Тавсия қиламиз

Ҳадиси шарифдаги яхшилик

Мақолалар access_time7-май 2017, 19:32

Анас ибн Моликдан қилинган яна бир ривоятда айтилишича, бир жаноза олиб…

Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг

Мақолалар access_time18-декабр 2018, 12:26

Кимнидир ишга олиш, бир инсонга иш бериб, ҳалол ризқ топишига имкон бериш…

МАДИНАИ МУНАВВАРА ЗИЁРАТИ 

Мақолалар access_time7-август 2017, 16:19

 Мадинаи мунаввара ер юзидаги энг фазилатли шаҳарлардан бири бўлиб,…

Устозни хотирлаб

access_time12-июнь, 10:34 visibility676


Устозни хотирлаб 
 
Вақт ҳамма нарсани даволайди, дейдилар. Бир одам оламдан ўтар экан, ортида қолган яқинларининг қалбидаги айрилиқ дарди ҳам йиллар ўтиб, енгиллашади. Баъзилар  эса бир неча йиллардан сўнг бутунлай унут бўлиб кетади. Аммо шундай инсонлар борки, уларнинг вафотидан кейинги соғинч вақт ўтиши билан нафақат унутилмайди, балки кун сайин кучайиб, борган сари чуқурлашиб боради.  
Ана шундай улуғ зотлардан бири – ўзбек халқининг атоқли фарзанди, етук аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидир. Бугун Саййид Раҳматуллоҳ Термизий раҳбарлигидаги Меҳроб.уз ижодий жамоаси шайх ҳазратлари туғилиб-ўсган Андижон вилоятидаги Булоқбоши қишлоғига ташриф буюрди. Халқимизнинг ифтихорига айланган бу улуғ зотнинг болалик даври ўтган табаррук хонадонга қалбда ширин орзиқиш ва соғиниш билан кириб бордик. Биз устознинг шонли ҳаёт йўлида сафдош, елкадош бўлган укалари Муҳаммад Амин ҳожи Муҳаммад Юсуф билан кўришдик. У кишини кўриб, кўнглимиз алланечук бўлиб кетди – ҳожи дада акаларига ниҳоятда ўхшар эдилар, йиллар тўзони бу ўхшашликни янада кучайтирибди... 
 Дунёга улуғ бир алломани етказган, ўз халқининг ифтихорига айланган бу улуғ инсонга бешик бўлган бу файзли хонадондаги ҳар бир нарса улкан хотира китобининг бир саҳифаси каби, муносиб ота-онанинг тарбиясини олган муносиб фарзандларнинг етуклик йўлига гувоҳ бўлгани шубҳасиз. 
Суҳбатимиз ўз-ўзидан хонадон соҳиби, шайх ҳазратларининг падари бузрукворлари Муҳаммад Юсуф домланинг хотирасига бурилди. Умрини дин хизматига бағишлаган бу улуғ зотнинг саъй-ҳаракатлари, ихлоси, ғайрат-шижоати, тунни тонгга улаб ўқиган юзлаб ракъат таҳажжуд намозлари, кўзда ёш билан, азму қарор билан қилган дуолари  туфайли Аллоҳ таоло бу хонадонни Байтул Ислом, Байтул Иймон, Байтул Ҳикматга айлантирди. Бир инсоннинг етук олим, аҳли илм бўлиб етишиши учун аввало ота-отанинг тинимсиз меҳнати, тақвоси, ихлоси зарур бўлса, қолаверса, устозларнинг эътибори, машаққати ҳам талаб қилинади. Аллоҳ таоло устозимиз шайх ҳазратларига бу неъматларни тўла-тўкис ато этган эди. Хонадон аҳли билан хайрлашиб, Муҳаммад Юсуф домла қирқ йил имомлик қилган Булоқбоши жомеъ масжидига йўл олдик.  
Ҳазратимизнинг жиянлари Абдуллоҳ қори ака бобоси Муҳаммад Юсуф ҳожи дада ҳақида сўзлар экан, у зот мустабид тузумнинг зулми энг ҳаддидан ошган қийин даврларда ҳам мустаҳкам иймон, сабр-матонат билан масжидга имомлик қилганлари, халққа дину диёнатни етказганлари, амру маъруф ва наҳйи мункарда қоим бўлганларини таъкидлади. Ана шу суронли йилларда ҳам Муҳаммад Юсуф ҳожи дада Аллоҳ ато этган фарзандларини чинакам иймонли, саҳиҳ эътиқодли инсонлар қилиб тарбиялаш йўлида Собирахон ҳожи ая билан биргаликда кеча-кундуз тиним билмадилар, фарзандларининг ҳалқуми пок, қалби соф инсонлар бўлиб ўсиб-улғайиши учун барча шарт-шароитни муҳайё қилдилар, Бухорийларни, Термизийларни тарбиялаган буюк аждодларимизнинг анъанасига содиқ қолдилар. Айниқса, тўнғич ўғиллари Муҳаммад Содиқнинг олими боамал, ходими шариат бўлиб етишишида ота-онанинг меҳнати, саъй-ҳаракати барчамизга намуна бўлди. Бу машаққатли ва айни пайтда шарафли меҳнатнинг самараси қандай бўлганига эса бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун Ислом олами гувоҳ бўлиб турибди. Бироқ, Муҳаммад Юсуф ҳожи дада умматга хизмат қиладиган буюк олимни тарбиялаб қўйиб, қўл қовуштириб ўтирмадилар. Балки кечани кеча, кундузни кундуз демай, қирқ йил давомида зиммаларидаги буюк вазифани – дин ва халқ хизматини мукаммал адо қилдилар. Мустабид тузум даврида динга  хизмат қилиш – гўё қўлда чўғ ушлаб туришдек оғир ва хатарли эди, бу йўл Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида молу жонни тикиш йўли эди. Роббимиз умрини ана шу йўлга бағишлаган бу бандасининг дуосини мустажоб қилиб, жон омонатини айнан нафс ва шайтонга қарши кураш майдонида – меҳробда олди. Биз чуқур ҳурмат ва ҳаяжон ила ушбу табаррук меҳробни зиёрат қилиб, унинг қаршисида намоз ўқидик. Намоздан сўнг устозимиз меҳробда  бир муддат муроқаба қилдилар.
Масжиддан сўнг бу табаррук устоз мангу қўним топган қабристонни ҳам зиёрат қилиш насиб этди.
Муҳаммад Юсуф ҳожи даданинг қабри ёнида Қуръон тиловат қилиб, савобини юртимизга буюк алломани тарбиялаб топширган бу бахтиёр ота-онанинг руҳларига бағишладик, Аллоҳ таолодан уларга ваъда қилинган ажру мукофотларни кўпайтириб беришини сўраб, дуолар қилдик. 
Шайх ҳазратлари ўзларининг ибратли умрлари билан барчамизга намуна бўлдилар. Сизу биз ҳам бу зотдан ибрат олиб, илм эгаллаб, унга холис амал қилсак, иншааллоҳ, юртимизда аҳли илмлар, ходими шариатлар кўпайса, аждодларимиз эришган юксак мартабаларга халқимиз яна эришади, иншааллоҳ. 
Аллоҳ таоло барча ўтган улуғ устозларимизни, меҳрибон ота-оналаримизни раҳматига олиб, охиратларини обод айласин!

mehrob.uz матбуот хизмати

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР