Тавсия қиламиз

ГУНОҲЛАРНИНГ ҚИСМЛАРИ

Мақолалар access_time18-апрел 2017, 16:18

Уламоларимиз банда содир этадиган гуноҳлар асосан унинг қуйидаги тўрт сифатидан…

Саййид Раҳматуллоҳ Термизийдан моҳи Рамазон ойига янги лойиҳа

Мақолалар access_time26-май 2017, 15:03

Саййид Раҳматуллоҳ Термизийдан моҳи Рамазон ойига янги лойиҳа  кунлик…

НИМА САБАБДАН ОИЛАЛАР БУЗИЛАДИ?

Мақолалар access_time15-март, 17:39

Ҳаммаям "Бахтли бўламан”, деган яхши ният билан бир ёстиққа бош…

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИНАДИГАН ЖОНИВОРЛАР

access_time17-июль, 16:09 visibility440

Масала: Агар фақир ва мискин кишилар кўп бўлса, кўп гўшт берадиган жониворни қурбонлик қилган яхши. Агар эҳтиёжманд кишилар оз бўлса, қиммат ва гўшти ширини сўйилгани афзал.

Масала: Битта семиз жониворни сўйиш икки озғинини сўйишдан афзал. Агар мол ёки туянинг еттидан бир қисми битта қўй гўштининг қиймати ёки гўштидан кўпроқ бўлса, шерикчиликда мол ёки туя сўйган афзал. Агар иккисининг ўртасида катта фарқ бўлмаса, бир бутун қўйни қурбонлик қилган яхши.

Масала: Урғочидан кўра эркак жониворни қурбонлик қилиш афзал. Бировнинг омонатга қўйган маблағига жонлиқ олиб, қурбонлик қилиш жоиз эмас. Аввал ижозат сўраб, кейин сотиб олса мумкин.

Масала: Қурбонликка аталган қўйнинг юнги олинмайди. Агар юнги олиб қўйилса, ўша юнг қийматича садақа бериш вожиб бўлади. Қари сигир ва совлиқ қўйни қурбонлик қилиш мумкин.

Масала: Гангирбошлиги ўт-ўланни ейишдан ман этмайдиган қўйни қурбонлик қилса бўлади.

Масала: Тўлиқ икки ёшга тўлмаган ёки икки ёшга тўлишига бир неча кун қолган молни қурбонлик қилиш жоиз эмас.

Масала: Насияга олинган жониворни қурбонлик қилса бўлади.

Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворни олдинроқ сотиб олиб, боқиб турган маъқул. Чунки парвариш асносида унга меҳри тушиб қолади ва яхши кўрган нарсасини қурбонлик қилишнинг савоби кўпроқ бўлади.

Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворнинг ёши мол ва қўтосларда тўлиқ икки йил, туяда беш, қўй ва эчкида бир йил. Агар жонлиқнинг ёши бу кўрсаткичдан бир кун ҳам кам бўлса, уни қурбонлик қилиш мумкин эмас. Лекин бир ёшга кирмаган бўлса-да, жуссаси бир ёшли қўйчалик келадиган олти ойлик қўзини қурбонлик қилиш жоиз. Бироқ олти ойга тўлмаган, жуссаси бир ёш қўйчалик бўлган қўзини қурбонлик қилиш жоиз эмас.

Масала: Жуссаси кичик, лекин бир ёшга тўлгани аниқ бўлган қўйни қурбонлик қилиш мумкин. Ваҳший ҳайвондан ҳомиладор бўлиб бола туққан хонаки ҳайвоннинг боласини қурбонлик ёшига киргандан кейин қурбонлик қилса бўлади. Чунки жониворларда эътибор отага эмас онага бўлади. Агар ваҳший ҳайвон хонаки ҳайвондан ҳомиладор бўлиб туғса, унинг боласини қурбонлик қилиш жоиз эмас. Бир қавлга кўра, қўй кийикдан ҳомиладор бўлса, туғилган болага қаралади. Агар бола қўй бўлса, қурбонлик қилиш жоиз. Агар бола кийик бўлса, у қурбонлик қилинмайди.

Масала: Териси куйиб, гўштигача етиб борган жониворни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар жароҳат гўштга таъсир қилмаган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз.

Масала: Ҳомиладор ҳайвонларни қурбонлик қилиш мумкин. Лекин туғишга яқин қолган жониворни сўйиш макруҳ. Агар қурбонлик қилинган ҳомиладор жониворнинг боласи тирик чиқса, сўйилгандан кейин ҳомилани ейиш ҳалол бўлади. Агар сўйишидан олдин ўлиб қолса, гўшти ҳаром бўлади. Агар қурбонликка сўйилган ҳомиладор ҳайвоннинг боласи тирик чиқса ва яшаб кетса, уни садақа қилиш вожиб. Уни боқиб, катта бўлганида қурбонликка сўйилса, вожиб қурбонлик адо бўлмайди ва гўштнинг ҳаммаси садақа қилиб юборилади.

Масала: Қўтир тушган семиз ҳайвонни қурбонлик қилиш мумкин. Қўтири гўштга таъсир қилиб, озиб кетган ҳайвонни қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

Масала: Бичилган қўй ёки ҳўкизни қурбонлик қилиш ҳеч қандай кароҳиятсиз жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бичилган жониворни қурбонликка сўйганлар. Чунки бичилган қўйнинг гўшти ширин бўлади ва тез эт олади.

  •  Хунаса жониворни қурбонлик қилиш жоиз эмас.

Масала: Тамға босилган жониворни қурбонлик қилса бўлади.

Масала: Баъзи тишлари чиқмаган бир ёшга тўлган қўй, икки ёшга тўлган мол ва беш ёшга тўлган туяни қурбонлик қилиш мумкин. Чунки тишнинг эмас ёшнинг тўлиқ бўлиши шарт.

Масала: Қурбонликка аталган жониворларнинг сути соғилмайди. Агар соғиб қўйилса, сутини ёки унинг қийматини садақа қилиб юбориш лозим.

Масала: Қўй билан қўшиб сотиб олинган арқонни садақа қилиб юбориш мустаҳаб.

Масала: Ит, чўчқа каби гўшти ҳаром жониворларни эмиб катта бўлган ҳайвонни қурбонликка сўйиш мумкин.

Масала: Туғма шохсиз ёки шохи синган жониворнинг қурбонлиги дуруст. Лекин шох таг-туги билан синган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз эмас.

Масала: Қурбонликка атаб сотиб олинган ҳайвоннинг кейинчалик қурбонликка ярамайдиган айби чиқиб қолса, нисоб эгасининг зиммасига айбсиз бошқа қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Фақир кишининг қурбонлик ниятида сотиб олган жонивори қурбонликка ярамайдиган айбли бўлиб қолса, бошқа сотиб олиши шарт эмас.

Масала: Бой ҳам, фақир киши ҳам назр қилиб сотиб олган ҳайвонининг кейинчалик қурбонликка ярамайдиган нуқсони чиқса, ҳар иккисининг зиммасига бошқа жонлиқ сотиб олиш жоиз бўлади. Яроқли ҳолатда сотиб олинган жонивор сўйиш вақтида қурбонликка ярамайдиган бўлиб қолса, масалан, йиқитаётиб оёғи синса ёки кўзи кўр бўлиб қолса, бошқасини олиши жоиз эмас.

Масала: Ҳайвонларнинг ёши қамарий йил билан ҳисобланади. Масалан, Рамазондан кейинги Рамазонгача. Қамарий йил шамсий йилдан ўн бир ёки ўн икки кунга фарқ қилади.

Масала: Қурбонликка сўйиладиган жониворлар уч қисмга бўлинади:

1. Туя (эркак, урғочи);

2. Мол, қўтос (эркак, урғочи);

3. Қўй, эчки (эркак, урғочи).

Булардан бошқа жониворлар, жумладан, от, кийик кабиларни қурбонлик қилиш бидъат.

Савол: Товуқ, куркани қурбонлик қилиш жоизми?

Жавоб: Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайин қилиб берганлар. Бу ҳайвонлар туя, қорамол, қўй, эчкидан иборат. Ундан бошқаларни қурбонликка сўйиш макруҳи таҳримийдир. Зиммасига қурбонлик вожиб кишининг қурбонликка курка ёки товуқ сўйиши билан қурбонлиги адо бўлмайди. Аллома Аскафий раҳматуллоҳи алайҳ бу хусусда қуйидагиларни айтган: «Қурбонликнинг рукни (фарзи) қурбонлиги жоиз ҳайвонни сўйишдир. Товуқ, хўрозни қурбонликка сўйиш таҳримий макруҳ. Чунки бундай қурбонлик ўзини мажусийларга ўхшатишдир («Баззозия»).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: «Жумага эрта келувчининг мисоли бадана (туя) қурбонлик қилган кишининг мисолидир. Сўнг келгани қорамол, сўнг келгани қўй, эчки, сўнг келган товуқ ва охири келгани тухум», дейилган ҳадисдан мурод савобнинг миқдорини баён қилиш бўлиб, товуқ ва тухумларнинг ҳам қурбонлиги жоиз, дегани эмас («Ҳидоя» ҳошияси)».

 

“Қурбонлик сўйишлар ва ақиқага оид масалалар” китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР