Тавсия қиламиз

МЕҲМОНДОРЧИЛИК ОДОБЛАРИ

Мақолалар access_time6-ноябрь 2017, 13:57

Меҳмонга зиёфат бериш макоримул ахлоқ, Иброҳим алайҳиссалом ва барча анбиёланинг…

ТЕНГИ ЧИҚСА, ТЕКИНГА БЕР!

Мақолалар access_time15-март 2017, 08:43

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо…

ФАРИШТАНИНГ ДУОСИ...

Мақолалар access_time9-июнь 2017, 00:03

 (ўқинг фақат йиғламанг). Уни касалхонага оғир ахволда олиб келишди.…

Ҳанафий мазҳаби улуғлигининг сабаблари

access_time12-феврал, 10:06 visibility685

    Ҳанафий мазҳабида шу қадар кўп уламолар етишиб чиққанки ва бу уламолар шу қадар кўп китоблар ёзишганки,  бу китобларда шу қадар кўп масалалар тўпланганки, ҳатто фақиҳлар махсус истилоҳлар – қисқартма ишоралар чиқаришган. Истилоҳ – атама дегани бўлиб, ҳозирда кўпинча термин деб юритилади. Масалан, уламолар кўп бўлгани учун, ҳаммасининг исмини ёзса, матн узайиб кетгани учун уларнинг исмлари қисқартма қилиб олинган. Кейин бу қисқартмалар ҳам турларга бўлинган – лафзий, ҳарфий, калимали истилоҳлар бор. Китоблар ҳам ниҳоятда кўп бўлганидан уларга ҳам махсус ишоралар жорий қилинган. Шунингдек, кўп масалани жамлаб, битта сўз билан ифодалаш усули ҳам бўлган.

Уламолар ҳанафий фиқҳининг китобларини уч табақага бўладилар.

Биринчи табақа «Имом Муҳаммаднинг зоҳирур-ривояси» дейилади. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ томонидан олтита китоб битилган – «Мабсут», «Жомиъус-соғир», «Жомиъул-кабир», «Сиярус-соғир», «Сиярул-кабир» ва «Зиядат» китоблари. Мана шу олтита китоблари зоҳирур-ривоя деб аталади. Бу олти китобда келган масала энг кучли масала, ривояти энг саҳиҳ масала ҳисобланади.

Иккинчи табақа имом Муҳаммад, имом Абу Юсуф, имом Зуфар ва имом Ҳасанларнинг юқоридаги имом Муҳаммаднинг олтита китобида келмаган масалалар тўплами бўлиб, улар «наводир» дейилади. Унинг даражаси аввалгисидан пастроқ бўлади.

Учинчи табақа – Абу Ҳанифанинг тўрт шогирдидан бошқа фақиҳлар томонидан қилинган масалалар жамланмаси.

Мана шу уч табақа бўйича уламолар истилоҳлар киритишган. Биринчиси уламоларнинг ўзларига оид истилоҳлар. Масалан, имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит деб ўтирмайди-да, имом аъзам дейди; ёки ал-имам деса, имом Абу Ҳанифа тушунилади; имом Саний деса, имом Абу Юсуф тушунилади; имами Салис деса, имом Муҳаммад тушунилади. Тарофайн деса, мисол учун, «Бу масалага тарофайн нима деган?» дейилса, имом Абу Юсуф ва имом Абу Муҳаммад тушунилади. «Бу масалада учовлари шундай дейишган», деса, фиқҳда Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад тушунилади.

Уларнинг орасидаги фарқ шуки, истилоҳлар ҳадисда ва фиқҳда бир-биридан фарқ қилади. Ҳадисда «учовлари» деганда имом Бухорий, имом Муслим ва имом Абу Довуд тушунилади, фиқҳда эса Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва имом Муҳаммад тушунилади. Булар уламоларнинг лафзий истилоҳлари. Масалан, «Мана бу масалани соҳибайн айтган», деса, фақиҳлар «Демак, бу масалани имом Абу Ҳанифа билан имом Абу Юсуф айтган экан», дейдилар. «Бир масалада Абу Ҳанифа бундай деганлар, аммо икки шогирдлари бундай дейишган», дейилади. Шунингдек, «Ва биҳи маа юфта», яъни «шу икковига фатво берилган» дейилса, «Абу Ҳанифанинг сўзлари олинмай, имом Абу Юсуф билан имом Муҳаммаднинг сўзлари олинди», дегани бўлади.

Энди ҳанафий уламоларнинг ҳарфий истилоҳларига келсак, фақиҳлар бу услубларни ниҳоятда моҳирлик билан қўллаганлар. «Ҳа» ҳарфи, яъни ҳалқумнинг ўртасидан чиқадиган ҳарф ёзиб қўйса, Абу Ҳанифа дегани. Бу масаланинг соҳиби ҳ деб қўйса, Абу Ҳанифа дегани бўлади. Ёки «зе» ҳарфи келса, имом Зуфарнинг масаласи дейилади, «син» ҳарфи қўйилса, имом Абу Юсуф, «мим» ҳарфи қўйилса имом Муҳаммад бўлади. Баъзи масалаларга «син» билан «мим» қўшиб қўйилса, демак, бу масалани Абу Юсуф билан имом Муҳаммад айтган экан дейилади.

Кейинги истилоҳ – китобларга оид. Улар ҳам лафзий, ҳам ҳарфий бўлган. Масалан «ал-асл» деб ёзилган бўлса (яъни бу масала аслда келган дейилса), ҳамма фақиҳлар билишадики, бу масала имом Муҳаммаднинг «Мабсут»ида келган экан. «Бу масалалар усул китобларида келган», деса, ҳамма биладики, имом Муҳаммаднинг зоҳирур-ривоя ҳисобланган олти китобида келган масалалар экан. Демак, бу масала кучли масала экан, олинадиган масала экан деб тушунишади. Фарқига эътибор қилсаларингиз, бу ерда ажойиб-ғаройиб маънолар бор.

Кейинги тоифа – лафзий-ҳарфий ишоралар. Масалан «ҳа» билан «алиф»ни ёки «ҳа» билан «дол»ни қўшиб қўйсалар, имом Бурҳониддин Марғилонийнинг «Ҳидоя» китоблари тушунилган.

Учинчиси – масалаларга оид истилоҳлар. Масалан, журжониёт, раққийёт масалалари дейилади. Имом Муҳаммаднинг Журжон шаҳрида ёзган, тўплаган масалалари журжоният дейилади (Журжон – Афғонистоннинг Рай шаҳри яқинидаги форс шаҳри). Раққиёт масалалари дейилса, имом Муҳаммаднинг Раққа шаҳрида ёзган масалалари экан деб тушунилади.

Тўртинчиси – машойихларнинг масалаларига оид истилоҳлар ҳам бор. Машойихлар дегани – ҳанафий мазҳабида имом Аъзамнинг шогирдларидан кейин келган фақиҳлардир.

Кўряпсизми, ҳанафий мазҳабида уламолар шу қадар кўп чиққан, шу қадар кўп ижод қилинган, шу қадар кўп меҳнат қилинган, шу қадар кўп китоб, масалалар кўрилганки, қисқартиришлар киритишга мажбур бўлинган. Буларнинг ҳаммаси мазҳабимизнинг қанчалик мўътабар эканини, осмондан тушиб қолган мазҳаб эмаслигини кўрсатади.

Бугунги мавзуимизнинг аслида нима учун керак деган савол туғилади. Ҳанафий мазҳабини қайта-қайта ўқиб туришимиз, мазҳабимизни яхши билишимизнинг асосий сабаби шуки, одамлар тез-тез зиддиятларга, ихтилофларга бориб туришади. Одамзот турли янгиликлар чиқаришга ҳарис бўлади. Бу масалаларни ўрганиб туришимизга сабаб шуки, одамлар орасида, ўзимизнинг қавмимиз орасида ҳам, жамоатимиз орасида ҳам бир мазҳабда юрмаётганлар пайдо бўлаётганлиги, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳурматини билмаётган, ҳатто у зотни ҳақорат қилаётганлар, умуман бирорта мазҳабга юрмай, ўзича иш тутиб юрганлар, бидъат деб, дуода қўл кўтармаётган биродарларимиз кўпайиб қоляпти. Бу бизни хавотирга солади, чунки айнан қавмимиз, жамоатимиз орасида шундайлар пайдо бўляпти. Албатта, буларнинг ҳаммаси илмсизликдан, мазҳабни билмасликдан бўлади. Ҳадисларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўлни кўтармайдилар деган гапни дуода топмаган бўлса, бу бидъат дегани эмас. Фақат бу биродаримиз Пайғамбар алайҳиссалом дуода қўлларини кўтарганлар деган ҳадисни билмаган, топмаган, ўқимаган, холос. Шунинг учун бидъат деб ўйлаяпти. Бу каби ихтилоф ёки тафриқаларнинг ҳаммаси барибир илмсизликдан келиб чиқяпти. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Билмасаларингиз, зикр аҳлидан сўранглар», деган.

Демак, каттами, кичикми, ҳар бир масалада доим илм йўлидан юришимиз, етук уламоларга шогирд тушишимиз, уламоларнинг фатвосига эргашишимиз керак. Залолатга кетиб қолмаслигимизнинг асосий чораси шу, азизлар. Ё олим бўлинг, ё унинг шогирди бўлинг, уларнинг орасида бўлинг, устоз ва шогирдга мухлис бўлинг, аммо зинҳор тўртинчиси бўлманг, чунки тўртинчиси – илмдан йироқ одам, умуман илм кўчасига кирмайдиган одам бўлади. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР