Тавсия қиламиз

13 қандай сон

Мақолалар access_time20-июль 2019, 10:30

Маълумотларга кўра, ўн учни ёқтирмаслик бирданига пайдо бўлмаган. Ўрта асрларда…

Умри баракотли уламолар

Мақолалар access_time30-май 2017, 19:28

Курз ибн Вабра Қуръони каримни кечаси ҳам, кундузи ҳам 4 марта, Ибн Идрис…

 Илоҳий озуқа

Мақолалар access_time18-июнь 2017, 20:05

Замонамиз олимлари тиббий тадқиқотларида аниқлашларича, инсон туғилганда…

#Муаттар_сийрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадалар

access_time19-апрел, 15:39 visibility384

  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келган вақтларида шаҳарда турли миллат вакиллари истиқомат қилишарди. Уларнинг аксарияти муҳожирлар ва ансорлар бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдида турган энг муҳим вазифа аҳолининг барча қатламлари бошини қовуштириш, улар учун ўзаро ижтимоий, маънавий, биродарлик, яхши қўшничилик муносабатларини муайян тартибга солиб турадиган жамиятни барпо этиш эди, албатта. Авс, Хазраж, Бани Умайя, Бани Абдуманоф ва бошқа қабила ҳамда уруғларнинг қайси қабилага мансубликлари ва қайси ўлкаларда яшашларидан қатъи назар, ягона исломий оилага айланишлари исломий жамиятини таркиб топтиришда асосий омил вазифасини бажарарди. Бу олижаноб ғояни ҳаётга татбиқ этиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни амалга оширишга киришдилар:
1. Мадинада масжид барпо қилиш.
  Масжид қуришдан кўзланган асосий мақсад унда намоз ўқиш – ибодат қилиш эди. Чунки Ислом динига кўра Ер юзининг барча жойи мусулмонлар учун масжиддир. Демак, масжиднинг вазифаси биз ўйлагандан ҳам кенгроқ. Шу маънода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид деган муқаддас макон мусулмонлар тўпланадиган, ўзаро маслаҳатлашиб, турли ижтимоий-ахлоқий муаммоларга ечим топадиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида йиғилишиб, Ислом таълимотларини ўрганадиган, бир сўз билан айтганда, илм маскани бўлишини ва бу ерда ақлий жиҳатдан турли даражадаги одамлар бир-бирлари билан учрашишини, ўзаро суҳбатлари натижасида қалблари қалбларига йўл топишини, бир-бирларини тушунишга ёрдам беришини, қабилалар ўртасидаги заиф алоқалар ўрнини кенг, кучли исломий алоқалар эгаллашини, ҳар куни беш маҳал азон янграб, Аллоҳнинг байтида жамоат бўлиб намоз ўқиб туришини истар эдилар.
2. Муҳожирлар билан ансорлар ўртасидаги биродарликка эришиш.
  Муҳожирлар билан ансорлар ўртасида биродарлик ришталарини боғлаш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг муҳим ишларидан бири эди. Муҳожир билан муҳожир, ансорий билан ансорий, муҳожирлар мансуб бўлган турли қабилалар ўртасидаги муносабат яхшиланди, ҳатто Авс билан Хазраж ўртасидаги адоват ҳам ислоҳ қилинди. Бундан ташқари, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йирик араб қабилаларидаги обрўли кишилар билан қуллар ва хизматкорлар орасида ҳам самимий алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлдилар. Масалан, Ҳамза ибн Абдулмутталиб ва Зайд ибн Ҳориса, Абу Дардо билан Салмон Форсийнинг илиқ ҳамда дўстона муносабати шулар жумласидандир. Турли-туман қабилаларнинг бирлашуви туфайли ягона исломий оила шаклланди. Мадина аҳолиси икки жамоадангина иборат бўлиб қолди: мусулмонлар ва ғайри мусулмонлар жамоаси. Ғайри мусулмонларнинг аксарияти яҳудийлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина аҳолисининг барча қатламларини бирлаштириш, турли дин вакиллари орасида эътиқодий ва диний ҳуррият асосида ўзаро тинч-тотувликка эришишга маҳкам бел боғладилар.
3. Мусулмонлар билан яҳудийлар ўртасидаги аҳдлашув.
  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, уни ҳар қандай душман тажовузидан ҳимоя қилиш ва иқтисодий инқироз вақтида ўзаро моддий ёрдам бериш мақсадида яҳудийларнинг Бани Қайнуқоъ қавми билан аҳднома туздилар.
4. Ислом иқтисодий низоми асосларини ишлаб чиқиш.
  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги шаклланган жамият аъзолари ўртасида иқтисодий адолатни жорий этиш учун иқтисодий низом асосларини ишлаб чиқдилар. Маълумки, бойлар бебошлик, зўравонлик қиладиган жамиятни соғлом деб бўлмайди. Буни назарда тутган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бой билан камбағални бир-бирларига зоҳиран бўлса-да, яқинлаштириш мақсадида бадавлатларнинг бойлигида камбағаллар ва давлатнинг ҳақлари бор, деган шиорни илгари сурдилар. Бунинг натижасида ўзаро ёрдам, адолат асосига қурилган Ислом жамиятининг иқтисодий қонун-қоидаларига асос солдилар.
  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам имон, биродарлик, меҳр-оқибатга асосланган исломий давлатнинг ва келажак авлод саодати учун ишлаб чиқилган исломий дастурнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб бердилар.
  Ҳижратнинг биринчи асрида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда мусулмонлар ғалабаларга эришишди, ҳеч бир халқ етиша олмаган уфқларни забт этишди, асрнинг машҳур ва улуғвор халқига айланишди.


"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР