Тавсия қиламиз

Инсон қадри

Мақолалар access_time9-май 2017, 18:01

Донишманд халқимизнинг ҳикмати ўлароқ бугунги кун хотира ва қадрлаш куни…

ДЎЗАХГА КИРМАЙ ҚОЛИШ АМАЛ ТУФАЙЛИ

Мақолалар access_time14-феврал 2019, 14:37

Баъзи мўмин бандалардан дўзахга мубтало қиладиган амаллар содир бўлсаю,…

ҚАБРИСТОНГА БОРИБ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ

access_time18-май, 13:35 visibility1783

– Ўлган кишининг қабри олдига бориб зиёрат қилиш дуруст бўладими?

 – Дуруст бўлади.

Ибратланмоқ учун қабристонга бориб ўтириш ғоятда маъноли мустаҳаблардан ҳисобланади.

– Қайси кунлари қабристонга зиёрат учун бориш авлороқ?

 – Пайшанба, жума кунлари бориш авлороқдир, демишлар.

 – Қабрлар олдига қай тариқа борилади?

– Таҳорат қилиб, одоб ва тавозеъ ила борилади.

– Қабрлар олдига бориб етгандан сўнг нима қилинади?

– Тик туриб ушбу айтилади: «Aссалому алайкум я аҳлал қубури вад-дияри роҳималлоҳул мустақдийна минна вал мутаахирина минкум. Aнтум лана салафун ва наҳну лакум халафун ва инна иншааллоҳу бикум ла ҳиқун насъалу Aллоҳу таоло лана ва лакум офияҳ».

Маъноси: «Эй қабристон аҳли, сизларга Aллоҳ таолонинг саломи бўлсин, Aллоҳ таоло дунёдан аввал кетган сизларга, кейинда қолган бизларга раҳмат қилгай. Сизлар бизлардан илгариги кишиларсиз, бизлар сўнгра қолган кишилармиз, албатта тезлик бирла бизлар ҳам сизларга етурмиз. Aллоҳ таолодан ўзларимиз ва ҳам сизлар учун саломатлик ва офият тилаб қоламиз».

Сўнг ўзи хоҳлаган қабрнинг олдига бориб оёқ кийимини ечиб, маййитнинг юзи ва кўкраги тўғрисига келиб, қиблага орқа ўгириб, қабрга рўпара бўлиб ўтириб, хоҳлаганича Қуръон ўқиб, савобини ўзи хоҳлаган маййитларнинг арвоҳига ва қабристондаги ҳамма маййитларнинг арвоҳига ҳадя қилади.

– Қабристонда қай тариқа юрилади?

– Гўё тирик кишилар орасида юргандек тавозеъ ва одоб билан, ҳеч бир қабрни босмасдан, ўзининг ҳам бир замонда улардек қабристонга келиб дафн қилинишини ва у ерда бўладиган савол ва ҳисобларни, қиёмат кунларини, жаннат ва жаҳаннамни хотирига келтириб, ғоятда тафаккур ва андиша қилади. «Ё Рабб, ушбу маййитларнинг арвоҳини раҳмат қилгил ва гуноҳларини мағфират қилгил, мен заиф бандага тавфиқ ва ҳидоят бериб, яхши амаллар қилмоқни насиб этгил. Ҳамма бор гуноҳларимни кечиргил», деб гуноҳларини юмшатиб, йиғлаб, кўп дуолар қилишга ғоятда жидду жаҳд қилади. Маййитларнинг руҳларига қабр олдига келган киши маълум бўлар эмиш. Улар учун ўқилган Қуръоннинг ва берилган садақанинг савоби уларга етар, дуо қилган кишини улар ҳам дуои хайр қилар эмишлар.

– Қабристонга бормасдан уйда ё масжидда ўқиб ҳадя қилган Қуръоннинг савоби уларга етадими?

– Aлбатта, етса керак.

– Aрвоҳга Қуръон ўқиб бағишланганда нима деб дуо қилинади?

– Бундай дуо қилинади: «Aллоҳумма баллиғ саваба ма қуриъа фи ҳазиҳис-соатиш шарифати мин китабикал карима ила арваҳи жамиъил муслимина каффатан ва омматан хусусан минҳум ила арваҳи ақрибаи ва асдиқаи аллазина азкурҳум би лисани».

Маъноси: «Ё Рабб, қадрли китобингдан ушбу шариф соатда ўқиганимнинг савобини мусулмон маййитларнинг руҳларига етказгин. Хусусан, ҳозир зикр қилинган ўзимга яқин қариндош ва дўстларимнинг руҳларига етказгин».

Бу дуонинг ўқигандан сўнг ўзи хуш ва дўст тутган маййитларнинг исмлари ва оталарининг исмларини бир-бир зикр қилади. Масалан, ушбу тариқа: «Ё Рабб, ушбу ўқилмиш Қуръоннинг савобини отам фалончи фалон ўғлининг ва дўстим фалончи фалон ўғлининг руҳи шарифларига етказгин».

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР