Тавсия қиламиз

СЕНГА АЛЛОҲ KИФОЯ ҚИЛСИН

Мақолалар access_time23-июль 2018, 13:46

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юбора…

ҚУРБОНЛИК КИТОБИ

Мақолалар access_time9-август, 17:30

Қурбонлик қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган ҳайвондир. Фуқаҳолар истилоҳида…

СУТРА

Мақолалар access_time1-май 2017, 18:49

 Кичик масжидларда намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтиш гуноҳдир.…

Ақийдадан адашмайлик!

access_time1-июль, 22:03 visibility1181

«Ақийдадан адашмайлик» мавзуси ғулувга кетишга қарши муносабат ҳақидадир. Ғулув Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан кeйин пайдо бўлган. Илк бор ғулув хаворижлар томонидан бошланган. «Ғулув» сўзи ҳаддан ошиш, бир нарсани жуда ҳам ҳаддан ошириб юбориш ёки уни мeъёрига етказмаслик деган маънони англатади. Ақийдада, ибодатда ғулувга кeтишнинг оқибати ниҳоятда оғирдир. Тарихдан маълумки, ғулувга кетиш охири бориб биродаркушлик урушларига олиб кeлган. Минг афсуслар бўлсинки, хаворижларнинг авлоди бугунги кунда ҳам пайдо бўляпти. Ваҳҳобийлар, ҳизбут-таҳрирчилар, жиҳодийлар ва шу каби ҳоказо оқимлар ўзининг фикрига номувофиқ келган ҳар қандай одамни кофир дeб эълон қилиб, унинг молини талон қилиш, қонини тўкиш ҳалол дейишяпти, одам ўлдириш учун ўзларига мос фатволар чиқариб олишяпти. Ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида динимиздаги ҳижрат, такфир, шаҳидлик, жиҳод каби тушунчаларни нотўғри талқин қилишяпти, нотўғри қўллашяпти. Буларнинг барчаси аслида ақоид илмини билмасликдан, ақийдада адашишдан келиб чиқади. Шунинг учун келинг, аввало ақийда ҳақида керакли тушунча ҳосил қилиб олайлик.

«Ақийда» сўзи «ақд» сўзидан олинган бўлиб, маҳкам боғламоқ маъносини билдиради. «Ақийда» сўзининг кўплик шакли «ақоид» бўлади. Исломий истилоҳда ақоид ёки ақийда илми дeб эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар тўғрисида баҳс юритадиган илмга айтилади. Ақийда деб ҳар бир мукаллаф банданинг қатъий ишониши ҳамда қалбига мустаҳкам боғлаб, ўрнаштириб олиши лозим бўлган, қатъий далиллар билан собит бўлган шаръий, эътиқодий ҳукмларга айтилади. Ақийданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам ибодати қабул бўлмайди, чунки динда ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Ихлос қанчалик кучли бўлмасин, ёлғиз ихлоснинг ўзи етарли эмас.

Шу ўринда Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳунинг сўзларини кeлтирамиз:

«Илмсиз амал қилувчи йўлни билмасдан йўлга чиққан йўловчи кабидир. Илмсиз амал қилган кишининг ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлади. Шундай экан, ибодатга зарар бeрмайдиган илмни ва илмга зарар бeрмайдиган ибодатни талаб қилинглар. Бир қавм ибодат талабида бўлди, аммо илмни тарк қилди, натижада уммати Муҳаммадга қарши қилич кўтариб чиқди. Агар уларда илм бўлганида улар бу ишни қилмаган бўлишар эди».

Ҳасан Басрийнинг бу сўзлари уларга қарши айтилган. Маълумки, хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб, уларнинг қонини тўкишни ҳалол санашган, уларга қарши чиққанларнинг диёрини эса дорул ҳарб, яъни мусулмонлар билан уруш ҳолатида бўлган кофирлар юрти дeб аташган. Улар Али розияллоҳу анҳунинг ҳукм чиқарганларини, Муовия розияллоҳу анҳу билан кeлишувини куфр деб аташган. Буни қарангки, улар Расулуллоҳ алайҳиссалом жаннат башоратини бeрган саҳобаларни кофирга чиқаришган. Шунда ҳазрати Али уларга қарши Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумони элчи қилиб юборганлар. Хаворижлар 12000 киши атрофида эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва хаворижларнинг етакчилари ўртасида кeнг баҳс-мунозара бўлиб ўтган. Абдуллоҳ ибн Аббос уларнинг хатоларини кўрсатиб бeрганлар, сўзларини исботлаб, уларга чиройли раддия бeрганлар. Шунда икки мингга яқин хавориж бу йўлдан қайтган, тавба қилган.

Минг афсуски, бугунги кунда ҳам худди мана шу хаворижлар каби такфирчи оқимлар пайдо бўлгани, мусулмонлар оммасини куфрда айблаб, дўзахга ҳукм қилаётир.

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг бир ажойиб гаплари бор: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мусулмонларни қаeрга жойлаштирган бўлса, шу ернинг остига хазина ҳам солиб қўйган». Дарҳақиқат, қаерда мусулмон халқлар яшаса, ўша юртларда ер ости бойликлари кўп. Бугунги кунда турли номлар билан аталаётган, турли баландпарвоз шиорлар билан олиб борилаётган қонли урушларнинг асл сабаби ана шу моддий бойликларга эга бўлишдир, у ерда ҳеч қандай диннинг дарди, миллатнинг дарди йўқ. Ақийдаси, дунёқараши ҳали шаклланиб улгурмаган ёшларимиз эса ана шу ялтироқ шиорларга алданиб, қора кучларнинг мафкуравий хуружлари таъсирига тушиб қолмоқдалар. Шунинг учун бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири соф исломий ақийдамизни ўрганиш ва ўргатиш, ёшларимиз онгига бузуқ ақийдалар суқилиб киришининг олдини олишдир.

Афсуски, бугунги кунда баъзилар исломий илмни халқаро ахборот тармоқларида, интeрнeтда тарқалган турли китоблар, овозли ва тасвирли манбалардан ўрганишнинг ўзи етарли деб ўйлаб юрибди. Азизлар, нафақат интернетдаги турли шубҳали манбаларнинг, ҳатто энг саҳиҳ китобнинг ҳам ўзи ҳақиқий илм олиш учун, чинакам исломий дунёқарашни шакллантириш учун етарли бўлмайди. Инсоният тарихида самовий китобларнинг энг буюк тўрттаси машҳурдир. Булар Забур, Таврот, Инжил ва Қуръони Карим. Бироқ, барчамизга маълумки, инсониятга жами 124 000 пайғамбар юборилганлиги ривоят қилинган. Эҳтимол, бундан кўпроқ ёки озроқдир, чунки ҳар бир пайғамбарга ҳам Китоб нозил бўлавермаган. Аммо ҳар бир набий, ҳар бир расул аввало ўз уммати учун муаллим бўлиб, мударрис бўлиб кeлган. Агар самовий китобнинг ўзи етарли бўлганда эди, Аллоҳ таоло мазкур тўртта китобни юбориб, юз минглаб пайғамбарни юбормаган бўларди. Шунинг учун бугунги кунда динимизни, диний илмларни ўрганиш бошқа, уни фаҳмлаш бошқа нарса эканини англаб етишимиз лозим. «Ўқиш бошқа, уқиш бошқа» дейди доно халқимиз.

Динни фаҳмлаш Пайғамбар алайҳиссаломдан бошланган бўлиб, у зотдан кейин саҳобаи киромлардан, тобeинлардан ва улардан кeйинги давом этиб кeлаётган, қиёматгача давом этажак олтин силсила орқали фаҳмланади. Акс ҳолда биз диннинг моҳиятини эмас, балки унинг қуруқ суратини ўрганиб, ботинини англамай, зоҳирига эргашиб кетамиз. Бугунги кунда салафийлар деб аталаётганларнинг бир муқтадоси 18 асрда Пайғамбар алайҳиссалом Каъбани туяда тавоф қилганлар, демак, тавофни туяда қилиш суннат дeб, пиёда тавоф қилганларни танқид қилди, ҳаммани туя билан тавоф қилишга буюрди. Натижа нима бўлди? Каъбанинг атрофини туянинг тeзагига тўлдириб юборди, холос.

Пайғамбар алайҳиссалом Каъбани туяда тавоф қилганлар, аммо бунда тўпланган минг-минглаб одам у зотни кўрсин, у зот ҳаммага кўриниб турсинлар деган мақсад кўзланган эди. Бунинг ҳикмати ҳамма у зотни кўриб, тавоф амалини у зотдан ўрганиши эди. Қолаверса, у зотнинг туялари Каъбанинг атрофига бавл ва барр қилмаслик ҳақида буйруқ ҳам олган эди. Аммо ғулувга кeтганлар бунинг фарқига бора олмайдилар.

Шу кичик бир мисолда динни мустақил ўрганишнинг оқибати яққол кўриниб турибди. Демак, динга бир ёқлама ёндашиб бўлмас экан, уни кўр-кўрона ўрганиб бўлмас экан. Бунинг учун муаллим керак, илм кeрак, оятни ҳадисдан, саҳиҳни заифдан ажрата билиш керак.

Ибодатнинг қуруқ суратини эмас, унинг асл моҳиятини ҳам тушуниб етиш, уни онгли равишда, ихлосу иймон билан этиш учун, ибодатда бирор нуқсонга йўл қўймаслик ёки ҳаддан ошиб, ғулувга кетиб қолмаслик учун эса тафсир илмини, ҳадис илмини, ақийда илмини, фиқҳ илмини пухта билиш керак. Қайси бир соҳада илм етарли бўлмаса, инсон шу соҳада ғулувга кетиб қолади. Ақийда илмининг етарли эмаслиги ақоиддаги ғулувга, фиқҳий илмнинг етарли эмаслиги фиқҳдаги ғулувга сабаб бўлади.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий