Тавсия қиламиз

ҚАБР ВА ҚАБРДАГИ САВОЛ-ЖАВОБЛАР

Мақолалар access_time29-феврал 2020, 17:03

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар:   Ўлик қабрга қўйилганда…

ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ВА ЭЗГУЛИК ДИНИДИР

Мақолалар access_time12-май 2018, 22:43

Бугун 11-май жума куни, соат 10:00 да Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини…

ЭНГ МУҲИМИ

access_time17-апрел, 18:45 visibility93

Исломнинг энг муҳим фарзларидан бири рўза тутиладиган рамазон ойи диний ҳаётимизда жуда катта аҳамиятга, беқиёс ўринга эга. Ҳар бир мусулмоннинг унинг қадрини билиш, файз ва баракасидан фойдаланиб қолиш ақлу зако ва имонининг талаб ҳамда эҳтиёжи ҳисобланиб, руҳий, маънавий томондан юксалишининг ҳам энг муҳим, энг бирламчи шартларидан саналади.

Инглиз мусулмонларидан Ҳабибуллоҳ Лавгрув «What is Islam?» («Ислом нима?») номли асарида ислом динининг амалга оширишни истаган ҳар бир ғоя ва мақсадини фақат ўгит ва тавсия ҳолида ташлаб қўймасдан, аксинча, теориядан практикага, назариядан амалиётга ўтиш шаклини ҳам кўрсатганини қайд этади ва исломнинг бу фазилатини жуда қадрлашини таъкидлайди. Аслида ҳам шундай.

Аллоҳ (жалла жалалуҳу) бандаларига Ўзини ҳеч қачон эсдан чиқармасликларини ва асло ғофиллардан бўлмасликларини амр этган; бунга эришишнинг амалий чораси сифатида Қуръони каримнинг саксон жойида Ўзини зикр қилишларини, кўплаб ояти карималарда эса намоз ўқишларини тавсия этган. Энди ўйлаб кўринг: ҳар куни ҳеч бўлмаганда фарз қилинган беш вақт намозни ўқиб, кечаю кундуз Аллоҳ таолонингг зикри билан юрган одам ғафлатда қолиши мумкинми? Аллоҳни унутиб, унга қарши исён кўтариши мумкинми?

Қолаверса, ислом мусулмонларни бир-бирига дўст, биродар қилди, бир-бирларини яхши кўришларини истади, буни таъминлаш учун эса саломлашишни, бир-бирининг ҳолидан хабар олишни, силаи раҳмни, бундан ташқари, жамоатга қўшилишни, жумани, байрамни, ҳажни, моддий жиҳатдан кўмаклашишни, бир-бирларига ҳадялар бериб туришликни, садақани, закотни жорий қилди. Энди айтинг, мана шу айтганларимиз қилинадиган бўлса аҳиллик, биродарлик ва дўстлик ўз-ўзидан қарор топмайдими?

Худди шу шаклда ислом унинг аҳлларига покликни ҳам тавсия қилди, буни таъминлаш учун эса намозга таҳорат олмоқликни, жунуб ҳолатдан қутулиш учун ғусл қилишликни, барча аъзоларни тоза ва озода сақлашликни, ҳовлининг ичини ва кўчаларни супуриб қўйишликни... амр этди.

Бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Худди шунга ўхшаб рамазон ойи ҳам Қуръоннинг амри билан нафсни тарбиялаш, ахлоқни тузатиш, разоилни тасфия ( инсон ўзидаги ёмон жиҳатлардан қутулиши) ва фазоилни такмил (яхши жиҳатларини, фазилатларини такомиллаштириши)нинг амалий йўли ва чорасидир.

Шунингдек, рамазон ойида рўза тутиш буюрилган оятнинг охирида, ундан мақсад маънавий, руҳий ва ахлоқий камолотга эришиш эканлигига ишора қилингани ҳолда, «Токи (Аллоҳдан қўрқиб гуноҳ ишлардан) тийилар экансизлар, яъни (шунда) тақво соҳиби бўласизлар» дея буюрилгандир.

Рамазон ойида, рўза тутишар экан, мусулмонларнинг ҳеч ҳам ёдидан чиқармасликлари керак бўлган муҳим бир ҳақиқат шуки, рўза фақат ейиш-ичишдан тийилиш эмас, аксинча, ҳар бир мўмин рўзанинг нафси амморани енгиш, иродани қувватлантириш ва натижада, ўзига тақвони одат қилиб олишига хизмат қиладиган бир машқ ва кўникма эканлигини билиши, эътиборида тутиши лозим.

Демак, рўзадан мақсад тақвога эришишдир. Аллоҳ (жалла жалалуҳу) Қуръони каримнинг 150 ўрнида тақвони зикр этиб, мақтайди. У, бизга бўлгани каби эски умматларга ҳам буюрилган эди. Аллоҳ наздида энг яхши одам энг тақволи одамдир; Аллоҳнинг валийлари (дўстлари) муттақий (тақводор)лардан бошқаси эмас; улар дунё ва охиратнинг ҳақиқий улуғларидир; Аллоҳ томонидан севилмоқ, юксак моддий ва маънавий неъматларга эришмоқ, илоҳий мададга сазовор бўлмоқ, ҳусни оқибат, тенгсиз ва абадий саодат, мужда ва башорат (илоҳий хушхабар), жаннат ва жамол... уларга бериладиган мукофотлардир.

Тақво, Пайғамбаримизнинг асл йўлидир; асҳоби киромнинг, авлиёуллоҳнинг, саййидлар ва машойихларнинг ҳоли; обид ва зоҳидларнинг йўл озиғи; зокир (зикр қилувчи) ва шокир (шукур қилувчи)ларнинг кўз нури, кўнгил сурури; охират толибларининг мақсад ва орзусидир. Тақво ва иттиқо сўзларининг луғатларда «тийилмоқ, сақланмоқ, қўрқмоқ» маънолари берилади. Муттақийлар эса тақводор кимлигини «Аллоҳдан қўрққан, қилган амалларининг Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлишига тўсқинлик қиладиган омиллардан сақланган, дўзахга тушишдан ёки Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатини йўқотишдан қўрқадиган, ҳар бир хайрли ишни катта масъулият ва талабчанлик билан сидқидилдан қиладиган мусулмонлар» деб тушунтирадилар.

Шариатга кўра тақво уч хил даражада бўлади. Унинг энг қуйи даражаси – имон ва исломнинг оддий шарти бўлган куфрдан сақланишдир. Энг олий даражаси эса кўнгилни Аллоҳ (жалла жалалуҳу) ҳазратларидан – ҳатто бир лаҳза бўлса-да – чалғитадиган ҳар қандай нарсадан сақланмоқ ва жумла мосуво (бу дунё билан боғлиқ жамики нарсалар)дан воз кечмоқликдир.

Тақвонинг ўрта даражаси эса – кўпинча тақво дейилганда мана шу даражаси тушунилади – инсоннинг охиратда ўзига жазо, азоб келтирадиган амаллардан тийилиши, қалбини ва ниятини тўғри, соф қилишидир.

Ҳар бир иш, амал ва аъзонинг ўзига кўра бир тақвоси бор. Масалан, рўзани бузадиган хатти-ҳаракатлардан йироқ бўлиш; намоз, закот, ҳаж ва бошқа амалларни бузадиган, уларни йўққа чиқарадиган нарсалардан сақланиш; имони алфозни куфрдан ва ботил эътиқодлардан қўриш; ёмон одатлардан халос бўлиш; қалбни бадбин ниятлардан асраш; ҳар бир аъзо ва жавоҳир(кўнгил)ни турли гуноҳлардан ва таъқиқланган амаллардан сақлаш... каби.

Бирдан шу нарса англашиладики, буни қилиш учун ҳам инсон таъқиқланган, ҳаром қилинган нарса ва амаллар нималигини, ҳалол нима, мубаҳ (исломий нуқтаи назардан қилиниши таъқиқланмаган, қилиниш-қилинмаслиги гуноҳ ёки савоб келтирмайдиган амаллар) нима, савоб ҳамда гуноҳ нималигини яхши билиши, яъни фиқҳ илми ва тасаввуфдан хабардор бўлиши шарт. Айтишадики, «Ибодат ва ҳақиқий бандалик қилиш нозик санъат; унинг дўкони хилват (танҳолик), сармояси илм ва тақво, мукофоти эса жаннатдир».

Аллоҳим, илоҳо бизни рамазоннинг одобига риоя қилган, тақвога эришган ва натижада розилигингга ноил бўлганлардан айла!

Илоҳо, жаннат уйига,

Кирганлардан айла бизни;

Жаннат ичра жамолингни,

Кўрганлардан айла бизни.

 

Маҳмуд Асъад Жушон

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР