Тавсия қиламиз

Шаввол ойи рўзаси

Мақолалар access_time6-июнь 2019, 13:42

Яна бир рамазон ойини кузатдик. Муборак ойдан олган маънавий фойдаларимиз…

ОХИРАТ БОҚИЙДИР

Мақолалар access_time19-сентябр 2020, 13:44

«Эй Одам Фарзанди! Менга хизмат қил, чунки Менга хизмат қилган кишини…

ВАТАН МУҚАДДАС МАСКАН

Мақолалар access_time2-сентябр 2019, 10:07

    Маълумки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни халқ қилиб, у Зотнинг…

Саҳв саждаси нима?

access_time10-июль, 17:43 visibility320

37) Саҳв саждаси нима?

Намоздаги нуқсонга учраган вожиб амални тўлдириш ёки намозда пайдо бўлган халални тузатиш учун намознинг охирида намоз ўқувчи қиладиган икки саждадир.
  Саҳв саждасининг кайфияти: намоз ўқувчи намознинг ташаҳҳудини ўқиб бўлгач, фақат ўнг томонига салом беради. Сўнгра такбир айтиб, намоздагидек иккита сажда қилади. Ундан кейин ташаҳҳуд ва салавотларни ўқиб, салом беради.
  Намознинг вожибларидан бирини тарк қилиш, уни ўз ўрнидан олдин қилиш ёки кечиктириш ёки намознинг рукнларидан бирини ўз ўрнидан олдин қилиш ёки кечиктириш ёки намознинг жинсидан бўлган амалларни, мисол учун, (рукуъ, сажда ёки қаъдани) зиёда қилиш, яъни, фарзлардан бирини такрор қилиш сабабли саҳв саждаси вожиб бўлади.

38) Саҳв саждаси қайси ўринларда вожиб бўлади?
  Саҳв саждаси қуйидаги тўрт ўринда вожиб бўлади.
1. Қироатда.
2. Қунут дуосида.
3. Ташаҳҳудда.
4. Икки ийднинг такбирлари.

39) Қироатда қандай ҳолатларда саҳв саждаси вожиб бўлади?
1) Бир киши тўрт ракъатли фарз намозининг аввалги икки ракъатда қироат қилишни тарк қилса, кейинги икки ракъатда қироат қилади ва намознинг охирида саҳв саждасини қилади.

2) Фарз намозининг аввалги икки ракъатида ёки бир ракъатида Фотиҳани ёки зам сурани тарк қилиб, рукуъга кетиб қолса, намозини давом эттириб, намозининг охирида саҳв саждасини қилади. Чунки Фотиҳани қироат қилиш ҳам, зам сура қироат қилиш ҳам вожибдир. Вожиб тарк бўлса, саҳв саждаси билан намоз тўғриланади.

3) Имом намозда бир узун ёки уч қисқа оятни махфий намозда жаҳрий ёки жаҳрий намозда махфий қироат қилса, саҳв саждаси вожиб бўлади.

4) Имом Муҳамад айтади: «Бир киши тўрт ракъатли намознинг аввалги икки ракъатида ёки бирида Фотиҳани икки марта қироат қилса, саҳв саждаси вожиб бўлади. Чунки у Фотиҳани икки марта ўқиш билан зам сурани кечиктирди».

5) Бир киши Фотиҳани ўқиб, кейин зам сура ўқиб, яна унинг орқасидан Фотиҳани ўқиса, саҳв саждаси вожиб бўлмайди. Чунки у узун сура қироат қилганга ўхшайди.

Илова:
Бир киши бир сурани қироат қиламан деб хато қилиб, ундан бошқасини қироат қилса, саҳв саждаси вожиб бўлмайди. Бу ўринда саҳв саждасига сабаб йўқ.

40) Қунут дуосида қандай ҳолатларда саҳв саждаси вожиб бўлади?
  Намоз ўқувчи витр намозида унутган ҳолда Қунут дуосини ўқимасдан рукуъ қилган бўлса, рукуъдан кейин қунут дуосини ўқимайди. Намознинг охирида саҳв саждасини қилади.

41) Ташаҳҳудда қандай ҳолатларда саҳв саждаси вожиб бўлади?
  Тўрт ракъатли намозда намоз ўқувчи иккинчи ракъатдан кейин биринчи ташаҳҳудга ўтирмай учинчи ракъатга туриб кетса, қарайди, агар қаъдага яқин бўлса ўтиради. Агар қиёмга яқин бўлса туради. Унинг намози дуруст бўлади. Вожиб бўлган аввалги қаъданинг эвазига намознинг охирида саҳв саждасини қилади. Шунингдек, аввалги қаъдада ўтирса-ю, ташаҳҳудни ўқишни унутган бўлса ҳам саҳв саждасини қилади.

42) Икки ийд намозида қайси ҳолатларда саҳв саждаси вожиб бўлади?
  Икки ийд намозининг такбирларини тарк қилиш ёки камайтириш ёки кўпайтириш ёки ўз ўрнидан бошқа жойда айтиш ҳам саҳв саждасини вожиб қилади. Чунки бу амаллар фарз ёки вожибни ўзгартириш бўлади. Лекин ийд намозларида одамлар чалғиб намозни бузилиш эҳтимоли кўп бўлгани учун саҳв саждаси қилинмайди.

43) Намоз ўқувчига саҳв саждасини қилиш лозим бўладиган мисоллардан баъзисини баён қилинг?

1) Намоз ўқувчи унутган ҳолда рукуъ қилмасдан тўғридан тўғри саждага йиқилса, агар саждага турган ҳолда эсласа, қиёмга қайтиб рукуъ қилиб, кейин саждани қайта қилади. Агар рукуъ қилмагани эсига тушмасдан иккинчи ракъатга турса, рукуъсиз ўқилган ракъат намоз ҳисобланмайди, унинг ўрнига бир ракъат қўшиб ўқийди. Ҳар икки ҳолатда ҳам саҳв саждасини қилади.

2) Тўрт ракъатли намоз ўқувчи тўртинчи ракъат деб ўйлаб учинчи ракъатда уч тасбиҳ миқдорича ўтиргандан кейин учинчи ракъат эканлигини англаб, намозни давом эттириш учун турса, намози дуруст бўлади. Фарз бўлган (тўртинчи ракъатнинг) қиёмини ўз ўрнидан кечиктиргани учун саҳв саждасини қилади.

3) Намоз ўқувчи салом бериб, кейин ҳали зиммасида бир ёки икки ракъат намоз борлиги эсига тушса, агар ўтирган жойидан жилмаган, дуодан бошқа нарсани гапирмаган ва кўкрагини қибладан бурмаган бўлса, ўрнидан туриб намознинг қолган қисмини тугал қилади ва саҳв саждасини қилади. Агар ўтирган жойидан ўгирилган бўлса ёки намозга тегишли бўлган сўзлардан ташқари сўз гапирган бўлса, ўқиган намози нафлга ўтади. Унинг зиммасига намозни қайта ўқиш лозим бўлади.

4) Намоз ўқувчи намозининг қай бир ракъатида битта сажда қилиб иккинчи саждани унутган бўлса, намознинг охирида қолиб кетган саждасини қазо қилади ва саҳв саждасини қилади.

5) Намоз ўқувчи унутган ҳолда учта сажда қилиб ёки иккита рукуъ қилиб қўйса, саҳв саждасини қилади.

6) Намоз ўқувчи намозининг ракъатлари сонида шакка тушиб қолса, гумонининг ғолибини олиб шунга амал қилади. Агар гумонининг ғолиби бўлмаса, озроқ сонлиси эътиборга олинади. Шу таъкидлироқдир. Мисол учун, уч ёки тўрт ракъат ўқиганлиги ҳақида шакка тушган бўлиб, ҳеч бири гумонига ғолиб келмаса, уч ракъат эътиборга олинади, бир ракъат қўшиб намозини тугатади ва саҳв саждасини қилади.

7) Намоз ўқувчи намозининг ракъатлари сонида шакка тушиб, узоқ вақт ўйлаб, ўй хаёл бир рукнни адо этиш (уч тасбиҳ айтиш) миқдорича намозни давом эттиришдан машғул қилиб қўйса, намознинг қолган амалларини ўз вақтидан кечиктирганлиги учун саҳв саждасини қилади.

8) Намоз ўқувчи унутган ҳолда намозидан ошиқча ракъатга турса ва кейинги ракъатнинг саждасини қилишдан олдин, гарчи рукуъдан кейин бўлса ҳам эсига тушса, қаъдага қайтади ва намозининг охирида саҳв саждасини қилади. Агар охирги қаъдага ўтирмагани эсига тушмасдан, ошиқча бир ракъатнинг саждасини қилса, намозига бир ракъат қўшган бўлади. Мисол учун, бир киши бомдод намозининг фарзини ўқиб турганда, иккинчи ракъатдан кейин қаъдада ўтирмасдан учинчи ракъатга туриб кетиб, унинг саждасини қилмаган бўлса, гарчи рукуъдан кейин бўлса ҳам қаъдага ўтирса, иккинчи ракъатдан кейин ўтирган ҳисобланади. Намознинг охирида саҳв саждасини қилади. Агар учинчи ракъатнинг саждасини қилса, у намози нафлга айланади, бомдоднинг фарзи бўлмайди. Қолган фарз намозлари ҳам шунга ўхшаш бўлади. Тўрт ракъатли фарз намозида бешинчи ракъатининг саждасини қилмаган бўлса, қаъдага ўтириб намознинг охирида саҳв саждасини қилади. Намози тўрт ракъатли фарзга ўтади. Агар бешинчи ракъатнинг саждасини қилса, намози нафлга ўтиб кетади. Тўрт ракъатли фарзга ўтмайди.

9) Намоз ўқувчи суннат ва нафл намозларида унутган ҳолда намозидан ошиқча ракъатга турса, намози икки-икки ракъатдан бўлиши учун унга иккинчи ракъатни ҳам қўшиб ўқиб қўйиши суннат бўлади. Намознинг охирида саҳв саждасини қилади.

10) Намоз ўқувчи бир намознинг ичида бир мартадан кўп саҳв қилса, яъни унутган ҳолда саҳв саждаси билан тўғриланадиган камчиликка йўл қўйса, унга битта саҳв саждаси лозим бўлади. Битта саҳв саждаси билан ҳаммаси тўғриланади.

11) Намоз ўқувчи саҳв саждаси билан тўғриланадиган камчиликни қасддан қилса, саҳв саждасини қилиш вожиб бўлмайди. Лекин гуноҳкор бўлади.

12) Намоз ўқувчининг зиммасига саҳв саждаси лозим бўлиб, уни қилмаган бўлса, агар ҳали намознинг вақти чиқиб кетмаган бўлса, намозни қайта ўқиш афзал бўлади. Агар вақти чиқиб кетган бўлса, намозни қайта ўқимайди, намози дуруст бўлади. Қазосини ўқиш талаб қилинмайди.

44) Агар намоз ўқувчи таъдили аркон (рукуъ ва саждада ором олиш)ни тарк қилса ёки рукуъ билан сажда орасидаги қавмани ёки икки сажда орасидаги жалсани унутган ҳолда тарк қилса, саҳв саждасини қиладими?
  Машойихлар бу масалада ихтилоф қилган. Бунга сабаб имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммадларнинг таъдили аркон вожиб ёки суннат эканлиги ҳақидаги ихтилофларидир. Лекин мўътабар фиқҳ китобларида ушбу ҳолатларда саҳв саждасини қилиш зикр қилинмаган.

45) Агар бир киши саҳв саждасини қилган ёки қилмаганлиги ҳақида иккиланса, нима қилади?
  Уни қасд қилади. Унутганлиги учун саҳв саждасини қилмайди. Чунки саҳв саждасини такрор қилиш шариатга киритилмаган. Агар у шак қилиб саҳв саждасини яна килса, учинчи ва тўртинчи марта ҳам саҳв саждасини қилган қилмаганлиги ҳақида шакка тушади. Бу чўзилиб кетаверади.

46) Бир киши пешин намозига киришиб, намознинг ичида пешин намозими ёки аср намози эканлиги ҳақида гумон қилиб бир ё икки ракъат ўқиб, кейин пешин намозида эканлигини эсласа, саҳв саждасини қиладими?
  Йўқ, у саҳв саждасини қилмайди. Чунки ниятни тайин қилиш намозга киришишнинг шарти, намознинг боқий қолиш шарти эмас.
У эса намозга киришишда ниятни аниқ қилиб тайин қилган эди. Бу ўринда фарзни ўзгартириш ёки вожибни тарк қилиш топилмади. Агар намознинг ичида бир рукнни адо этишни (уч тасбиҳ) миқдорича кечиктирса, саҳв саждаси вожиб бўлади.

47) Бир киши намозга киришиб, қироат қилиб, такбири таҳримани айтган айтмаганлиги ҳақида шакка тушиб, такбири таҳрима ва қироатни қайта қилса, унинг зиммасига саҳв саждаси вожиб бўладими?
  Ҳа, унинг зиммасига саҳв саждаси вожиб бўлади.

48) Агар бир киши бир томонга салом бергандан кейин намознинг бошида такбири таҳрима айтган ёки айтмаганлиги ҳақида ўйланиб қолиб, такбири таҳрима айтганига ишонч ҳосил қилса саҳв саждаси вожиб бўладими?
  Йўқ, унга саҳв саждаси вожиб бўлмайди. Чунки у бир салом билан намоздан чиқиб бўлган эди.

49) Бир киши биринчи қаъдада ўтириб ташаҳҳудан кейин салавотни ҳам ўқиб қўйса, саҳв саждаси вожиб бўладими?
  Ҳа, унга саҳв саждаси вожиб бўлади. Чунки у бир рукн (кейинги ракъатнинг қиёми)ни кечиктирди.

50) Агар бир киши намозда сажда ояти ўқиб, сажда қилишни унутиб, намознинг охирида эсига тушса нима қилади?
  Сажда оятининг саждасини қилади ва саҳв саждасини ҳам қилади. Чунки у вожибни кечиктирди.

51) Бир киши пешин намозини тугатдим деб ўйлаб, икки ракъатдан кейин салом бериб, кейин ўз ўрнида ўтирган ҳолда икки ракъат ўқиганлигини билса, нима қилади?
  Яна икки ракъат қўшиб намозини тугал қилиб, саҳв саждасини қилади. Икки ракъат қўшиб намозини тугал қилиб қўйишининг сабаби, у саҳв (унутгани)дан салом берди. Шунинг учун намоздан чиқиб кетмади. Саҳв саждасини қилишининг сабаби, бир рукн (иккинчи жуфтликка туриш)ни кечиктирди. Пешин намозида ўзини мусофир деб ўйлаб, ёки жума намозида деб ўйлаб икки ракъатдан кейин салом бериб, кейин муқимлиги ёки пешин намозида эканлигини билса, намози фосид бўлади. Бунақа ҳолат кам учрайди. Шунинг учун унинг саломи қасддан берилган салом бўлиб, намозни бузади.

52) Намозхон унутган ҳолда ўнг томонига салом беришдан олдин чап томонига салом бериб қўйса саҳв саждаси вожиб бўладими?
  Йўқ, бу ҳолатда саҳв саждаси вожиб бўлмайди. Чунки салом беришдаги тартиб суннатдир.

53) Бир киши ташриқ кунларида такбири ташриқни унутиб тарк қилса, саҳв саждаси вожиб бўладими?
  Йўқ, саҳв саждаси вожиб бўлмайди. Чунки такбири ташриқ намознинг ичидаги
вожиб эмас.

54. Жамоат намозидаги баъзи саҳв (унутиб қилинадиган камчилик)ларга мисол келтиринг.

1. Имом унутиб хато қилса, иқтидо қилган киши «субҳаналлоҳ» деб билдиради. Иқтидо қилган аёл бўлса, қўлини кафтининг орқасига уриб чапак чалиб билдиради. Агар Имом огоҳлантирилмаса ёки хатосини англаб етмаса, иқтидо қилувчи имомга эргашаверади.

2. Имом хато қилиб, махфий намозда жаҳрий ёки жаҳрий намозда махфий қилса, унга саҳв саждаси лозим бўлади. Якка намоз ўқувчига лозим бўлмайди.

3. Имом саҳв саждасини қилса, иқтидо қилувчига ҳам унинг саждасига эргашиш лозим бўлади. Шунингдек, имом иқтидо қилувчи у билан бирга бўлмаган ракъатда унутиб қилган хатосининг саҳв саждасига ҳам иқтидо қилувчи эргашади.

4. Агар иқтидо қилувчи имомга иқтидо қилган ҳолда унутиб хато қилса, унинг зиммасига саҳв саждаси йўқ. Агар иқтидо қилувчи кечикиб келган бўлиб, қолган ракъатларни адо қиладиган пайтда унутиб хато қилса, саҳв саждасини қилади. 

5. Имом жума ёки икки ийд намозларида унутган ҳолда хато қилса, одамлар чалғиб намозини бузиб қўймаслиги учун унга саҳв саждасини қилиш лозим бўлмайди.

55. Тиловат саждасининг ҳукми нима? Вожибми ёки суннатми?

1. Намоз вожиб бўлган кимсаларга тиловат саждаси вожиб бўлади. Тиловат саждасида намозда вожиб бўлган нарсалар вожиб бўлади, қиблага юзланиш, таҳоратли бўлиш каби.

2. Тиловат оятини ўқиган кишига тиловат саждаси вожиб бўлади ва эшитган киши эшитишни қасд қилмаса ҳам тиловат саждасини қилади.

3. Тиловат қилувчи бир сажда оятини қироат қилиб, бир мажлисда такрор қилса ҳам фақат бир сажда лозим бўлади. Агар бир сажда оятини бир қанча жойда такрор қилса, жойларнинг ададича сажда қилиш вожиб бўлади. Агар бир мажлисда бир қанча сажда оятларини қироат қилса, ҳар бир оят учун сажда қилиш вожиб бўлади.

4. Агар сажда оятини кўзи ёки зеҳни билан талаффузсиз ўқиса, унинг зиммасига сажда вожиб бўлмайди.

5. Агар сажда ояти намоздан ташқарида тиловат қилинса, унинг саждаси вожиб бўлиб, умрнинг охиригача қайси вақтда бажарса ҳам бўлаверади. Унутиш хавфи бўлгани учун уни кечиктириш макруҳдир. Агар сажда ояти махфий ёки жаҳрий намозда тиловат қилинса, ўша намознинг ўзида сажда қилиш вожиб бўлади. Агар намоздаги қироатининг охирида сажда ояти бўлса, рукуъ қилишда сажда оятининг саждасини ният қилса рукуъ сажда оятининг саждасига ўтади ёки ният қилмаса ҳам намознинг саждаси тиловат саждасини ўрнига ўтади. Агар қироатининг аввали ёки ўртасида сажда оятини қироат қилса, қўлини кўтармасдан саждага йиқилиб уч марта тасбиҳ айтади ва яна такбир айтган ҳолда бошини кўтариб туради. Шунда намозини тугатганда тиловат саждаси учун алоҳида сажда қилмайди. Ундан сажда соқит бўлади. Агар қасддан тиловат саждасини тарк қилса, гуноҳкор бўлади.

"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР