Таҳажжуд намозининг ҳукми ва фазилатлари ҳақида тушунча берсангиз?
ЖАВОБ: Таҳажжуд нафл намозларнинг энг афзалидир. Кечаси бироз ухлаб, кейин туриб ўқилиши учун у шундай номланган. Аллоҳ таоло ояти каримада таҳажжуд намозини ўқишга тарғиб қилади: "Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса" (Исро сураси, 79-оят).
Таҳажжудни икки ракат-икки ракатдан ўқиш афзалдир. Таҳажжуд намозининг фазилатлари борасида жуда ҳам кўп ҳадислар ворид бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти). Яна y зот алайҳиссалом: “Сиздан бирингиз қачон ухласа, шайтон унинг боши орқасига учта тугун тугади. Ҳар бир тугунни уриб: "Сенга узун кеча бор, ухла!" дейди. Агар у уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, бир тугун ечилади. Агар таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, тугунлари ечилиб, баҳри-дили очилади. Акс ҳолда, дили хира, ўзи дангаса бўлиб, ўрнидан туради”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).