Тавсия қиламиз

Одамларни ишончини қозониш учун ўзини тақводор кўрсатиш

Мақолалар access_time22-март 2017, 19:41

Энг ишонган дўстингиз пул муомаласига келганда хиёнат қилиб, орани бузиб…

Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг

Мақолалар access_time18-декабр 2018, 12:26

Кимнидир ишга олиш, бир инсонга иш бериб, ҳалол ризқ топишига имкон бериш…

ОТА ҲАҚИДАГИ ҲАҚИҚИЙ ТУШУНЧАЛАР

Мақолалар access_time6-октябрь 2018, 13:23

Отанг сенга босим қилганида у сени ўсишингни истайди.  Отангни жим…

Ота-она розилигини топиш – фарзанднинг бурчи

access_time10-июнь, 12:16 visibility705

   Бизларни ота-оналарга яхшилик қилишга буюрган ва ота-оналарга оқ бўлишдан қайтарган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! 

Ота-оналарингизга яхшилик қилинглар, шунда фарзандларингиз сизга яхшилик қилади деган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оли байтларига, асҳобларига ва то Қиёматгача уларга эргашган зотларга салавот ва саломларимиз бўлсин!

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзигагина маълум ҳикматлар туфайли инсоннинг бу дунёга ота-она туфайли келишини ирода қилди. Зеро, агар У Зот истаса, инсонни ота-онасиз ҳам пайдо қилишга қодир эди, бу иш У Зотга жуда осон эди. Буни ота-онасиз яратилган зотлар мисолида кўришимиз мумкин. Масалан, ҳазрати Одам отамиз, ҳазрати Ҳавво онамиз ота-онасиз яратилган бўлишса, ҳазрати Ийсо алайҳиссалом отасиз пайдо бўлганлар. 

Аммо инсонни дунёга ота-она воситасида келтиришни ирода қилган Зот фарзандлар учун ота-онага яхши муомала қилишни, уларни рози қилишни, уларга гўзал муомала қилишни ибодат даражасига кўтарди. Қуръони Каримдаги ўн бешта ояти каримада айнан ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг ҳақларига дуолар қилиш лозимлиги зикр қилинган. 

Келинг, ана шу ояти карималардан баъзиларини мисол тариқасида ўқиб ўтайлик. 

Аввало, Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга буюргандан кейин ота-онага гўзал муомала қилишга буюрган оятни эслайлик. Нисо сурасидаги бу ояти каримада «Аллоҳга ибодат қилинглар ва У Зотга ҳеч нарсани шерик қилманглар, ота-оналарга эса яхшилик қилинглар», дейилган. Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиш ҳақидаги буйруқдан кейин бевосита ота-онага яхшилик қилиш ҳақида амр келмоқда. 

Инфоқ-эҳсон қилишда аввал кимдан бошлаш керак? Албатта, ота-онадан бошлаш керак. Бу ҳақда Бақара сурасида шундай маънодаги оят бор: «Сиздан қандай эҳсон қилишни сўрашади. Айтинг: «Ниманики эҳсон қилсангиз, аввал ота-онага, сўнгра қариндошларга, сўнгра етимларга, мискинларга ва мусофирларга. Аллоҳ ҳар бир эҳсонингизни билиб турувчи Зотдир». 

Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ таоло Қуръони Каримда кўп мадҳ қилган фазилатдир. Жумладан, Яҳё алайҳиссалом ота-онасига меҳрибон эди, итоаткор деб мадҳ қилинади, яъни жабр қилувчи итоатсиз эмас эди, деб мадҳ қилинган. Аллоҳ таоло сизу бизга нафақат ота-онани ҳурмат қилиш ёки уларга яхшилик қилиш, балки уларнинг ҳаққига қандай дуо қилишимизгача ўргатиб қўйди. «Роббим, ҳисоб-китоб кунида, Қиёмат кунида ота-онамни ва барча мўминларни мағфират қил» деб, «Роббим, ота-онам мени ёшлигимда қандай парвариш қилганларидек уларга раҳм қилгин» деб дуо қилишимиз керак экан. Қачонки дуо қилсак, ўзимиздан кейин энг аввал ота-оналаримизни дуо қилишимиз, «Роббим мени ҳам, ота-онамни ҳам мағфират қил» деб дуо қилишимиз лозим экан. Эътибор қилсангиз, ота-оналаримизнинг ҳаққига айтиладиган айнан мана шу дуони намознинг ичида қилиш тавсия қилинган. Ҳали салом бериб, намоздан чиқмай туриб, намознинг ичида ота-онамизнинг ҳаққига дуо қилишимизга имкон берилди, рухсат этилди ва ҳатто буюрилди. Сўнгра жамики мўминларни қўшиб, дуо қилиб, салом берамиз-да, шундан кейин намоздан чиқамиз. Бундан ортиқ мартаба бўлиши мумкинми? Ота-онанинг ҳаққи шу қадар улуғки, фарзанд ота-онасини дуо қилиши учун динимизнинг устуни бўлган намознинг ичи танланди. Мана шунинг ўзи ҳам қанчалик юксак шараф эгалари эканини англатади. 

Келинг, энди ҳадиси шарифлардан мисол келтирайлик. 

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинадиган муттафақун алайҳ ҳадисда, яъни имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган бу ҳадисда шундай дейилади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, яхшилик қилишим учун энг ҳақли бўлган инсон ким?» деб сўради. У зот: «Онанг», дедилар. У «Кейин ким?» деб сўради. У зот яна «Онанг», дедилар. Савол учинчи марта такрорланганда ҳам у зот: «Онанг» деб жавоб бердилар. Ниҳоят, тўртинчисида «Отанг», дедилар. 

Бу ердаги онани уч марта муқаддам қилиниши бежиз эмас, азизлар. Тафсир китобларидан ўқиганмизки, онанинг даражаси отадан уч баравар баланд бўлишига сабаб сифатида уламолар онанинг ҳомиладорлик давридаги учта ҳолатини мисол қилиб келтирадилар. Албатта, бу фикр инсоннинг ўз илм доирасидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан келиб чиқиб оятни тафсир қилгани бўлади. 

Аввало, она болани тўққиз ой бағрида кўтариб юради. Бу осон иш эмас. Бир фараз қилинг, бир луқма ёқмаган овқат ошқозонингизда туриб қолса, чиқиб кетмагунича ўзингизга келмайсиз. Ниҳоят, қайтариб ташлаганингиздан кейингина кўзингиз очилади. Аллоҳ таоло аёлларга шундай иқтидор бердики, уларнинг раҳмида бир парча эт ўсиб, ривожланиб, каттариб, тобора оғирлашиб боради. Инсон шаклига кирган пайтида унинг вазни 4-5 кг гача етиб боради, раҳмнинг ичи эса сув билан тўла бўлади. Шунча юкни кўтариб юриш, ётиб-туриш, ўтириш, овқат пишириш, кир ювишларни тасаввур қилинг. Бунинг устига, аёлнинг ҳомиладорлик пайти фақат шу юкни кўтариш билангина кечмайди, балки бошқоронғилик каби оғир ҳолатлар ҳам содир бўлади. Аёлнинг тинмай кўнгли айнийди, қайт қилади, дармонсизланади, юзига доғ тушади, озиб кетади ва ҳоказо. Буларнинг биттаси ҳам бир одамнинг тинкасини қуритиб қўядиган оғир жисмоний ва руҳий зарба ҳисобланади. Аёлларда эса бундай ҳолатлар тўққиз ой давомида сурункали давом этиши ҳам мумкин. Демак, ана шундай оғир машаққат аёлнинг нозик елкасига юкланади. Эркаклар аёлига қанчалик меҳрибон бўлмасин, хотинининг кўнгли тусаган нарсани дунёнинг нариги чеккасидан топиб келган тақдирда ҳам аёлнинг болани кўтариш азобини ҳис қила олмайди. Чунки ўзи ўша нарсани бирор марта ҳам кўтариб кўрмаган. Шунинг учун аёлнинг машаққатларини тўлиқ тушуна олмайди. Аёлига ачинади, раҳми келади, аммо айнан у бошидан ўтказадиган азобни ҳис қила олмайди. 

Аммо буни қарангки, салкам бир йил давом этган бу машаққатли давр шу билан якун топмайди. Энди бундан ҳам қийин ва хатарли иккинчи ҳолат – туғиш ҳолати бошланади. Фарзандни дунёга келтириш эса она учун ўлим билан юзма-юз келишдир. Пайғамбар алайҳиссалом туғруқ пайтида вафот қилган аёлни шаҳид даражасига кўтарганлар, боласини эсон-омон туғиб, бағрига босиб, ўзи ҳам, боласи ҳам саломат қайтган аёлларни эса ғозий даражасига тенглаштирганлар. Бу бежиз эмас, азизлар. Туғруқ пайтида аёлнинг ҳар бир суяги бўғиндан ажрайди, акс ҳолда бу суяклар синиб кетади. Суяклар синадиган даражадаги даҳшатли зўриқиш пайтида суякларнинг юмшаб кетиши эса Аллоҳ таолонинг чексиз қудратидан бир намунадир. Ҳозир чет элларда урф бўлганидек, эр аёлининг ёнига кириб, бирга кучанса ҳам, унинг азобини кўзи билан кўриб турса ҳам, аёлдаги оғриқни тўлиқ ҳис қила олмайди. 

Учинчи ҳолат – болани эмизишдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда болани эмизишни тўлиқ икки йил деб белгилаган. Аммо икки йил эмизиш осон иш эмас. Шунинг учун ҳозирги кунда икки йил тўлиқ эмизадиган аёллар ҳам нодир бўлиб боряпти. Уларнинг баҳонаси кўп – бола эммай қўйди, тайёр сунъий овқатлар етарли ва ҳоказо. Икки йил давомида болани кечаю кундуз эмизиш, айниқса уйқусини ҳаром қилиб, бир неча марталаб уйғониб, уни эмизишдек нақадар оғир машаққат! Эркак одам буни асло кўтара олмайди. Эркак киши кечаси ўн марта уйғона олмайди, бунга унинг асаби ҳам дош бера олмайди. Аммо Аллоҳ таоло аёлларнинг қалбига болага нисбатан шундай меҳрни жо қилиб яратганки, у боласи учун кечаси йигирма марта бўлса ҳам уйғонади. Муфассирларимиз «Мана шу уч ҳолат туфайли онанинг даражаси отадан уч баравар юқори қилинди», дейдилар. 

Албатта, бу ердаги уч баравар юқори даража ҳақлар борасида, холос. Чунки ота ва онанинг ҳурмати баробар бўлади. Фақат фарзанд икковларининг ҳаққига бир вақтда йўлиққанда қайси бирларини муқаддам қўйиш лозимлигини фақиҳлар бизга баён қилиб берганлар, холос. Аслида, хусусан эҳтиром жиҳатидан ота афзал саналади. Масалан, ота-она эшикдан кириб келса, эҳтиром юзасидан ота биринчи ўринда туради ва ота ҳурмати учун бола ўрнидан туради. Фарзанд она учун ўриндан турмаса ҳам онаси ҳафа бўлмайди. Баъзи оталар эса бундан бироз ранжийдилар. Шунингдек, юрганда ҳам отадан олдинга ўтиб юрилмайди, аммо онани етаклаб юрса бўлади. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР