НАМОЗ ҚИРОАТИДА ХАТОГА ЙЎЛ ҚЎЙИШ
Қироат намознинг рукни бўлгани туфайли қироатга алоқадор илмларни ўрганиш ҳар бир мусулмон киши учун ўта муҳим ҳисобланади. Намоз ўқувчи қироатда хато қилса намозининг жоиз бўлиши ё бўлмаслиги қай даражада хато содир этганига боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам фиқҳ китобларида бу масалага алоҳида боблар ажратилган. Қуйидаги масалалар Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар асарлардан бўлган “Фатавои Ғиёсия” ва “Ҳалабаи кабир” китобларининг хулосаларидир:
Намоз ўқувчи қироатда “ташдид” ва “мад”ни ташлаб кетса, аммо оят маъноси ўзгармаган бўлса, намози бузилмайди.
Намоз ўқувчи қироатда “ташдид” ва “мад”ни ташлаб кетса ҳамда бу сабабли оят маъноси ўзгариб кетадиган бўлса аксар уламолар наздида намоз бузилади.
Намоз ўқувчи қироатда вақф бўлмаган ўринда тўхтаса, ёки ибтидо бўлмаган ўриндан қироатни бошласа, аммо оят маъноси ўзгармаган бўлса намози бузилмаслигига ижмоъ қилинган.
Намоз ўқувчи қироатда вақф бўлмаган ўринда тўхтаса, ёки ибтидо бўлмаган ўриндан қироатни бошласа, ҳамда бу сабабли оят маъноси ўзгариб кетадиган бўлса аксар уламолар наздида бунда ҳам намози бузилмайди. Баъзи уламолар наздида намози бузилади. Инсонларни машаққатга солиб қўйиш хавфи туфайли намоз бузилмаслигига фатво берилган.
Намоз ўқувчи қироатда наът билан манъут орасини, сифат билан мавсуф орасини ажратиб қўйса аксар уламолар наздида намози бузилмайди. Бунда инсонларни машаққатга солиб қўйиш хавфи туфайли намоз бузилмаслигига фатво берилган.
Намоз ўқувчи қироатда бир калиманинг ҳарфини бошқа калимага қўшиб ўқиса, баъзи уламолар наздида намози бузилади. Аксар уламолар: намози бузилмайди, деганлар. Бу ҳақида баъзи уламолар: “агар ўзи аслида тўғрисини билиб тилига шундай келиб қолгани туфайли хато ўқиган бўлса намози бузилмайди, аммо Қуръонда шундай деган эътиқод билан ўқиб юрган бўлса намози бузилади”, деганлар.
Намоз ўқувчи қироатда бир калиманинг бир қисмини ўқиганидан сўнг ўзи тўхтаса, ё давоми ёдидан кўтарилиб қолиб тўхтаса, ёдига тушган вақтда олдин ўқиганини ташлаб ўқиса масалан: “Алҳамду лиллаҳи” деб ўқимоқчи бўлганда “Ал” - ни ўқиб тўхтаб қолса-ю кейин “ҳамду лиллаҳи” деб давом этса баъзи уламолар наздида намози бузилади. Шамсул аимма Ҳалвоний шунга фатво берган. Нажмиддин Насафийнинг қавлларига кўра бу масалада исм ва феъл орасида фарқ бўлади. Яъни, исмда “ал”ни ўқиб қолганини тарк қилса намози бузилмайди. Аммо феълда баъзисини тарк қилса масалан “яшкурун” деб ўқимоқчи бўлиб “яш” деб қолганини ташлаб кетса намози бузилади.
Намоз ўқувчи қироатда бир оятнинг ўрнига бошқа бир оятни ўқиб юборса, агар ўша оятда тўлиқ вақф қилган, сўнгра бошқа оятдан бошлаган бўлса гарчи маъноси ўзгарган бўлса ҳам намози бузилмайди. Чунки бундай ўқиш бир оятдан бошқа оятга ўтиш бўлиб қолади. Аммо вақф қилмасдан бир оятга бошқа оятни улаб кетган бўлса, бунда маъно ўзгармаган бўлса намоз бузилмайди. Агар маъно ўзгарган бўлса омма уламолар наздида намози бузилган бўлади. Фахрул ислом Абулюср раҳматуллоҳи алайҳ ҳам шу қавлни ихтиёр қилган.
Ибн Нужайм ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ “намоз ўқувчи الضَّالِّينَ да ёки бошқа ўринларда ض ни ظ га алмаштириб ўқиб юборса, рожиҳ қавлга кўра намози бузилмайди”1 деган.
“Мавсуъатул фиқҳия” китобида бу масалаларнинг таҳқиқи қуйидагича баён қилинган:
“Намоз ўқувчи қироатда хатога йўл қўйса, агар оятнинг маъноси бузилмайдиган даражада бўлса намози бузилмаслигига фуқаҳолар иттифоқ қилганлар. Аммо маъноси бузиладиган даражада хато ўқиш сабабли намоз бузилиши ё бузилмаслиги тўғрисида ихтилоф қилинган. Агар ўқилган оятнинг маъноси қасддан ўқилса куфр бўладиган даражада хато бўлса, бу ҳақида Ҳанафий мазҳабида икки хил қараш айтилган:
1. Ҳанафий мазҳабидаги олдинги уламоларнинг қарашларига кўра намози бузилади.
2. Ҳанафий мазҳабидаги кейинги уламолари бўлган Муҳаммад ибн Муқотил, Абу Наср Муҳаммад ибн Салом, Абу Бакр ибн Саъийд Балхий Абу Жаъфар Ҳиндувоний, Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл ва Шамсул аимма Ҳалвонийларнинг қарашларига кўра намози бузилмайди.
“Фатавои Ҳиндия” китобида бу ҳақда бундай дейилган: “Олдинги уламоларнинг қарашлари эҳтиёткорроқ йўлдир. Чунки қасддан бундай ўқиш куфр бўлади. Куфр бўладиган лафз эса Қуръон бўлмайди. Кейинги уламоларнинг қарашлари эса кенгроқ олинган йўлдир. Чунки авом халқ эъроблар орасини ажрата олмайди”. Фатво кейинги уламоларнинг сўзига берилган”2.
Аммо фатво маълум замон ва макон тақозосига кўра берилган шаръий жавоб эканини, замон ва макон ўзгариши билан фатво ҳам ўзгариши мумкинлигини унутмаслик лозим. Ҳозирги кунимизда Қуръонни ўрганиш имконияти узрга ўрин қолдирмайдиган даражада жуда катта бўлгани сабабли олдинги уламоларнинг қарашлари мўътабар ҳисобланади.
Эътибор берадиган бўлсак, ҳарфларни алмаштириб ўқилганда намоз бузилиши ё бузилмаслиги ҳақида баҳс қилинмоқда. Бундан араб алифбосидан бошқа алифболарда ёзиб ёдланган оятларни қироат қилиш мумкин эмаслиги келиб чиқади. Чунки бошқа бирор тилдаги ҳарфлар араб тилидаги ҳарфлар талаффузини ифодалаб бера олмаслиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида унинг араб тилида экани баён қилинган. Масалан:
إِنَّا جَعَلْنَاهُ قُرْآنًا عَرَبِيًّا لَّعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ
“Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки ақл юритсангиз” (Зухруф сураси, 3-оят).
Шу каби кўплаб оятларнинг маъносига кўра араб тилидан бошқа ҳарфларда ёзилган “сура ва оятлар” Қуръон бўлмайди. Чунки Қуръоннинг арабча эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар берган. “Фотиҳа” ёки бирор қисқа сурани араб тилидан бошқа алифбода ёзиб ёдлашга зарурат юзасидангина рухсат берилган. Яъни, бу рухсат араб тилидан мутлақо хабари йўқ инсон исломни қабул қилганда қироатни ўргангунича намознинг фарзини адо этиши учун маълум вақтгагина берилган рухсат ҳисобланади. Бундай ҳолатдаги кишига зудлик билан намоз жоиз бўладиган даражада қироатни ўрганиши фарз бўлади. Мазкур заруратдан ташқари сура ва оятларни кирилл алифбосида ё бошқа алифболарда ёдлашга зарурат йўқлиги туфайли рухсат берилмайди. Чунки зарурат юзасидан берилган рухсат, фақат зарурат миқдорида чегараланиши шаръий қоидадир.
1Зайниддин Ибн Нужайм "Фатаво Ибн Нужайм" 7-бет.
2"Мавсуъатул фиқҳия" 33-жуз, 51-бет.
"Динимиз аҳкомлари" китобидан.