Тавсия қиламиз

Нега бундай номлашган экан? Жинлар масжиди ҳақида эшитганмисиз?

Мақолалар access_time20-апрел 2017, 19:54

Аҳён-аҳёнда ажойиб масканлар, бино ва иншоотлар номлари қулоққа чалинади.…

ВАТАНГА БЎЛГАН МУҲАББАТ

Мақолалар access_time13-январ 2017, 16:27

Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари хоки ётган она юртни дунёда тенгсиз,…

Ўғри бўлиб кириб, амир бўлиб чиқди.

Мақолалар access_time31-октябрь 2017, 14:31

 Кимга берсам экан, кимга? Ёлғизгина қизимни кимга турмушга берсамикан?…

Бидъат-хурофотлар!

access_time23-март, 11:50 visibility830

    Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал Ислом динини тўлиқ қилиб бергани бу умматга берилган энг катта неъматдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул вадода турганларида нозил қилган ушбу оятда шундай дейди: «Букун динингизни камолига етказдим, неъматимни тамом қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим».

    Эътибор берсангиз, бу диннинг мукаммал эканини уни биз учун дин деб рози бўлган Зотнинг Ўзи айтяпти. Демак, унда ҳеч қандай янгилик пайдо қилиш, қўшимча киритиш, такомиллаштиришга ўрин йўқ. Бироқ, афсуски, мана шу ишга беҳуда уринишлар жуда кўп бўляпти. Биз диндаги ана шундай «янгиликлар» – бидъат-хурофотларни таниб, билиб олишимиз ва улардан эҳтиёт бўлишимиз ва бошқаларни ҳам огоҳ қилишимиз керак. Шу боис бугунги суҳбатда бидъат ва хурофотлар ҳақида гаплашиб ўтамиз.

«Бидъат» ва «хурофот» сўзлари арабий сўзлар бўлиб, луғатда ўхшаши йўқ, ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш деган маъноларни англатади. Диний ақийдаларга ўринсиз ислоҳ киритиш бидъат дейилади, хурофот эса умуман асоси йўқ нарса деганидир. Бидъат билан хурофотнинг фарқи шуки, бидъатнинг заиф бўлса ҳам хабари, далили бор, аммо шубҳали бўлади, хурофот эса умуман асли йўқ нарсадир. Уларнинг фарқи мана шунда.

Истилоҳда эса бидъат деб Пайғамбар алайҳиссалом даврларида бўлмаган нарсани диндан деб эътиқод қилиб амалга оширишга айтилади. Ислом тарихида Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида бўлмаган ишларни амалга оширган зотлар бўлган. Масалан, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг жамоатни таровеҳ намозига жамлаб, хатми Қуръон қилдиришлари, мадрасалар қурилиши, масжидга гилам солиниши каби ишлар бунга мисол бўла олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжидга гилам солинмаган, гиламлар кейинроқ солинди. Ҳазрати Усмон даврларида масжид кенгайтирилганда аввал бўйрага ўхшаш нарсалар ташланди, кейинчалик гиламлар тўшала бошланди. Шу жиҳатдан олганда «Булар ҳам бидъат-ку, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бу иш бўлмаган-ку?» дейиш мумкин. Аммо булар асли бор нарсалар. Булар оят ёки ҳадиснинг ҳукми деб қилинмайди, балки мақсадга мувофиқлиги, эҳтиёж ёки заруратдан келиб чиққан ҳолда қилинади. Аммо шариатда қораланадиган, биз ёмон кўрадиган бидъат эса динда асли бўлмаган нарсани қилишдир. Масалан, сафар ойида сафар қилиб бўлмайди деган тушунча. Бу энг авомий тушунча. «Сафар ойида тўй қилиб бўлмайди», «Икки ҳайит орасида тўй қилиб бўлмайди» ва ҳоказо гаплар. Бир пайтлар бу бидъатларга жуда қаттиқ амал қилинар эди. Ҳақиқатан ҳам икки ҳайит орасида тўйлар тўхтаб қоларди. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир анча ўзгариш бор.

Бунга ўхшаш бидъат-хурофотлар жуда кўп. Зиёратга бориб, фарзанд умидида дарахтга латта боғлаш, бир ёғочнинг тагидан эмаклаб ўтиш ва ҳоказо. Бундай бидъат-хурофотларнинг бугунги ривожланган асримизда ҳам бўлиб турганлиги бизнинг мусибатимиздир.

Имом Абу Довуд ва имом Термизийлар ривоят қиладилар:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи ҳидоят топган халифаларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар. Чунки ҳар қандай бидъат залолатдир».

Озиқ тиш билан тишланглар дегани динни ўта маҳкам ушланглар, собит туринглар деганидир.

Уламоларимиз бидъатни икки турга бўлганлар – ҳасана ва саййиа, яъни яхши ва ёмон бидъат.

Бу таърифнинг, истилоҳнинг келиб чиқиш тарихи қуйидагича: ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъбни имом қилиб, унинг ортидан саҳобаларни саф қилиб, хатми Қуръон қилаётганларини кўриб, «Қандай яхши бидъат бўлибди!» деганлар. «Бидъати ҳасана» сўзи шу ердан олинган.

Имом Бухорий, имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади», деганлар.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Саҳиҳул Бухорий»га ёзган «Фатҳул Борий» номли шарҳларида ушбу ҳадис ҳақида шундай дейдилар: «Бу ҳадис динни сохталаштиришдан, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган – динга зид бўлган, диннинг далилларига, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозимдир».

Аммо динга зид бўлмаган, асли бор, диннинг асосларига таянган ҳолда, динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди. Бу ҳақда энг машҳур ҳадис бу борадаги барча саволларга жавоб бўлади, «бидъати ҳасана» йўқ дейдиганларга раддия бўлади.

Имом Муслим, имом Термизий, имом Насаий ва имом Ибн Можалар ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Ким Исломда гўзал одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, ўша пайдо қилган одамга ўша амалнинг ажри ва унга амал қилганларнинг ажри бўлур ва уларнинг ажридан бирон нарса ноқис бўлмас. Ким Исломда ёмон одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўша амалнинг гуноҳи ва кейинчалик унга амал қилганларнинг гуноҳи бўлур ва бунда уларнинг гуноҳларидан бирон нарса ноқис қилинмас».

«Бир одат пайдо қилса» деб таржима қилинган жумла ҳадиснинг матнида «ман санна» деб келган бўлиб, «суннат» сўзи шу ўзакдан олинган.

Демак, яхши амал учун ҳам, ёмон амал учун ҳам уни пайдо қилган одамга савоб ёки гуноҳ ёзилади. Бир гуноҳ бордир, аммо уни бошлаб бериш ундан ҳам оғир гуноҳ бўлади. Чунки бир гуноҳни одат қилиб берсангиз, кимки сиздан кейин шу гуноҳга амал қилса, уларнинг гуноҳидан сизга ҳам насиба ёзилаверади. Худди шунингдек, кимки бир яхши амални бошлаб берса ва одат қилса, шундан кейин ким унга амал қилса, бунинг савоби унга ҳам бораверади. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР