Ходим ишхонада иш пайти шахсий ишлар билан шуғулланса (қўшимча тил ўрганишга бораётгани муносабати билан дарс қилиш, уйдаги муаммоларни гаплашиш, телефон ўйнаб ўтириш ва ҳоказо) бўладими? Биз ишимиз учун ҳақ оламиз. Шунга шариатимизда қандай кўрсатмалар б
САВОЛ: Ходим ишхонада иш пайти шахсий ишлар билан шуғулланса (қўшимча тил ўрганишга бораётгани муносабати билан дарс қилиш, уйдаги муаммоларни гаплашиш, телефон ўйнаб ўтириш ва ҳоказо) бўладими? Биз ишимиз учун ҳақ оламиз. Шунга шариатимизда қандай кўрсатмалар бop?
Жавоб: Шариатимиз қоидаларига кўра, ёллаб ишлатиш ҳам ижаранинг бир тури ҳисобланади. Ижара келишувида қилинадиган иш ва унинг ҳақи аниқ бўлиши шарт.
Ҳозирги кундаги меҳнат шартномаси асосида меҳнат қилаётган ишчилар ва иш берувчилар ўртасида ҳам икки хил, яъни маълум ишни бажаришга ёки маълум вақт мобайнида ишлаб беришга келишилади ва шунга кўра ҳақ тўланади. Буни оддий қилиб "ишбай" ва "вақтбай" ҳам дейиш мумкин.
Ишбай ишчи ўзига топширилган ишни бажариб бўлгач, ҳақини олиб, бошқа иш қилиши мумкин. Вақтбай меҳнат қилишга келишган ишчи эса ўзаро келишувда белгиланган вақт мобайнида иш берувчини рухсатисиз шахсий ишлари ёки иш берувчига боғлиқ бўлмаган ишлар билан шуғулланиши шаръан жоиз эмас. Шуни ҳам айтиб ўтиш керак, иш берувчи келишилган вақт давомида иш топиб бера олмаса ёки ишчига боғлиқ бўлмаган сабаб билан шу вақт мобайнида ишлашга шароит бўлмаса, иш берувчи ишчига ҳақини тўлаб бериши керак.
Аммо аксарият ишхоналарда баъзи жузъий рухсатлар урф бўлган (1-2 дақиқа телефонда гаплашиш, оиласи ҳолидан хабар олиш, баъзи ишларни ходимлар билан маслаҳатлашиш мақсадида бошқа бўлимларга чиқиш ва ҳ.к).
Бундай ҳолларда иш берувчи томонидан берилган умумий изн эътиборга олинади ва ҳар бири учун алоҳида рухсат, изн сўралмайди. Шундай экан, саволда сўралган холатда "ўзаро келишув"га жиддий эътибор қаратиш лозим.
ЎМИ "Фатво ҳайъати"дан.