Тавсия қиламиз

Ер юзидаги энг бахтли одам – Сизсиз

Мақолалар access_time31-июль 2017, 12:31

Аллоҳ таоло Қуръони каримда яхшилик ва ёмонлик, бахтлилик ва бахтсизликни…

САВОЛ - ЖАВОБ

Мақолалар access_time12-октябрь 2018, 21:00

САВОЛ:  Ассалому алайкум! Кори ака исломда эркаклар билан эркаклар,…

Рибонинг ҳаромлиги борасида ислом назарияси

Мақолалар access_time23-март 2017, 19:22

Рибонинг ҳаромлигида ислом назарияси мантиқий, ақлий ва шаръий асосланган.…

Аллоҳнинг Расулига одоб ила муомала қилинглар!!! "Ҳужурот сураси"

access_time25-март, 12:46 visibility262

     Азизлар, Қуръони Каримдаги Ҳужурот сураси 18 оятдан иборат бўлиб, Мадинаи Мунавварада нозил бўлган. Ушбу 18 оятда 18 минг оламнинг масаласи бор. Бу сура бошидан охиригача одоб-ахлоқ, муомала ва муносабат масалаларига оид бўлиб, тасаввуф уламолари уни бошидан охиригача тасаввуф сураси ҳам дейишади. Сурада аввало бандаларнинг Аллоҳга нисбатан, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан одобини баён қилади. Сўнгра мўмин-мусулмонларнинг жамиятдаги ўзаро одобларини баён қилади. Мўмин-мусулмонлар ушбу сурада келган одобларга амал қилганларида доим устун бўлганлар, бахт-саодатли бўлганлар, аммо амал қилмай қолганларида таназзулга юз тутиб, ортда қолиб кетганлар, мағлуб бўлганлар. Бу сурадан олинадиган фойдаларнинг бугунги мавзуимизга оид жиҳати шундан иборатки, бидъат-хурофотларнинг келиб чиқишига ҳам мана шу сураи каримада келган оятларнинг ҳукмларига амал қилмаcлик сабаб бўлади. Ҳужурот сураси сизу биз учун энг маҳбуб бўлган нидо билан – «Эй иймон келтирганлар!» деган мурожаат билан бошланади. Аллоҳ таоло «иймон келтирганлар» деб сизни ва бизни айтяпти. Бизнинг иймон келтирганлигимизни, мўмин-мусулмонлигимизни эслатиб қилинаётган хитоб одатда ниҳоятда муҳим бир хабарнинг олдидан келади. Демак, қуйида келадиган хабар жуда муҳим экан. «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ва Унинг Расулидан муқаддам бўлманглар!». Бунинг маъноси – ҳовлиқманглар, Аллоҳ ва Унинг Расулига одоб ила муомала қилинглар, Аллоҳ ва Унинг Расулидан олдин фикр билдирманглар, улардан олдин фатво берманглар, деганидир. Салаф солиҳлар бунга амал қилганларида доим афзал бўлганлар. Масалан, машҳур саҳоба Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни эслайлик. Пайғамбар алайҳиссалом у кишини Яманга жўнатаётганларида «Бирон масалага дуч келсанг, қандай ҳукм қиласан?» деб сўраганлар. Шунда ҳазрати Муоз «Қуръон билан ҳукм қиламан», деганлар. «Қуръондан топа олмасанг-чи?» деганларида «Пайғамбаримнинг суннатига қарайман», деган. «Ундан ҳам топмасанг-чи?» деганларида «Унда ижтиҳод қиламан, бўш келмайман», деган. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом унинг кўксига қўллари билан қоқиб, «Элчисининг қалбининг элчиси билан хушнуд қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!» деганлар.

Бу сўзлар барчамиз учун асосий қоидадир. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ана шу қоидани баён қилдилар. Демак, бирор масалани ҳал қилиш керак бўлса, аввало Қуръонга мурожаат қиламан дедилар. Ундан топа олмасам, суннатга – ҳадисларга мурожаат қиламан, у ердан ҳам тополмасам, кейин ижтиҳод қиламан, дедилар. Демак, мўмин-мусулмон одам ҳеч бир ишда ўзбошимчалик қилмас экан, бир масалани ўзича ҳал қилиб олмас экан.

Албатта, Аллоҳ таолонинг чексиз ҳикмати ва иродаси ўлароқ, ҳар бир оятнинг нозил бўлишига маълум воқеа-ҳодисалар, вазиятлар сабаб бўлган. Жумладан, саҳобалар ўртасида ҳам ана шундай ҳолатлар содир бўлса, Аллоҳ таоло оят нозил қилиб, бу ишнинг ҳукмини баён қилар эди. Ривоятларга кўра, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида Бану Тамим қабиласига кимни оқсоқол қилиб тайинлаш борасида тортишиб қоладилар. Абу Бакр фалончи бўлсин дейдилар, Умар фалончи бўлсин дейдилар. Шунда Абу Бакр «Сен менга қарши чиқяпсанми?» деса, Умар «Йўқ, қарши чиқмаяпман» дейдилар. Хуллас, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида уларнинг овозлари кўтарилиб кетади. Ана шунда Аллоҳ таоло биз юқорида келтирган оятларни нозил қилади. Оятнинг давомида Аллоҳдан қўрқинглар, чунки Аллоҳ таоло барча нарсани эшитувчи, барча нарсани билгувчи Зотдир.

Биз мусулмонларнинг асосий муаммоси мана шу оятга амал қилмасликдадир. Афсуски, бу ҳолатлар кўп учрайди, бир масалани ҳал қилиш керак бўлса, қоидага кўра, аввал Қуръондан, унда топилмаса Суннатдан қараб, уларда ҳам топилмаса, кейин мужтаҳидларнинг фатволарини биладиган уламоларга мурожаат қилиш керак эди. Аммо ҳовлиқамиз, ўзимизча ҳовлиқиб қоламиз. Ваҳоланки охират ишида шошилиш мумкин эмас, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули туриб, Қуръон ва Суннат туриб, мустақил равишда ўзимизга фатво чиқариб олишимиз, йўл топиб олишимиз, бирор гап чиқса, шунга ишониб, кимларгадир эргашиб кетаверишимиз мумкин эмас.

Ояти каримада «Эй иймон келтирганлар, овозларингизни Пайғамбар алайҳиссаломнинг овозларидан юқори кўтарманглар! Ўзаро бир бирларингизни гаплашгандаги муомалага ўхшаб, Расулуллоҳга қўпол муомала қилманглар, яна ўзингиз билмаган ҳолда амалингизни ҳабата қилиб қўйманг» дейиляпти. Бу ерда юксак исломий одоб намунаси баён қилинган бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиш одоби динимизда алоҳида ўрин тутади. Бошқа оятларда келганидек, Пайғамбар алайҳиссаломга у зотнинг исмлари билан мурожаат қилиш ҳам одобсизлик ҳисобланган, шунинг учун «Эй Аллоҳнинг Расули», «Эй Аллоҳнинг Набийси» деб мурожаат қилиш ўргатилган.

Муфассир уламоларимиз ушбу оятнинг нозил бўлишига ҳам яна бир воқеа сабаб бўлганини айтганлар. Макка фатҳидан кейинги йил –ҳижратнинг тўққизинчи йили «вафдлар йили», яъни делегациялар йили деб номланган эди. Ўша йили Мадинага чор тарафдан элчилар ёғилиб кела бошлаган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг зоҳир бўлганларини эшитиб, иймон келтирган қабилалар ўз вакилларини юбораверишган. Шунинг учун ўша йил элчилар йили дейилади. Бир куни пешин пайти, жазирама иссиқда Пайғамбар алайҳиссалом ҳужраларида дам олаётган эдилар, аёллари билан холи қоладиган вақтлари эди. Шу пайт Бану Тамим қабиласининг элчилари келиб қолишди. Қабила раиси Ақра ибн Хобис деган киши эди. Бу саҳройи қавмлар маданиятдан бироз узоқроқ бўлишган, қўполроқ бўлишган. Ўша киши у зотнинг ҳужралари ортидан туриб, «Эй Муҳаммад! Бизнинг олдимизга чиқ! Билсанг, агар биз бировни мақтасак, кўкларга кўтариб юборамиз. Лекин қораласак, ер билан битта қилиб юборамиз» деб бақираверишди. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом уларга пешвоз чиқиб, «Нима хизмат?» дедилар. Улар бўлса «Биз сен билан баҳслашгани, шеър айтишгани келдик», дейишди. Элчилар орасида ҳар хил одам бор эди, ҳали улар мусулмон эмас эди. Шунда ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом «Мен шоир бўлиб келмаганман, баҳслашувчи ҳам бўлиб келмаганман. Лекин майли, нима демоқчисизлар, айтинглар», дедилар. Улар бир хатибни турғизиб, «Хутба айт», дейишди. У араб тилида ниҳоятда балоғат билан хутба айтди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам хатиблари бор эди, Қайс ибн Саъд ибн Шаммос деган. Қулоғи оғирроқ, овози баланд одам эди. «Шаммос! Тур, бунга жавоб қил», дедилар. У шундай хутба ўқидики, ҳалиги томон мот бўлиб қолди. Сўнг улар бир шоирни турғизиб, «Шеър айт», дейишди. У шеър айтди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом «Менга Ҳассонни топиб келинглар», дедилар. Ҳассон келиб, унга шунақанги бир шеърлар билан жавоб қилдики, улар яна мот бўлишди. Шу билан тортишув, баҳс тамом бўлди, улар мағлуб бўлиб, тан беришди-да, калимаи шаҳодатни айтиб, ҳаммалари мусулмон бўлишди. Сўнг уларнинг ишини танқид қилиб, қуйидаги мазмунда оятлар нозил бўлди: «Ҳужраларнинг ортидан туриб нидо қиладиганлар овозини Пайғамбар алайҳиссаломнинг овозидан кўтармасин. Агар улар сабр қилганларида эди, Пайғамбар алайҳиссаломнинг аср вақтида масжидга чиқишларини билиб, масжидга бориб, у зотни кутиб, сабр қилиб турганларида ўзларига яхши бўлар эди».

Зеро, бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан катта бир одобсизлик эди. Оятларда баён қилинган бу ҳукмлар қиёматгача жорий бўлиб қолди. Бу исломий одоб нурлари, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик ҳукми бугун Мадинаи Мунаввара халқининг менталитетига, урфига, миллий фазилатига айланиб кетган. Мана шу нарса Мадина халқини сокин табиатли халққа айлантириб қўйган. Ҳозир ҳам бориб кўрсангиз, Мадина халқи билан Макка халқининг орасида тафовутни ўзингиз сезасиз. Мадина халқи жуда сокин, мулойим, одамгарчилиги чиройли, чунки ахир у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётибдилар, Пайғамбар алайҳиссаломнинг баракалари бор. Макка аҳли эса шижоатли, бақир-чақир қиладиган, жўшқин табиатли одамлар бўлади.

Бир куни, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида икки киши масжиди набавийда бақир-чақир қилаётган экан. «Кимсизлар? Нега бақир-чақир қиляпсизлар?» дебдилар. «Биз Тоифдан келганмиз», дейишибди улар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу «Яхшиям Тоифдан келган экансизлар, агар мадиналик бўла туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳурматсизлик қилиб турганларингда, жазоларингни берган бўлар эдим», дебдилар.

Шу тариқа Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик ҳукми у зот вафот этганларидан кейин ҳам давом этиб қолди. У зотнинг қабрлари ёнида ёки умуман масжиди набавийда овозни баланд кўтариш мумкин эмас.

Бу юксак одоб, бу ҳассос маданият нафақат Мадина халқининг хулқига айланиб кетган, балки бу ҳукм кенгайиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари айтилган маҳалда овоз кўтарилмайдиган шаклга айланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари – аҳли илмлар ҳузурида ҳам овозни кўтармаслик мана шу ҳукмдан олинган, биродарлар. Бу у зоти бобаракотнинг ҳурматларидир. Бу ҳукмлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мавқеининг баландлигидан келиб чиққан эди. Саҳобаи киромларнинг бахти шунда эдики, биродарлар, аввало улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшар эдилар, у зотни кўриб турар эдилар,  у зот билан суҳбатлашар эдилар, ҳар куни у зотнинг ҳузурларига келиб, ваъз-иршодларини эшитар эдилар. Нақадар улкан бахт! Бундан ортиқ мўъжиза бўлиши мумкинми?!!! 

Устоз Саййид Рамҳатуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР