Тавсия қиламиз

ОҚИЛА ВА МЕҲРИБОН ОНАНИНГ ҚИЗИГА САККИЗ НАСИҲАТИ

Мақолалар access_time26-ноябрь 2018, 13:25

1 – Қизим, Аллоҳ сенга муносиб кўрганни севиб, қадрига ет. Аёл кишининг…

РЎЗАНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА УНГА ОИД АЙРИМ МАСАЛАЛАР

Мақолалар access_time27-май 2017, 19:16

Маълумки, рўза ниҳоятда фазилатли ва буюк амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда…

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ҲАЗИЛЛАРИ ҲАКИДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

Мақолалар access_time27-ноябрь 2018, 16:03

 Анас розияллоҳу анҳу дедилар:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам…

КИТОБ – ИЛМ ВА ҲИКМАТ МАНБАИ

access_time10-март 2017, 17:20 visibility13927

Бугунги кунда кўпчилигимиз мақтаниб: “Ёшларимиз компьютерни яхши билишади, интернет тизимидан хоҳлаган ахборотни бир зумда олишади”, – дея кўп гапирамиз. Аслида-чи, тўғри, ёшларимиз компьютер ривожланган асрда яшашяпти, хорижларда таълим олишяпти. Асосий билимни интернет саҳифаларидан олишга ҳаракат қилишяпти. Интернет саҳифалари нафақат инсоният ақлининг маҳсули, балки илоҳий неъмат бўлган китобнинг ўрнини боса олармикан. Эътибор берадиган бўлсак, болаларимиз тобора китоб ўқимай қўйишяпти. Муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида китобхонликни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар бизни янада қувонтираётган бўлсада, бугунги кунда фарзандларимизга китоб ўқишни, китобга меҳр қўйишни ўргатишимиз машаққат бўлмоқда.

Китоб – билим булоғи. Бу булоқдан баҳра олмаган инсон жоҳилликка юз тутади. У ҳар қандай тубанликка қўл уриши, инсонийликни, виждонини арзимаган нарсага сотиб юбориши мумкин. Жамиятда китобхонлик қай даражада кенг оммалашган бўлса, зиёли аҳли шунчалик кўп бўлади, ўз навбатида бу жойда умуминсоний қадриятлар барқарор турмуш тарзига айланади.

Интернет қаршисида соатлаб ўтирадиганлар ғараз ниятли кимсаларнинг домига илиниб, қанчадан-қанча қотилликларга қўл урмоқдалар. Аммо китоб ўқиган инсон бундай қабиҳликларга қўл урмаслиги аниқ. Амир Темур бобомиз айтганлиридек: “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”. Аждодларимиз илм ўрганиш, китоб ўқишга ҳамиша энг муҳим вазифа сифатида қараб келишган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “Ўқи” амри бўлган. Ота-боболаримиз илм ўрганиш, китоб ёзиш ва ўқиш борасида бутун тарих давомида бошқаларга ўрнак бўлишган. Тарихдан бизга маълумки, илгари Яссавий, Бедил, Фузулий, Махтумқули, Машраб ғазалларини ёд билмаслик ор саналган. Ўтмишда хориждан юртимизга саёҳат ёки тижорат ниятида келган машҳур шахслар бу ердаги кутубхоналар ва китоб дўконларининг кўплиги ва китобларнинг хилма-хиллигини кўриб хайратланганлар.

Улар ёзиб қолдирган эсдаликларни варақласангиз, юртимизда китобхонлик кенг ёйилган вақтларда фаровонлик, тараққиёт юксалганлигининг гувоҳи бўласиз. Марказий Осиёда Сомонийлар, Қораҳонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Шайбонийлар каби сулолалар ҳукмронлиги даврида кутубхоналар ва китоб дўконлари айниқса, жуда кенг тарқалган. Уларда нафақат юртимизда етилиб чиққан алломалар, балки ўз замонаси илм-фанининг етук намоёндалариниг асарлари мавжуд бўлган. Фаннинг барча соҳаларидаги асарлар ана шу китоблардан олинган мустаҳкам пойдевор асосида яратилган. Китоблар ўзининг мураккаблигига кўра турлича бўлган. Марказий Осиё китоб дўконларида хорижлик алломалар асарларининг таржималари ҳам, уларга ёзилган шарҳлар ҳам бирдек тарқалган. Жумладан, Европада “avisenna” номи билан машҳур бўлган  Абу Али ибн Сино ўзи тушунолмаган юнон файласуфи Арасту (Европада Аристотел) нинг фалсафий асарини юртдошларимиз фароблик файласуф Абу Наср Фаробийнинг унга ёзган шарҳини ўқигач тушуна олган. Ибн Сино бу китобни Бухородаги китоб бозоридаги дўконларнинг биридан сотиб олган.

Фарзандларимизни китоб ўқишга ўргатиш билан бирга ўзимиз ота-оналар ҳам китобга ошно бўлишни унутмаслигимиз керак. Тўй маросимларга қимматбаҳо кийим-у анжомларга катта-катта маблағларни аямай сарфлаймизу, фарзанд тарбияси учун зарур бўлган китобни олишни ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз?!

Баркамол авлодларни ўстириб вояга етказиш, келажакда фаровон турмуш қуришни орзу қилиб интилиб яшаётган ҳар қандай жамият, шу жумладан ўзбек халқининг ҳам азалий орзусидир. Хулоса ўрнида Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг қуйидаги мисраларини ёдга олиш ўринлидир:

Китобдан яхши дўст йўқ жаҳонда,

Ғамхўринг бўлгай у ғамли замонда.

У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор,

Жонингга юз роҳат беради такрор.

 

Алишер НАИМОВ,

Қувасой шаҳар бош имом-хатиби

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР