Тавсия қиламиз

Ялқов туя чопқир бўлди

Расулуллоҳ мўъжизалари access_time10-феврал 2022, 17:51

Жобир розияллоҳу анҳунинг туяси ялқов эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи…

СОХТА CАЛАФИЙЛИК ёхуд ваҳҳобийлик фирқаси

Мақолалар access_time28-июль 2019, 09:28

Ушбу оқим таълимоти моҳияти ва ғоявий намоёндаларига нисбат берилган ҳолда…

Улул азм пайғамбарларнинг биринчиси ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломдир.  

access_time17-май 2017, 18:16 visibility3354

У зот ҳақида Қуръони Каримда кўп хабарлар келган.  
«Биз Нуҳни ўз қавмига расул қилиб юбордик. У улар ичида эллик йили кам минг йил турди. Сўнгра уларни золим бўлган ҳолларида тўфон олди» (Анкабут сураси, 14-оят). 
Нуҳ алайҳиссалом салкам 1000 йил пайғамбарлик қилдилар, аммо натижада бу қавмни кофир ҳолида тўфон тутяпти. Шунча йиллик хизмат давомида қавм пайғамбарга эргашмаган. Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом шундай деяптилар: 
«Роббим, мен ўз қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим. Аммо менинг чақириғим уларда қочишдан бошқани зиёда қилмади. Қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга чақирсам, бармоқларини қулоқларига тиқиб олишди, кийимларига бурканиб олишди, бунда бардавом бўлишди, ниҳоятда такаббурлик қилишди. Мен уларни ошкора ва яширин даъват қилдим» (Нуҳ сураси, 5-9-оятлар). 
Лекин шунча меҳнат, панд-насиҳат уларга фойда қилмади. Нуҳ алайҳиссалом 950 йил давомида даъватни тўхтатмадилар. Қавм бармоқларини қулоқларига тиқиб олса ҳам, кийимларига ўралиб олса ҳам, ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом уларнинг озорига сабр қилдилар. Ниҳоят, Аллоҳ таолонинг қаҳри келди, қавмга тўфон балоси етди. Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом иймонга келган саноқли кишилар билан бирга нажот кемасида қутулдилар. У зотнинг шунча йиллик хизматлари давомида қавмнинг ҳидоятга келмаганига одам ажабланади. Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом 950 йил пайғамбарлик қилдилар. Эҳтимол, ўша замонларда одамлар узоқ умр кўргандир. Бироқ, қалби қорайиб, муҳрланиб қолган кофир-мушрикларни ҳеч қандай мўъжиза ажаблантирмайди. Бўлмаса, пайғамбарлар орасида ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломдек мўъжиза кўрсатган зот борми? У зот не-не мўъжизаларни кўрсатмадилар, лекин қавм ишонмади, инкор қилаверди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Нуҳ билан бирга иймон келтирганларнинг жуда оз эканини айтган.  
Ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломнинг улул азм зотларнинг биринчиси бўлишларига сабаб – қавмдан етган озор ва азият ҳар қанча кўп бўлмасин, салкам минг йил давомида ҳам вазифани, хизматни, рисолатни тўхтатмаганлари, қавмнинг жаҳолатига чидаб, озорига сабр қилганлари, иймон ишида собитқадам бўлганларидир.  

Саййид Раҳматуллоҳ Термизий
@Mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР