Тавсия қиламиз

Закот беришнинг моҳияти

Мақолалар access_time18-июнь 2018, 16:51

Закот беришнинг моҳияти Закот беришнинг моҳияти шундаки, уни берган кишининг…

БИЛАСИЗМИ:Тўрт улуғ фаришта ва уларнинг вазифалари...

Биласизми access_time10-май 2017, 16:08

Тўрт улуғ фаришта ва уларнинг вазифалари: 1. Жаброил, алайҳиссалом, фаришталарнинг…

Ҳис қилиш доирасидан ташқари илм

Мақолалар access_time29-июнь, 17:18

 Модомики, ақл ҳис қилиш доирасидаги илм билан чегараланар экан, ўша…

Ота-онага қилинган яхшилик гуноҳларни ўчиради

access_time11-июнь, 10:55 visibility1930

   «Жавҳаратунна яро» китобда айтиладики, ҳомила эркак ва аёлнинг уруғларидан ҳосил бўлади. Эркакнинг уруғи умуртқа томондан, аёлники эса кўкрак томондан келади. Эркакнинг уруғидан боланинг суяги, мустаҳкам аъзолари бино бўлса, аёлникидан юмшоқ этлари ва ҳоказолар бино бўлади. Шунинг учун, яъни қон ва суяк эркакдан бўлгани учун насаб нисбати эркакка берилади. Боланинг асл пайдо бўлиши онанинг кўкрагидан бўлгани учун ҳар қандай йиғлаётган болага эътибор қилинг – ким овутса ҳам овунмайди, аммо онаси унинг бошини бағрига босса, минг хархаша қилаётган бўлса ҳам шу заҳоти тинчланади, овунади. Демак, йиғлаётган бола онасининг бағрига бошини қўйса, дарров юпаниб қолади. Эҳтимол, асли шу ёқдан келгани учундир.

Аммо ота-онага кўрсатилган эҳтиромнинг энг юксак чўққиси шуки, Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини ота-онанинг розилигига боғлаб қўйган.

Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Робб субҳанаҳу ва таолонинг ризоси ота-онанинг розилигидадир, У Зотнинг ғазаби эса ота-онанинг ғазабидадир».

Демак, Аллоҳ таолони рози қиламан деган инсон нима қилиши керак экан? Ота-онасини рози қилиши керак экан. Энг осон йўли шу, биродарлар. Аллоҳни ғазабидан қўрққан киши нима қилиши керак? Ота-онасининг ғазабини чиқармаслиги керак. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким ота-онаси ҳаёт бўла туриб жаннатни қўлдан чиқарса, ҳолига вой бўлсин», деб марҳамат қилганлар.

Имом Муслим бу ҳадисни Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар.

   Араб тилидаги «Бурни ерга ишқалансин» деган ибора «хор бўлсин» деган маънони англатади. Бу жуда чиройли ўхшатмадир. Бурни ерга ишқаланган, яъни юзтубан ерга йиқилиб, хор бўлган одамнинг ҳолати сифатланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «бурни ерга ишқалансин» деб уч марта айтдилар. Шунда «Кимнинг бурни, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрашди. У зот: «Ким Рамазонга етиб борса-ю, бу ойда мағфират қилинмаса, бурни ерга ишқалансин», дедилар.

Рамазон – мағфират қилиниш учун кенг имконият ойи ҳисобланади, бу ойда Аллоҳ таолонинг раҳмати эшиклари очилади. Яратиб берилган шунча шароитдан банда фойдаланмаса, Рамазонда бошқа ойлардаги каби кайф-сафо билан ўтказиб юборса ва жаннатга ҳақли бўла олмаса, унинг бурни ерга ишқалансин. Ёки кимнинг ҳузурида менинг исмим зикр қилинса-ю, лекин у салавот айтмаса, унинг бурни ерга ишқалансин. Зеро, мўмин-мусулмонлар яъни умри давомида бир марта салавот айтиши фарз ҳисобланади. Бир даврада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари бевосита ёки билвосита зикр қилинганда бир марта бўлса ҳам салавот айтиб қўйиш вожиб ҳисобланади. Ҳар сафар зикр қилинганда айтиш эса суннат бўлади. Шунинг учун бир марта салавот айтишга ҳам ярамаган одамнинг бурни ерга ишқалансин. Учинчиси эса кимнинг ота-онаси бўла туриб, жаннатга кира олмаса, унинг ҳам бурни ерга ишқалансин. Ота-она ҳаётлигида жаннатий бўлиш осон бўлади. Шунинг учун бўлса керак, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ «Ота-онага қилинган яхшилик гуноҳи кабираларга каффорат бўлади» деган эканлар. Имом Бухорий ва имом Муслим буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Аллоҳ таолога энг севимли амал нима?» деб сўраганлар. Шунда сарвари коинот «Ўз вақтида ўқилган намоз. Кейин ота-онага яхшилик қилиш», деганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

   «Бир куни бир одам келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳижрат ва жиҳод учун сизга байъат қилиб, савобини Аллоҳдан сўрамоқчиман», деди. Шунда ҳазрати Набий алайҳиссалом «Ота-онанг ёки уларнинг бирлари ҳаётми?» деб сўрадилар. У: «Икковлари ҳам ҳаёт», деб жавоб берди. У зот: «Сен Аллоҳдан савоб кутяпсанми?» дедилар. У: «Ҳа» деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-онангнинг ҳузурига қайтиб бориб, уларга яхши муносабатда бўл», дедилар».

   Имом Абу Довуд ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик, ногаҳон Бану Салама қавмидан бир одам келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам ўтиб кетгандан кейин ҳам уларга бирор яхшилик қилишим мумкинми?» деб сўради. «Албатта бўлади. Уларнинг ҳаққига дуо қил», дедилар.

Ҳадис матнидаги «солат» сўзи бу ерда намоз маъносида эмас, балки уларнинг ҳаққига дуо қилиш маъонсида келган. Намоз баданий ибодат бўлиб, вафот этган одамнинг номидан намоз ўқиб бўлмайди, биродарлар. Шунинг учун бу ерда ота-онанинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, гуноҳларини кечишини Аллоҳдан сўраш, уларнинг ҳаётлик пайтида қилган аҳдларини, ваъдалари, назрларини амалга ошириш кабилар тушунилади. Шунингдек, ота-онаси орқали қариндош бўлганларга силаи раҳм қилиш, ота-онанинг дўстларини ҳурмат қилиш ҳам шулар жумласидандир. Мана шу амаллар, яъни ота-онани дуо қилиш, ҳаққига истиғфор айтиш, уларнинг аҳдларини бажариш, ота-она орқали қариндошлар билан яхши муомала қилиш, ота-онанинг дўстлари билан алоқа қилиб туриш, борди-келди қилиб туриш ота-онанинг руҳини шод қиладиган амаллардан экан, биродарлар.

   Яна бир ҳадисни ўқиймиз. «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо билан кетаётган эдик, бир аъробий учраб қолиб, Ибн Умарга ўзини таништирди. Шунда Ибн Умар ўзлари миниб келаётган эшакни аъробийга бериб, унга миндириб қўйдилар, сўнг саллаларини ҳам ечиб, унга кийдириб қўйдилар. «Эй Абдуллоҳ, унга икки дирҳам берсангиз ҳам кифоя эди-ку?» десак, «Бу киши отам ҳазрати Умарни танийдиган одам эди», дедилар».

Отасини таниган, отаси билан гаплашган, кўришган одамга шунчалик эҳтиром кўрсатиляпти. Субҳаналлоҳ! 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР