам бориб қолди. Бундай ҳолатда бизнинг мазҳабда хотиннинг эрига қайтиш учун йўл бўлиши мумкин эмас. Йўл йўқ. Энди нима бўлади? Мана шу ҳолатда ҳалиги болалар тирик етиб бўлиб қолаверадими? Бу масалани оддий одамлар ҳам, масжид имомлари ҳам кўриб чиқа олмайди. Уч талоқ масаласини кўришга уларнинг ҳаққи йўқ. Буни фақат муфтийлар ёки жамланма мажмуа –диний идора томонидан кўриб чиқиш мумкин.  Улар истисно тариқасида бу масалани ўрганадилар, иккала томоннинг кўрсатмаларини эшитадилар, чунки бу ерда талоқ қандай вазиятда, нима ниятда айтилгани жуда муҳим. Масалан, бир марта талоқ қўйиб, бир талоқ деб туриб, орқасидан уч талоқ деган бўлса, уч талоқ тушмайди. Чунки ҳали аввалги, биринчи талоғининг доирасида масала кетяпти. Шу каби ҳолатлар батафсил ўрганилади, сўнг ҳанафийдан бошқа мазҳабга ўтиб, уларнинг далилини келтириб, истисно тариқасида «бир лафзда уч талоқ айтилса ҳам, бир талоқ тушади» деган лафзни олишади. Сўнг ҳалиги одамга ўша далилни бериб, жаримасини тўлатиб олишади. Бу оддий имомлар қила олмайдиган, фақат муфтийлар, идора томонидан тайинланган ҳайъат томонидан кўриб чиқиладиган масала. Мана шуни талфиқ дейилади. Бошқа масалаларда инсон бир мазҳабни тутдими, энди бошқа мазҳабга юриши яхши эмас.

Имом Алий ибн Абдуллоҳ Салҳудий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бир мазҳабда юришнинг фойдаларидан яна бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бўлади: «Агар бир ихтилофни кўрсангиз, сизларга қора нуқта лозим бўлади».

Қора нуқта нима? Бу кўплик, яъни кўпчиликдир. Бир жойда тўпланиб турган оломон узоқдан қараганда қора бўлиб кўринади. Демак, ҳадиси шарифда доим кўпчилик томонни, мусулмонлар жамоатини лозим тутиш керак экан. Бу ҳадисни имом Ибн Можа ривоят қилганлар.

Имом Алий ибн Абдуллоҳ Санҳудий ўзининг «Иқдул фарид фий аҳкомит-тақлид» номли асарида шундай деганлар: «Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор, ундан юз ўгиришда эса катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеъинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир, чунки тобеъинлар шариат ишида бир-бирига ёки саҳобаларга эргашганлар, саҳобалар эса бир-бирига ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганлар».

Мана шундай тартиб доим давом этган. Машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг «Мажмаул-муассас фий мўъжамил муфаҳрас» асарида «Ҳанафий мазҳабида бизнинг мазҳабимизда учрамайдиган мустаҳкам асосга эга қоидалар бор», деб эътироф этганлар.

Қарангки, шофеъий мазҳабининг энг катта олими, муҳаддис аллома «Ҳанафий мазҳабида бизнинг мазҳабда учрамайдиган мустаҳкам қоидалар бор», деб эътироф этган экан. Учта мазҳаб соҳиблари ҳам имом Абу Ҳанифанинг юксак даражасини эътироф этганлар. Энг аввал жорий қилинган мазҳаб ҳам Абу Ҳанифа мазҳабидир. Имом Абу Ҳанифа қолган уч мазҳаб соҳиблари топмаган даражани топганлар – саҳобаларни кўрганлар, тобеъин бўлганлар. Бугунги кунда ҳам баъзилар имом Абу Ҳанифани ҳадис билмаган, раъй билан ҳукм чиқарган, дейишади. Бу мутлақо нотўғри. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари – ёлғиз ўзлари санадда ривоят қилган 200 та ҳадислари бор. Бу жуда ҳам шозз масала. Бир ўзлари ровий бўлган 200 та ҳадислари бор, ўзларининг «Муснад»лари бор.

«Раъй, яъни фикр билан ижтиҳод қилган» нима дегани? Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишининг шогирдлари шу қадар кўп масалаларни ўрганганларки, ҳатто ҳаётда бўлмаган, лекин бўлиши мумкин бўлган масалаларни ҳам фаразан ечиб қўйишган. Воқеликдаги ҳамма масалаларни ечиб бўлиб, энди ҳаётда учрамаган, аммо учраб қолиши мумкин бўлган масалаларни ҳам фаразан ечиб қўйганлар.

Аммо шунда ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бўлиши эҳтимолдан йироқ бўлган масалани эмас, балки бўлиш эҳтимоли бор бўлган масалаларни фаразан ечганлар. Нима учун уларни фараз билан ечиш лозим бўлган? Чунки улар воқеликдаги деярли барча масалаларни ҳал қилиб қўйишган. Ҳанафий мазҳабининг устунлиги шунда бўлганки, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабини асосан у кишининг тўрт шогирдлари тарқатган бўлиб, улар имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, имом Зуфар, имом Ҳасан ибн Зиёд ал-Луълуъийлардир. Бу тўрт шогирд ҳам ўзлари алоҳида мужтаҳид бўлишган. Имом Шофеъий имом Муҳаммаднинг шогирди бўлганлар, яъни Абу Ҳанифанинг шогирдининг шогирди бўлганлар. Бу шогирдлар масалаларни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга жамлаб, тартиблаганлар, уларни китоб шаклига келтириб, таълиф қилганлар.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР