Тавсия қиламиз

ЖУМА КУНИНИНГ СИРЛАРИ

Мақолалар access_time17-ноябрь 2017, 14:02

Жума кунининг бошқа кунлардан афзаллик жиҳатлари жуда кўп. Улардан бири…

Душанба куни нима учун нафл рўза тутилади?

Мақолалар access_time8-апрел 2019, 10:33

Чунки у улуғ кун. Унинг улуғлигининг биринчи аъломати охирги замон  Пайғамбари,…

Саййид Раҳматуллоҳ Термизий Навоий шаҳри “Алишер Навоий” жоме масжидида меҳмон бўлдилар

Янгиликлар access_time10-март 2017, 17:53

Саййид Раҳматуллоҳ Термизий 2017 йил 3-феврал куни Ўзбекистон мусулмонлари…

#МУАТТАР_СИЙРАТ ИККИ БАЙЪАТ ОРАСИДАГИ ТАРИХИЙ ҚАДАМЛАР

access_time8-апрел, 07:54 visibility297

  Даъватнинг ўн учинчи йилга келиб Ислом динини ёйишда жиддий қадамлар қўйилди. Исломий даъват йўлидаги илк муҳим қадам биринчи Ақабада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ясрибликлар ўртасида амалга оширилган аҳдномада ўз аксини топди. Бу аҳдномада одамлар жамиятда илдиз отиб кетган ижтимоий иллатлардан воз кечишга, ўғрилик ва фоҳишабозлик қилмасликка, фарзандларни қатл этмасликка, ёлғон сўзламасликка Аллоҳ номи билан қасам ичишди. Бу иш эътиқодий нуқтаи назардан жуда муҳим қадам ҳисобланарди.
  Иккинчи қадам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу йили ҳаж мавсумида имон келтирганлар билан ҳарбий иттифоққа эришганлари бўлди. Бу эса ўз навбатида у зотнинг даъватларини тарғибу ташвиқ этишлари учун Ясрибда тинч-хотиржам яшашлари, у ердаги мусулмонларнинг Қурайш ҳийла-найрангларига бардош бера олишлари, даъватни ҳимоя қилишларининг кафолати эди.
  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини уларнинг қўлларига қўйиб: “Мени аёлларингиз ва ўғилларингизни ҳимоя қилганингиздек ҳимоя қилишингизга байъат қиламан”, деганларида юқоридагиларни назарда тутган эдилар.
  Атиги бир йил ичида, яъни даъватнинг ўн иккинчи йили Исломни ёйиш шунчалик кучайдики, Мадинада имон келтирганларнинг миқдори ўтган ўн бир йилдан зиёд даврда Исломга кирганлардан бир неча баробар ортиб кетди. Даъватнинг Мадина осмонидан оламга таралаётган нурлари бўлажак муваффақиятлардан башорат бераётгандек эди гўё. Бу шаҳар аҳолиси қалблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланиб қолгани боис у зотнинг шу ерда муқим яшашларини орзу қилишар ва бу йўлда нафақат молу мулкларини, балки жонларини ҳам фидо этишга тайёр эдилар. Афсуски, Қурайш эшикларини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун маҳкам ёпиб ташлаган эди.
  Мадина аҳолисининг орзу-истаклари у зотга аён эди. Чунки муқим яшашлари учун бу шаҳарга бир неча бор чақирилган эдилар. Бироқ уларга жавоб беришга шошилмас, бу хусусда Парвардигордан кўрсатма кутардилар. Шу ўринда беихтиёр савол туғилади: “Нима учун мадиналиклар даъватни маккаликлардан кўра тезроқ ва жону дил билан қабул қилишди?” Бу саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:
1. Мадинада самовий динлар таъсири ҳалигача сақланиб қолган эди. Маълумки, бу динларда Аллоҳ томонидан муқаддас китоблар нозил қилинган. У китобларда ваҳий, нубувват (пайғамбарлик), ваҳдоният (якка худолик ақидаси), баъс (ўлгандан сўнг қайта тирилиш), ҳисоб (амаллар учун жавобга тортилиш) ҳақидаги хабарлар бутпарастлик ва мажусийликнинг аҳамиятини одамлар наздида камайтиришга улкан ҳисса қўшган эди. Гарчи аҳоли бу самовий динларни қабул қилмаган бўлишса-да, Авс ва Хазраж қабилалари онгига мулойимлик ва диний масалаларни фикрлаш каби фазилатлар сингган эди. Шу боис улар Ислом кўрсатмаларини эшитишлари билан уни қабул қилишга дарҳол мойиллик билдиришди.

2. Кўпинча яҳудийлар билан Авс ва Хазраж ўртасида келишмовчиликлар юз бериб турарди. Яҳудийлар мухолифларига: “Ҳадемай пайғамбар юборилади. Биз унга эргашамиз ва у билан бирга Од ҳамда Самуд қавми қатл қилинганидек сизни қатл қилажакмиз”, дейишарди. Бу сўзлар ясриблик араблар миясида то Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан кўришгунларига қадар муҳрланган эди. Шунинг учун ҳам улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни даъватнинг ўн биринчи йилидаги ҳаж мавсумида кўришганида бир бирларига: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлар айтган пайғамбарнинг ўзидир”, дея дарҳол у зотни тасдиқлаб имон келтиришди.

3. Макка аҳолисидан кўра Мадина аҳолисининг Исломни тез қабул қилишларининг яна бир сабаби Авс билан Хазраж ўртасидаги урушлар эди. Айниқса, Буос жанги (улар орасидаги сўнгги уруш) да томонлар ўзаро урушларга барҳам бериш, сафларини бирлаштириш, ўзаро келишмовчиликларни тинч йўл билан бартараф этиш учун ягона раҳбарни танлаш ҳақида бош қотира бошлашган эди. Лекин муаммо уни қайси қабиладан танлашда эди. Гарчи бу масала қийин ва мураккаб бўлса-да, унга ечим топишни вазият тақозо қиларди. Зарурат юзасидан Авс қабиласи раҳбарнинг Хазраж қабиласи ичидан сайланишига рози эканини билдирди. Танлов хазpaжлик Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул чекига тушди, бошига кийгазиш учун қимматбаҳо тошлар билан безатилган тож ҳам тайёрланди. Бироқ ўша кунларда Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ҳақида овозалар тарқалиб кетди. Буни эшитган мадиналик араблар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишни ва у зот байроғи остида бирлашишни афзал кўриб, Исломга киришди.


"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР