
ЗАМОН “КЕКСАЙГАН” САРИ ҚУРЪОН “ЁШАРМОҚДА”
Тафаккур
Қуръони карим азалдан келган абадга қадар давом этади. Ўтмиш, бугун ва келажакда нима бўлишини билган зот Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръон кунимизда ва келажакда содир бўладиган ҳодисалардан хабар бериши бу – унинг мўъжизалигидандир.
Қуръон ўн тўрт аср олдин нозил бўлган, лекин у бутун коинотнинг ҳокими, кечани, бугунни ва эртани қудрати ва азамати билан тасбеҳ доналари каби алмаштирган, қуёш, ой, юлдузлар, галактикалар ва барча жонли-жонсиз мавжудотларни бир тизимга солиб қўйган Ҳаким зот Аллоҳнинг азалий ва абадий илмидандир.
Замон “кексайган” сари Қуръон “ёшармоқда”. Яъни, замон мукаммаллашган сари Қуръондаги илмий ҳақиқатлар рўёбга чиқмоқда.
Инсон кексайгани сари унинг жисмида қарилик аломатлари сезила бошласа-да, лекин ҳаёт тажрибалари ошиб, етти ўлчаб бир кесадиган, ҳар бир ишни узоқни кўзлаб қиладиган бўлади. “Қари билганини пари билмас” деган гап бежиз айтилмаган.
Шундай қилиб бир кишининг қиёфасида кўпчилик, кўпчиликнинг қиёфасида эса замон “кексайиб” бормоқда.
Замон ўтгани сайин уни безаган янгилигу, ихтиролар, инсон ақлининг мукаммаллашиб бориши туфайли коинотдаги баъзи махфий нарсалар ошкор бўлмоқда. Бунинг исботи ўлароқ, физика фани замон сарҳадлари ичра ривожланди, кашфиётлар қилди. Кимё, астраномия, биология, зоология, тиббиёт ва бошқа фанлар ҳам шулар жумласидан.
Ўйлаб кўринг, бундан ўн тўрт аср олдин физика ёки кимё деган аниқ фан бормиди? Бу илмларнинг ҳар бири кейинчалик аниқ бир фан сифатида шаклланди.
Замон охирлашган сари дунё кўзимизга янада музайян, янада мукаммал кўринмоқда. Илмлар дунёнинг яноғида очилган чечакдек тобора инсонга ҳали кашф этилмаган қирралари очилишидан Қуръон орқали дарак бермоқда.
Бунинг исботи ўлароқ, сув қувватини кашф этган япониялик олим Масару Эмото; қўшилиб оқадиган икки денгиз суви бир-бирига аралашиб кетмаслигини исботлаган уммоншунос Жак Ив Кусто ва бошқа кўплаб олим худди телескоп орқали ёруғлик тезлиги билан триллион йил нариларни кўрган Паскаль каби “эй Аллоҳим, нақадар улуғ Зотсан” деб йиғлай-йиғлай саждага бош қўймоқдалар.
Табиий савол туғилиши мумкин: “Қуръонда азалий ва абадий илмлар бор экан нима учун сўнгги кашфиётлар: самолёт, компьютер, интернет ва ҳоказолар ҳақида ёзилмаган?”
Қуръонда мазкур нарсалар зикр қилинмаган деб бўлмайди. Мазкур нарсаларнинг аниқ номи айтилмаган бўлса-да, улар ташбеҳ ҳолатида ёки қиёсий зикр қилинган. Буларни биз билмаймиз. Булар албатта келажакда кашф этилади. Худди Ўрта денгиз ва Атлантика океани бир-бири билан ёнма-ён оқиши ва уларнинг сувларини бири шўр ва бири чучук бўлишига қарамасдан, бир-бирига қўшилиб кетмаслигини инсоният Жак Ив Кусто орқали ХХ асрда англаб етгани каби. Ваҳоланки, бу ҳақда ўн тўрт аср олдин Қуръони каримнинг Ар-Раҳмон сураси 19–20-оятларида Аллоҳ аниқ ва равшан баён қилган.
Аввало, шуни эътибордан четда қолдирмаслик керак, Қуръон нозил бўлган даврда инсонлар самолёт, компьютер ва бошқа нарсаларни хаёлига ҳам келтиролмасдилар. Агар мазкур нарсалар Қуръонда зикр қилинганда эди, жоҳил кишилар ундан юз ўгирардилар. Чунки инсон фақат ақли етган нарсанигина англай олади ва фақат тушунган нарсасинигина ҳазм қила олади. Шундоқ ҳам Қуръонни, Исломни тан олмай юз ўгириб, иймон неъматидан бебаҳра ўтганлар қанча.
Узоққа бормайлик, Абдулла Қодирийнинг ёзишича, ўзимизнинг ота-боболаримиз Фарғонага темир йўл ётқизилгач, “фалон куни поезд келармиш” дейилганида, “у узоқ йўл босиб чарчаб ва чанқаб келади, шунинг учун унга сув ва беда бериш керак” деб, дошқозонларда сув ва ўтларни темир йўл ёнига келтириб қўйган экан. Чунки ота-боболаримиз “улов” деб фақат от, туя ва эшакларни кўз олдиларига келтиришган ва ўз дунёқарашларидан келиб чиқиб поездни ҳам шуларга менгзашган.
Замон “кексайган” сари Қуръони карим оятлари ва бу оятлар замирида яширинган улкан кашфиётлар бўй кўрсатмоқда.
Ҳанузгача Қуръон ҳақида чуқур изланишларнинг камлиги ва тор кўнгилларнинг ҳеч қаёққа сиғмай кетаётганига қарамасдан, баъзида киши Қуръондан шундай нарсаларни тушунадики, у шак-шубҳасиз Аллоҳнинг Каломи эканига яна бир карра иймон келтиради.
Ҳа, Қуръон ҳар бир фаннинг асосига оид ҳақиқатларни бир сўз билан ифода этганки, буни фақат ўқиганларгина била олади. Қайси соҳада изланишлар олиб борилишидан қатъи назар, илмий натижалар билан Қуръон оятлари ўртасида бирлик юзага чиқмоқда ва ҳар ерда Қуръон байроғи ҳилпирамоқда. Лекин бу ҳилпираётган байроқ ҳаммага ҳам кўринавермайди.
Қуръондаги сўзлар даъво эмас, ҳар бири аниқ ва ҳар бири бўлган ва бўладиган илмий сўзлардир.
Кимни ҳидоятга чорласа...
«Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай» (Анъом сураси, 125-оят).
Бу оят бир табиат қонунига ишора қилмоқда. Бу оятда “само” калимаси ишлатилмоқда. Оятдаги “яссаъъаду” сўзи кўтарилмоқ, юқорига тўғри чиқмоқ, деган маъноларни англатади. Бу арабчада тафаъул вазнига тушиб, мукаллаф (вояга етган, Ислом арконларини бажара оладиган, соғлом киши)нинг юқорига чиқишида бир қийинчиликнинг борлигини билдирадш “Яссаъъаду” феълининг талаффузи қийин бўлиб, ўқилаётганда кишининг нафасини кесади. (Сиз ҳам бир арабча талаффуз қилиб кўринг-а). Бу билан Қуръон шу илмий ҳақиқатни англатмоқда: “Инсон юқорига чиққанда босим камаяди ва нафас олиш қийинлашади. Ҳар юз метр баландликда ҳаво босими бир даража камаяди. 20 км.га етганда махсус жиҳозлар (кислород маскалари) бўлмаса, киши нафас ололмай ўлади”.
Мазкур ояти каримадаги “кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек тор ва сиқиқ қилиб қўяди” – деган жумла Қуръони каримнинг энг юксак илоҳий мўъжиза эканига далолат қилади. Зеро, кўкка кўтарилган сайин ҳавонинг сийраклашуви назарияси физика ва астрономия қонуни бўлиб, 14 аср олдин бу қонун кашф қилинмаган эди.
Жуфт-жуфт қили яратди
«Сизлар эслатма-ибрат олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик» (Зориёт сураси, 49-оят).
Арабчада “умум” маъносида келган “кул” сўзи маърифа (билинган) (яъни, “ал” артикли билан келса, умумнинг парчаларини ҳам ифода этади. Агар накира (мажҳул) (яъни, “ал” артиклисиз келса, умумнинг бирлигини ифода этади.
Оятдаги маъно, қанча бирлик бўлса, ҳаммасини ўз ичига олади. Оятдаги “шай” сўзи накира яъни, “ал” артиклисиз келмоқда. Яъни, ҳамма нарсани жуфт қилиб яратдик, дейилмоқда. Арабчада Аллоҳга ҳам “шай” дейилади. Фақат сўзни айтган Аллоҳ бўлгани учун У Зот бундан мустаснодир. Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса жуфт қилиб яратилган.
Инсонлар жуфт бўлгани каби бошқа мавжудотлар ҳам жуфт-жуфт қилиб яратилди, Оятдаги “завжайн” сўзи эркак ва урғочини ҳам ўз ичига олади. Ҳатто ҳамма нарсанинг асл моддаси бўлмиш атомлар ҳам жуфтдирлар.
Ёсин сурасидаги оят бу илмий ҳақиқатни янада муфассал баён қилади. «Ер ундириб ўстирадиган нарсалардан (Одамларнинг) ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган (Аллоҳ ҳар қандай айбу-нуқсондан) пок Зотдир» (Ёсин сураси, 36-оят).
Оятда “яна сиз билмаган нарсаларни ҳам жуфт қилиб яратдик” дейилди. Бу билан биз билмайдиган яна қанча нарсалар бор эканлиги айтилмоқда.
“Кенгайтирувчимиз”
«Осмонни биз қудрат билан барпо қилдик ва уни давомли кенгайтирувчимиз» (Зориёт сураси, 47-оят).
Арабчада феълий жумлалар ўзгарувчан, исм жумлалари эса турғун ва доимийликни ифода этади. Оятдаги “ва иннаа ламуусиъун” сўзи исм жумласидир, маъно эътибори билан уч замондан бирига тегишли эмас. яъни, “Олдин кенгайтирдик”, “ҳозир кенгайтиряпмиз”, “келажакда яна кенгайтирамиз” каби феълий жумла эмас, балки “давомли ва тўхтамасдан кенгайтирамиз” деган исм жумласидир.
Энг яқиндаги беш ёки олтита галактикадан ташқари қолган ҳамма галактикалар ўзларига хос тезлик билан узоқлашаётганини 1922 йилда астрономик олим Ҳабль аниқлаган эди. Бундан маълум бўладики, коинот кенгаймоқда. Буни белгиялик машҳур математик олим Лемейтр ҳам коинотнинг (expansion) ҳолатида эканини маълум қилган.
Биз XX асрда билган “макон кенгайиши” қонунини бундан ўн тўрт аср олдин Қуръон аниқ айтиб ҳўйган.
Ер ўз ўқи атрофида айланади
Ер ўз ўқи атрофида айланиши ҳақида Қуръон хабар беради. «У осмонлар ва Ерни ҳақ (ҳикмат) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устидан ўрар, кундузни кечанинг устидан ўрар. У Қуёшни ҳам, Ойни ҳам (Ўз амрига) бўйинсундириб қўйгандир. (Уларнинг) ҳар бири маълум муддатгача сайрда бўлур. Огоҳ бўлингизки, У Қудратли ва (ўта) Кечиримли (Зот)дир!» (Зумар сураси, 5-оят).
Арабчада “таквир” сўзи юмалоқ нарсанинг атрофида айланиш, салла ўраш маъноларида келади.
Оятда ўз-ўзидан маълумки ер ўз ўқи атрофида айланади.
Ер – юмалоқ
Ернинг юмалоқ экани тўғрисида Нозиот сурасида марҳамат қилинади: «Шундан кейин Ерни (туяқуш тухуми шаклида) ёйиб, текислаб қўйди» (яъни, юмалоқ қилди, туяқушнинг тухумига ўхшатди)” (30-оят).
Юқорида оятлардан кўриниб турибдики, Қуръон илоҳий китоб ва унда ҳар бир нарсанинг хабари берилган. Лекин бу хабарларни инсонлар замонлар ўтиши билан англайдилар.
Файласуф Суқрот “шунча йил ўқиб ҳеч нарсани балмаганимни англадим” деганидек, Қуръондаги илмий ҳақиқатларни қанчалик кўп эканини кўп ўқиганимиздагина биламиз.
Бундан кейин ҳам бир қанча кашфиётлар айнан мана шу муқаддас Китоб орқали юзага чиқади ва айнан Қуръони карим туфайли бир неча олимлар, уларнинг ихтироларини, кашфиётларини ўқиб, кўриб юз минглаб, миллионлаб кишилар Ислом сафини кенгайтиради, иншоаллоҳ.
Толибжон НИЗОМ