Тавсия қиламиз

УЧ УЗУМ ДОНАСИ

Мақолалар access_time1-январ 2018, 16:20

Истанбулнинг Тўпқопи маҳалласида Акариечи (Таккечи) Иброҳим Оға жомеи деб…

БИЗ ЁШЛАР АҚИДАПАРАСТ ОҚИМЛАРГА ҚАРШИМИЗ

Мақолалар access_time16-май 2017, 17:10

Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота боболаримизнинг…

АЛЛОҲ ТАОЛОГА ИЙМОН

Мақолалар access_time8-июль, 10:55

    Инсон учун энг биринчи вазифа ва бурч Аллоҳ таолога иймон…

Ота-она жаннат эшиги

access_time13-июнь, 11:58 visibility1480

    Тобеъинларнинг улуғларидан бўлмиш Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу ота-онага яхшилик қилишни шундай тушунтирган эканлар: «Ота-онага яхшилик қилиш – қўлингдаги мол-мулкни улар учун сарфлаш, гуноҳ бўлмайдиган ишларда уларга итоат қилиш (гуноҳ бўладиган ишларда ота-онага итоат қилинмайди. Аммо итоат қилинмайди дегани улар ташлаб қўйилмайди, чунки ҳақлари улуғ. Яхши муомала қилиб, хизматлари қилинаверади, фақат гуноҳ ишга буюрсалар, ўша иш қилинмайди. Масалан, ота ароқ олиб кел деб мажбурласа, итоат этилмайди)».

Масалан, Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ ота-онанинг яхшиликларини қайтариш мумкинми деган масалада шундай деган эканлар: «Ким беш маҳал фарз намозларни ўқиса, Аллоҳ таолога ҳақиқий шукр қилибди. Ким намоздан кейин ота-онасининг ҳаққига дуо қилса, уларга ҳақиқий раҳмат айтибди».

Ҳукамолардан бири «Отангга ғамхўр бўлсанг, ўғлинг ҳам сенга ғамхўр бўлади», деганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак «Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа, сен билан эҳтиёт бўлиб гаплаша бошласа, сенга гапирганда безовталанишингдан ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан, сўзларни саралаб гапира бошласа, билиб қўйки, сен ота-онангга оқ бўляпсан», деган эканлар.

Афсуслар бўлсинки, биз бугун ана шу нарсага гувоҳ бўляпмиз. Қанча-қанча ота-оналар фарзандининг қош-қовоғига қараб гапиради, чунки боласи жеркиб беради. Сал хато гапириб қўйсак, кўнглига тегмасмикан, жеркиб бермасмикан деб, ўзининг боласига эҳтиёт бўлиб гапирадиган ота-оналар қанча! Аммо уларнинг қанчалиги муҳим эмас, балки уларни шунга мажбур қилаётган фарзандларнинг оқибати муҳим, чунки улар ота-онасига оқ бўлаётганлардан экан. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир марта онаси чақирганда баландроқ овозда «Лаббай!» деб қўйгани учун қанча садақа чиқарган эканлар, йиғлаб тавба қилиб юрган эканлар. Ота-онанинг ҳурмати мана шу қадар бўлган, биродарлар.

Шундай экан, кимнинг ота-онаси ҳаёт бўлса, қадрига етсин. Ота-она – жаннатнинг икки эшиги. Ота-онага яхшилик қилсангиз, жаннат эшигини очасиз, бўлмаса – йўқ. Ота-онага ёмонлик қилсангиз, жаннат эшикларини очилмайдиган қилиб михлаётган бўласиз. Улар ўтиб кетгач, қанча хизмат қилган бўлсангиз ҳам, кўзингизга кам кўринаркан. Мен буни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. Қанча хизмат қилманг, ҳар қанча шароитларини тўғрилаб берманг, мол-мулкингизни уларнинг йўлларида қанча сарфламанг, улар кетганларидан кейин барибир кўзингизга кам кўриниб қолади. Энг яхшиси улар билан кўпроқ бирга бўлиш керак, шунинг учун бу борада суҳбат, соҳиб деган сўзлар ишлатилди. Бунда ота-онанг билан суҳбат қил, ота-онанг билан бирга юр деган маъно бор. Айниқса ота-она қариб, кексайиб, ўлим яқинлашганда фарзандига қаттиқ суяниб қолади. Ҳар бир ота-она муборак жонларини бераётганда ёнида фарзандлари туришини истайди, фарзандлари бўлса, ҳарна далда бўлади дейди. Жон бериш жуда оғир, биродарлар. Ўшанда фарзандлар ёнида турса, ота-онанинг кўнгли хотиржам бўлар экан.

Аллоҳнинг иродаси экан, Роббимизнинг динига хизмат туфайли каминага отасининг ҳам, онасининг ҳам умридаги сўнгги дамларида, жонларини бераётганларида ёнида бўлиш насиб қилмади. Ҳолбуки икковлари ҳам жон бераётганларида қанча интиқ бўлиб, кутиб, чақириб турдилар. Аммо бир неча дақиқаларга улгура олмай қолдик, етиб бора олмадик. Волидам билан сўнгги бор бир ҳафта олдин кўришган эдим, яхши эдилар. Бемалол хайрлашиб, хизматга қайтиб келган эдик. Бирдан оғирлашиб қолганлари ҳақида хабар келди. Самолётдан тушиб, йўлда шошиб боряпман, аммо ўн дақиқа етмади. Кейин акамлар гапириб беришди, бошқалардан ҳам эшитдик. Ҳар бир ота-она сўнгги нафасда фарзандининг йўлига мунтазир бўлар экан. Онамнинг дардлари кучайиб, қийнала бошлагач, охири акам менинг ўрнимга «Она, мен Раҳматуллоҳман, келдим», деганларидан кейин осонгина жонларини берибдилар. Ота-она учун ҳар бир фарзанднинг алоҳида ўрни бор, шунинг учун айтамизки, улар ҳаётми, қучоқлаб-қучоқлаб, эркалаб-эркалаб, хурсанд қилиб, кулдириб юринг, азизлар! Иншааллоҳ карим, жаннат сизга пешво чиқади.

Ота-онани йиғлатишдан эса Аллоҳнинг Ўзи барчамизни паноҳида сақласин! Ота-онасини йиғлатадиган фарзандлар кўп, аммо улар бу дунёдаёқ хор бўлади. Ахир эътибор қилайлик, ота-онасини хурсанд қилиб, хизматини қилган боланинг, иншааллоҳ, косаси оқаради, омади келади. Ота-онасини норози қилган бадбахтлар эса минг ҳаракат қилмасин, бири икки бўлмайди.

Ота-оналаримиз ҳаёт бўлса, Аллоҳ таоло умрларини узоқ қилсин, оламдан ўтган бўлсалар, руҳларини шод этсин. Ота-онага хизмат қилишда гўёки жаннат эшигини олдида туриб, унга киришга талашгандек бўлиш керак экан. Акам борку, опам борку, фақат мен эмаску фарзандлари дейдиган фарзанд бадбахт бўлади. Ўнта, ўн бешта боласи бўлса ҳам сиз ота-онангизга мен биттаман, мендан бошқа фарзанд йўқ дегандек қарашингиз керак. Ҳар бир фарзанд ана шундай муносабатда бўлсагина ота-онасининг қадрига ета олади. Ҳар бир ака-ука, опа-сингиллар ота-онага қарашга талашиши керак. Ота-она бор уйда барака бошқача бўлади, файз бўлади, бунинг фарзандингиз тарбиясига жуда катта таъсири бўлади, биродарлар. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР