Тавсия қиламиз

НАСЛНИ ЧЕКЛАШ ҲАҚИДА ҲУҚМ

Мақолалар access_time22-апрел 2017, 15:50

Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан набий йўқ зотга саловатлар бўлсин!…

Зар қадрини заргар билади

Мақолалар access_time20-апрел 2017, 20:01

 Ислом тарихидан барчамизга маълумки, Зайд ибн Ҳориса дастлаб Пайғамбаримизнинг…

ИСТИХОРА НАМОЗИ ҲАҚИДА

Мақолалар access_time17-июль 2017, 13:54

  «Истихора» сўзи луғатда хайрни талаб қилиш, деган маънони…

Улар шундай бўлишган. Бизчи?

access_time2-март, 11:49 visibility190

Хатиб Бағдодий ўзларининг «Тарихи Бағдод» китобларида ёзган воқеани Сайфулло Мансур домла таржима қилибдилар, Аллоҳ умрларини узун қилсин. Қози Абу Абдуллоҳ Роқидий роҳимаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар: 
«Ҳорун ар-Рошиднинг вазирларидан бири бўлмиш Яҳё ибн Холид Барнакийнинг даврида Қурбон ҳайити олдидан менга иқтисодий қийинчилик келиб қолди. Уйда ҳеч нарса йўқ. Уйдагилар «Ҳазрат, эртага ҳайит, уйда ҳеч нарсамиз йўқ», дейишди. Шунда бир тожир дўстимнинг ҳузурига бориб, қарзга эҳтиёжим бор, ёрдам беринг, дедим. Бозорда юрадиган савдогар дўстим муҳри бузилмаган, 1200 дирҳам кумуш тангаси бор халтани олдимга қўйди. Уйга келсам, орадан кўп ўтмай кўчадан биров чақирди. Чиқиб қарасам, ҳошимийлардан, яъни Пайғамбар алайҳиссаломнинг авлодидан бўлган бир дўстим ёрдам сўраб келибди. Уйга кириб, хотиним билан маслаҳатлашдим. Аёлим: «Нимага ўйланиб турибсиз?» деди. «Мана шу қарзга олган пулимнинг ярмини берсаммикин, деяпман», дедим. Аммо аёлим: «Ҳимматингизни оширинг, тақсир. Бозорда юрган бир савдогар дўстингиз сизга бутун қилиб берди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қариндоши остонангизга келсаю, унга ярим қилиб бермоқчимисиз? Ҳаммасини беринг», деди. Чиқиб, халтанинг муҳрини бузмасдан олиб чиқиб бердим. У кетгач, сал туриб, яна биров чақирди. Чиқиб қарасам, ҳалиги савдогар дўстим экан. Қарасам, қўлида бояги халта. У ҳам борини менга бериб юборгач, қарзга эҳтиёж сезибди. Бояги ҳошимий дўстим унинг ҳам дўсти эди, ўшанинг олдига қарз сўраб борибди. Ҳошимий дўстим мендан олган халтани муҳрини бузмасдан, унга олиб чиқиб берибди. Шунда у ўзининг халтасини таниб қолиб, менинг ҳузуримга келган экан. Шу пайт Бармакийнинг чопари келиб қолди. Маълум бўлишича, Яҳё ибн Холид Бармакий унга мендан узр сўраб, шундай дейишни буюрган экан: «Ҳазрат, мен халифанинг топшириқлари билан овора бўлиб, сизлардан хабар ололмай қолдим». Мен бўлиб ўтган воқеани унга айтиб бердим, у киши таъсирланди. Сўнг ходимига «Динорлар солинган бояги халтани олиб кел», деди. У ўн минг динор солинган халтани олиб келди. Уни олдимга қўйиб, «Мана бу икки минг савдогар дўстингизга, икки минг динор ҳошимий дўстингизга, икки минг ўзингизга. Тўрт минг динор эса аёлингизга, чунки у ичингизда энг сахийингиз экан», деди. Биродарлар, чинакам ухувват ана шундай бўлади. Бунга ўхшаш мисолларни шонли тарихимизда жуда кўплаб учратиш мумкин.  
Пайғамбар алайҳиссаломнинг замонларида ҳазрати Али уйланаман десалар, ҳеч нарсалари йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари  Фотима розияллоҳу анҳони никоҳларига оляптилар. Шунда совутларини бериб, шуни сотиб келгин деб, бир кишини бозорга жўнатдилар. Ҳазрати Усмон бозордан ўтиб кетаётиб, ҳазрати Алининг машҳур совутини кўриб қолдилар. Қарасалар, ҳалиги ходим уни сотяпти. Нархини сўраган эдилар, тўрт юз дирҳам деди. Ҳазрати Усмон совутни тўрт юз дирҳамга сотиб олиб, уйларига келдилар, ёнига яна тўрт юз дирҳам қўшдилар-да, ҳазрати Алийнинг уйларига келиб, «Эй  Алий, бу совут сенга ярашади, уни ўзинг таққин. Мана бу тўрт юз дирҳамни эса тўйингга ишлатгин. Бизни авф этгинки, шароитингдан бехабар қолибмиз», дедилар. Ҳақиқий биродарлик мана шундай бўлган, биродарлар.  
Биродарчилик, ухувват ҳукм сурган, ҳар бир инсон бир-бирини ўйлаган, бир-бирига ёрдам берган, ака-укачилик қилган жамиятда ижтимоий муҳим ана шундай бўлган. Биз ана шундай жамиятга қайтмоғимиз керак. Бундан бошқа нажот йўқ, биродарлар. Худбинлик ривожланиб кетаверса, авж олаверса, ҳамма фақат ўзини ўйлайверса, бир-бирига ёрдам беришдан қочса, бировнинг холидан хабар олмай қўйса, қариндош уруғлар билан ҳам борди-келди узилса, бунинг оқибати нима бўлади? Фақат Қиёмат тезлашади, холос. Ана шу қиёмат тезлашмаслиги учун имконимиз борича одамгарчиликни йўлга қўйишимиз керак.  


Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафиўаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР