Тавсия қиламиз

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ўғлига насиҳати

Мақолалар access_time6-июль 2017, 18:29

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўғиллари Ҳасан розияллоҳу анҳуга шундай насиҳат…

БИРОР КИШИДАН РАҲМАТ КУТИБ ЎТИРМА

Мақолалар access_time23-январ 2018, 17:23

 Аллоҳ бандаларини зикр қилиб Уни эслашлари учун яратди. Бугун махлуқотга…

Энг яхши аёл

Мақолалар access_time16-июль 2017, 12:36

Ҳакимларнинг биридан "Энг яхши аёл" ҳақида сўралганида, Ҳаким…

Ижтимоий ҳимояга муҳтожларга ғамхўрлик

access_time28-феврал, 13:44 visibility269

     Ижтимоий ҳимояга муҳтожларга ғамхўрлик бу янги мавзу эмас, янги сўзлардан таркиб топган ҳам эмас. Масалан, «фаол инвестициялар»ни янги сўз дейиш мумкин, аммо ижтимоий ҳимояга муҳтожлар деган сўз янги сўз эмас. Динимиз зоҳир бўлганидан бери инсониятни мана шу муҳим ишга тарғиб қилиб келади. Динимизнинг барча аҳкомларида, ундаги ҳар бир ибодатнинг замирида ётган мавзу ҳам аслида шудир, дейиш мумкин. Дарҳақиқат, бир ўйлаб кўрайлик, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизнинг намоз ўқишимизга муҳтожми? Асло йўқ. У Зот рўзамизга ҳам, закотимизга ҳам муҳтож эмас, қилган қурбонлигимизнинг қони ҳам Аллоҳга етиб бормайди. Аксинча, буларнинг ҳаммасига ўзимиз муҳтожмиз. Аслида бу ибодатларнинг замирида буюк бир маъно борки, уларнинг барчаси мукаллаф бўлган инсоннинг ўзига қаратилган. Инсоннинг бу ибодатлардан оладиган фойдаси – инсонийлик, одамгарчилик, ҳақиқий инсон бўлишга ҳаракат қилишдир. Банда ўша намози, рўзаси, закоти, ҳажи билан комил мусулмон бўлишга интилади. Аслида мақсад мана шу, биродарлар. Исломнинг барча чақириқлари замирида эҳсон қилишга чақириқ бор, ухувватга, яъни биродарликка, яхшилик қилишга, жамиятда доим ўзидан юқоридагиларга эмас, ўзидан қуйиларга қараб яшашга чақириқ бор. Чинакам исломий, инсоний жамият ана шундай таркиб топади. Бундай жамиятда ҳар бир табақа ўзидан қуйидагиларга кўмак бериб яшайди. Бу ҳақда жуда кўп ҳадиси шарифлар айтилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда бир қийналган, муҳтож одамнинг оғирини енгил қилиш Аллоҳ йўлида Пайғамбар алайҳиссаломнинг масжидларида тўлиқ бир ой эътикоф ўтиришдан афзал дейилган. Аллоҳ йўлидаги бир кунлик эътикоф эса дўзах билан банда ўртасига кенглиги еру осмондек ҳандақлардан учтасини жойлаштиради дейилган ҳадисларни ҳам ўқиганмиз. Ваҳоланки бу ишлар бизда оддий бир амалдек қаралади.

Ибн Қоййим Жавзийя роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Агар садақа қилаётган одам берган садақаси фақирнинг қўлига етишидан аввал Аллоҳнинг қўлига бориб тушишини билса эди, унинг учун бу ишнинг лаззати олувчи одамнинг лаззатидан буюкроқ бўлар эди».

Садақани олган одам хурсанд бўлади, лаззатланади, ундан ўз эҳтиёжларига фойдаланади, мушкуллари кушойиш бўлади, қийинчиликлари тугайди. Масалан, қарзи бўлса, қарзини узади. Рўзғорида танқислик бўлса, бозор-ўчар қилади, хуллас, ниҳоятда хурсанд бўлади. Ана энди берилаётган садақа фақирнинг қўлига тушишидан аввал Аллоҳнинг қўлига тушишини билсак, берган одам олган одамдан кўпроқ лаззатланар экан. Албатта, бу ерда «Аллоҳнинг қўли» деган ибора мажозий маънода айтилади. Бунинг маъноси садақа берилиши билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ундан рози бўлади деганидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Албатта, мўминлар ўзаро биродардирлар. Икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд раҳм қилинсангиз», деб марҳамат қилади.

Мўмин-мусулмон биродарлар уч кундан ортиқ аразлашиб юриши мумкин эмас. Акс ҳолда унинг иймонига, мўминлигига шубҳа тушиб қолади. Шунинг учун кимдир бандалигига бориб, биродари билан уришиб, аразлашиб қолса, бошқалар дарров уларни ислоҳ қилишга киришиши керак. Бу – мўминнинг мўминдаги ҳаққидир. Орамизда кимдир биродари билан аразлашиб юрган бўлса, биз бунга беэътибор юрсак, баравар гуноҳкор бўламиз. Чунки Аллоҳ таоло «Сизлар биродарсизлар, орани ислоҳ қилиб қўйинглар», деб буюряпти. Эътибор қилсангиз, давомида «Аллоҳдан қўрқинглар» деб қўшимча қилиняпти. Аразлашиб қолган икки одамнинг орасини ислоҳ қилиш осон эмас. Бу анча кийин иш. Айниқса оилавий масалаларда, яқинлар орасидаги зиддиятни ислоҳ қилиш ниҳоятда қийин. Мана, ўз тажрибамиздан биламизки, маҳаллаларда яраштирув ҳайъатлари фаолият кўрсатади, баъзан ана шундай муаммоли оилаларга бориб, яраштиришга ҳаракат қилиб кўрсак, бу ишнинг ниҳоятда қийинлиги маълум бўлади. Аллоҳ муваффақият бермаса, уларни ҳеч ким яраштира олмайди. Чунки ҳамма ўзини ҳақ деб билади, келин ҳам ўзини ҳақ деб билади, куёв ҳам, қайнона ҳам, қайнота ҳам. Ҳаммаси тинмай ўзини оқлаб, нариги томонни ёмонлайди, иккинчи тарафнинг фикрини эшитмайди, эшитишни билмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло тақво берсагина, Аллоҳдан қўрқсаккина, Аллоҳ муваффақият берсагина улар бизнинг гапимизни эшитади, шундагина панд-насиҳатларимиз уларга таъсир қилади, шундагина улар ярашади. Худди шунингдек, дўстлар, биродарлар орасида ҳам ислоҳ учун аввало тақво керак. Шунинг учун оятда «Аллоҳдан қўрқинглар» деб қўшимча қилиниб, унинг ортидан бу хайрли ишнинг мукофоти ҳам айтиб қўйиляпти: «Шоядки раҳм қилинсангиз». «Шояд» сўзи кундалик муомаламизда эҳтимолий маънони билдирса, Қуръонда албатта маъносини, муқаррарликни билдиради, у ерда эҳтимол маъноси йўқ. «Сиз тақво қилинг, албатта раҳм қилинасиз» дегани бу. Демак, раҳм қилинишимиз учун тақво қилишимиз керак экан, Аллоҳдан қўрқишимиз керак экан.

«Мўмин ва мўминалар бир-бирига дўстдир, биродардир, улар одамларни яхшиликка буюрадилар», дейилади ояти каримада. Демак, мўминларнинг сифати – амри маъруф ва наҳйи мункар экан, «яхшиликка буюрадилар, ёмонликлардан қайтарадилар», дейиляпти. Шунинг учун жамиятда бўлаётган яхшилик ва ёмонликларга бизнинг муносабатимиз маълум – ёмонликка асло рози бўлмаймиз. Жамиятда бир гуноҳ қилинаётган бўлса, бунга жим қараб турган одам гўё ўша ишга рози бўлган саналади, гуноҳига шерик бўлади. Биз буни кўп айтганмиз. Шу ерда туриб, масалан, узоқ Кения юртида бўлаётган бир гуноҳга шерик бўлишимиз жуда осон, агар ўша гуноҳга рози бўлсак. Аммо ёнимизда бўлаётган гуноҳдан саломат қолишимиз мумкин, агар шунга норози бўлсак. Бугун айнан мана шу ухувват, биродарчилик йўқолганлиги учун худбинлик кўпайиб боряпти. Ҳамма фақат ўзини ўйлаяпти, бировга амри маъруф қилишга ҳам, наҳйи мункар қилишга ҳам тоқат йўқ. Чунки одамлар ўгитни кўтара олмайди, насиҳатни кўтара олмайди, деяпмиз, ортиқча истиҳола қиляпмиз. Бировга гапиришга, уни тўғрилаб қўйишга, бир чеккага чақириб, ёлғиз ўзига хатосини айтишга андиша қиляпмиз. Натижада жамиятда урф бўлаётган, оммавий тус олаётган гуноҳларга эътибор қилмаяпмиз. Ҳеч бўлмаса оиламизда шунга норозилик кайфиятини билдирмаяпмиз. Ваҳоланки шунга муносабат билдиришимиз керак, оиламизга бунинг моҳиятини тушунтириб, болаларимиз бундай ишга аралашмаслигини таъминлашимиз керак, бу хатарнинг олдини олишимиз керак. Чунки бунга кўпинча ризқ ҳақида қайғуриш, мол-дунёга ружу қўйиш, ортиқча меҳр қўйиш ва ҳоказолар сабаб бўлади.

Уламолар айтадилар: «Агар эртанги куннинг ризқи сен учун шунчалик муҳим бўлса, ўзи ўша эртанинг келишини ким кафолатлайди?» Сен эртанги куннинг ризқини ўйлаб ётибсан, сен учун эртанги кун келадими, йўқми – бунга ким кафолат беради? Кечаю кундуз қилган ишингдан ғамгин бўлиб юрасан, унутолмайсан, лекин кечаги кунни сенга ким қайтариб беради? У нарса ўтди, энди тавбангни қил!

Шу ерда бир нозик фарқ бор, биродарлар. Биз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қандай гуноҳ қилсак, У Зотни шундай топамиз. Аллоҳ таолони кечиргувчи деб гумон қилсак, кечиргувчилигини кўрамиз. Масалан, бир гуноҳ қилдик, хато қилдик, шунга астойдил тавба қиляпмиз. Бу тавбанинг астойдиллиги қаердан билинади? Шу гуноҳга қайтмаяпсиз, бошқа ундай қилмаяпсиз – ана шундай билинади. Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилди, гуноҳимни кечирди деб ҳисоблаб қўйманг, балки шундай деб умид қилинг, шунга ишонинг. Чунки инсон доимо ўзини бир нарсада айбдор қилаверса, ўзини ҳалок қилиши мумкин, чунки бунда янги ҳаётга интилиш бўлмайди. Аллоҳ таолони кечиргувчи деб топиб, марҳаматидан умид қилиб, олдинга юришимиз керак. Тавбани қилсагу, яна ўша гуноҳнинг қайғуси билан яшайверсак, бу нарса бизни тобора эзаверади, оқибатда ҳаётдан маъно қолмайди.

Тасаввуф пирлари айтадилар: «Агар Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўриб қолса, ўша бандага ўзининг айбини кўрсатиб қўяди. Натижада у ўзининг айблари билан овора бўлиб қолади». Демак, Аллоҳ бир бандани яхши кўрса, унинг айбларини кўзига кўрсатиб қўяди. Шунда ўша банда ўзининг айби билан, ўзининг гуноҳи билан машғул бўлади, уларни муолажа қилиш билан банд бўлади, натижада бошқаларнинг айбини изламайди, бировларни айблаб юрмайди, бировнинг гуноҳини топишга чалғимайди. Бошқалар билан овора бўлишга имкони ҳам, вақти ҳам бўлмайди. Ана шундай қилиб валийлик йўлига юрилади. Инсон ўзини муҳокама қилади, сарҳисоб қилади, шу тариқа ўзини тўғрилайди. Ахир қандай қилиб ўзимиз билмаган, тепасида турмаган нарсани муҳокама қилишимиз мумкин? Ахир биз бунга таклиф ҳам қилинмаганмиз, бу бизнинг вазифамиз ҳам эмас. Аксинча, биз бундан қаттиқ қайтарилганмиз.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР