Тавсия қиламиз

ЁМҒИРДАН ФОЙДАЛАНИБ ОЛИНГ!

Мақолалар access_time6-май 2017, 21:45

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Биз осмондан барокатли сув (ёмғир)…

ОЛИМНИНГ ҚАЛБ СЎЗЛАРИ

Мақолалар access_time5-ноябрь 2017, 15:03

Бундан бир неча йиллар аввал Муҳаммад Саид Рамазон Бутий завжаларининг вафотларидан…

ВАТАНГА БЎЛГАН МУҲАББАТ

Мақолалар access_time13-январ 2017, 16:27

Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари хоки ётган она юртни дунёда тенгсиз,…

Тавба сураси, 117 оят тафсири

access_time10-июнь, 10:19 visibility307

Батаҳқиқ, Аллоҳ Пайғамбарининг, муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари тойиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди. Албатта, У зот уларга марҳаматли ва меҳрибондир.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавбаларини қабул қилгани хусусида хабар бермоқда. Маълумки, Пайғамбарлар  маъсумдирлар. Аммо бу оятда Пайғамбаримизнинг Аллоҳдан тушган ваҳийга хилоф қилганлари ҳақида гап кетаётгани йўқ. Бу ҳол бўлиши ҳам мумкин эмас. Балки У зот алайҳиссалом ижтиҳод маъносида баъзи бир кишиларга Табук ғазотига чиқмай қолишга изн берган эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан афзал ишни эмас, ундан пастроғини қилган эдилар. Афзали эса, то ростгўйлар ёлғончилардан ажралгунча кутиб туриш эди.

Шунга кўра Аллоҳ таоло У киши алайҳиссаломга ўтган оятлардан бирида: «Аллоҳ сени авф қилди. Нима учун сенга рост сўзлаганлар аниқ бўлгунча ва ёлғончиларни билгунингча кутмай, уларга изн бердинг», деган оятни нозил қилган эди. Бу оятда айнан ўша ҳолат ҳақида сўз кетмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Батаҳқиқ, Аллоҳ Пайғамбарининг, муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди», дейишда ҳам ўзига хос ўша вақт воқеълигига оид сабаблар бор. Ўша сабабларнинг асосийси оятнинг ўзида зикр қилинмоқда:

«Улардан баъзиларининг қалблари тойиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди».

Маълумки, Табук ғазоти одатдан ташқари қийинчиликларга тўла бир уруш бўлган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни очиқдан-очиқ эьлон қилиб, шу қийинчиликларга чидай оладиганларгина боришларини таькидлаганлар. Шунда баьзи саҳобаи киромларнинг кўнгилларидан «Ғазотга бормасаммикин», деган хаёл ҳам ўтди. Баьзилари мунофиқларнинг румликлар кучли эканликлари ҳақидаги гапларидан қўрқиб тараддудга тушдилар. Аммо кейин Аллоҳ қалбларига сабот бериб, белни боғлаб жиҳодга чиқдилар. Бу ишлар саҳобалар каби улуғ мақом соҳиблари учун ноўрин иш эди. Иккиланишлар улар учун тавба қиладиган тасарруф ҳисобланди. Аллоҳ уларни тавбаларини қабул қилди.

Ушбу оятлар нозил бўлиши давридаги ҳодисалар ҳақиқатда ҳам ибратлидир. Уларни тасдиқлаб Қурьони Карим оятларининг нозил бўлиши ҳам шуни кўрсатади.

Аллоҳ таоло «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиган, Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром қилган нарсани ҳаром билмайдиган ва ҳақ динга юрмайдиган китоб берилганларга қарши то қўллари билан хор бўлган ҳолларида жизя бермагунларича жанг қилинглар» оятини нозил қилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларини Румга қарши ғазотга тайёргарлик кўришга буюрдилар. Бу давр қийинчилик вақти эди. Қаттиқ иссиқ бўлиб, қурғоқчилик эди. Мевалар пишган, одамлар сояда мевалардан баҳраманд бўлиб дам олишни хоҳлайдиган вақт эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда бирор ғазотга чиқадиган бўлсалар очиқ айтмасдилар, бошқа томонга бормоқчи эканликларини айтиб туриб, кейин мақсад қилинган тарафга юрар эдилар. Магар Табук ғазотида бундай қилмадилар. Машаққатли, узоқ ва шиддатли замонда, душманнинг кўплиги сабабидан одамлар ўзига яраша тайёргарликларини кўрсин, деб очиқдан-очиқ айтдилар. Одамларни тайёргарлик кўришга буюрдилар. Ҳамда Рум билан уруш қилиш ниятида эканликларини билдирдилар. Баьзи мунофиқлар Рум қизларининг фитнасига тушишдан қўрқишларини айтиб, ортда қолишга изн сўради. Уларга изн бердилар. Бу ҳақда уларнинг ижтиҳодларини авф қилганини айтиб, итоб ояти нозил бўлди. Унда:

«Аллоҳ сени авф қилди. Нима учун сенга рост сўзлаганлар аниқ бўлгунча ва ёлғончиларни билгунингча кутмай, уларга изн бердинг», дейилган эди.

Баьзи мунофиқлар жиҳоддан қочиб, ҳақда шак қилиб, Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам ташвишга солувчи миш-мишлар тўқиб, иссиқда сафарбарликка борманглар, деб гап тарқатишди. Улар ҳақида Аллоҳ таоло:

«Иссиқда қўзғолманглар», дедилар.

«Жаҳаннамнинг оташи иссиқроқ агар тушунсалар, деб айт. Бас, қилганлари туфайли оз кулиб, кўп йиғласинлар» оятини нозил қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга баьзи мунофиқ одамлар Сувайлим исмли яҳудийнинг уйига тўпланиб олиб, Табук ғазотида одамларни Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам ортда қолишга чақираётганлари маьлум бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ерга бир гуруҳ саҳобалар билан Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни юбордилар ва уларга Сувайлимнинг уйига ўт қўйиб юборишга амр қилдилар. Толҳа розияллоҳу анҳу амрни бажо келтирди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиддийлик билан сафарга отландилар. Одамларга керакли нарсаларни олиб, шошилишга амр қилдилар. Бой кишиларни хайр-эҳсон этишга, улови йўқ мужоҳидларга улов олиб беришга қизиқтирдилар. Бундай хайр-эҳсон қилувчиларнинг пешқадами Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эдилар. У киши ҳеч ким қилмаган катта миқдордаги хайр-эҳсонни қилдилар. У кишининг бу сахийликларини тақдирлаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй бор худоё, Усмондан рози бўлгин, мен ундан розиман», дедилар. Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу тўрт минг дийнор келтирди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг молим саккиз минг эди, ярмини сизга олиб келдим, ярми ўзимга қолди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ берганингга ҳам, олиб қолганингга ҳам барака берсин», дедилар. Абу Уқайл розияллоҳу анҳу бир яҳудийнинг хизматини қилиб икки соь хурмо топар эди. У ҳам келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, икки соь хурмо бор эди, бир соьини Роббимга қарзга бераман, бир соьи аҳли аёлимга қолади», деди.

Кейин мусулмонлар ичида «йиғлоқилар» номини олган бир гуруҳ саҳобалар келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жиҳодга бориш учун улов сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:

«Мен сизларни кўтарадиган нарса топа олмадим», дедилар. Улар кўзларидан ёшлари маржон-маржон тўкилиб ортларига қайтдилар.

Ибн Ямин ибн Умайр ибн Каьб ан-Назрий ҳалиги йиғлаганлардан Абдурроҳман ибн Каьб ва Абдуллоҳ ибн Миғфални кўриб, нимага йиғлаяпсизлар, деб сўради. Улар:

«Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бизга улов беришларини сўраган эдик, у кишида бизни миндирадиган нарса йўқ экан. Ўзимизда ҳам жиҳодга чиқадиган ҳеч нарсамиз йўқ», дейишди. Шунда у икковларига сув ташийдиган туясини ва бир мунча хурмо берди. Икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жиҳодга бордилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз мингга яқин киши билан йўлга чиқдилар. Бир гуруҳ мусулмонлар ҳеч шак ва шубҳалари бўлмаса ҳам, ўзларича, қолса бўлаверса керак, деган ният билан жиҳоддан қолдилар ҳам. Уларнинг ичида Каьб ибн Молик, Мурора ибн Робиь, Ҳилол ибн Утаййа, Абу Хусайма, Умайр ибн Ваҳб ва бошқалар бор эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саниййатул Вадоь номли жойга аскаргоҳ қурдилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай эса, ундан пастроқда алоҳида аскаргоҳ қурди. Кейинроқ эса одамларини олиб йўлдан қайтди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илгарилаб кетавердилар. Бирор киши ортда қолса, одамлар келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, фалончи ортда қолди», дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса:

«Уни тек қўйинглар, унда бирор яхшилик бўлса, Аллоҳ уни сизларга етиштиради. Агар ундай бўлмаса, Аллоҳ сизни ундан қутқарган бўлади», дер эдилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳам ортда қолди. Унинг туяси юрмай қолган эди. Одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Зарр ортда қолди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни тек қўйинглар, унда бирор яхшилик бўлса, Аллоҳ уни сизларга етиштиради. Агар ундай бўлмаса, Аллоҳ сизни ундан қутқарган бўлади», дедилар. Абу Зарр туясини юришини кутиб турди. Юравермагач, туянинг устидаги нарсаларни олдида елкасига кўтариб, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам изларидан юриб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойда дам олгани тўхтадилар. Мусулмонлардан бирлари узоқдан келаётган одам қорасини кўриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам ёлғиз пиёда келмоқда», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абу Зарр бўлсайди», дедилар. Одамлар синчиклаб қараб, унинг Абу Зарр эканини танидилар ва:

«Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, ўша одам Абу Зарр», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ Абу Заррга раҳмат қилсин, ёлғиз юради, ёлғиз ўлади, ёлғиз тирилади», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиҳодга кетганларидан бир неча кун кейин Абу Хайсама ҳаво иссиқ кунда уйига келди. Қараса иккита хотини боғда, икки сўрига жойларни солиб, сувларни сепиб, ҳамма ёқни саранжом саришта қилиб, салқинлатиб уни кутиб ўтиришибди. Таом ҳам тайёрлаб қўйишибди. У кириб усти ёпиқ сўрилар олдида тўхтади. Икки хотинига ва улар қилган ишларга қаради. Ўзича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жазирама қуёшда, шамолда ва иссиқда бўлсалару, Абу Хайсама соя-салқинда, тайёр таомда, гўзал хотинлар билан молу мулкида турса, бу бўлмаган гап», деди. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, биттангизнинг ҳам сўрингизга кирмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб бораман, менинг сафар кийимларимни тайёрлаб беринглар», деди. Хотинлари айтганини қилдилар. Кейин туясини миниб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олиш учун йўлга тушди. Йўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб олиш учун кетаётган Умайр ибн Ваҳбни кўриб қолди, икковлари биргалашиб юриб кетдилар. Табукка яқинлашганларида Абу Ҳайсама Умайр ибн Ваҳбга: «Менинг гуноҳим бор, сен орқада туриб тур, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олдин борай», деди. У рози бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка тушиб турганларида у яқинлашиб кела бошлади. Одамлар:

«Йўлда бир улов минган одам шу ёққа қараб келмоқда», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абу Хайсама бўлса эди», дедилар. Одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу–Абу Ҳайсама», дейишди. У туясини чўктириб олдинга юриб келди-да, Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Ҳа, шўри қуриган, Абу Ҳайсама», дедилар. У бўлган гапни айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга яхши сўзлар айтиб, ҳаққига яхши дуо қилдилар.

Тарихчи ва тафсирчиларимиз бу ғазотда мусулмонлар бошларидан кечирган мислсиз қийинчиликларни, ўша воқеа иштирокчиларидан ўта таьсирли қилиб ривоят қиладилар.

Жумладан Қатода розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилади: «Табук йили Шом томонга ҳаво жуда исиган пайтда чиқдилар. Уларнинг чеккан машаққатларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Улар қаттиқ қийналган эдилар. Бизга зикр қилинишича, икки киши бир дона хурмони бўлиб баҳам кўришган экан. Баьзи ҳолларда эса бир неча киши бир дона хурмони ораларида айлантирган эканлар. Буниси хурмони сўриб устидан сув ичар экан, сўнгра ёнидаги кишига узатар экан. У ҳам худди шундай қилар экан. Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилиб, ғазотдан эсон-омон қайтарди».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қийинчилик ҳақида савол берилди. Шунда у киши: «Табукка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қаттиқ иссиқ пайтида чиқдик. Бир жойга тушганимизда жуда чанқадик. Ҳатто бўйинларимиз узилиб кетса керак, деб гумон қилдик. Одамлар сув излаб юриб-юриб ўлар ҳолатда қайтиб келишар эди. Баьзи одамлар туясини сўйиб, қорнини ёриб ичидаги ахлатни сиқиб ичишгача борди. Ортиб қолганини жигарига босар эдилар». Шу вақт Абу Бакр:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ сизни яхши дуога одатлантирган. Бизга бир дуо қилинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шуни хоҳлайсанми?» дедилар. Абу Бакр:

«Ҳа», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтариб дуо қилдилар. У киши қўлларини туширмасдан туриб ёмғир қуя бошлади. Сўнгра тўхтамади. Одамлар идишларини тўлғазиб олдилар. Кейин бориб қарасак, аскар турган жойдан бошқа ерга ёмғир ёғмаган экан».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукда ўн кундан ортиқ турдилар. Уруш бўлмасдан ортга қайтдилар. Ана шундай қийинчиликларга Аллоҳнинг розилиги учун чидаганларга Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, муҳожирлар ва ансорийларнинг тавбасини қабул қилди.

Кейинги оятда ғазотдан қолган уч кишининг тавбасининг қабул бўлгани ҳақидаги хабар келади.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР