Тавсия қиламиз

ҚУРЪОННИНГ УЧДАН БИРИГА ТЕНГ СУРА

Мақолалар access_time5-август 2017, 12:28

 Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг…

Мени йиғлатган иборалар...Ота ким?

Мақолалар access_time22-июнь 2019, 11:06

Магистр  талабаларига бир савол  берилди. "Ота ким?"…

ҚАРЗНИ УЗМАЙ ВАФОТ ЭТГАН ОДАМ

Мақолалар access_time11-ноябрь 2018, 23:34

Ҳар бир қарздор тезроқ қарзини узиш пайида бўлиши керак. Қарзини узмай туриб…

#Муаттар_сийрат АБДУЛЛОҲ ИБН ЖАҲШ САРИЯСИ

access_time22-апрел, 13:41 visibility84

  Ражаб ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Жаҳшни муҳожирлардан саккиз киши (ёки ўн икки киши) ҳамроҳлигида сафарга жўнатиб, кетиш олдидан қўлига бир мактуб тутқаздилар ва икки кундан сўнг очиб ўқишни буюрдилар. Абдуллоҳ ҳайрон бўлди. Чунки ҳамроҳлари орасида бирорта ҳам у ёқтирмайдиган одам йўқ эди. Икки кун ўтгач, хатни очиб ўқиди: “Наҳла (Макка билан Тоиф орасидаги қишлоқ) қишлоғида тўхта ва Қурайшнинг келишини кутиб тур! Қурайшликлар ҳақида бизни хабардор қил!”
  Абдуллоҳ ибн Жаҳш ҳамроҳларининг ҳеч биридан шубҳаланмагани боис мактубни ҳаммага ўқиб эшиттирди. Сўнг ҳаммалари биргаликда йўлларида давом этаверишди. Фақат улардан Саъд ибн Абу Ваққос ва Атаба ибн Ғазвон ҳамроҳларидан ажралди. Чунки уларнинг моллари адашиб қолганида қурайшликлар тутиб ўзларининг молларига қўшиб олишган эди. Шу боис улар ўз молларини излаб кетишди. Қолганлар эса Наҳлага етиб келиб, Қурайшни кута бошлади. Кўп ўтмай Қурайшнинг Амр ибн Ҳазрамий бошчилигидаги тижорат карвони ёнларидан ўтди. Абдуллоҳ ҳамроҳлари билан Қурайш илгари кўрсатган азобу уқубатларни, молу ҳолларини тортиб олганини бирма-бир алам билан эслади. Аламзадалар қасос фурсати етиб келгани ва уни қандай амалга ошириш чоралари ҳақида ўзаро маслаҳатлаша бошлашди. Ўша вақт Ражаб ойининг охирлари эди (бу ойда араб одатларига кўра қон тўкиш мумкин эмас). Шунинг учун улардан баъзилари:

— Агар уларни қўлдан чиқариб юборсак, Каъбага бориб, ўзларини ҳимоя қилиш имконига эга бўлишади. Агар уларни ўлдирсак, ҳаром қилинган ойларда қонларини тўккан бўламиз, дейишди. Улар қарорларини амалга оширишга иккиланиб туришди-да, сўнг карвонни кузатиб келаётганларга қарата камондан ўқ уза бошлашди. Натижада Амр ибн Ҳазрамий яраланди, мусулмонлар эса Қурайшдан икки кишини асир олиб, карвондаги мол-ҳолларни қўлга киритишди. Асирга тушганлардан бири Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Муғийра, иккинчиси Ҳакам ибн Кийсон эди.
  Тўқнашув тугагач, Абдуллоҳ ибн Жаҳш ҳамроҳларига:
— Ўлжаларнинг бешдан бирини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ажратамиз, деди. Ушбу тақсимот мусулмонлар қўлга киритган ўлжалардан бешдан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ажратилиши илк бор, ҳали фарз бўлишидан илгари Абдуллоҳ ибн Жаҳш томонидан амалга оширилган эди.
  Бу карвондаги ўлжалар мусулмонлар қўлга киритган дастлабки ўлжа, унинг бешдан бир қисми (хумс) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ажратилиши эса Исломда илк бор амалга оширилган аҳкомлардан бири эди.
  Абдуллоҳ ибн Жаҳш ўлжа ва асирларни олиб, Мадинага келгач, тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борди. У зот уларни кўришлари билан:
— Ахир мен сизни муҳаррам ойларда жанг қилишдан қайтарган эдим-ку, дея бўлган ишдан норозиликларини билдирдилар ва карвонни икки асир билан бирга тўхтатдилар. Ўлжалардан эса бирор нарса олмадилар. Абдуллоҳ ва унинг ҳамроҳлари нима қилишни билмай қолишди. Буни кўриб турган мусулмонларнинг аччиғлари чиқди. Яҳудийлар ғавғо кўтариб, ҳамма ёққа Муҳаммад ва унинг сафдошлари муҳаррам ойда қон тўкишди, босқинчилик қилишди, одамларни асир олишди, деб жар сола бошлашди. Маккадаги мусулмонлар Мадинадаги муҳожир биродарлари ёнини олиб яҳудийларга: “Қурайш карвони билан боғлиқ воқеа муҳаррам ойлардан бири бўлмиш Ражабда эмас, балки Жумадус соний ойида юз берган”, дейишган (дарҳақиқат, мазкур воқеа бошқа бир ривоятда Жумадус соний ойининг сўнгги куни, Ражаб ойининг биринчи тунида содир бўлган эди, дейилган). Бироқ яҳудийлар мусулмонларни айблашдан тўхташмади.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Сиздан “Шаҳри Ҳаром”да жанг қилиш (ҳукми) ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “Унда жанг қилиш катта гуноҳдир. (Лекин одамларни) Аллоҳ йўлидан қайтариш, Унга куфр келтириш ва (ҳожиларни) Масжиди Ҳаромдан тўсиш ҳамда аҳолисини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида (улардан ҳам) каттароқ гуноҳдир. Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир. Улар имкон топсалар, то динингиздан қайтармагунларича сизлар билан жанг қилаверадилар. Сизлардан кимда-ким ўз дини (Ислом)дан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат ибодатлари) дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар”» (Бақара сураси, 217-оят), деб хабар берган эди. Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ яҳудийларнинг мусулмонларга нисбатан айбловларини пучга чиқарди.
  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ояти карима ҳукмига биноан карвонни ва икки асирни ушлаб турдилар. Қурайш икки асирнинг фидясини тўлаб, озод этиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишган эди, у зот:
— Икки биродаримиз, яъни Саъд ибн Абу Вақкос ва Атаба ибн Ғазвон эсон-омон етиб келмагунича уларни озод қилмаймиз. Чунки уларни йўлда ушлаб олиб, ўлдириб юборишингиздан хавотирдамиз. Агар шундай қилсангиз, биз ҳам ўз навбатида икки асирингизни қатл этишга мажбур бўламиз, — дедилар. Бироз ўтмай, иккови соғ-саломат етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг икки асирини фидя эвазига қўйиб юбордилар. Аммо асирлардан Ҳакам ибн Кийсон Исломга кирди ва Мадинада қолди. “Мауна” қудуғи номини олган жангда қатл этилгунича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлди. Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Муғийра эса Маккага қайтиб кетиб, умрининг охиригача ота-боболарининг ботил динидан қайтмай яшаб ўтди.
  Юқоридаги воқеалар орасида Аллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Каъба томонга юзланиб ибодат қилишни - намоз ўқишни буюрди. Бу ҳижратнинг иккинчи йили Шаъбон ойи ўрталарида рўй берди. Унгача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн олти, бошқа бир ривоятга кўра ўн саккиз ойдан бери Қуддуси шариф томонга қараб намоз ўқир ва ич-ичларидан қибланинг Каъба бўлишини истаб, Аллоҳга ёлворар эдилар. Яҳудийлар қибланинг ўзгарганини дастак қилиб олиб, Исломга тош отиш ва уни таъқиб этишни кучайтириб юборишди. Нафақат Ғарбу Шарқ, балки бутун олам Аллоҳнинг мулки эканини улар англашмас эди.
  Худди шу йили ва шу ойда Аллоҳ Ислом умматларига Рамазон ойида рўза тутишни фарз қилди. Бунгача Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар ой бошида уч кундан рўза тутардилар. Мадинага келгач, яҳудийларнинг Ашуро кунида рўза тутаётганларини кўргач, у куни ҳам рўза тутган ва мусулмонларга ҳам ўша куни рўза тутишни буюрган эдилар. Мусулмонларга Рамазон рўзаси фарз қилингандан сўнг Ашуро куни рўза тутиш тутмаслик ҳақида оғиз очмадилар. У зот рўза тутиш замирида фақиру муҳтожларга моддий ёрдам ва раҳм-шафқат кўрсатиш каби инсонпарварлик ғоялари ётганидан келиб чиқиб, ҳайит куни ёки ундан олдин камбағалларга садақаи фитр беришни амр этдилар. Унга оид масалалар фиқҳ китобларида муфассал ёритилган.
  Рамазон ойи тугагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни сафга тизиб, Каъбага юзланган ҳолда илк бор ҳайит намозини ўқиб бердилар. Намозда олдиларидан ҳеч ким ўтиб кетмаслиги учун саждагоҳнинг тепа тарафига учига ўткир найза кийдирилган асо ташлаб қўйилди.
  Аллоҳ садақаи фитрни вожиб қилганидан сўнг бадавлат мусулмонларга молу дунёларидан маълум миқдорини мискин-камбағаллар учун ажратишлари фарз эканини билдирди. Бу илоҳий буйруқ закот ҳақидаги каримада ўз ифодасини топган: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) Қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (қилинди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли Зотдир” (Тавба сураси, 60-оят).
  Энди азиз ўқувчилар диққатига юқоридаги оятларда акс этган шариат кўрсатмалари мағзини чақишни ҳавола қилган ҳолда Ислом тарихида кўпгина ғалабалар эшигини очган Бадр ғазоти ҳақида сўз юритамиз.


"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР