Тавсия қиламиз

ҲОМИЛАСИ ТУШГАН АЁЛ

Мақолалар access_time27-июль 2017, 13:41

 Байҳақий ва Абдураззоқ Ҳасандан ривоят қиладилар:  "Умар…

Рамазон дуо ойи. 

Мақолалар access_time22-май 2018, 10:12

Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу…

#Биласизми? Қиёмат ҳақида

Мақолалар access_time19-феврал 2018, 14:46

1) «Албатта, улар у(қиёмат)ни узоқ деб билурлар.» (Маъориж сураси,…

САҲАРЛИК ВА ИФТОРЛИК ҲАҚИДАГИ САВОЛ - ЖАВОБЛАР

access_time8-апрел, 18:11 visibility605

Савол: саҳарлик қилиш қандай амал?

Жавоб: саҳарлик қилиш мустаҳаб амалдир. Саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунча ҳеч нарса еб-ичмасдан рўза тутса, рўзаси дуруст бўлаверади. Рамазон рўзаси бўлса ҳам, нафл рўза бўлса ҳам.

Савол: билмай субҳи содиқдан кейин таомланса, рўза дуруст бўлаверадими?

Жавоб: йўқ, дуруст бўлмайди. Рўза субҳи содиқдан қуёш ботгунча Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида еб-ичиш ва жимоъ қилишни тарк қилишдир. Киши ҳали субҳи содиқ кирмади, деган ўйда саҳарлик қилсаю субҳи содиқ кириб бўлган бўлса ёки қуёш ботиб бўлди, деган хаёлда ифторлик қилиб юборсаю, қуёш ҳали ботмаган бўлса, унинг зиммасига ўша кун рўзасининг қазоси лозим бўлади, каффорат эмас.

Савол: Саҳарликнинг охирги вақти қачон?

Жавоб: Субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Иккисининг ўртасини ажратиб турадиган учинчи бир вақт йўқ. Саҳарлик ўз вақтида бўлгани афзал. Лекин субҳи содиқ кирган-кирмагани борасида иккиланадиган даражада кечиктириш макруҳ.

Савол: Халқ орасида юрадиган «оқ ип билан қора ип ажрамагунча», «кесак отса кўринмагунча саҳарлик қилса бўлади» деган гаплар тўғрими?

Жавоб: Ояти каримада саҳарлик борасида келган «оқ ип билан қора ип» жумласида одамлар ўйлаганидек ҳақиқий оқ ва қора иплар эмас, балки «кун билан тун» назарда тутилган. Бир саҳобий бу ҳақда сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи асаллам оятдаги оқ ва қора ипдан мурод ҳақиқий оқ ва қора ип эмас, балки кун билан тун эканини айтганлар .

Кесак отса кўриниш-кўринмаслиги туннинг ёруғ ёки қоронғулигига боғлиқ. Лекин ҳозирги кундагидек барча жойда электр чироқлар, соатлар мавжуд замонда субҳи содиқ кирган-кирмаганини бу каби йўллар билан аниқлаш тўғри натижа бермайди.

Савол: Ифторликнинг суннат бўлган дуолари қайси?

Жавоб: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик қилиш вақтида «Аллоҳумма, лака сумнаа ва ъалаа ризқика афторнаа , фатақоббал миннаа , иннака антас Самийъул-Алийм»

(Аллоҳим, Сен учун рўза тутдик, берган ризқингдан ифторлик қилдик, бизлардан қабул айла. Албатта, Сен Эшитувчи ва Билувчи Зотсан), дер эдилар».

Дорақутний ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик вақтида «Заҳабаз-зомау, вабталлатил урууқу ва сабатал ажру, иншааллоҳ»

(Чанқоқ кетди , томирлар намланди, иншааллоҳ, савоб ҳосил бўлди), дер эдилар. Байҳақий ривоят қилган.

Савол: Нималар билан ифторлик қилиш суннат?

Жавоб: Пишган хурмо, хурмонинг қоқиси ёки ҳеч бўлмаса оддий сув билан ифторлик қилиш суннатдир.

Хурмо бўлатуриб бошқа нарсалар билан оғиз очиш суннатга хилофдир.

Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз оғиз очса, хурмо билан очсин. Агар топа олмаса, сув билан, чунки у покловчидир», дедилар.

Табароний ривоят қилган.

Савол: Масжидда ифторлик қилса бўладими?

Жавоб: Масжид ибодат ва зикр қилинадиган жой.

Умумий ҳолатда масжидда еб-ичиш, ухлаш макруҳдир. Рамазон ойларида шом намозини масжидда жамоат билан ўқийман деб келганлар масжид ичида ифторликни қилишса бўлади. Лекин икки нарсанинг риояси қилинса, яхши бўлади:

а) Киришдан аввал имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг «Масжидга бироз муддат эътикоф ниятида кириш ҳам эътикоф ўрнига ўтади», деган сўзларига биноан «Масжиддан чиққунимча нафл эътикофни ният қилдим», деб ният қилиши, зеро эътикофдаги киши учун масжидда еб-ичишга барча уламолар ижозат беришган (Масжид ичида еб-ичмоқчи бўлганлар аввал нафл эътикофни ният қилсалар, ибодат жойида макруҳ иш қилишдан сақланган бўладилар. Қолаверса, нафл эътикофнинг савобига эга бўладилар);

б) Масжидни покиза сақлаш.

Шунингдек, аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳмаҳматуллоҳи алайҳ Мулла Алиюл Қорийнинг «Мирқотул мафотиҳ» китобидаги «Масжидда еб-ичиш макруҳ, лекин ифторлик бундан мустаснодир», деган сўзларини масжидда ифторлик қилиш мумкинлигига далил қилиб келтирган.

Савол: аввал оғиз очиладими ёки шом ўқиладими?

Жавоб: оғиз очиб, шом намози ўқилади, сўнг таом ейишга ўтирилади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғиз очишни шошилтириш ва шомни кечиктирмаслик ҳақидаги ҳадисларига амал қилинган бўлади.

Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Масруқ билан бирга Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирдик. Масруқ унга: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан яхшиликка интилувчи икки киши бор, бири шомни, ифторликни ҳам тезлаштиради, бошқаси шомни ҳам, ифторликни ҳам кечиктиради», деди.

Оиша: «Шом билан ифторни шошилтирадиган ким?» деб сўради. У: «Абдуллоҳ», деди. Шунда у «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай қилар эдилар», деди.

Муслим ривоят қилган.

Савол: саҳарлик ва ифторлик вақтга қараб белгиланадими ёки қуёш ҳаракатига қарабми?

Жавоб: саҳарлик ва ифторликни тайин қилиш субҳи содиқ кирган-кирмагани ва қуёшнинг ботган-ботмаганига боғлиқдир. Бир киши субҳи содиқ киришидан бир соат аввал саҳарликни самолётда қиламан, деган ниятда осмонга кўтарилса ва у ерда субҳи содиқ кирганига гувоҳ бўлса, саҳарлик қилмасдан рўза тутиши керак . Агар самолётда учиб кетаётганда субҳи содиқ кирганини кўриб, саҳарлик қилган бўлсаю, ерга қўнганда ҳали субҳи содиқ кирмагани маълум бўлса, яна еб-ичиши мумкин бўлади. Бир киши ифторликка оз вақт қолганда осмонда кўтарилса ва ҳали қуёш ботмаганига гувоҳ бўлса, қуёш ботмагунча ифторлик қилмайди. Лекин ерда оғзини очгандан кейин осмонга кўтарилганда қуёшни қайта кўрса, рўзаси дуруст бўлади, аммо қуёш ботгунча емай-ичмай туради.

Савол: бир шаҳарда бўлатуриб баландликда турган киши билан ерда турган кишининг рўзасини очиш вақтида фарқ бўладими?

Жавоб: рўзани очиш-очмаслик қуёшнинг ботган-ботмаганига боғлиқ. Тақвимларда ёзилган вақтлар фақат ердаги кишилар учундир. Шунинг учун баланд уйларда яшовчилар ёки минора, тоғ каби баланд жойда турганлар пастдаги кишилар билан бир хил вақтда оғиз очишмайди, балки турган жойларида қуёш ботганига гувоҳ бўлсаларгина оғиз очишади. Самалоётда кетаётганлар ҳам соатга қараб эмас, балки қуёшнинг ботганига қараб оғиз очадилар. Минора каби баланд жойда турган одам қуёш ботганини кўрмай туриб ифторлик қилмайди. Лекин шу шаҳар аҳли учун қуёш ботган заҳоти ифторлик қилиш жоиз бўлади. Саҳарлик қилиш ва бомдод намозини ўқишда субҳи содиқ киришига қараш ҳам худди шундай йўл тутилади.

Савол: халқ орасида олов теккан нарса билан оғиз очиб бўлмайди, деган фикрлар бор. Бу тўғрими?

Жавоб: бу нотўғри фикр.

Савол: баъзилар қуёш ботди деса, бошқалар ботмади деса, қуёш ботди деган сўзни инобатга олиб, рўзасини очиб юборган киши қуёш ботмаганини билиб қолса, каффорат лозим бўладими?

Жавоб: қазо лозим бўлади, каффорат эмас.

Савол: саҳарлик вақти тугай деб қолган пайтда жунуб ҳолатда уйғонган киши аввал саҳарлик қиладими ёки ғусл қиладими?

Жавоб: саҳарлик вақти оз қолган бўлса, оғиз-бурунни яхшилаб чайиб, саҳарлик қилади. Субҳи содиқ кирганидан кейин ғусл қилаверади. Жунуб ҳолатда рўзани бошлаш рўзага путур етказмайди.

 

«Мўминнинг қалқони» китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР