Тавсия қиламиз

Қалб нима дегани?

Мақолалар access_time5-июль 2017, 12:09

  «Қалб» луғатда бир нарсани ағдаришни англатади. У бир…

ҲАЛОЛЛИК ЙЎЛИ

Мақолалар access_time3-август 2017, 14:17

2012 йилнинг декабр ойида Испаниянинг Наварра вилоятида енгил атлетика бўйича…

Аллоҳ таоло банданинг қўлидан келган нарсанигина буюради

Мақолалар access_time21-феврал 2018, 10:08

Аллоҳ таоло банданинг қўлидан келган нарсанигина буюради. Шундан келиб чиқиб…

Суралардаги “муқаттаот” ҳарфлар

access_time13-март, 18:58 visibility223

Араб алифбосидаги ҳар бир ҳарфнинг номи бор ва у ҳарфларнинг номи икки ёки уч ҳарфлик бўлади. Масалан: ا ҳарфининг номи “الأَلِفْ” (алиф) ва ب нинг номи “الْبَا (ба) ва ҳоказо.

Қуръон каримдаги баъзи суралар (ص),(حم),(الم),(المص), (كهيعص) каби “муқаттаот” ҳарфлари билан бошланади. Бу сўзларни алифбодаги ҳарфларнинг номи билан тиловат қилинади. “Муқаттаот” ҳарфлар – “узилган” ҳарфлар демакдир. Умумийроқ баён қилинса, ушбу ҳарфлар бирикиб, сўзга айланган бўлса-да, инсонлар сўзлашувида ишлатадиган сўзлар каби маъноларни ифода қилмайди. Яъни, бу ҳарфлар бирикиб сўз шаклида бўлса-да, сўз сифатида тушунарли маънони ифода қилмагани учун гўё бирикмасдан, бир-биридан узилгандек. Уни талаффузида ҳам битта-битта, алоҳида номи билан талаффуз қилинади.

Грамматик таҳлили: Бу ҳарфларнинг грамматик жиҳатидан баён қилиб Абул Баракот Насафий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бу ҳарфлар мўъроб. (яъни, турланиш ёки тусланишида тугалланмаси ўзгарадиган сўз)дир. Сукун қилиб ўқилишлигига сабаб эса, уларга эъроб берадиган омилни йўқлигидир. Масалан, زَيْدْ деганимизда, унинг омили йўқлиги сабабли сукунли бўлгани каби. Баъзилар бу ҳарфларни “асмоул асвот” каби мабнийдир”, дейдилар[1].

Тафсири: Бу ҳарфларнинг маъноси борасида муфассир Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ қуйидагича баён қилади: “Муфассирлар сураларнинг аввалидаги “муқаттаот” ҳарфларнинг тафсирида ихтилоф қилишди. Бир гуруҳ муфассирлар: “Бу ҳарфларнинг маъноси Аллоҳнинг илмига аёндир” деб, тафсир қилишмаган. Яъни, таъвилини фақатгина Аллоҳ биладиган муташобиҳ оятлардандир, дейишган. Айнан шу фикрни аксар уламолар қўллаган.

Бир қанча муфассирлар эса тафсир қилишган ва уларнинг тафсирлари турлича бўлган. Баъзилар: “Бу сураларнинг исмларидир” дейишган. Замахшарий бу фикрга кўпчилик қўшилишини айтади.

Бошқа баъзи муфассирлар эса:  “Муқаттаот” ҳарфларнинг ҳар бири Аллоҳнинг исмлари ва сифатларидан бирига далолат қилади. Масалан “алиф” Аллоҳ таолонинг исми бўлмиш “Аллоҳ”га, “лам” эса “Латиф”, “мим” эса “Мажид”га далолат қилади ва ҳоказо” дейдилар[2]. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Бу Аллоҳнинг исми аъзамидир” деган[3].

Баъзи муфассир уламолар қуйидагича тафсир қилишади: “Сураларнинг бошидаги бу ҳафрлар башарни ожиз қолдириш мақсадида келтирилган. Ушбу “муқаттаот” ҳарфлар инсонлар сўзлашадиган ҳарфлардан ташкил топган бўлса-да, башарият уни зиддига унга ўхшаш бирор-бир нарса келтиришга ожиздир”. Бу фикрни Имом Розий Мубаррад ва бир қанча муҳаққиқ уламолардан келтиради.

Муқаттаот” ҳарфларига тегишли баъзи қизиқарли маълумотлар:

Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу “муқаттаот” ҳарфларининг барчаси Қуръонда бир жойда жамлаб келтирилмаган. Балки бошқаларни унга ўхшашини келтиришда баҳсга чақириб, бир қанча сураларда такрор ва такрор келтирилган. Масалан, баъзи сураларда битта ҳарф қилиб келтирилганлари (ص), (ق), (ن), яна бошқа сураларда иккита ҳарф қилиб: (حم), (يس), (طس), (طه),  учта ҳарф қилиб: (الم), (الر), (طسم), тўртта ҳарф қилиб: (المص) (المر), ҳамда бешта ҳарф қилиб келтирилган: (كهيعص)  (حم عسق), Одатда инсонларнинг сўзлашувидаги арабий сўзлар битта, иккита, учта, тўртта ва энг кўпи бешта ҳарфдан ташкил топгани сабабли ҳам “муқаттаот” ҳарфларидан ташкил топган сўзлар ҳам шу ададдаги ҳарфлардан ташкил топди”[4]. “Муқаттаот” ҳарфларини сураларнинг бошида такрорнаишига кўра қуйидагича келади:

1 та сурада келганлари: (ص), (ن), (ق), (حم عسق), (يس), (طس), (طه), (كهيعص) (المص) (المر).

2 та сурада келганлари: (طسم).

5 та сурада келганлари: (الر)

6 та сурада келганлари: (الم), (حم). Бу маълумот қуйидаги жадвалда батафсил берилади.

 “Муқаттаот” ҳарфлардан ташкил топган сўзларнинг барчаси алоҳида оят эмас. Балки баъзилари алоҳида оят, баъзилари эса биринчи оятнинг бошидаги сўз сифатида келган.

 Имом Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Муқаттаот” ҳарфлари Қуръони каримда 29 та ҳарфдан иборат араб алифбосининг ададича 29 та сурада келган. Агар такрорланганларини чиқариб юборсак, 14 та сурада келиши маълум бўлади. Бу эса араб алифбосидаги ҳамза ва алифни битта ҳарф деб оладиган бўлсак. Шунда такрорланмаган “муқаттаот” ҳарфлар алифбонинг ярмини ададига тенг бўлади. “Агар ушбу 14 та “муқаттаот” ҳарфларига назар солсак, араб алифбосидаги ҳарфларнинг сифати жиҳатидан тенг ярмиси шу ҳарфларда жамланган. Масалан, 10 та жарангсиз (маҳмуса) ҳарфлардан 5 таси “муқаттаот” ҳарфларида мавжуд. Улар: (الصاد والكاف، والهاء، والسين، والحاء), 18 та жарангли (мажҳура) ҳарфларнинг ярмиси (الألف، واللام، والميم، والراء، والعين، والطاء، والقاف، والياء، والنون), 8 та қаттиқ (шадида) ҳарфларнинг ярмиси (الألف، والكاف، والطاء، والقاف), 15 та сирғалувчи (рохова) ҳарфларнинг ярмиси (اللام، والميم، والراء، والصاد، والهاء، والعين، والسين، والحاء، والياء، والنون), 4 та йўғон-ёпиқ (мутбақо) ҳарфларнинг ярмиси (الصاد، والطاء), 24 та очиқ (мунфатиҳа) ҳарфларнинг ярмиси (الألف، واللام، والميم، والراء، والكاف، والهاء، والعين، والسين، والحاء، والقاف، والياء، والنون), 7 та йўғон (истеъло) ҳарфларнинг ярмиси (القاف، والصاد، والطاء), 22 та ингичка (мунхафиза-истефола) ҳарфларнинг ярмиси (الألف، واللام، والميم، والراء، والكاف، والهاء، والياء، والعين، والسين، والحاء، والنون), 5 та тебранувчи (қалқала) ҳарфларнинг ярмиси (القاف، والطاء) “муқаттаот” ҳарфларида мавжуд[5].

Бундан ташқари, тадқиқотлардан маълум бўлдики, суранинг айнан қайси “муқаттаот” ҳарфлари билан бошланган бўлса, шу суранинг ичида ўша “муқаттаот” ҳарфлари бошқа ҳарфларга нисбатан кўпроқ бўлади. Мисол учун, “Қоф” (ق) сурасининг ичида қоф ҳарфи бошқа ҳарфлардан кўра кўпроқдир. Имом Заркаший раҳимаҳуллоҳ айтади: ““Қоф” сураси қоф ҳарфининг сифатлари бўлмиш “қаттиқ” (шадида), “жарангли” (мажҳура), “очиқ” (мунфатиҳа), “тебранувчи” (қалқала) маъноларини ҳам ифода қилган”[6].

Қуйида Қуръон каримда “муқаттаот” ҳарфлари билан бошланган 29 та сураларни жадвал асосида кўришингиз мумкин:

Суранинг номи

“Муқаттаот”

ҳарфлари

Суранинг номи

“Муқаттаот”

ҳарфлари

  1.  

Бақара сураси

الم

  1.  

Анкабут сураси

الم

  1.  

Оли Имрон сураси

الم

  1.  

Рум сураси

الم

  1.  

Аъроф сураси

المص

  1.  

Луқмон сураси

الم

  1.  

Юнус сураси

الر

  1.  

Сажда сураси

الم

  1.  

Ҳуд сураси

الر

  1.  

Ясин сураси

يس

  1.  

Юсуф сураси

الر

  1.  

Сод сураси

ص

  1.  

Раъд сураси

المر

  1.  

Ғофир сураси

حم

  1.  

Иброҳим сураси

الر

  1.  

Фуссилат сураси

حم

  1.  

Ҳижр сураси

الر

  1.  

Шуро сураси

حم عسق

  1.  

Марям сураси

كهيعص

  1.  

Зухруф сураси

حم

  1.  

Тоҳа сураси

طه

  1.  

Духон сураси

حم

  1.  

Шуъаро сураси

طسم

  1.  

Жасия сураси

حم

  1.  

Намл сураси

طس

  1.  

Аҳқоф сураси

حم

  1.  

Қасос сураси

طسم

  1.  

Қоф сураси

ق

 

  1.  

Қалам сураси

ن

 

Аллоҳ таоло қалбимиз баҳори – Қуръони каримни Ўзи нозил қилганидек ўрганиш, тушуниш, тиловат қилиш ҳамда мукаммал амал қилишга муваффақ қилсин!

Жаҳонгир Убайдуллоҳ,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон”

кафедраси ўқитувчиси

 


[1] Абул Баракот Абдуллоҳ Насафий. “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”. – Байрут.: “Дару Ибн Касир” нашриёти. 1-жузъ. 2018-й. 35-б.

[2] Абул Фидо Исмоил ибн Касир Димашқий. “Мухтасору тафсири Ибн Касир”. – Байрут.: “Мактабатул асрия” нашриёти. 1-жузъ. 2017-й. 21-б.

[3] Абул Баракот Абдуллоҳ Насафий. “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”. – Байрут.: “Дару Ибн Касир” нашриёти. 1-жузъ. 2018-й. 36-б.

[4] Абул Фидо Исмоил ибн Касир Димашқий. “Мухтасору тафсири Ибн Касир”. – Байрут.: “Мактабатул асрия” нашриёти. 1-жузъ. 2017-й. 23-б.

[5] Жаруллоҳ Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар Замахшарий. “Тафсирул кашшоф ан ҳақоиқит танзил ва уюнил ақовил фий вужуҳит таъвил”. – Байрут.: “Дорул маърифа” нашриёти. 1-жузъ. 2013-й. 139-б.

[6] Бадриддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Заркаший. “Ал бурҳон фий улумил Қуръон”. – Қоҳира.: “Дорут турос” нашриёти. 1-жузъ. 209-й. 258-б.

 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР