
Тасбеҳ намозини ўқиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?
САВОЛ: Тасбеҳ намозини ўқиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?
ЖАВОБ: Тасбеҳ намози тўрт ракатли нафл намози бўлиб, уни намоз ўқиш макруҳ бўлмаган исталган пайтда ўқиш мумкин.
Адо этилиши тартиби қуйидагича: ният қилиб, "Аллоҳу акбар" дея намоз бошланади. "Сано"дан кейин 15 марта "Субҳоналлоҳи, валҳамду лиллоҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар" ўқилади. Аъузу ва басмала айтилиб, Фотиҳадан кейин бир замсура ўқилгач, 10 марта яна ўша тасбеҳ ўқилади. Рукуда 3 бор "Субҳона Роббиял азим"дан кейин 10 марта, "Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” дея туриб, қовмада 10 марта ўша тасбеҳ ўқилади. Саждада 3 бор "Субҳона Роббиял аъло"дан кейин 10 марта, саждадан туриб, жалса ҳолатида яна 10 марта; иккинчи саждада ҳам 3 марта "Субҳона Роббиял аъло"дан кейин 10 марта ўша тасбеҳ айтилади. Шу тариқа, бу тасбеҳ бир ракатда жами 75 марта ўқилган бўлади. Кейин иккинчи ракатга турилади. "Сано"дан сўнг 15 марта, Фотиҳа ва замсура ўқилгач, яна 10 марта ўша тасбеҳ айтилади. Рукуда 3 бор "Субҳона Роббиял азим" - дан кейин 10 марта, "Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ" дея турилиб, қовмада 10 марта ўша тасбеҳ ўқилади. Саждада 3 бор "Субҳона Роббиял аъло"дан кейин 10 марта, саждадан туриб жалса ҳолатида 10 марта, иккинчи саждада ҳам 3 марта "Субҳона Роббиял аъло"дан кейин 10 марта ўша тасбеҳ айтилади. Қолган ракатлар ҳам худди шу тартибда ўқилади. Шу тарзда тўрт ракатда ўқилган тасбеҳлар сони 300 тага етади.
Ибн Абу Сайф Яманий "Ал-Ламаъ" китобида келтиришича, Имом Термизий бундай деган: "Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракатда Фотиҳадан кейин Такосур сурасини ўқийди. Иккинчисида Асрни, учинчисида Кофирун, тўртинчи ракатда Ихлосни ўқийди".
Тасбеҳ намозининг фазилати улуғлигига қуйидаги ҳадиси шариф далолат қилади. Жаноби Фахри коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари ҳазрат Аббос розийаллоҳу анҳуга: “Амаки! Сизга бир яхшилик қилайинми" дедилар ва тасбеҳ намозининг ўқилишини ўргатдилар. Бу намозни ўқиган кишининг аввалги ва кейинги, катта-кичик, ошкора-махфий, билиб-билмай қилган гуноҳларининг барчасини Аллоҳ таоло кечиришини айтдилар ҳамда: "Қодир бўлсаннгиз, бу намозни ҳат куни бир марта ўқинг. Ҳар куни ўқиёлмасангиз, ҳар жума куни бир марта ўқинг. Бунга кучингиз етмаса, ҳар ойда бир марта ўқинг, Бунга ҳам қодир бўлмасангиз, ҳеч бўлмаганда бир йилда бир марта ўқинг. Буни ҳам бажаролмасангиз, умрингизда бир марта бўлса-да, бу намозни ўқинг", дедилар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).