Тавсия қиламиз

#БИЛАСИЗМИ: Ким биринчи бўлиб ўлимни орзу қилган? 

Биласизми access_time18-май 2017, 21:10

#БИЛАСИЗМИ? Савол: Ким биринчи бўлиб ўлимни орзу қилган?  Жавоб: Юсуф…

Hима берадиган бўлсанг, хайрлисини бер!

Мақолалар access_time12-май 2018, 22:53

Кундалик ризқини ҳаммоллик орқали топувчи бир йигит намозларида: “Ё…

Ота-она розилигини топиш – фарзанднинг бурчи

Мақолалар access_time10-июнь 2019, 12:16

   Бизларни ота-оналарга яхшилик қилишга буюрган ва ота-оналарга…

Тавба сураси, 118 оят тафсири

access_time10-июнь, 11:47 visibility899

Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир.

Ушбу ояти каримани тўлиқ тушуниш учун мазкур уч кишининг бўлиб ўтган қиссаларини яхшилаб ўрганиш лозим. Бу жуда ҳам машҳур ва ибратли қиссадир. Қуръони Каримда учталиклари ва уларнинг бошдан ўтган ҳолатларни алоҳида оят бўлиб нозил этилиши мисли кўрилмаган бир ҳодисадир. Бу уч кишининг қиссаси ҳамма тарих китобларимизда, тафсир ва ҳадис китобларимизда ривоят қилинган. Деярли ҳаммалари қисса тафсилотларини мазкур уч кишидан энг машҳурлари Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Қиссасининг хулосаси қуйидагича. Каъб ибн Молик шундай ҳикоя қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ғазотлардан бирортасидан ҳам қолмаган эдим. Фақат Табук ғазотига иштирок этмадим. Яна айтиш керакки, Бадр ғазотига ҳам чиқмаган эдим. Аммо Бадрга чиқмаганлардан бирор киши итоб қилинмаган. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар Қурайшда бошқани кўзлаб чиқишган эдилару, лекин Аллоҳ улар билан душманни кутилмаганда тўқнаштирди.

Ақаба кечасида Ислом учун аҳдлашилганда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Гарчи Бадр одамлар ичида кўп зикр қилинадиган ва машҳурроқ бўлса ҳам, мен бу ишни Бадрга алмаштирмайман. Аммо Табук урушига келсак, мен ўша ғазотдан ортда қолган чоғимдагидек кучли ва имкониятли бўлмаганман. Аллоҳга қасамки, ўша ғазотгача ҳеч қачон иккита уловим бўлган эмас. Ўшанда иккита уловим бор эди. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ғазотга борадиган бўлсалар, сиртдан бошқа томонга кетаётган қилиб кўрсатар эдилар. Лекин бу сафар ундай қилмадилар. Ғазотга қаттиқ иссиқ пайтида чиқдилар. Сафар узоқ, душман кўп эди. Мусулмонлар тўлиқ тайёр бўлишлари учун ҳамма нарсани очиқ-ойдин қилдилар. Қаёққа кетаётганларини ҳам очиқ айтдилар. Мусулмонлар кўп эди. Уларни биров рўйхатга ҳам олмас эди. Агар бирор одам бормай қолмоқчи бўлса, Аллоҳдан ваҳий тушмаса, ҳеч ким билмай махфий қолиб кетадиган даражада эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам   ғазотга чиққанларида роса мева пишган, салқин жойларни одам хоҳлайдиган пайт эди. Мен ўшандай нарсаларни яхши кўрардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У киши билан бирга мусулмонлар ғазотга тайёргарлик кўра бошладилар. Мен ҳам улар билан тайёргарлик кўрмоқчи бўлар эдим, аммо ҳеч нарса қилмасдим. Ўзимга ўзим: «Агар хоҳласам бир пасда қиламан», дер эдим. Расулуллоҳ ва мусулмонлар йўлга тушганларида ҳам мен қимирламадим. Улар кетганларидан сўнг ҳам мен иккиланар эдим. Орқаларидан етиб оларман, дердим. Кошки, шундай қилган бўлсам. Бироқ бу менга насиб этмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изиларидан одамларнинг орасига борсам, ўзимга ўзим мунофиқ ёки узрли  одамга ўхшаб кўринавердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка етиб боргунларича мени ёдга олмадилар. Табукда одамлар ичида ўтирганларида:

«Каъб ибн Молик нима қилди?»–дедилар. Бани Салама қабиласидан бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, уни икки чопони ва ёнбошига қараши тутиб қолди», деди. Шунда ҳалиги одамга Муоз ибн Жабал:

«Яхши гап айтмадинг», деди ва «Эй Аллоҳнинг Расули, уни фақат яхшилигини биламиз, холос», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар.

Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукдан қайтиб келаётгани хабарини эшитгач, мени ғам босди. Ёлғон гапиришни ўйлай бошладим. «Эртага у кишининг ғазабидан қандай қутуламан», дер эдим. Ҳар бир фикрли одамнинг олдига бориб бу ҳақда маслаҳат сўрар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келдилар. Сафардан қайтганда қиладиган одатлари бўйича, биринчи масжидга кирдилар, икки ракат намоз ўқидилар. Сўнгра ўтириб одамлар билан сўрашишни бошладилар. Ғазотга бормай қолганлар келиб у кишига узр айтиб, қасам ича бошладилар. Саксондан кўпроқ одам эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг сиртдан айтган узрларини, байъатларини қабул қилдилар, улар учун истиғфор айтдилар ва ичларидагини Аллоҳга ҳавола этдилар. Навбат менга келди. У кишига салом бервудим, захарханда жилмайдилар ва:

«Бу ёққа кел!», дедилар. Юриб бориб олдиларига ўтирдим. У киши менга:

«Сени нима олиб қолди. Улов сотиб олган эдинг-ку?», дедилар. Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, агар сиздан бошқа бирорта аҳли дунё қаршисида ўтирганимда, узр айтиб унинг ғазабидан қутулиб кетар эдим. Худо менга тортишиш қобилиятини берган. Лекин Аллоҳга қасамки, агар бугун ёлғон гапириб сизни рози қилсам, албатта, Аллоҳ мени сизнинг ғазабингизга дучор этади. Агар ростини айтсам, мендан хафа бўласиз. Нима бўлса ҳам Аллоҳдан кўрдим. Аллоҳга қасамки, менинг узрим йўқ эди. Аллоҳга қасамки, сиздан ортда қолган чоғимдек, ҳеч қачон кучли ва имкониятли бўлмаган эдим», дедим.

Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Аммо манави рост гапирди. Тур, Аллоҳ ҳақингда ҳукм қилгунча кут», дедилар. Туриб кетдим. Бани Салама қабиласи одамлари шошиб ортимдан етиб келдилар ва:

«Аллоҳга қасамки, бундан олдин ҳеч гуноҳ қилганингни билмаган эдик. Бошқа ортда қолганлар каби узр айтишдан ҳам ожиз бўлдинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳинг учун истиғфор айтсалар кифоя қилар эди», дейишди. Аллоҳга қасамки, улар мени шунчалик айблашдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб ўзимни ёлғончи қилсаммикин, деб ҳам қолдим. Сўнгра уларга:

«Бирорта одам менга ўхшаган гап айтдими?» дедим. Улар:

«Ҳа. Яна икки киши сен айтган гапларни айтди ва уларга ҳам сенга айтилган гаплар айтилди», дедилар. Мен:

«Улар кимлар?» дедим. Улар:

«Мирора ибн Робиъ ва Ҳилол ибн Умаййа ал-Воқифий», дейишди. Менга Бадрда иштирок этган икки аҳли солиҳ, улардан ўрнак олиб юрадиган кишиларни зикр қилишди. Икковларини айтишгандан сўнг йўлимда кетавердим.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортда қолганлардан биз учовмизга одамларнинг гапиришини манқилдилар. Одамлар биздан четландилар. Ҳатто менга ер ҳам ўзини олиб қочаётгандек кўриниб қолди. Ер мен танийдиган ерга ўхшамас эди. Шу ҳолда эллик кун ўтди. Иккала шеригим уйларидан чиқмай ўтирар эдилар. Мен уларнинг ичида кучли ва қувватлиси эдим. Бориб мусулмонлар билан бирга намоз ўқирдим, бозорларни айланардим. Аммо ҳеч ким менга гапирмас эди. Намоз ўқиб бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган жойларига келиб, у кишига салом берар эдим. Ўзимча: «Алик олиб, лабларини қимирлатдиларми ёки йўқми?» дер эдим. Имкони борича у кишига яқин жойда намоз ўқир ва ўғринча назар солар эдим. Намоз ўқисам, менга қарар, У кишига қарасам, кўзларини олиб қочар эдилар. Мусулмонларнинг мендан ўзини олиб қочишлари чўзилиб кетгандан сўнг, амакиваччам ва энг севган одамим Абу Қатоданинг уйига бордим. Унга салом бердим, алик олмади. Унга:

 «Эй Абу Қатода, Аллоҳ ҳаққи айтчи, менинг Аллоҳ ва Расулини севишимни биласанми?» дедим. У индамади. Унга яна ўша гапларимни такрорладим. У индамади. Яна қайтадан мурожаат қилдим. У:

«Аллоҳ ва Расули билади», деди. Икки кўзимдан ёшим қуйилиб ортимга қайтдим.

Бир куни Мадинанинг бозорида юрсам, таом сотиш учун келган кишилардан бири одамларга:

«Менга Каъб ибн Моликни ким кўрсатиб қўяди?» демоқда. Одамлар унга мени ишора ила кўрсатиша бошлади. У олдимга келиб, Ғассон подшоҳининг мактубини берди. Ўқиш, ёзишни билар эдим. Очиб ўқисам: «Бизга соҳибинг сенга жафо қилгани хабари етиб келди. Аллоҳ сени хорлик ва зоелик диёрида қўймасин. Бизнинг ҳузуримизга кел, сенга яхшилик қиламиз», деб ёзилган эди. Мактубни ўқиб бўлиб: «Бу ҳам бир бало–синов», дедим ва уни олиб бориб тандирга солдим. Эллик кундан қирқ кун ўтгандан сўнг Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам вакили келиб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга хотинингдан четда бўлишни амр қилдилар», деди. Мен:

«Талоқ қилайми? нима қилай?» дедим. У:

«Йўқ, ундан четда бўл, яқинлашма», деди. Икки шеригимга ҳам худди шундай амр бўлди. Мен хотинимга:

«То Аллоҳ бу ишда ўз ҳукмини чиқаргунча қариндошларингиникига бориб тур», дедим. Ҳилол ибн Умаййанинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳилол қартайиб қолган чол. Унинг хизматчиси йўқ. Унга хизмат қилиб турсам, сизга ёқмайдими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ. Лекин сенга яқинлашмасин», дедилар. Аёл:

«Аллоҳга қасамки, унинг бор нарсага ҳаракати йўқ ва Аллоҳга қасамки, сизнинг амрингиз бўлган кунидан бери йиғлайди», деди. Баъзи қариндошларим:

«Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам хотининг ҳақида изн сўрасанг-чи, Ҳилол ибн Умаййанинг хотинига унинг хизматини қилишга изн бердилар», дейишди. Мен:

«Аллоҳга қасамки, мен у ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамайман, изн сўрасам нима дейишларини ҳам билмайман, ёш одам бўлсам», дедим.

Яна ўн кун ўтказдик. Бизга гапириш манқилинганига эллик кун тўлди. Эллигинчи кеча бомдод намозини уйларимиздан бирининг устида ўқидим. Аллоҳ бизни зикр қилган ҳолдек, ўзимча юрагим сиқилиб, кенг ер тор кўриниб ўтирган эдим. Салъ тоғи устидан бир одамнинг баланд овоз билан:

«Эй Каъб ибн Молик! Хушнуд бўлавер!!!» деб қичқираётганини эшитдим ва дарҳол саждага йиқилдим. Кумойиш келганини билдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиганларидан кейин Аллоҳ бизнинг тавбамизни қабул қилганини эълон этган эдилар. Одамлар бизга хушхабар келтира бошладилар. Шерикларим томон ҳам хушхабарчилар кетдилар. Бир одам мен томон от чоптирган, бири пиёда югурган эди. Пиёда юрган тоққа чиқиб бақирган ва унинг овози отдан олдин етиб келган эди. Овозини эшитган одам олдимга етиб келганида кийимимни ечиб, суюнчисига унга кийгиздим. Аллоҳга қасамки, ўзи ўша вақтда бошқа нарсам ҳам йўқ эди. Бировдан кийим қарзга олиб кийдим-да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон югурдим. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тавбам қабул бўлгани билан табриклашар ва:

«Аллоҳ сенинг тавбангни қабул этгани муборак бўлсин!» дейишар эди. Масжидга кирсам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирибдилар, атрофларида одамлар. Толҳату ибн Убайдуллоҳ туриб, шошилиб келиб, қўлимни олди ва тарбиклади. Аллоҳга қасамки, муҳожирлардан ундан бошқа турмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берган эдим, у киши хурсандликдан юзлари чарақлаб:

«Онанг сени туққандан бери қувончли кунингни, хурсандчилигини қилавер», дедилар. Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизнинг тарафингизданми ёки Аллоҳнинг тарафиданми?» дедим. У киши:

«Йўқ! Аллоҳнинг томонидан», дедилар. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг парчасидек нурли бўлиб кетар эди. Биз буни яхши билар эдик. У кишининг олдиларига ўтирганимдан сўнг:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Тавбам учун молимдан Аллоҳ ва Унинг Расулига садақа чиқарсам», дедим. У киши:

«Молингдан баъзисини ўзинг учун олиб қолганинг ўзингга яхши», дедилар. Мен:

«Ҳайбардан теккан улушимни олиб қоламан. Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менга ростгўйлик туфайли нажот берди. Модомики, боқий эканман, рост сўзламоғим ҳам тавбамдандир», дедим. Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўшани айтганимдан бери, мусулмонлардан ҳеч кимни тўғри сўзликда мени синагандек кузатмаган бўлса керак. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша гапни гапирганимдан ҳозирги кунгача ҳеч ёлғон сўзламадим. Аллоҳ мени бундан буён ҳам Ўзи муҳофаза қилишига умид қиламан. Сўнг Аллоҳ таоло:

«Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшигини очди» оятини нозил қилди.

Бу ояти карима ва қиссада олам-олам маьно ва ибрат бор. Баъзи уламоларимиз улар ҳақида батафсил гапириб ўтганлар. Агар ҳозирги мусулмонларда Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг садоқати ва дину диёнат йўлидаги сафарбарликдан четда қолиш сабабидан хижолат бўлишининг миллиондан бир бўлаги бўлганда эди, дунё тамоман бошқача бўлган бўлар эди.

Кейинги оятда Аллоҳ таоло содиқ мўминларга хитоб қилади:

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР