Тавсия қиламиз

ТОТУВЛИК СИРИ

Мақолалар access_time8-ноябрь 2017, 10:37

ТОТУВЛИК СИРИ Бир шаҳарда икки қўшни яшар эди. Бирининг оиласидагилар ҳамма…

АЪРОФ:

Мақолалар access_time29-июль 2020, 19:54

Қуръон оятларидан маълум бўлишича, аъроф жаннат ва дўзах орасидаги жойдир.…

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТАВОЗЕЪЛАРИ ҲАҚИДА ВОҚЕАЛАР

Мақолалар access_time14-декабр 2017, 09:20

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТАВОЗЕЪЛАРИ ҲАҚИДА ВОҚЕАЛАР  Ҳасан…

РЎЗАНИ БУЗАДИГАН ВА БУЗМАЙДИГАН АМАЛЛАРГА ОИД САВОЛ - ЖАВОБЛАР

access_time20-апрел, 12:29 visibility388

РЎЗАНИ БУЗМАЙДИГАН НАРСАЛАР

  Агар рўзадор беихтиёр қайт қилиб юборса, рўзаси эсидан чиқиб, оғзини очиб юборса ёки эҳтилом бўлса, шаҳват билан қарагани учун манийси тўкилса, томоғига чанг, тутун ёки пашша кирса, рўзаси бузилмайди, қазосини тутмайди.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса рўзани очмайди: қон олдириш, қайт қилиш ва эҳтилом бўлиш», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Бошқа жинсдаги шахсга шаҳват назари билан қараб туриб манийси тўкилган кишининг рўзаси очилмаслиги бу ишда жинсий яқинликнинг сурати ҳам, маъноси ҳам йўқлиги учундир. Томоғига чанг, тутун ёки пашша кирганда рўза очилмаслиги эса бу нарсалардан сақланишнинг иложи йўқлиги учундир.

Агар тиш орасига кириб қолган нўхатдан кичикроқ нарса ютиб юборилса, рўза бузилмайди. Аммо ўша нарсани оғзидан чиқариб туриб, кейин еса, рўза бузилади, чунки оғизнинг ичида, тишларнинг орасида озгина таом қолиши мумкин. Бундай оз нарса тупукнинг ҳукмида бўлади. Аммо нўхат донасидек ёки ундан катта бўлса, рўзадор одам уни емаслиги, ютмаслиги керак.

Кичик нарсани, масалан, бир дона кунжутни чайнаб еса ҳам рўза очилмайди, чунки у чайнаганда майдаланиб, тишларига ёпишиб қолади ва қоринга ҳеч нарса етиб бормайди. Аммо ўша кунжутни бутунича ютиб юборса, рўза очилади.

Қайт қилганда қусуқ кўп бўлса ва ичга қайтариб юборилса, рўзани бузади. Бу имом Абу Юсуфнинг гаплари. Аммо имом Муҳаммад бузмайди деганлар ва бу гап амал учун қабул қилинган. Қорни тўйиб кетганидан еган нарсаси оғзига келиб, ўзи қайтиб кетса, рўза бузилмайди.

Одам ўзини мажбур қилиб қайт қилса, рўзаси очилади, чунки бунда рўзадорнинг ўз амали бор.

 

  РЎЗАНИ БУЗАДИГАН ВА БУЗМАЙДИГАН АМАЛЛАРГА ОИД САВОЛ - ЖАВОБЛАР

Савол: нафас қисиш оқибатида томоғига аэрозоль сепса, рўзаси очиладими?

Жавоб: томоқдан ичкарига ўтган ҳар бир нарса рўзани очади. Аэрозоль сепилганда ҳам дори ичкарига ўтади, шу сабабли рўза очилади. Шунинг учун бундай касалликка дучор бўлганлар қишнинг қисқа кунларида аэрозоль ишлатмасдан рўза тутишга қодир бўлишса, қазосини тутиб беришади. Агар қиш кунида ҳам аэрозоль ишлатмай тура олишмаса, рўза тутиб, эҳтиёт юзасидан ҳар кунига фитр миқдорича, яъни икки килограмм буғдойни ёки унинг қийматини фидя қилиб бериб турганлари афзал.

Савол: милки қонаб, қони ичкарига кетиб қолган кишининг рўзаси очиладими?

Жавоб: агар қон томоғидан ўтиб, ичкарига етса, рўза очилади. Тишлари орасидан қон чиқиб, халқумида қолса, ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди. Агар халқумдан ичкарига кетса, қон миқдори тупукдан кўп ёки тенг бўлса ёки қоннинг таъми сезилса, рўза очилади. Қон тупукдан оз бўлса, рўза очилмайди.

Савол: ғусл вожиб бўлган киши бурнига сув олганда сув ичкарига кетиб қолса, рўзаси очиладими?

Жавоб: ғуслда буруннинг юмшоғигача сув етказиш фарз, қаттиқ жойига сув етказиш эса суннат. Рўзадор рўзадорлигини билатуриб оғзига ёки бурнига сув олсаю, сув ичкарига кетиб қолса, рўзаси очилади, қазо лозим бўлади. Агар рўзадорлиги эсида бўлмаса, рўзаси очилмайди.

Савол: қулоқ ёки киндикка сув киргизилса, рўза очиладими?

Жавоб: киндикка сув киргизиш билан рўза очилмайди. Қулоққа ғусл пайтида сув кириб кетса ҳам рўза очилмайди. Лекин қасддан киргизилса ва мия тарафга етиб борса, рўзанинг очилиш-очилмаслигида ихтилоф бор. Хулоса шуки, қулоққа дори томизилса рўза очилишига, сув кирса очилмаслигига иттифоқ қилинган.

Савол: сигарет, нос чекиш билан рўза очиладими?

Жавоб: сигарет чекиш, тамаки ва носга ўхшаш воситаларни истеъмол қилиш билан рўза очилади.

Савол: рўзадор одам тиш пастаси билан тишини тозаласа бўладими?

Жавоб: рўзадор ҳолатда тиш пастасини ишлатиш макруҳ. Лекин томоғидан ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.

Бирор нарсани оғзига солиб, татиб кўриш макруҳ, лекин бунда рўза очилмайди (лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юборса рўза очилади).

Савол: укол (инъекция) қилиш билан рўза бузиладими?

Жавоб: уламолар мушаклар орасига, ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган. Тери орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди.

Одатий йўллардан бошқа жойлар орқали терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (томирдан чақса ҳам), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида бадан орасидан ичкарига сув ўтиши рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилишган.

Савол: тиш олдирса рўза очиладими?

Жавоб: рўзанинг очилиш-очилмаслиги томоқдан бирор нарса ўтиш-ўтмаслигига боғлиқ. Тиш олдираётганда томоқдан бирор нарса ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.

Савол: ғарғара қилиш билан рўза очиладими?

Жавоб: рўзадор кишининг ғарғара қилиши макруҳ. Ичкарига сув кетиб қолса, рўза очилади.

Савол: эсдан чиқариб еб-ичган одам эсига тушгач таомланиб қўйса, рўзаси очиладими?

Жавоб:

1) эсдан чиқариб еб-ичиш билан рўза очилмайди.

2) Эсдан чиқариб еб-ичгандан кейин «Рўзам очилди» деб ўйлаб таомланиб қўйса, қазо лозим бўлади, аффорат вожиб бўлмайди.

3) Эсдан чиқариб еб-ичиб қўйса рўза очилмаслигини билатуриб таом еб қўйса қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади. Қайт қилишнинг ҳукми ҳам шундай: қайт қилгач, «энди рўзам очилди» деб ўйлаб, таом еб юборса, қазо лозим бўлади, каффорат эмас. Лекин бу иш рўзани очмаслигини билатуриб таомланиб юборса, каффорат ҳам вожиб бўлади.

Савол: ғийбат қилса, ёлғон гапирса рўза очилади деб ўйлаган киши ғийбат қилиб қўйиб, қасддан таом еса каффорат лозим бўладими?

Жавоб: шундай деб ўйлаб, қасддан еб-ичиб юборса, қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади.

Савол: қўли билан шаҳватини қондирса, рўза очиладими?

Жавоб: бу иш ҳар ҳолатда ҳам гуноҳ ҳисобланади. Қўли билан шаҳватини қондирса, маънан яқинлик ҳолати топилиб, суратан топилмагани учун рўза очилади ва қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди.

Савол: рўзадор кундузи ухлаб, тушида эҳтилом бўлиб қолса, рўзаси очиладими?

Жавоб: тушида булғанса ёки қараш туфайли маний тўкилса, рўза очилмайди (қўли билан ушлаши натижасида ёки бирор нарсага ишқаланиш оқибатида маний тўкилса, қазо лозим бўлади).

Савол: рўзадор киши исириқ, буғ ва шунга ўхшаш нарсаларни ҳидласа рўзаси очиладими?

Жавоб: рўзадорлиги эсида туриб, қасддан тутун ютса, исириқ ҳидини ютса, доривор ўтларнинг буғини оғиз-бурни билан ичига ютса, рўзаси очилади.

Савол: суриладиган дори (мазь) ва шу каби воситаларни баданга суртса рўза очиладими?

Жавоб: рўза очилмайди. Терининг орасидан ёғ каби нарсаларнинг ичкарига кириши рўзани очмайди.

Савол: рўзадор шўр сувда оғзини чайса бўладими?

Жавоб: сув чучук бўлсин, шўр бўлсин, рўзадор у билан таҳорат олса ҳам, оғзини чайса ҳам бўлади.

Савол: касал ва мусофир Рамазон ойида рўза тута олмасада, ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши керакми?

Жавоб: Рамазон кунларида бемор бўлган ва сафарга чиққан кишилар рўзадорга ўхшаб ўзини еб–ичишдан тўхтатиб туришлари лозим бўлмайди. Лекин таомланмоқчи бўлсалар ошкора эмас, балки одамлардан холироқ жойда таомланишлари афзал.

Савол: рўзадор сув билан муболағали тарзда истинжо қилса, бавосил (геморрой) касалига дучор бўлганлар ўша жойларига дори қўйишса, рўза очиладими?

Жавоб: истинжода сув, бавосил касаллигида дорилар орқа аъзонинг ҳуқна (клизма) қилинадиган жойигача етиб борса, рўза очилади. Етиб бормай, ташқарида қолса, очилмайди. Агар истинжони муболаға тарзида қилсаю, клизма қилиш ўрнигача етиб борса, рўзаси очилади.

Савол: рўзадор одам иситмалаб қолса, укол қилиш натижасида рўзаси очиладими?

Жавоб: ҳапдори (таблетка) қабул қилиш билан рўза очилади, ёнбошга ёки мушакка укол қилинса очилмайди. Рўзани очувчи нарсалар одатий йўллардан кирадиган нарсалардир (одатий йўллар оғиз, бурун, қулоқ ва олд-орқа жинсий аъзолардир. Бундан бошқа жойдан кирган нарсалар рўзани очмайди).

Савол: сурма қўйиш билан рўза очиладими?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолатларида сурма қўйганлар. Сурмани кўп қўйиш натижасида ҳалқумида сурманинг таъмини сезса ҳам рўза очилмайди.

Савол: ошқозон касаллиги билан оғриган рўзадор бемор зонд ютса бўладими?

Жавоб: зонд қуруқ ҳолатда ютилса ва қайтариб чиқариб олинса, рўза очилмайди. Агар бирор таомни ипга боғлаб, ютса ва ипнинг бир учи қўлида қолса, яъни қайтариб чиқариб олиш мумкин бўлса, рўза очилмайди. Ип узилиб кетса рўза очилади.

Савол: жароҳатларга дори қўйилса рўза очиладими?

Жавоб: фуқаҳолар икки турдаги жароҳатга дори қўйилса, рўза очилади деб иттифоқ қилишган?

а ) Бошнинг миягача етиб борадиган чуқур жароҳати;

б ) Ошқозонга етиб борадиган жароҳат;

Бу икки жароҳат мия билан ошқозонга бевосита нарса етиб боришига олиб борувчи жароҳатдир. Ошқозон ва мияга етиб борадиган чуқур жароҳатга қўйилган дори у жойларга етиб борса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида рўза очилади.

Булардан бошқа жароҳатлар, қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, рўзани очмайди, чунки бу жароҳатларга қўйилган дорилар тўғридан-тўғри ошқозон ва мияга етиб бормайди. Агар болдирнинг ичига дори етиб борса ёки унга пичоқ ё шу каби нарса санчиб олинса, тиғи илигигача етиб борса, шак-шубҳасиз рўза очилмайди, чунки у ичкари аъзо ҳисобланмайди.

Савол: рўзадорнинг кўзига дори қуйилса, рўзаси очиладими?

Жавоб: ҳанафий мазҳабига кўра рўза очилмайди.

Лекин бошқа мазҳаб соҳиблари «рўза очилади» дейишади. Тиббиёт соҳасининг мутахассислари ҳам кўз орқали бурун, оғиз каби халқумга йўл борлигини таъкидлашади. Шунинг учун рўзадор ҳолатда кўзига дори томизадиганлар буни саҳарликдан олдинга ва ифторликдан кейинга кечиктирганлари афзал.

Савол: эркак кишининг олд жинсий аъзосининг ичидан таҳлил (анализ) олинса ёки дори юборилса, рўзаси очиладими?

Жавоб: очилмайди. Эркак кишининг олд жинсий аъзосининг ичига нарса томизилса, Абу Ҳанифа ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимолар наздида рўза очилмайди.

Савол: кислород билан сунъий нафас олдирилса рўза очиладими?

Жавоб: соф кислороднинг ўзи бўлса, бошқа бирор дори қўшилмаган бўлса, рўза очилмайди, чунки у нарса оддий ҳаводан бошқа нарса эмас. Ҳаво билан эса рўза очилмайди.

Савол: иссиқ кунда рўзадорнинг бурни қонаб кетса, қонни тўхтатаман деб бошини тепага кўтаргани учун қон ичига кетиб қолса, рўзаси бузиладими?

Жавоб: бузилади ва қазо лозим бўлади, каффорат вожиб бўлмайди. Рўзадорнинг бурнидан қон келиб қолса, қонни тўхтатишда рўзасини бузмасликка, қоннинг томоғига кетказмасликка ҳаракат қилиши керак.

Савол: рўзадорлигини унутиб, қулоғига дори томизса, рўзаси очиладими?

Жавоб: унутган бўлса очилмайди.

Савол: сақич чайнаса рўза очиладими?

Жавоб: рўзани фақат ҳалқумдан ичкарига ўтган нарса очади. Сақич чайнаганда ҳам ундан бирор нарса ажраб чиқиб, ичкарига кетса, рўза очилади. Ичкарига кетмаса, рўза очилмайди. Лекин рўзадор кишига сақич чайнаш макруҳ. Оқ, аввал чайналиб ажрайдиган нарсаси ажраб бўлган, титилиб кетмайдиган сақични чайнаса рўза очилмайди, лекин бу иш макруҳдир.

Савол: ёш болани эркалаб-ўпиш билан рўза очиладими?

Жавоб: йўқ. Ўпиб-эркалаш билан рўза очилмайди.

Савол: рўзадор тутқаноқ ё шунга ўхшаш бирор сабаб туфайли ҳушидан кетса, рўзаси очиладими?

Жавоб: йўқ, рўзаси очилмайди. Балоғатга етиш ва ҳушида бўлиш рўзанинг шартларидан эмас. Ёш бола рўзага ният қилгач, балоғатга етса, соғ одам мажнун бўлиб қолса ёки ҳушидан кетиб қолса, рўза очилмайди.

Савол: рўзани очмайдиган ва макруҳ бўлмаган амаллар қайсилар?

Жавоб: рўзани бузмайдиган ва макруҳ бўлмаган амаллар ушбулардир?

1. Сурма қўйиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида сурма қўяр эдилар.

2. Мўйлаб ва соқолларга ёғ суртиш.

3. Баданга, бошга ёғ суртиш.

4. Рўзадорнинг таҳоратдан ташқари оғиз-бурнини чайиши, салқинлаш мақсадида ғусл қилиши, бошидан сув қуйиши, сувнинг ичига тушиб олиши, нам латтани баданига ёпиб олиши. Булар Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздларида макруҳ эмас, фатво ҳам шундай, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида жазирама иссиқ туфайли, ташналикни босиш учун бошларидан сув қуяр эдилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо рўзадор ҳолатида латтани намлаб, баданига ўраб олар эди. Ибодатга кўмак бўлсин деб, фитрий бетоқатликни кетказиш учун бундай қилишнинг зарари йўқ.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бу ишларни макруҳ санаганлар. Лекин уларнинг макруҳлиги рўзанинг бузилишига олиб келгани учун эмас, балки ибодатни адо қилишда сабрсизлик изҳор қилгани учундир.

5. Рўза ҳолатида, заволдан аввал ҳам, кейин ҳам мисвок ишлатиш макруҳ эмас. Имом Аҳмад, имом Молик, имом Шофеъийларнинг наздида эса заволдан кейин мисвок ишлатиш макруҳ.

6. Рўзадорнинг мушк, атир каби хушбўйликларни ҳидлаши макруҳ эмас.

7. Одамни заифлаштирмаса, қон олдириш мумкин.

8. Қасддан ейилмайдиган, лекин сақланиш қийин бўлган нарсалар халқумдан ўтса ҳам рўза очилмайди.

Масалан, ҳавода учиб юрадиган майда ҳашаротлар, тутун, чанг кабилар.

9. Эркаклар пешобни тўхтатиш ёки даволаниш мақсадида жинсий аъзосига бирор нарса киргизиб олса, рўза очилмайди (лекин аёлларда очилади).

10. Рўзадорлигини унутиб, одатий ёки ғайриодатий ишларни қилиш, масалан, еб-ичиш, жимоъ қилиш ёхуд ҳуқна (клизма) қилдириш, қулоққа дори томизиш рўзани очмайди (лекин эсига тушиши билан бу амаллардан тўхташ зарур). Агар қари, заифҳол киши рўзасини унутиб, овқатланаётган бўлса, огоҳлантирилмайди. Ёш, бақувват киши бўлса, огоҳлантирилади. У эса огоҳлантиришни эшитган заҳоти оғзидаги нарсаларни ютмай, дарҳол ташқарига чиқариб ташлаши лозим бўлади. Ютиб юборса рўзаси очилади ва қазоси вожиб бўлади, каффорати хусусида эса уламолар турли фикрлар билдиришган.

11. Эркагу аёлнинг тушда эҳтилом бўлиши ҳам рўзани очмайди.

12. Жунуб ҳолда субҳи содиқни қарши олиш рўзани очмайди.

 

"Мўминннинг қақони" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР