
ЎРТА АСР АКАДЕМИЯСИ
Тарихчи Гюстав Лебон мусулмонларнинг илм-фанга эътиборини олқишлаб бундай дейди: “Мусулмонлар илм-фанга бутун вужудлари билан берилишди. Қайси шаҳарни фатҳ этишса, биринчи галда масжидлар қуриб, сўнг университетлар очишди. Бу, ўз навбатида, кўпгина шаҳарларда нуфузли олий ўқув юртлари сони ортиб боришига хизмат қилди”.
Ўрта асрда Бағдод шаҳрида бунёд этилган «Байтул ҳикма» сўзсиз йирик илмий воқеа саналади. “Байтул ҳикма” (“Донишмандлик уйи”) даставал халифа Ҳорун Рашид (мил. 786–809) даврида “Хизанатул ҳикма” номи остида кутубхона очиш билан бошланди. Кутубхонага санъат ва илм-фанга оид турли тиллардаги тўрт миллион жилддан иборат ноёб қўлёзма ва китоблар келтирилди. Ибн Фаратнинг сўзига кўра, кутубхонада ноёб ва бебаҳо китоблардан истаган талаба фойдаланиши, шунингдек, қоғоз ва сиёҳдон таъминланиши йўлга қўйилган.
Ғарб оламидаги кутубхоналар билан қиёсласак, 9 асрда Константа кутубхонасида бор-йўғи 356 та, 11 асрда Бенедиктбеуренда 100 та, 1130 йили Бамбергдаги кутубхонада 96 та китоб бўлган.
Ҳорун Рашиднинг 30 йиллик халифалик даврида жуда кўп китоб йиғилдики, шу боис ўғли халифа Маъмун дастлабки бинога қўшимча иморатлар қуриб, кенгайтиришига қарор қилди. Бунинг учун халифа Маъмун 200 000 динор маблағ сарфлади (1 динор 4,25 грамм олтинга тенг). Мажмуа қуриб битказилгач, унга “Байтул ҳикма” номи берилди ва академияда турли туман илмларни ўрганиш ишлари бошланди.
“Байтул ҳикма” 9 асрнинг ўрталарида дунёдаги энг катта кутубхонага, шунингдек, математика, астрономия, тиббиёт, кимё, зоология, география ва картография каби илмлар ўрганиладиган мажмуага айланди. Ўша давр олим ва таржимонлари ёрдамида жамланган китоблар араб тилига ўгирилди.
Халифа Маъмун «Байтул ҳикма»ни кенгайтириш ишлари билан чекланиб қолмади. Балки унинг қошида осмон жисмларини кузатиш учун иккита расадхона ҳам бунёд эттирди. Биринчиси, (828 йилда) Бағдоднинг Шаммосия минтақасида, иккинчиси Дамашқ яқинидаги Қасиюн тоғида, (831) йилда қад кўтарди. Ибн Қифтий бундай ёзади: “Ҳақиқатан, “Байтул ҳикма” турли илмий йўналишлар маркази бўлиб, Ҳорун Рашиднинг институт ҳақидаги фикр ибтидосидир. Ўғли халифа Маъмун уни рўёбга чиқарди.
«Ҳикмат» сўзи, мусулмон олимларининг фикрига кўра, илоҳий илмлар, ҳисоб, табобат ва фалакиётни ўзига қамраб олган”.[1]
“Байтул ҳикма” эркагу аёл, бошқа миллат, бошқа дин вакили бўлсин, дунёнинг турли бурчакларидан келган илмга ошно барча учун хазина бўлди. Таржимонлар, олимлар, ёзувчилар, адабиётшунослар ва бошқа ўз касбининг усталари китобларни мутолаа қилиш, уларни бошқа тилларга ўгириш, нусха кўчириш, баҳс-мунозара ўтказиш учун йиғлар эдилар. Араб, форс, иврит, сурёний, юнон ва лотин тилларида сўзлашар ва маърузалар ўқишарди.
Ҳунайн ибн Исҳоқ таржимонлар етакчиси эди. У тўрт тилда бемалол суҳбат қура олган. Олим Платон ва Аристотелнинг асари ва шарҳлари ҳамда юнон табобатининг уч асосчиси Гиппократ, Гален, Диоскоридларнинг асарларини араб тилига ўгирди. Шунингдек, Эвклиднинг “Ибтидо”, Птоломейнинг “Алмагест”, Менелайнинг “Сферика” асарлари ҳам таржималар орасидан ўрин олди. Машҳур таржимонлар орасида Аристотелнинг “Ҳайвонлар китоби”ни араб тилига ўгирган руҳонийнинг ўғли Юҳанно ибн Батрик Туржуман ҳам бор эди.
“Байтул ҳикма”да шунчаки асарларни таржима қилиш билан чекланилмаган, балки мутахассис олимлар уларни ўрганиб, воқелик билан солиштиришган, изоҳлашган, керак ўринда раддиялар ёзиб қолдиришган.
Бағдоддаги академияда фаолият юритган олимлар орасида Бану Мусо ибн Шокир Мунажжим (астроном), Яҳё ибн Абу Мансур Мунажжим Маъмун (халифа Маъмуннинг астрономи), Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий (математик), Саид ибн Ҳорун котиб (ёзувчи), Ҳунайн ибн Исҳоқ -Ибодий ва ўғли Исҳоқ, Собит ибн Қурра ва Умар ибн Фарруҳон Мунажжимлар шуҳрат қозонишди.
“Байт ул-ҳикма”га ўз таржимаси ва янги китоби билан ҳисса қўшган олиму таржимонларни халифа Маъмун китобнинг оғирлиги баробарида олтину динорлар билан мукофотлаган.
Бағдодда муваффақият билан очилган академиянинг довруғи бутун дунёга таралди. Шу туфайли бошқа мусулмон ўлкаларида ҳам мазкур таълим анъанасига алоҳида эътибор берилди. Натижада 1005 йили Қоҳирада ҳам халифа Ҳаким томонидан “Дорул ҳикма” қад кўтарди. У 165 йил давомида талабаларга зиё улашди.
1258-йили Бағдод мўғуллар хони Хулагу томонидан эгаллангач, “Байтул ҳикма” бузиб ташланди. Ундаги ноёб қўлёзмалар дарёга оқизиб юборилди. “Байт ул-ҳикма”га оид археологик маълумотлар жуда оз сақланиб қолди.
Бу ҳақдаги маълумотлар тарихчи Табарий ва Ибн Надимнинг манбаларида батафсил келтирилди.
Манбалар асосисда
Тошкент ислом институти талабаси
Мунаввар НИЁЗАЛИЕВА тайёрлади.
[1] Абдуҳалимов Б. Байтул ҳикма ва Марказий Осиё олимларининг Бағдоддаги илмий фаолияти. -Т.: “Ўзбекистон”, 2010.